Пахтазорларим

0
397
марта кўрилган.

Эй сиз камтар, танти, жўмард деҳқонларим,

Сиз кўтарган хирмон – менинг эҳромларим.

Шудгорларда ою қуёш улғайтирган,

Бир умрлик дала-даштга меҳмонларим.

 

Ҳар кўчатга эгиласиз сизлаб-сизлаб,

Сўнг ғўзалар бўй чўзади сизни излаб.

Меҳнатдасиз шому саҳар заҳматдасиз,

Юртни ўйлаб, эл-улуснинг бахтин кўзлаб.

 

Ҳали уруғ, ҳали чигит паллалардан,

Сув-сув дея нидо келар далалардан.

Ҳар туп ниҳол атрофида парвонасиз,

Омон сақлаб ёмғиру дўл, жалалардан,

 

Кўз қамашар оппоқ пахта – нурга боқсам,

Ғурур тўлар бир ҳур билан бирга боқсам.

Ватан сенинг кенгликларинг дилга ором,

Тоққа боқсам, боққа боқсам, қирга боқсам.

 

Пахтазорлар – чаман, пахта – оқ лоладай,

Чаноқлари пахтагулли пиёладай.

Ғўзалар ҳам бошини сал эгиб турар,

Кўсакларнинг залворидан қиз боладай.

 

Эй сиз менга ризқ-рўз берган далаларим,

Бутун бўлгай сиз туфайли чалаларим.

Шеърга сиғмас айтадиган сўзларим кўп,

Куйлай дейман сиз учун энг сараларин.

 

Терган пахтам биров эмас – ўзимники,

Момоларим тутган нону тузимники.

Пахтамиз ҳам, ғалламиз ҳам шу халқ учун –

Болаларим бахти, ўғил-қизимники.

 

Жўрабек ЖАҲОН

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.