Шеър парчалари

0
1433
марта кўрилган.

Ўсмирлик кезларимда япон адабиётини, хусусан, Акутагавани ўқиб, каттиқ таъсирлангандим. Ана шу таассурот туфайли бир талай эркин машқлар қилган эдим. (Улардан баъзилари 1988 йили “Ёшлик” журналининг 8-сонида чоп этилган). Бугун яна ўша дафтарлар қўлимга тушиб қолди. Ўқиб кўриб, яхлит асар бўлмаса-да, шеър унсурлари – парчаларидек туюлди. Балки ўзимники ўзимга ой кўринаётгандир, балки бу ҳиссиёт фақат менинг шахсий туйғуларимдир. Ҳар ҳолда, бу машқларни Сизга ҳавола этарканман, истиҳолам бор: ишқилиб, ғашингизга тегмаса бўлди…

Муаллиф

 

* * *

Сирдарёга узун музкўприк солди

Худойим.

Мен висолдан умид узганман.

 

* * *

Уйларнинг

Биринчи қавати ойналарида

Ҳаёт акс этарди.

 

* * *

Ток зангига илинган

Йўнғичқа ширасидан қасмоқ бойлаган

Ўроққа

Тўлин ой тўр ташлади.

 

* * *

Сафархалтамга

Навоийни солиб қўй!

Мен узоққа кетяпман.

 

* * *

Бобур ҳовучлаб сув ичган

Булоқлар

Мўлт-мўлт қайнайди.

* * *

Оғоч шохидаги ягона япроқ

Кўклам қадар осилиб турди

Медалга ўхшаб.

 

* * *

Сукунатни учириб юборди

Мусича.

Мен қабрни силаб,

Ассалому алайкум, дедим.

 

* * *

Қабристонда аччиқ изғирин елди.

Мен қабр устига ўзимни ёпдим.

 

* * *

Мозор бошига чиқиб,

Даҳмани

Қорлардан кафтим билан тозаладим.

 

* * *

Кўчада

Сенга хат ёзаётгандим

Қўлларин узатиб

Тиланчи келди.

* * *

Мен узоқ қараб қолдим унга:

Жудаям одамга ўхшар эди у.

 

* * *

Довон тепасида

Ой очилган,

Юлдузлар йирик.

Пастга тушгим келмайди сира.

 

* * *

У

Оғзидан чиққан ҳовури билан

Яширмоқчи бўлди кўзини.

 

* * *

Пайкал қўриқчисига

Чопон кийгизиб қўйишибди.

Дўпписиз кулгули кўринди.

 

* * *

Шамолдек келдию

Шамолдек кетди.

Ҳилпираб қолди юрак.

 

* * *

Болалигимда қуш тилини билардим.

Энди ҳайвонлар тилини ҳам биламан.

 

* * *

Увилдириқ каби

Балиқ бўласанми

Ё ем –

Худо билади.

 

* * *

Наврўз

Ҳар кимнинг ҳолига яраша

Шодлик улашар.

 

* * *

Хижолатли табассум билан узрхоҳ

Апил-тапил,

Иккиланиб,

Йўлимни кесиб ўтди

Аёл.

* * *

Овози бор унинг,

Андишаси бор,

Фаросати – таъби назми бор.

Қўшиқ айтолмади.

 

* * *

Билиб туриб сувга

Суврат соларкан,

Келажакни ўйлаб энтикар.

 

* * *

Турмуш йўлларида шалағи чиққан

Синфдош дўстим

Тўхтамасдан ўтиб кетди ёнимдан.

 

* * *

Бозорда –

Шайтоннинг тўйхонасида

Рақс тушиб, исириқ тутатиб юрар

Фаришта.

 

* * *

Дўрмон –

Адабий ўрмон.

Булбулни излаб юрибман.

 

* * *

Қодирийни кўрган,

Чўлпонни кўрган,

Усмонларни кўрган жўка дарахти турар

Ҳеч нарса кўрмагандек.

 

* * *

У шунчалар ғариб эдики,

Ҳаддан ташқари баҳайбат кўринарди

Ордени.

 

* * *

Мен келдим, деди у.

Хаёли ўзида эмасди.

 

* * *

Ҳамма баравар гапиряпти.

Қарсак чаладиган одам йўқ.

 

* * *

Ёнимдан

Бир қиз ўтди шошиб.

Мен ўзимдан уялиб кетдим.

* * *

Кимда аламинг бор?

Кимда ўчинг бор?

Мунча увиллайсан,

Қўқон шамоли?

 

* * *

Тошкентгача

Учоқда

Худо билан бирга учдим.

 

* * *

Атиргул ғунчаси

Қирмиз қабосини қайирди аста.

Сенинг нафасинг келди.

 

* * *

Пуч курмакни ортмоқлаб,

Кучаниб боряпти чумоли.

Ҳаво дим.

 

* * *

Олма оғочи пўстлоғи ичра

Бир бирига қараб узоқ

Тек қолди бир жуфт чумоли.

 

* * *

Юраги кичрайиб,

Ғаши катталашиб борарди:

Ҳамма нарса тегаверади.

 

* * *

“Поқ” этиб тушдию

Пўстлоғидан ажраб

Илгарилаб кетди ёнғоқ.

 

* * *

Шудрингга

Ўзини солди

Хонқизи.

 

* * *

Паға-паға ёғди қор.

Томлар кўпириб кетди

Этигимни яшириб қўйди онам.

 

* * *

Кўзингда

Ўзимнинг

Аксимни кўрдим.

* * *

Кўзойнак

Капалакдек қўнди

Бурнимга.

 

* * *

Ҳамма нарса бор деди у.

Ҳамма

Нарса.

 

* * *

Сандалнинг ўти ўчган.

Тургим келмас ўрнимдан.

Кўксимда мушук ётибди.

 

* * *

Боғи чаман бўлгани сари

Тўзғиб боряпти

Ўзи.

 

* * *

Бодроқ пахтазорга

Оппоқ қуёнчалар қайдан келди?

Тутиб бўлармикан уларни?

 

* * *

Қиз сесканиб қўлини тортди.

Бармоғимда қолди

Узуги.

 

* * *

Сўфи азон чақирди.

Мезанадан шошилиб тушиб,

Ҳовлисига югуриб кетди.

 

* * *

Юлдузлар кўп учди бу кеча.

Уйқум ўчди.

Йиғлагим келди.

 

* * *

Яшириб шеър ёзардим.

Билардим

Шоирлик уят ишлигин.

 

* * *

Сенга мақтангим келяпти.

Севиб қолдиммикан.

* * *

Денгиз албатта тўлади деди

Қийиқ чол.

Ўпкам тўлиб кетди.

 

* * *

Шоирман деб

Ирилларди у.

 

* * *

Навоийнинг кўзларига

Қиёматда

Қандай қараймиз?

 

* * *

“Манфаат” деганда

“Ман”га берарди

Урғу

 

* * *

Унинг исмини айтди-ю

Димоғини ёпди

Енги билан.

 

* * *

Қия эшик устига

Ин солибди

Мусича.

 

* * *

Борлигингни билсам,

Туғилмас эдим.

 

* * *

Куйлагин

Овозинг йўқолмай туриб,

Мени сев…

 

* * *

Бўсағада ётиб,

Эшикни муштлаб,

Жонини Жабборга берди.

 

* * *

Мени бунча қийноққа солиб,

Қандай сирни олмоқчисан?

Нимани билмоқчисан, фалак!

 

 

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири

 

“Ёшлик”, 2012 йил, 4-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.