Мен ахир гулларнинг жамолидирман

0
245
марта кўрилган.

Битта Ватан

 

Одамлар бегона элларда юриб,

Саёҳат завқидан айлармиш ҳузур.

Энг гўзал ўлкага йўлласалар ҳам,

Мен бундай ҳузурни туймадим, узр.

 

Яхшидир эҳтимол бегона элда

Баланд бинолардан ҳайрат топмоқлик.

Мен учун яхшидир ўз уйгинамнинг

Эшигини ҳар кун очиб-ёпмоқлик.

 

О дерлар, воҳ дерлар ўзга юртларни,

Сайр ила саёҳат айлаган дўстлар.

Улар айтадилар ғалат эмишман,

Феълимда бор эмиш кўп каму кўстлар.

 

Биламан, ўз юртин телбадек севган

Битта беморман мен дўстлар наздида.

Ҳа, менга шарафли жимгина яшаш,

Ватанни асрабон юрак остида.

 

Айтарлар: истасанг, ҳамма юрт – ватан,

Макон айлаш мумкин ҳар не чаманни.

Йўқ! Мен Худойимдан сўраб олганман

Битта пешонамга битта Ватанни.

 

Дилозорнинг қўшиғи

 

Дилозорман, дилозор,

Эй, мендан ҳамма безор,

Менга инсоф бер ўзинг,

Тўзим бер, Парвардигор.

 

Дилозорман, дилозор,

Бошимда саланглар дор.

Айтинг, кескир қиличдан

Менинг нима фарқим бор?

Дилозорман, дилозор,

Кўнглим ўзимдан ҳам хор.

Шунчаям бераҳмми

Менинг каби бир дилдор?

 

Дилозорман, дилозор.

Ичимда бир илон бор.

Шу илонни ўлдирсам,

Олам бўлади гулзор.

Дилозорман, дилозор,

Руҳимга ёғади қор.

Қаҳратонни тугатсам,

Бошланади гулбаҳор.

 

Дилозорман, дилозор,

Ҳеч кимга эмасман зор.

Шу зулмкор дилдорга

Борми бирор харидор?

 

Дилозорман, дилозор,

Ўзимдан қиламан ор.

Ёмон бўлсам ҳам нега

Севасан, Парвардигор?

 

Менсиз ҳам

 

Балки фаришта ҳам асрамас мени,

Ёмонман-ку, балки урмас мени жин.

Лекин, илтимосим, ҳеч қачон айтма,

Менсиз ҳам ҳаётинг чиройлилигин.

 

Менсиз ҳам бахтиёр, шод яна хуррам,

Кўзингда қувончлар билан яшасанг.

Менсиз ҳам хотиринг бўлса агар жам,

Боғингда гулласа гуллар турфа ранг.

 

Менсиз ҳам ҳар кунинг ўтса осуда,

Менсиз ҳам бахтдан шод ва мамнун кулсанг.

Агарки сен мени соғинсанг жуда,

Жаннат чорласа ҳам бормасман, билсанг.

 

Севмай қолдим дема, бу сўздан қайтгил,

Биламан бу тақдир азаллигини.

Фақат қандоқ қилиб тушунай, айтгил,

Менсиз ҳам ҳаётинг гўзаллигини.

 

Шоир

 

У нурлар бағрига киради секин,

Илоҳий ҳарфлар кўрингач зарҳал.

Шеър уни бағрига олади сокин,

Руҳида вулқонлар уйғонган маҳал.

 

Ишқ келиб қаламни тутар қўлига,

Бошланар оғриқлар, дод солар ғамлар.

Яқинроқ боради олис ўлимга,

Денгизлар тубида ёнади шамлар.

 

О, бу шеър азоби, тўлғоқларида

Билинмас рангларнинг қўнғир, оқлари.

Ҳаёт ва ўлимнинг қирғоқларида

Бонг урар руҳининг қўнғироқлари.

 

Ниҳоят, туғилар муқаддас сўзлар,

Юз берар ҳаёт ва ўлим висоли.

У энди лаззатли уйқуга кетар,

Кўзлари ёриган она мисоли.

