Ширин жоним сен учун фидо

0
624
марта кўрилган.

Қутлуғ бир соат

 

Дейдиларки, фақат расул Муҳаммад,

Ер юзида кўрган олий марҳамат.

Яратган у билан қутлуғ бир соат

Арши аълосида қургандир суҳбат.

 

Мен оддий бандаман, этмай ибодат,

Бундай марҳаматни қилмасман ҳавас.

Ўтган яқинларим билан бир соат

Юзма-юз ўтириб суҳбат қурсам бас.

 

Ҳа, жуда истайман қутлуғ бир соат,

Эски уйимизда раҳматли отам,

Гулхан атрофида тўкканча савлат,

Менга аввалгидай бўлсайди ҳамдам.

 

Даврага қўшилса раҳматли онам,

Унга дардларимни этсам дастурхон.

Иккиси бир соат бўлсайди ҳамдам…

Афсуски, бу сира ушалмас армон.

 

Қанча сўрамайлик ёлвориб зор-зор,

Бизга берилмайди бундай бир соат.

Чунки ҳар нарсанинг ўз ҳисоби бор,

Ўтган ўтди, ортга қайтмайди фурсат.

 

Умр бўйи ненидир излаймиз сарсар,

Билган ишимизни қиламиз фақат.

Қалбимиз мусаффо бўларди магар,

Бизга ҳам берилса қутлуғ бир соат.

 

 

Сонетлар

 

***

Севги ҳаққи ичганман қасам,

Ширин жоним сен учун фидо.

Тош бошимга бало ёғса ҳам,

Ўз онтимдан қайтмасман асло.

 

Сирлашганмиз эркам неча бор,

Ўша дамлар ҳаётим нақши.

Бу сирларни этмасман ошкор,

Ундан кўра ўлганим яхши.

 

Қасамёдга содиқ аскарман,

Хизматингга шайман доимо.

Ёмон кўздан сени асрарман,

Айтган сўзинг қилурман бажо.

 

Севги ҳаққи ичганман қасам,

Аҳдим Кавказ каби мустаҳкам.

 

* * *

Бепоён дунёда кўпдир йўл-сўқмоқ,

Айримлари жуда хавфли ва мушкул.

Хавотир солмасин ҳижрон ва фироқ,

Шукур, ишқ йўлини танлади кўнгил.

 

Бу йўл бошқалардан сирли бўлса ҳам,

Бу йўлдан юрмаган одам қолмайди.

Билса ҳам бошига тушишини ғам,

Ишқ йўлини ташлаб кета олмайди.

 

Ишқ йўлида юриб тушундим, билдим,

Мени тарк этмайди ёшлик, қатъият.

Иқрорман, бу йўлда қанча йиқилдим,

Бироқ турдим, олға интилдим фақат.

 

Эй ёр, ишқ йўлида маёқсан менга,

Тирикман, юкиниб яшайман сенга!

 

* * *

Агар сен бўлмасанг ёруғ оламда,

Менинг ҳар бир куним ўтарди карахт.

Сенсиз мени ҳеч ким ёқмасди ғамда,

Сенсиз менга ҳеч ким беролмасди бахт.

 

Сенсиз ишқ ўтида қандай ёнардим,

Сафардан соғиниб келардим кимни?

Агар сен бўлмасанг қандай ёзардим,

Ишққа бағишланган ашъорларимни?

 

Сенинг кўзларингни кўрмаса агар,

Булбул сайрамасди, очилмасди гул.

Юлдузлар порламас эди кечалар,

Кундузлар қуёш ҳам чиқмасди буткул.

 

Агарда оламда яшамасанг сен,

Ҳозиргидай бахтли бўлмас эдим мен.

 

* * *

Эркам, ўзинг менга тушунтириб айт,

Нега ҳар гал сендан кетганда йироқ,

Бошимга дўл-жала ёғар ўша пайт,

Сени кўрсам, ҳаво очилар шу чоқ.

 

Ўз уйимда сени соғинсам гоҳо,

Осмон тундлашади, булут тўкар ёш.

Сени кўрсам, бирдан очилар ҳаво,

Булбуллар куйлайди, порлайди қуёш.

 

Денгиз қирғоғида юрганда сенсиз,

Осмонга сапчишиб, жўшар тўлқинлар.

Сен келсанг бас, бирдан тинчийди денгиз,

Босган изларингни ўпар тўлқинлар.

 

Тушундим, безовта бўларкан олам,

Биз бир-биримиздан йироқ юрган дам.

 

 

Саккизликлар

 

***

Ёшим ёдимда йўқ, уқтирма ҳадеб,

Сизнинг сочингиз оқ, мен ёш зебоман.

Ахир, ёшлигингни шундай сақлай деб,

Ўзимни ўт-чўққа урган фидоман.

 

Оқ сочимни солма юзимга ҳадеб,

Кексага бундайин сўзларни демас.

Ахир, жароҳатинг оғир жуда деб.

Ярадорга айтиш одобдан эмас.

 

* * *

Қўшиқ – халқ орзуси бўлиб яралган,

Қачон куйланган у, билмас ҳеч инсон.

У уйғоқ қалбдан нур бўлиб таралган,

Ҳамон уйғоқ, қалбга солади туғён.

 

У бизга келгандир олис самодан,

Тоғдаги уйлардан, овул қўйнидан.

