Севгидан яралган қақнус юрагим

0
253
марта кўрилган.

Сен келсанг

 

Зимистон кулбанинг даричасидан

Кириб келганидек офтобнинг нури,

Саҳарнинг айни шу дақиқасида

Англангани каби кўклам сурури,

 

Сен келдинг. Ҳаётдан зериккан хона

Лаҳзада кўнглимдек кетди ёришиб.

Туйғулар куртакдек кўз очди яна,

Нафасим баҳорий бўйга қоришиб.

 

Не тонгки, сунбула чоғида ҳамал

Хонамга улашди файзу тароват.

Кўзларим кўзингга тушгани маҳал

Қалбимнинг қаърига етди ҳарорат.

 

Нигоҳи сеҳрли, нурли малагим,

Гулга айланади кафтингда майса.

Севгидан яралган қақнус юрагим

Кул бўлар исминг айтмайин қўйса.

 

Ташрифинг мен учун шодлик айёми,

Эй менинг бахтимдан ўтлуғ нишонам.

Ҳеч қачон тушмасин айрилиқ шоми,

Ёғдуларга тўлсин кўнгил – ишқхонам!

 

 

Аразинг

 

Аразинг тил учида,

Ёлғон араз урасан.

Билман-ку, ичингда

Мени яхши кўрасан.

 

Боринг, дейсан ўпкалаб,

Қолинг, дейди нигоҳинг –

Талпинади иккала

Боладек бегуноҳинг.

 

Қошинг ўсма баргидай,

Киприкларинг қайрилма.

Сенгинадан ўргилай,

Менгинадан айрилма.

 

Кўзларингдаги чўғинг

Яшириб не этасан.

Келганида аччиғинг,

Ширин бўлиб кетасан.

 

Қалбинг айладим асир,

Ким қутқариб олади.

Қутулсанг ҳам барибир,

Кўнглинг менда қолади.

 

Қошинг ўсма баргидай,

Киприкларинг қайрилма.

Сенгинадан ўргилай,

Менгинадан айрилма.

 

 

Энг зерикарли кун

 

Кўча буткул ҳувиллаб қолди,

Чиқмагансан бугун уйингдан.

Борлиқ оғир хаёлга толди –

Паришондир сенинг ўйингда.

 

Автобуслар, метро поезди

Судралади гарангсиб боши.

Ер бағрини беаёв эзди

Зерикишнинг зил-замбил тоши.

 

Дайдиб юрар аёз сарғариб,

Хира тортган қунишиб қуёш.

Маъюс турар дарахтлар ғариб,

Осмон тайёр тўкмоққа кўзёш.

 

Ҳар бир лаҳза асрларга тенг –

Калавада қотган тугундай.

Инсоният тарихида энг

Зерикарли кун ўтди шундай.

 

 

Азизим

 

Муҳаббатларидан тўлмайди кўнглим,

Енгил изҳорлардан зерикканман хўп.

Гарчи чиройига термулганча жим

Умрингни совурсанг арзийдиган кўп.

 

Қанча ёниб суйсам – шунча суюлдим,

Сийқа такрорларда қайралди тилим.

Фақат сенга боқиб тўхтаб-тийилдим,

Билдимки, ёлғиз сен безавол гулим.

 

Кўнглимни ўзимдан аввалроқ билган –

Эй латиф мўъжиза, беадоқ сеҳр.

Дунёни кўзимга чароғон қилган

Қуёшу ой эмас, сен берган меҳр.

 

Нелар ушоқлади қайғуларимни,

Буюк туғёнларим қайларга кетди?

Бутун ҳисларимни, туйғуларимни

Синиқ ифодалар чалажон этди.

 

Муҳаббат маънисиз, ҳаммаси ёлғон –

Мени шу ҳукмга ундайди ҳаёт.

Лекин дил узмайман сендан ҳеч қачон,

Азизим, севгилим, эй адабиёт.

 

 

Қалб

 

Муқаддас маскан бор қалбнинг тўрида –

Кавсарга ишора, равзага нишон.

Тангри тажаллиси қатра нурида,

Зиёга талпиниб яшайди инсон.

 

Ҳар қачон саховат айласа қай зот,

Бир қадам ташлайди ўша маъвога.

Кўнглини ҳасаддан этолса озод,

Яқинлашиб борар буюк самога.

 

Дўстининг айбини кечирса дарров,

Гина, кин сақламай жисму жонида.

Ғийбатга гунг бўлса, туҳматга соқов,

Сўзи равон келар Тангри ёнида.

 

Муҳтожга қўл тутса, ташналарга сув,

Манзилга дамо-дам кетиб боради.

Рост сўзни айтарда билмаса қўрқув,

Аналҳақ бахтига етиб боради.

 

Дуогўй чолларнинг насиҳатидек

Бу гаплар шунчаки айтишга осон.

Кўпга насиб этмас ижобати лек,

Ҳамма йўл бошида шайтон бор, шайтон.

 

Унинг ҳийлалари – ишрат, сийму зар,

Бандага мангу бахт ато этгудай.

Кўксида заррача нафси бўлса гар,

Ҳатто фаришталар оғиб кетгудай.

 

…Такрор чорлайверар равзаи ризвон,

Висоли энг олий саодат демак.

Қалбининг тўрига етолса инсон,

Бу дунё жаннатга айланар бешак!

 

 

Азизбек АНВАР

1983 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. “Биринчи китобим” рукнида “Яхши кунлар”, шеърий тўплами чоп этилган. Сўнгра “Сени яхши кўраман жуда”, “Осмоннинг охири” китоблари нашр қилинган.

“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

 

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.