 

Ошиқлик

 

Юрагида азоблар улғайган бешикдирман,

Остонаси ғам кирган, бахт кирган эшикдирман,

Авжи сен билан баланд бетакрор қўшиқдирман,

Ишқ бўлмаса оламмас, шунчаки бўшлиқдирман,

Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

 

Аёлдир илк бор Одам Атони севган одам,

Севаман деган сўзни, садони севган одам,

Хатолардан дарс олар, хатони севган одам,

Бандани севмайдими, Худони севган одам?

Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

Руҳимни телба этди руҳингдаги оппоқ нур,

Ишқ денгизидан пайдо бўйнингдаги оппоқ дур,

Кел, бахтиёр яшайлик, Исрофил чалгунча сур,

Эй, зимистон руҳимни оқ нурга тўлдирган ҳур,

Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

 

Шаън давралар

 

Бир жойда депсиниб турганим етар,

Мен шаън давраларга кетмоғим керак.

Кенгликлар бағрига бағрини босиб,

Олис манзилларни соғинди юрак.

 

Хандон кулгуларим, ўзимга келинг,

Яшамоқ завқига тўлди борлиғим.

Нақадар шарафли, қанчалар яхши

Бу ёруғ дунёда менинг борлигим.

 

Шукр, оғриқлиман ишқ дарди бирлан,

Руҳимнинг осмондан ҳомиласи бор.

Не учун чарақлаб ёнмасин кўзим,

Юзимдан бўсалар олганда баҳор.

 

Йўлимни тўсмангиз, қочинг, бўҳтонлар,

Мен битим тузганман қайғулар билан.

Ва бутун умримни яшаб ўтарман,

Энг ёруғ, энг гўзал туйғулар билан.

 

Эй, кир қўлларингни торт мендан, фосиқ,

Қоч, чўчитма нурни, тўсма зиёни.

Мен ахир ГУЛларнинг ЖАМОЛидирман,

Гулларга тўлдириб кетай дунёни!

 

Сафарда

 

Кетишимга озгина қолди,

Ўз юртимнинг дийдорин кўргум.

Кўз ёшларим арийди энди,

Чин кулгуга айланар кулгум.

 

Ўз тилимда сўзлайман энди,

Завқу шавқлар, баҳралар билан.

Бугун қутлуғ учрашувим бор

Файзли, очиқ чеҳралар билан.

 

Соддагинам, мунисим халқим,

Томчи-томчи сингдинг қонимга.

Қандоқ қилиб ўрнашиб олдинг

Бор борлиғим, жон-жаҳонимга.

 

Ўзбекистон деган исмни

Манглайдан юракка кўчирдим.

Дийдоринг кўрмаган кунларни

Умр дафтаримдан ўчирдим.

 

Фидоликда топай ўзимни,

Қолайин Ватаннинг ёдида.

Чунки фақат тиз чўкиш мумкин

Худо ва Ватаннинг олдида.

 

Онасин соғинганлар

 

Соғиндим онамни, мустаргинамни,

Мунисим, мушфиқим, рангпаргинамни,

Сўлимим, чиройлим, дилбаргинамни,

Йўл беринг онасин соғинганларга.

 

Сочига оқ гуллар экибди ҳаёт,

Юзига имзолар чекибди ҳаёт,

Онам хўп чўкибди… тўкибди ҳаёт.

Қўл беринг онасин соғинганларга.

 

Кўп меҳр бермадим, хизмат қилмадим,

Қачон хизмат қилсам, миннат қилмадим?

Балки пушаймоним шундан, билмадим.

Дил беринг онасин соғинганларга.

Жуда кўп юрдим мен ўзимни севиб,

Энди кўз ёшларда қолайин ивиб,

Юрак зангларини олсинлар ювиб,

Кул беринг онасин соғинганларга!

 

Ҳар тирик жон бориб онасин кўрсин,

Кечикиб қолмасин, илдамроқ юрсин,

Қабригамас, бориб қўлига берсин,

Гул беринг онасин соғинганларга.

 

Йўл беринг онасин соғинганларга,

Соғиндим онамни…

 

Гулжамол АСҚАРОВА

 

“Ёшлик”, 2015 йил 9-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.