Омонкелди оқсоқолнинг армони

0
304
марта кўрилган.

Сўзини ҳам, бўзини ҳам ўзгаларга бера келмаган, ориятли-орли, ўрни тўрларда борли, ўз отадош-овулдошлари тугул, бутун бир Қўшработ туманинда иззат-эътиборли Омонкелди оқсоқолнинг тўнғич ўғли тўнғиз қавми қилмаган ишларни – қиморбозлик, шароббозлик, каззоблик, шунга ўхшаган борлиқ боз-бозликларни қилишда, хотин олиб, хотин қўйишда ном чиқазиб отасини толиқтирибди. Ҳаромзадалиги билан ном чиқазиб, отасининг етти номусини ерга киритибди. На пандга қулоқ солибди, на насиҳатга. Бундан куйган, жонидан тўйган оқсоқолнинг қадди дол, аҳволи афтодаҳол, эгилмаган бошлари хам, таъби-табиати шом бўла борибди. Бу гап Эргаш бобонинг ҳам қулоғига етиб, оқин ўзлик-ўзича:

– Нобакор ўғил ёвдан-да, довдан-да, оловдан-да, таловдан-да ёмон. Бундай фарзанд худонинг юборган бир балоси. Ундан ўлиб ҳам, тутдай тўкилиб ҳам қутулишнинг иложи йўқ. Ота-онага лаънат келтиргани келтирган. Оқсоқол билан салом-алигимиз бор эди. Чатоқ бўлибди, – деб шу термаларни битибди:

 

Мени енгганда ёв эрмас, ўз лўкча, ўз норим енгди.

Ит, итолғи, қузғун эрмас, ўз лочин, ўз сорим енгди.

Қорли, қировли қиш эрмас, ўз боғим, баҳорим енгди.

Бозор қайтиш қилмай туриб[1] серсавдо бозорим енгди.

 

Не майдонлар кўриб елкам ерга теккан эмас эрди,

Овулдош, отадошларим менсиз тўй тўйламас эрди,

Менингсиз мингбоши, қози машварат айламас эрди.

Мени енгганда мендин сўнг карвонни тортарим енгди.

 

Мен бор ерга йўлолмасди элга эш бўлмаган зотлар,

Учса қайтиб қўнолмасди тилдан тушмас паризодлар.

Қаҳримга дош беролмасди не дилозор, не безотлар,

Мени енгганда ёғиймас ўз ўғлим, ахтарим енгди.

Уй айланиб… еб юрганлар[2] ўзин итмас шер чоғлайдир,

Кўз ўнгимда мендин ўзин чандон устувор чоғлайдир,

Ялоқхўрлар ўзлик-ўзин хонга жиловдор чоғлайдир,

Мени енгганда ёт эрмас ўрни тўрда борим енгди.

 

Не кўргилик: кундин-кунга ошиб борар оҳим менинг.

Эл қарғишин олмагандим, билмам, не гуноҳим менинг?

Ўзинг тавфиқ бер бу итга, ё Раб, ё Илоҳим менинг.

Мени енгганда ёв эрмас ўз тахти тождорим енгди.

 

Сўнг оқсоқолни айтиб келгани бир отлиқ юборибди. Оқсоқол ҳам офтоб оғар-оғмас пайтда етиб келибди. Пешин намозини бирга ўқишиб, майиб-мажруҳларга сабру қаноат, беморларга шифо, сафардагиларга оқ йўл, етим-есирлар ризқига баракот, қизларга ҳаё, йигитларга баҳодирлик, савдо-сотиқ аҳлига инсоф, фарзандлари шаънига меҳру оқибат, эл-улусга рўшнолик, мамлакатга осойишталик, аркони давлатга диёнат тилашибди.

Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганларидан сўнг донгдор сухандон оқсоқолни гапга солибди. У киши эса юзида, кўзида мунг аломати бўлса ҳам оқинга дард ёра бермабди. Ота-да.

– Ҳамма гапдан хабарим бор, – дебди Эргаш бобо. – От етмаган ерга гап етади. Нима бўлганда ҳам болани қарғаш ота учун ножоиз. Ота-онанинг қарғишини олган фарзанднинг косаси оқармайди. Биргина шу эмас, икки дунёси куйиб кетади. Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири – Алқама ҳақидаги ҳикоятни эшитганингиз бордир. Бунингсиз ҳам:

 

Илоҳим, бермадинг тавфиқ азалдин қақшаган қулман.

Отам берган насиҳатни қулоққа олмаган қулман,

 

деган байту банднинг ўзиёқ ҳар бир қобил, ноқобил фарзанд учун ибрат бўлмоғи керак. Яратгандин ўзга нажот йўқ. Инсоф бериб қолар, тавфиқ бериб қолар.

Эргаш бобонинг бу таскин-тасаллиларидан оқсоқолнинг боши етти қат кўкка етиб, кўнгли кўтарилиб дебди:

– Илоҳим, айтганингиз келсин! Бироқ яқин-яқинларгача олдимни биров кесиб, бирон кимса гапимни икки қилмаган эди. Эндиги кунда қайнаса қони қўшилмас етти ётлар тугул, ўз туғишганларим ҳам гапимни қайтариб, ҳар бир ишимдан қусур топишга, таъналар қилишга ўтиб олди. Яхши фарзанд ота-онани тўрга, бебарор, беномус зурёд гўрга бошлар деганлари шу бўлса керак. Тўнғичим – тўғнағичим, деганлар. Менинг ишимни эса тўнғичим қилди. У турган жойда менга аёғимдан олишга чоғланиб турган ашаддий душманнинг кераги йўқ. Иш шу кетишда кетадиган бўлса ҳадемай элдан чиқишим аниқ. Довон ошишимга ҳам…

Оқсоқолнинг аҳволига ич-ичидан ачиниб ўтирган оташ нафасли достоннавоз дебди:

– Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Оққан дарё тўхтаб қолмайди. Дарёни тўхтатиб ҳам бўлмайди. Бу – бандасининг қўлидан ҳам келмайди. Сиз энди мана бундай қиласиз: дарди-ҳасратларингиз битилган шу қоғозни пешайвонингизга кирганда ҳам, чиққанда ҳам кўзга ташланиб турадиган ерига ёпиштириб қўясиз. Натижасини кейин кўрарсиз. Биз эшитармиз.

Оқсоқол оқин нима деган бўлса шуни қилибди. Орадан ойлар ўтибди. Тўнғич ўғли кун-бакун мулло минган эшакдай бўла борибди.

Сўзнинг сеҳри йигитнинг орини келтирибди. Жисми-жони қийнала бориб, нобоп-ножўя ҳаракатларининг нима билан тугаши кўнглига ғулғула солибди. Баҳодир қонсираган қиличини қайта қинига солган мисоли босар-тусарини билмай юрган ўғлон хайрли ишларга бир-бир қўл уриб, ишбилармон, тилбилармон тенгқурларининг қаторига қайта бошдин қўшилган экан.

 

 

Тўра СУЛАЙМОН

 

1. VII. 90.

 

“Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумидан.


[1] Қазойи қадарим етмай туриб.

[2] “Итдан ит пайдо бўлади, уй айланиб тезак ер” мақоли эсланмоқда.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.