Отабек Рустамбек. Баҳорда, болалик чоғимда…

0
140
марта кўрилган.

Баҳорда

 

Капалак осмонни қучиб учарди,

Қалдирғоч бир гўзал қўшиқ айтарди,

Дарахтлар устунди, кўкка етарди,

Баҳорда, болалик чоғимда…

 

Йўллар белбоғ эди дунё белида,

Бир пой ковуш чўккан ариқ бўйида,

Буюк қайғу эди сувнинг тубида,

Баҳорда, болалик чоғимда…

 

Мен-чи, мен эмасдим, мен эди олам,

Бутун сир, коинот япроқларда жам,

Энг ширин калима биргина “болам”

Баҳорда, болалик чоғимда…

 

Жуда қизиқ эди одамлар бари,

Кими яхши эди, ёмондан нари.

Инсондек сўзларди, жимиттек ари

Баҳорда, болалик чоғимда…

 

Кунлар гадо эмасди, йиртиғу ямоқ,

Бир эртак тинглардим, жуда ҳам узоқ.

Билсам саҳифаси экан энг оппоқ,

Баҳорда, болалик чоғимда…

 

 

***

 

Сенга мен…

 

Уюм-уюм довонлар,

Йўлим боғлар ёмонлар,

Кўнгил кеттан томонлар,

Сенга мен қайтолмадим…

 

Ҳажри қўймас, дил ўртар,

Кунлар ботмас, тун чўкар,

Бу гардуни дун дўнар,

Сенга мен қайтолмадим…

 

Кўзларни олган гўзал,

Тақдирни ўзи масал,

Битик савдомиз азал,

Сенга мен қайтолмадим…

 

Йўл кўпу аълоси бор,

Лек, иблис яғмоси бор,

Бизда ҳақ даъвоси бор,

Сенга мен қайтолмадим…

 

Сенга мен…

 

 

1 май, 2001 йил

 

Уфуриб ўтаци совуқ елкамдан,

Суянчиқ тополмай қолади кўнглим.

Сиғмайин қоламан дунёга бирдан

Отажон!.. Еллардан келади сўргим.

 

Бўғилиб йиғлагил, қабристон жим-жит,

Ўликлар бировга бермайди озор.

Адашсам, эшитгим келганда ўгит

Битта юпанч сўзга бўлдим интизор.

 

Иним жон ўксиса, иложим қанча,

Эгаман ғамбода, синиқ кўнгилга…

Бир куни орзулар, омад ушалса

Ҳасратда қарайман бир қора гилга.

 

Гоҳ қоқилсам бирдан, кўтарган дадам,

Улғайдим, топгандим будим – ўзимни…

Ё Раб, сабрдан қаср бер;

Онамга ҳамдам,

Кимга ҳам ишонай чўккан кўнглимни.

 

 

Унутмассиз

 

“Ой” десам, ойдан ҳам гўзал эдингиз,

Кун куну, кундан ҳам ўзар эдингиз.

Сизга не ҳам дейин, айтган эдингиз:

“Бизни унутмассиз, унутолмассиз…”

 

Дарахтлар баргидан кўп эди сўзлар,

Мудом остонада эди бу кўзлар.

Ҳамон хотирадан кетмас ўй сўзлар:

Бизни унутмассиз, унутолмассиз…

 

Узоқми-яқинми, балки йўлимиз,

Сиздан айрилмади ҳеч ҳам ўйимиз.

Ягона мунг бўлиб айтар куйимиз:

Бизни унутмассиз, унутолмассиз…

 

Муҳаббат сўради биздан бу йиллар,

Ўтганда-кетганда йиғлади йиллар.

Биргина таскиним, айтди бу йиллар:

Бизни унутмассиз, унутолмассиз!..

 

 

Йиллар ўтадир

 

Умри сароликдан суйган ёшлигим,

Тақдири азалсан, юрак тонса ҳам.

Ёшликдаги кўнглим, қаро қошлигим,

Йиллар ўтадир, айт, недан гўзалсан?..

 

Севган онларимиз чиндан бахтмикан?!

Ул жунунлик дамлар тилло тахтмикан?!

Чин ошиққа гардун бирон гардмикан?!

Йиллар ўтадир, айт, недан гўзалсан?..

 

Баъзан ёлғиз кезган йўловчи янглиғ,

Ўзидан таскинлар йўлловчи янглиғ,

Ишқидан бир жилва ўртовчи янглиғ

Йиллар ўтадир, айт, недан гўзалсан?..

 

Энди сендан айро тушган йўлим бор,

Бўстонларда армон бўлган гулим бор,

Алдаб кетмайдиган битта ўзим бор,

Йиллар ўтадир, айт, недан гўзалсан?..

 

 

Отабек Рустамбек (О. Р. Жўрабоев) – 1973 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон ДПИ, Ўзбекистон Республикаси ФА аспирантураси ва докторантурасида ўқиган. Филология фанлари номзоди. Кўплаб илмий, илмий-оммабоп мақола ва рисолалар муаллифи. Шунингдек, ҳикоя ва таржималари ҳам матбуотда дунё юзини кўрган, “Зангори тилаклар” (Тошкент, “Tamaddun”, 2010) шеърий тўплами чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.