“Сақладим сиррингни йиллар жону кўнглумда”

0
138
марта кўрилган.

* * *

 

Сенсиз бу жаҳон айши, аламдур манга, эй, дўст,

Шодлиғи ҳам меҳнату ғамдур манга, эй, дўст.

 

Лутфу карамингни сен агар мендин аёсанг,

Жавру ситаминг лутфу карамдур манга, эй, дўст.

 

Дийдор ила қониъ эмас эрдим эса, ҳажринг

Бисёр жафо айлади, камдур манга, эй, дўст.

 

Кўнглум юзини жавр ила чун сендин уюрмен,

Охир неча бу жавру ситамдур манга, эй, дўст.

 

Одамға сени ўхшата билмонки, парисен,

Нортек янгоқинг Боғи Эрамдур манга, эй, дўст.

 

Қўй қиссайи Жамшидни, жоми иликиндин

Гар бўлса даме мулкати жамдур манга, эй, дўст.

 

Оғзинға фидо жон, ки, табассум қилиб айтур:

“Ҳар лаҳза, Атойи, не адамдур манга, эй, дўст”.

 

* * *

 

Боқар оҳулайин ҳар ён ўшал икки қаро кўзлар,

Хаданги ғамзасин отмоғ учун гўё қаро кўзлар.

 

Дилу жон сайди қилмоқта киши кўрмайтурур ҳаргиз,

Мунунгдек нозанин қошлар, анингдек дилрабо кўзлар.

 

Бу ҳусну шевау шаклу малоҳатни тилаб топмас,

Нечаким нозанинлар ичра ушбу мубтало кўзлар.

 

Висолинг давлатини шукри лиллаҳким, бу кун топтуқ,

Биҳиштеким, қиёмат маҳшаринда парсо кўзлар.

 

Атойининг хаёлоти маҳолин кўр, ки, хўбларнинг

Вафосизлиқларин билгач, яно меҳру вафо кўзлар.

 

* * *

 

Эй, камоли дилраболиқ боғининг сарви қади,

Бир замон васлинг ҳаёти Хизру, умри сармади.

 

Бир кеча ойни юзингнинг қуллариндиндур дедим,

Ушбу сўзни, ой худ фил ҳол кўкдин қармади.

 

Оразинг бирла латофат, даъви қилғон важҳидин,

Гул, гаҳи урди сабоким, барг янглиқ титради.

 

Мен дағи бир остонингға юзум суртгай эдим,

Гар гадоларға муяссар бўлса шоҳлар маснади.

 

Басти зулфунгни манинг бўйнумға занжир айлади,

Тийнатим тахмир қилган, ҳуллада қудрат яди.

 

Котиби қудрат, хатинг таҳрир этарда гул уза,

Нуқтайи холинг магар, ногоҳ, қаламдин сачради.

 

Бар тариқким урар, ғамзанг қиличин кўзларинг,

Бор санингдур ҳар бири, ҳусну малоҳат сарҳади.

 

Доми зулфинг донасиндин, жон қушин сақлай дедим,

Ақлу ҳушим хирманин, охир муҳаббат ўртади.

 

Чун қадинг ишқинда жон берди Атойи дунёда,

Оли ҳимматлар зиёратгоҳи бўлғай марқади.

 

* * *

 

Андаким катми адамдин қилди Ҳақ пайдо мени,

Зарратек оғзинг хаёли айлади шайдо мени.

 

Ёнғамен шамъи жамолинг олида парвонадек,

Ёнмағайман ҳар нечаким, қилмасанг парво мени.

 

Ҳар нафас жоним олур, ул икки жоду сеҳр этиб,

Тиргузур ҳар дам-бадам, бу лаълу руҳафзо мени.

 

Сақладим сиррингни йиллар жону кўнглумда, вале,

Кўзёшим оҳим била қилди бу кун расво мени.

 

Эй, сочинг куфру, юзунг иймон, фироқингда мени,

Раҳм қилай кўрса габру кофиру тарсо мени.

 

Қош ёсиндин кўзунг, ҳар бир хадангиким отар,

Ё нишон айлар бағрини, ё юракни, ё мени.

 

Эй, Атойи, бу хаёли хомдур сандин, десанг

Ким, даме ёд этгай ул сиймин бадан раъно мени.

 

* * *

 

Жамолингдур бу хаста жон умиди,

Ки, гулдур булбулу бўстон умиди.

 

Гаҳи маржон тўкар, гаҳ дурри макнун,

Кўзумдин ул лабу дандон умиди.

 

Сочар юлдуз бикин тунлар юзумда,

Ёшимни ул ики чўлпон умиди.

 

Мени саргашта қилди гўй янглиғ,

Хами зулфунгдағи чавгон умиди.

 

Иноят қилки, бордур бу гадонинг,

Бошинда хидмати султон умиди.

 

Бу қул юз қатла ғамдин ўлгай эрди,

Бегиндин бўлмаса эҳсон умиди.

 

Атойи дардиға эй, жон табиби,

Висолингдин эрур дармон умиди.

 

АТОЙИ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–4

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.