Биз баҳра олгунча сўз ва наводан,

У жой олган қанча авлод кўнглидан.

 

* * *

Болалик йилларим кўраман гоҳо,

Маъсум жилмаяр ё кипригида ёш.

Қанча чорлай, қулоқ солмайди асло,

Ҳеч қачон қайтмайди, бўлмайди сирдош.

 

Олдда кексалигим кўринар гоҳо,

Безовта юзида ташвиш, хавотир.

Йўлимдан қоч, қулоқ солмайди асло,

Бу оқсоқол йўлдан қочмас барибир.

 

* * *

Олтин балиқ, бердим озодлик сенга,

Сувга қўйдим, сузгин истаган жойда.

Энди шараф сўраш ярашмас менга,

Энди олтин-бойлик сўраш бефойда.

 

Қанийди қайтариш имкони бўлса,

Ёшлигимда ёққан биринчи ишқни.

Биринчи учрашув, биринчи бўса,

Гулхан атрофида айтган қўшиқни.

 

* * *

Эй дўст, йўлга тушдик, биргамиз доим,

Биламан, умримнинг бугун қай куни.

Бироқ яна қанча ташлаймиз одим,

На сен, на мен била олмасмиз буни.

 

Эй дўст, йўлга тушдик, биргамиз доим,

Кўряпман, олддаги мақсад-орзуни.

Бироқ ушаларми бу муддаоим,

На сен, на мен била олмасмиз буни.

 

 

Тўртликлар

 

***

Осмондаги олис юлдузлар сари,

Самовий кемалар этмоқда парвоз.

Одамлар, одамлар – Ер юлдузлари,

Бахтлиман, мен сизга бўлолсам ҳамроз.

 

* * *

Тошбитик эслатар ўтмиш замонни,

Шукурки, йўлимиз бўлмаган тамом.

Боболар қиличда ёзган достонни,

Биз уни қаламда эттирдик давом.

 

***

Ҳаёт – бу тегирмон, йиллар эса дон,

Тегирмон айланар тинмайди бир он.

Дерлар: қанча кўп дон эзса тегирмон,

Тошлари шунчалар айланар осон.

***

Қайси тоғдан пастга ирғитмайин тош,

Қуйига тушганда беиз йўқолар.

Бироқ қайда қўшиқ бўлмасин йўлдош,

Қадрдон тоғларим сари йўл олар.

 

* * *

Доғистон осмони остида шу зум,

Иқрор бўлдим, баланд довондан оша:

Шоир бўлиш учун эрта туғилдим,

Расул бўлиш учун кечикдим роса!

 

 

Ёзувлар

 

* * *

Ўз байроғинг пойида бош эггин ҳаргиз,

Шунда ёвлар олдида чўкмагайсан тиз.

Байроқдаги ёзувлар

 

* * *

Бу йўлларнинг боши ҳар хил албатта,

Ва лекин уларнинг манзили битта.

 

* * *

Истаган йўлингдан қайтурсан бир вақт,

Бироқ умр йўли қайтмасдир фақат.

Йўл чети тошларидаги ёзувлар

 

* * *

Ханжар олсанг унутма шуни:

Ханжар учун яхши жой – қини.

 

* * *

Ўз ханжаринг билан мақтанма сира,

Ўзгада ҳам шундай ханжар бор, қара.

Ханжардаги ёзувлар

 

* * *

Саломатлик учун ичмайди ҳечам,

Саломатлик қадрин англаган одам.

Қадаҳдаги ёзувлар

 

* * *

Китоб мисли енгилмас лашкар,

Доим жангсиз олади шаҳар.

 

* * *

Китоблар – дунёга очиқ дераза,

Кимда-ким ўқиса қилади маза.

Китобдаги ёзувлар

 

 

Расул ҲАМЗАТОВ

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов (1923–2003) халқимизнинг бой маданий меросини қадрлагани учун Ўзбекистонга катта мамнуният билан келарди. У Ҳазрат Алишер Навоийни авлиё шоир сифатида эъзозларди, ўзига замондош ўзбек адиблари билан дўст тутинганди. Айниқса, 1975 йилда қўшиққа айланган “Турналар” шеърига Чирчиқ шаҳрида ёдгорлик ўрнатилгандан кейин ҳамма жойда санъатсевар халқимизга ҳурматини баралла изҳор этарди.

Доғистон Республикасининг Хунзах туманидаги Цада қишлоғида шоир Ҳамзат Цадаса оиласида туғилган Расулнинг илк шеърлар китоби – “Оташин севги ва ёндирувчи ғазаб” 1943 йилда чоп қилинган. Ўтган йилларда чиққан кўплаб китоблари шеърхонлар ва билимдонлар меҳрини қозонди. 2000 йилда “ХХ асрнинг энг буюк шоири” дея эътироф этилди. Унинг она тилимизда “Юксак юлдузлар” (1964), “Бир хонадон фарзандлари” (1982), “Менинг Доғистоним” (2008,2011,2015), “Оналарни асранг” (2012), “Умр карвони” (2013), “Мен юз қизга шайдоман” (2014), “Шеърлар” (2015), “Аёллар кўп, Она ягона” (2016) китоблари нашр этилган.

 

Рус тилидан Асрор МЎМИН таржималари

 

“Ижод олами”, 2018-5

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.