Маъюс бир ёғду

0
165
марта кўрилган.

Николай РУБЦОВ

 

Эсимда

 

Учгин, учавергин, умр елканим,

Ҳаёт уммонида тинма бир нафас.

Фақат йиллар ўтиб – қарилик маним

Букилмас вужудим дол қилмаса, бас!

 

Лекин хотиралар чулғаб дамодам,

Кўнглим тубларидан кетмаслар нари;

Гуё сузиб чиқар туман ичидан

Олис болаликнинг манзаралари.

 

Эсимда – чанада сирпанган қирлар,

Қиров ойналарга муҳр этган нақшлар.

Эсимда – чорпаҳил, алпқомат эрлар

Куйлаган қўшиқлар, жайдари рақслар.

 

Эсимда – буғдойзор адир бағрида

Сергак юмронқозиқ – боқар мен сари.

Эсимда – кеч кузнинг саҳарларида

Жунжиккан қушларнинг ғамгин саслари.

 

У пайт сирли эди уфқлар – йироқлар,

Мўъжиза учрарди қадамда – ҳар он.

Энди улар барин ёдида сақлар

Қуюқ қайинзор ва арчазор ўрмон…

 

Уйдан чиқиб кетганда

 

Шамолни севаман баридан кўпроқ,

Бўзлаши юракка солгайдир титроқ!

 

Ахир, ким унингдек тинмай оҳ тортар,

Оҳ тортгани сайин ҳасрати ортар!

 

О, шамол! Қулоғим остида зувлар,

Теграмда тирик жон мисоли увлар!

 

Бетаскин дард ила қалбинг тилар у.

Сенга дунё ғамин сўйлай билар у.

 

Раҳмат, шамол! Аён англадим барин –

Ҳам азоб, ҳам таскин менга дардларинг!

 

Танишдир сендаги ҳар нола, ҳар ун,

Мен ҳам ташлаб кетдим уйимни бутун!

 

Fyccaгa лиммо-лим менинг ҳам қалбим,

Бироқ сендек бўзлай олгайми дардин?

 

Йўлим ҳеч унмайди – уфқлар хира,

Бироқ шамол увлар. Тин олмас сира…

 

Элегия

 

Қоқдим бир чўнтакни – унда ел ўйнар,

Қоқдим иккинчисин, эҳ, бўм-бўш у ҳам.

Чиройли фикрлар, о, зўр фикрлар –

Кетдилар қайгадир олмоқ учун дам.

 

Бироқ, унутгум мен турмуш заҳрини,

Шамолга чиқаман бошяланг, юпун –

Кечган йилларимнинг ҳасратларини

Қолган сочларим-ла юпатмоқ учун.

 

Тўкилар ўйларим қўлимдан қумдек,

Oёғим остидан сирғалар ёшлик.

Ботувчи ҳар бир кун умргадир чек,

Сурурсиз дамлардан – кўнгилда ғашлик.

 

Қоқдим бир чўнтакни – унда ел ўйнар,

Қоқдим иккинчисин – ўйларим маҳзун…

Бир кун машҳур бўлиб кетсам мен агар,

Бораман Ялтага дам олмоқ учун…

 

 

Қарағайзор

 

Яна руҳим чирмар хаёллар,

О, бу гўша – тенгсиз очунда!

Кумуш еллар, оқтўш шамоллар

Баҳслар қуриб тинмайди бунда.

 

Ўрис қавмин туққан қишлоқлар,

Шовуллаган, о қарағайзор!

Қораяркан уфқ, ўтлоқлар,

Қалбим менинг нурланар такрор.

 

Овлоқ туман меҳмонхонаси,

Ўлтирибман ўқиб, ёқиб печ.

Тун уйқусиз кечар, чамаси,

Бундай пайтлар ухлаб бўлмас ҳеч.

 

Қандоқ ухлай, зулмат комидан

Келар мозий саслари шоён

Ва рўбарў деразалардан

Қорга тушар шуълалар ҳамон.

