Сенинг хаёлларинг сўлим атиргул

0
268
марта кўрилган.

 САМАРҚАНДИМ

 

Дейман, ўз-ўзимга бу тупроқ олтин,

Ҳар бир заррасини кўзингга сурт сан.

Шубҳасиз, қанчалаб улуғ зотларнинг,

Бешигини тебратган муқаддас юртсан.

Қанча навқиронсан, шунча қадимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Иймон юракларга кўрк бўлган азал,

Ҳақ йўлга бошлагай фозил мударрис,

Сен фақат ўзингга интилгил, одам,

Сен фақат ўзингдан кетмагил олис.

Менинг энг мусаффо, тоза бахтимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Кўкда жимир-жимир юлдузларга боқ,

Сенга термулади келиб ҳаваси,

Уйғотиб юборар тош дилларни ҳам,

Бухорий бобонинг масиҳ нафаси.

Буткул эзгуликка бошлар одимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Ёруғ мақсадларинг сабаб дунёга,

Довруғ солиб ўтди Соҳибқироним.

Меҳрибон онасан – Бибихонимсан,

Ҳамиша айлабон дуойи жоним,

Кўнглим ипларига туташ бандимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Умидвор кўзларин фалакка тикиб,

Улуғбек юлдузлар билан сирлашган,

Ҳатто ғанимларинг меҳрингдан эриб,

Сенга сингиб кетган, сенга бирлашган.

Сен мангу букилмас чинор қаддимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Ҳазрат Алишернинг тоза қалбига

Абуллайс бўлибон синдиргансан нур,

Ҳазрати Бобурнинг шоир кўнглига,

Бағишлаб тургансан илоҳий сурур.

Сен шундай сарвару содиқ надимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Минорлар шавкату шонингдан ёниб,

Бутун борлиқ узра янграган хитоб,

Шунчалар сирларга тўлиқсан, гўё

Қанча ўқиса ҳам тугамас китоб.

Дил ичра адоқсиз сўлмас байтимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

Ёғдулар таралар Шоҳизиндадан,

Дуо-ю умидлар кавсардек зилол,

Сенга қанот бўлгай шу озод Ватан,

Сени асраб тургай Қодир зул-жалол.

Азалсан, абадсан, бахту тахтимсан,

Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

 

* * *

Кўнглим, нима кўрдинг,

Бевафо дунё,

Диллар диллар комин қилдими ҳосил.

Қалбим, бирор қалбни кашф этдингми ё,

Ёки топган борми сени, эй кўнгил.

 

Бунда садоқат йўқ, ишқ йўқдир, алам,

Қучсак дарду армон қучамиз, кўнгил.

Ҳумоми, оққушга айланиб бир дам,

Кел, бирга қуёшга учамиз, кўнгил.

 

* * *

Синглим,

Омонмисан,

Юрибсанми тинч,

Мен ҳамон йўлдаман, тугамайди йўл.

Қийналсам ичимга ютаман дардни,

Қийналган кишига узатаман қўл.

 

Тилин биласизми гулу тошларни,

Ёруғ саволларга кўмардинг буткул.

Менинг ўйларимга нима бўлдийкин,

Сенинг хаёлларинг сўлим атиргул.

 

Отам оқ халатни устига ташлаб,

Умид бағишларди ҳар хаста жонга.

Уни ўхшатардик ўзи сўйлаган

Эртакларидаги зўр қаҳрамонга.

 

Онамни эслайман, оппоқ саҳарда –

Қаймоқмас, оқ тонгни берарди бизга,

Қанийди шундайин пок бўлса олам,

Аммо хаёл ўзга,

Бу ҳаёт ўзга.

 

Дунё ишларига тушунмай гоҳо

Юракка кўмилган қанча ҳасрат, доғ.

Чин дўст орзулари кўнглимда мудом,

Мушкул иш бўлса ҳам дўст топиш, бироқ.

 

Дунё эски қўшиқ, ғариб қўшиқдир,

Шартми уни такрор қилмоқ овоза.

Синглим, ғуборларга тўлиқ бу олам,

Сенинг ўйларингдан олсин андоза.

Синглим,

Омонмисан,

Юрибсанми тинч,

Мен ҳамон йўлдаман, тугамайди йўл.

Қийналсам ичимга ютаман дардни,

Қийналган кишига узатаман қўл.

 

* * *

Кетма,

Шу оламнинг ҳаққи-ҳурмати,

Сенингсиз жудаям қашшоқдир очун.

Сенингсиз малика, дилдор баҳорлар,

Барибир ғарибдир,

Барибир юпун.

 

Кетма,

Шу қаламнинг ҳаққи-ҳурмати,

Сенингсиз розидан ул норозидир.

Ўйингсиз ёзилган ҳар калом – дилнинг

Фақат мағлублиги, инқирозидир.

 

Кетма,

Кўзларимнинг ҳаққи-ҳурмати,

Қўрқмадим дунёнинг қаҳру заҳридан,

Менга олам нима,

Менга қалам не,

Сен учун барчасин ўтдим баҳридан.

 

Кетма…

 

* * *

Кўнглим тўлиб кетди,

Тўлиблар кетди,

Қалбим тирнайверар

Ғамлар, аламлар.

Менинг бор қувончим

Бошига етди,

Менинг ҳаётимга

Яқин одамлар.

Сира ишонмайман

Ёлғончи дунё,

Шунча алдоқларинг

Етар энди, бас!

Қалбимга интилиб

Яшайман, илло

Дилни дилдан ўзга

Ҳеч ким тушунмас.

 

Ғайрат МАЖИД

 

“Ёшлик”, 2013 йил, 10-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.