Нурдай сизиб кирар қалбимга шодлик

0
179
марта кўрилган.

Манзара

 

Тонг қуёши таратади нур,

Шивирлайди япроқлар шодон.

Майин сабо – кўнгилга ҳузур,

Шошилади ишга оломон…

 

… Боласини етаклаб аста

Уйдан кулиб чиқади жувон.

Қучоғида катта гулдаста,

Чеҳрасида бахт порлар чунон…

 

Ҳовлидаги гулзордан ҳадя,

Гул ўпади қирмиз яноғин.

Гулзор эмас, ул ёрдан ҳадя –

Ёниб турар доим нигоҳи.

 

Бола қўлин у маҳкам тутар,

Мунис она – саришта бека.

Аёл кўнгли тўқ бўлса, етар,

Асло ҳаёт кўринмас бекам.

 

Сув сепилган, кўча ораста…

Шошилади ишга оломон.

Боласини етаклаб аста

Уйдан кулиб чиқади жувон…

 

 

Биринчи парта

 

Синфхонадаги биринчи парта,

Орзулар кемаси эди у гўё.

Эсласам, қалбимда ҳаяжон ортар,

Беғубор экан-да ўша дам дунё.

 

Қаршимда ўтирган муаллим каби

Равшан кўринарди келажагим ҳам.

Синф тор эди-ю, қалбим матлаби –

Муҳаббатим каби сарҳадсиз олам.

 

Ёнимда кўзлари мовий дилрабо,

Ишқда кўп экан-да сиру синоат.

Танаффус. Сабоқлар ўзгарар, аммо

Мен учун муҳаббат дарси ҳар соат.

 

Китобимни уйда қолдириб атай,

Унинг китобига термуламан жим.

Сўнг изн беради, бир зум ҳам ўтмай,

Қирмизи юзида ёнар табассум.

 

Яна чулғанади олам рангларга,

Мактаб қучоғида лаҳзалар тотли.

Ҳар кун таҳсин айтиб оппоқ тонгларга,

Нурдай сизиб кирар қалбимга шодлик.

 

Синфхонадаги биринчи парта –

Муҳаббат кўшки бу, ишқим қўрғони.

Ёдга оламан-у, кўзимда қатра

Ёш пайдо бўлади, ўртанар жоним…

 

О сен, юрагимнинг қайси қатида

Яшайсан муҳаббат қўшиғи бўлиб.

Мени дунёларга кўрмайсан раво,

Мени дунёлардан оласан узиб.

 

Синфхонадаги биринчи парта…

 

 

Чиллак

 

Чиллак отдим,

Деворингдан ошиб кетди.

Ҳаяжондан терга ботдим,

Шошиб кетдим.

 

Борай десам,

Бўйсунмайди оёғим-а,

Уялтириб қўйди

Чиллак таёғим-а.

 

Деворингдан мўралайман,

Жоним ҳалак.

Кўринасан

Гул ҳовлида, хушрўй малак.

 

Капалакдек рақс тушасан

Куйлаб қўшиқ.

Ҳар сатрида

Мен даллининг исмин қўшиб.

 

Соддаман-а, савлати бор,

Суръати йўқ.

Фаҳми калта, бир чўпчалик

Журъати йўқ.

 

Чиллак сабаб, билдим,

Кўнглинг мендалигин.

Исминг ёзиб тўлдираман

Кундалигим…

 

 

Дарё дунё

 

Дарё ичидаман, кўксимда мавжи,

Товоним қитиқлар қум зарралари.

Сочимга илинар томчилар сапчиб,

Майсаларга қўнган шабнам сингари.

 

Дунё ичидаман, кўксимда олов,

Ёниб яшаяпман – қуёшга тақлид.

О, менинг юрагим севишга қодир,

Эй, менинг юрагим севишга ҳақли…

 

 

Қаламтарош

 

Қошни қаро қилган қаламга раҳмат,

Туннинг бўёғидан зеб берар қошга.

Тўқмоқни игнадай йўнган валломат,

Наҳот, ҳеч вақо йўқ қаламтарошга?!

 

Мен-ку, унутмайман айтмоқни таҳсин,

Тўхтамагунча то кўксимда дукур:

Ўзимни англатган озорлар учун

Яратган Эгамга минг бора шукур!

 

 

Сураткаш

 

Капалак ғунчага қўнади нафис,

Муҳаббат васфини этар ифода.

Сураткаш гулзорда чўккалайди тиз,

Илҳом бахш этади сўнгсиз ирода.

 

Тонгга қадалади унинг нигоҳи,

Сўнг қуёш тафтидан ҳарорат олар.

Бунчалар ранг-баранг олам бўёғи,

Бир бутун ҳаётга татир лаҳзалар.

 

Аслида табиат улкан мусаввир,

Беизн тушмагай манглайга чизиқ.

Йиллар чеҳрамизга солган бу тасвир –

Ҳаёт дарахтининг шонли илдизи.

 

Баъзан унутамиз шукурни беиз,

Тавбалар қилмаймиз гуноҳимизга.

Ғафлат уйқусини муҳрлаймиз биз

Мудраб бораётган нигоҳимизга.

 

“Ёшлик” журналининг 2016 йил 5-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.