Қанотларинг ялтирайди, қалдирғоч!

0
240
марта кўрилган.

Ер юзи болалари

 

Дўстдай бўлиб яшасин

Ер юзи болалари.

Эт-тирноққа ўхшасин

Ер юзи болалари.

 

Ер юзини боғ этсин,

Тошни гул япроқ этсин,

“Дўстлик” деган боғ этсин

Ер юзи болалари.

 

Бир-бирига қўл берсин,

Яшнаб турган гул берсин,

Эзгуликка йўл берсин

Ер юзи болалари.

 

Оқ танми ё қора тан,

Сариқ танми – қилмай жанг,

Бўлсин бир жону бир тан

Ер юзи болалари.

 

Қуёшни тутиб бошда,

Кирсинлар юз, минг ёшга,

Сабот бўлсин қуёшга

Ер юзи болалари.

 

Қалдироч

 

Шунча яхши бўласанми,

Қалдирғоч, қалдирғоч?

 

Сайрайсанми, куласанми

Қалдирғоч, қалдирғоч?

 

Қанотларинг ялтирайди,

Қалдирғоч, қалдирғоч.

 

Боқсам, дилим қалтирайди,

Қалдирғоч, қалдирғоч.

 

Уйимизнинг тўрига ўт,

Қалдирғоч, қалдирғоч.

 

Тегинмасин сенга бургут,

Қалдирғоч, қалдирғоч.

 

Оромгоҳ

 

Қандай гўзал тоғ,

Яшнар ҳамма ёқ.

Кумуш ирмоқлар

Югурар қувноқ.

 

Шундай гўзал тоғ,

Сатҳи оромгоҳ.

Тоғлар ҳавоси

Ёқимли, оҳ-оҳ!

 

Шўх-шўх болалар

Бунда дам олар,

Дейсиз уларни

Гулу лолалар.

 

Қандай гўзал тоғ,

Сувлар шарқироқ.

Оромгоҳларда

Ором ол, ўртоқ.

 

Олти ёшлилармиз

 

Кулганимизда биз

Гулдек очиламиз.

Ерни обод қилган

Олти ёшлилармиз.

 

Чопсак адирларга

Гулдек сочиламиз.

Барра гиёҳлардек

Олти ёшлилармиз.

 

Иссиқ бағрингизга

Гулдек босиламиз.

Сизга эркаланган

Олти ёшлилармиз.

 

Китоб ва конфет

 

– Китобингни бир кўрай,

– Бериб тургин, хўп, Ҳасан?

– Конфетингни еб бўлгин,

Ахир, шира қиласан.

 

– Бермасанг қўй, қайтага

Конфентгинамдир маза,

Дея ширинликларни

Кўз-кўз қилди Шаҳноза.

 

Тол

 

Япроқларинг чиройли:

Тол, тол, тол, тол.

 

Сени десам тилимда:

Бол, бол, бол, бол.

 

Шовулласанг, қарайман:

Лол, лол, лол, лол.

 

Қанча бўлса меҳримни:

Ол, ол, ол, ол.

 

Сен боғимнинг юзида:

Хол, хол, хол, хол.

 

Япроқларинг чиройли:

Тол, тол, тол, тол.

 

Олқор ДАМИН

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–8

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.