 

Майли, бўлсин режалар бекор,

Тонгда пушмон олсин қасдига,

Қулоқ, тутиб ётгум мен бедор

Қарағайзор шовуллашига…

 

 

Тунги ташриф

 

Итлар овоз берди бевақт, дафъатан,

Тағин – ярим тунда, бу қандайин ҳол?

Кимнингдир шарпаси кўринди шу дам,

Келарди далани кесиб бемалол.

 

Меҳмонлар йўқ эди – келишди мана,

Қанча гурунг керак – тинглагин, яйра!

Қирмизбарг толларнинг остига яна

Шинам жой тўшалди – бошланар байрам.

 

Кечиргин сен бизни, ҳориган дала,

Сингил ё акадек кечиргин бизни:

Балки биз сўнгги бор қилиб ҳафсала,

Ловуллатдик юрак гулханимизни.

 

Балки охирги бор ташрифимиз бу,

Балки биздан кейин келмаслар истаб.

Хазонрез боғ ичра – маъюс бир ёғду,

Барглар шивирлайди ғамгин, оҳиста.

 

Жўшди дилда бир зум ҳислар талоши –

Юртим, фарзандингман, бўл мендан pози!

Биз яна отландик йўлларга шошиб,

Ортда қолиб кетди итлар овози…

 

 

* * *

 

Энкайган ёғоч уй қароргоҳида –

Оқтан қайинларни оралаб хушҳол

Кезаман, мевалар териб гоҳида –

Кеч кузак шафағи товланганда ол.

 

Кўм-кўк, мовий осмон бағрида бу дам

Учади турналар солиб арғимчоқ;

Қайиқ из қолдириб сувда кумуш ранг,

Жилар жимжит ўрмон ичига шу чоқ.

 

Ҳаво жунжиктирар ва соф – нақ биллур,

Қирғоқни қиёқлар ҳиди этмас тарк.

Дарахтда – бир лаҳза титрар-да масрур,

Ерга учиб тушар намхуш хазон – барг.

 

Оддий туйғулардан вужуд осуда,

Қалб эса қалқийди уфқдан нари –

Кўм-кўк, мовий гумбаз осмон остида

Учаётган бир тўп қушлар сингари.

 

Бутун борлиғингни ажиб бир ғycca

Комига сўроқсиз тортар шу они,

Бамисли сокин шом ойдин бир шуъла

Чулғай бошлагани янглиғ дунёни…

 

 

Хотирот

 

Тинмас бунда бўронлар ҳаргиз,

Қиш қаҳридан тушмайди сира.

Кўринар бир ёғоч уй ёлғиз,

Учқунлаган қор ичра хира.

 

Эсимдадир, юлдузлар бунда,

Нурин сочар эди равшан, хўб.

Эсимдадир, бўрилар тунда

Изғир эди ҳадиксиз, тўп-тўп.

 

Бари сингди йўқликка рўйрост,

Оғриқ туяр дилларим менинг.

Бунча шошқин, бунча жаранггос –

Солиб учди йилларим менинг?!

О, мен ҳамон кўзимни юмсам,

Кўраман у кулбани тағин.

Изғиринлар жунжиктирса ҳам

Жимирлайди юлдузлар ёрқин.

 

Тинмас унда бўронлар ҳаргиз,

Қиш қаҳридан тушмайди сира.

Кўринар бир ёғоч уй ёлғиз,

Учқунлаган қор ичра хира…

 

Рус тилидан Мирпўлат МИРЗО таржимаси

 

 

Николай РУБЦОВ – 1936 йилда туғилган. Горький номидаги адабиёт институтида ўқиган. Шоирнинг “Тўлқин ва қоялар”, “Далалар юлдузи”, “Мудом қалбимда”, “Қайинзорлар қўшиғи” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. 1971 йилда вафот этган.

 

“Шарқ юлдузи”, 2017/10

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.