Пародиялар

0
331
марта кўрилган.

ЛЎЛИЛАР ҲАМ АНОЙИМАС

 

Раҳимжон РАҲМАТга

 

“Мендан нари тур, десанг, йироқларда юр десанг,

Кетмон олиб, гўр ковлаб, ўша ерда ётаман.

Сенсиз дардга даво йўқ, бу шаҳарда маъно йўқ,

Мен ўзимни қул қилиб, лўлиларга сотаман.

Ўлдирса, ёр ўлдирсин, паймонамни тўлдирсин.

Лаҳаднинг деворига ишқий шеърлар битаман”.

“Жонимни ол” шеъридан

 

* * *

Машқингизни ўқиганлар ҳайрон, ўйлар,

Девор оша ҳилхонага аста бўйлар.

Укагинам, ўзингизга қабр қазманг,

Хизматга шай гўрковлару мурдашўйлар.

 

Сиз айтмоқчи бўлган гаплар янгимасдир,

Кетмондаги доғдан юрак зангламасдир.

Лаҳаддаги дастхатингиз тўкис бўлса,

Қадимшунос тадқиқотчи гангимасдир.

 

Биласизми, у дунёнинг тартибларин?..

Балки хешдир, иш юритар хатиблари,

“… Жононасиз жонларни итлар еса”,

Нима қилар унда ажал котиблари?..

 

Мунгли қўшиқ хамиртуриш эртакларга,

Ўхшаб қолманг, достондаги Эрсакларга

Лўлилар ҳам анойимас, қул бўлсангиз,

Бартер қилар Сизни темир-терсакларга…

 

НИМА ҚОЛДИ?

 

Асрор МЎМИНга

 

“Чаман кўрсак, гуллар сеники,

Тоғлар тўсса, кемириш – мендан,

Бахтга кўприк йўллар сеники,

Селлар тўсса, симириш – мендан”.

“Тўғри тақсимот” шеъридан

 

* * *

Расул Ҳамзатни ўгириб қўйдим.

Пуллари Сенга, доллари менга.

“Қўш ҳўкиз” дерлар эру хотинни,

Эчкиси сенга, моллари менга.

Доғистонларнинг тоғи тўсса ҳам

Кемириш менга, семириш сенга.

Бўзаси менга, кўзаси Сенга.

Бахтга элтувчи йўллар Сеники,

Торнадо, тўфон, селлар меники,

Пластик карта, омад Сеники,

Келишган, хипча қомат меники.

Хатланиб бўлди тол ва тераклар,

Азизим, Сенга капгир, элаклар.

Валидол ичиб, эзма юракни,

Соплатиб қўйдим болта, куракни.

“Тўғри тақсимот” турмуш таянчи,

Хўш нима қолди, жоним, сананг-чи?!

 

Турсунбой АДАШБОЕВ

 

“Ёшлик”, 2013 йил, 2-сон

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.