Мен сени изладим, мен сени топдим…

0
70
марта кўрилган.

УРГАНЧГА САФАР

 

1

Қариб бораверар асрим йилма-йил,

Милодий муҳаббат,

ҳижрий муҳаббат, —

Урганчда кун кўрган интизор кўнгил,

Бир сени излаган, бир сени, фақат, —

Фақат, оғир келган ғамда пишмоқ ҳам,

Ўзини ҳар кимга атаб эрта-кеч,

Бирдайин қуламоқ, бирдай учмоқ ҳам.

Бир шаҳарда яшаб учрашмаслик ҳеч,

Бир шаҳарда яшаб айро тушмоқ ҳам.

 

Руҳидан қайғусин айлаб бадарға,

Масрурлик қидирган, сўнгра топган ранж.

Бир йўл кўрсатмаган Ёрга кетарга,

Эскирган бўлса ҳам эс кирмас Урганч.

 

Насиб қилолмаган шодлик васлини,

Минглаган лаҳзадан ёп-ёлғиз палла.

Исмимга қўшмаган Ёрнинг исмини,

На Дишон қалъаю,

На Ичон қалъа.

 

Мен сени кашф этдим.

Йўқ, ундан аввал

Бетоқат кунларнинг сочи оқарди.

Умримдан кунларим учди — дарбадар.

Энди англаяпман, балки, у маҳал

Ҳисларимни ўқий олмасди шаҳар,

Ўғуз лаҳжасида ёмғир ёғарди.

 

Сен унда бедору мен бунда бедор,

Сен унда сокинсан ва мен бунда жим.

Бу ёлғон умрида бир ҳақиқат бор —

Мен сени изладим,

мен сени топдим…

 

2

Ҳузурингга чорла,

айни субҳидам,

Иккимиз кезайлик бу ерларни то, —

Кўнглимга кўнглингдан етти олам жам,

Руҳимдан руҳингга йўллар салламно.

 

Кўксингда заррача қолгайми ҳасрат,

Ахир кетаверсак ишққа сари биз.

Достон қилар эди,

бу шаҳар — ҳазрат,

Шеърга айланарди юракларимиз.

 

Ҳаётига кириб бамисли офтоб,

Қаламидан тўкиб, бир нурни — сахий.

Бизнинг ишқимизга ахир бобма-боб

Бағишлов ёзарди Мунис, Огаҳий.

Қисмат бирлаштирган у гўзал дамлар,

Қаттиқ бўлажакдир орзуйинг, ахдинг.

Қирқ кун шодиёна қилар одамлар,

Қирқ кун тантанси тугамас бахтнинг.

 

Бу ёлғон умримда бир ҳақиқат бор —

Мен сени изладим,

мен сени топдим…

 

 

* * *

Бродвей.

Энг улкан фонус остида

Шошиб борарканман, билдим, шу сафар:

Шеър бу — соғинч асли,

шеър бу — бир ситам,

Узоққа чўзилмас бахтнинг талқини.

Оқ-қора суратлар — томошабинлар,

Бунда жим кузатар, икки кўзи лўқ.

Телба дарахтлар теварагимда

Гитара чаларкан эркаланиб, шўх.

Ипак ёмғирларга ўранган шаҳар,

Ялло айтаётган кўчалар бўйлаб,

Сен қайдан

       билардинг

              кезмоқ завқини…

 

Сен буни биласан, сен биласан, йўқ…

Хаёлинг дўнганда аҳволим ўйлаб —

Барча шодликларни йиғиб келасан,

Изтироб йўқотар ранггин кўзлардан.

Югуриб келасан йўлкалар бўйлаб,

Метролардан шошиб чиқиб келасан,

Тушиб келасан ҳув автобуслардан.

 

Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди,

Бирма-бир оҳиста кафтлар қовушар,

Бирма-бир оҳиста лаблар қовушар,

Бирма-бир оҳиста тафтлар қовушар…

Жим юрсанг, бу бахтмас, хато бўлади,

Сен гапир.

Бу вақтда шодлик болалаб.

Қўлинга тегмоқ-чун фидо бўлади,

Ўзини бандидан кесган лолалар.

 

Мен шеърлар ўқийман ёнингда масрур:

“Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди…

Бағримда уйғонар сочларинг…

Бағримда уйғонар…

Бағримда…”

 

 

* * *

Ёмғирлар ёғади

сен бор шаҳарга,

Ёриқлардан бир-бир сакраб ўтар тун.

Умрингни тилайсан дақиқаларга,

Умринг — талошми, айт,

қисмат — талотум?

Мен эса умрингда оний йилдирим,

Гумбурлаб-сумбурлаб, чақнаб ўтарман.

Бору йўқ ишқимни сенга билдириб,

Фақат англамоғинг хоҳлаб ўтарман.

 

Ёмғирлар ёғади

сен бор шаҳарга, —

Иккимиз борамиз ёмғирларга дўст.

Севгилим, бариси рўё, ичикма,

Жоним, унутилар бари саҳарда.

Ёмғирга қўшилиб майдаланар сўз:

“Ижара уйингга боргин, кечикма…”

 

Панага гизланиб жон сақлайди, жон

Елкаси ивиган минглаб ҳаловат.

Одамлар ўзини урар бекатга,

Сен эса,

кетмайсан, сен эса фақат

Кўкка қўндирасан мовий кўзингни, —

Ва кўзимга боқиб тўймайсан менинг.

Заминга оқликни тиланар осмон,

Ёмғирлар тинмайди, томчилар минг-минг,

Йиғиб ололмайман фақат ўзимни,

Ёмғирлар ёғади

сен бор шаҳарга…

 

Сесканиб қўяди муштоқ бағирлар,

Ёмғирлар мавсуми…

Январ, феврал, март.

Ахир, сен билмайсан, балки ёмғирлар —

Кўчада унутиб қолдирилган дард.

 

Ёмғир — бахт.

Бахт бизнинг яноқдан ўпди,

Ёмғирпўш остида қийналмас жонинг.

Сен бор шаҳарларнинг ёмғири кўпми,

Ёмғирлари кўпми

сен бор дунёнинг?

 

 

Раҳмат Бобожон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.