Кўз олдимдан кетмайди бу ҳол

0
277
марта кўрилган.

Бобур Элмуродов Қашқадарё вилояти Китоб тумани Алақўйлиқ қишлоғида туғилган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини, 2012-2014 йилларда магистратура босқичини тамомлаган.

 

 

***

 

Битта чолни кўрдим саҳрода,

Пешонаси ялтирар тердан.

Қум титкилаб, иссиқ ҳавода

Тангасини ахтарар ердан.

 

Қуёш нури сўнгунича то,

Кўринмади йилт этган нарса.

Чол зорланди: “Топиб бер, Худо,

Шу тангамни, иложи бўлса.

 

Наҳот шундай чорасиз қолсам,

Мўъжиза қил, тангамни топай.

Шубҳа уйғотмагин ушбу дам,

Борлигингга буткул ишонай”.

 

Бир чеккада йиғлайман тинмай,

Кўз олдимдан кетмайди бу ҳол.

Наҳот ҳозир тангасин топмай

Яратгандан юз ўгирса чол.

 

Қўрқиб кетдим, ахир кекса жон,

Юрагимдан ўтди бир туйғу.

Битта танга отдим чол томон,

Сени йўқ деб ўйламасин у.

 

 

***

 

Бир кун йиғламаса аҳли болалар,

Бир кун оч қолмаса уларнинг қорни.

Бир кун узилмаса алвон лолалар,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

Бир кун отилмаса ҳеч кимсага ўқ,

Жаллод ҳам қурмаса ўша кун дорни.

Бир кун мотам тугаб, кийилмаса кўк,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

Бир кун тирик қайтса уйига оҳу,

Ниш урган майсалар кўрса баҳорни.

Бир кун илон зоти сочмаса оғу,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

Болалар уйлари бўш қолса бир кун,

Дарди қийнамаса бир кун беморни.

Бир кун кенглигини ҳис қилса очун,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

Бир кун кўнгли борлар қуришса турмуш,

Бир кун кўнгли йўқлар чалмаса торни.

Балки ўнгда бўлар, ё бўлмаса туш,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

Азизим, нима ҳам бердик дунёга,

Бир кунлик тотгани фақат озорми?

Қачон ишонаркан ҳамма Худога,

Ўша кун келарми, ўша кун борми?

 

 

***

Мўмин эди отахон чиндан,

Фақирликни қилганди одат.

Кундузлари қолмади ишдан,

Туни билан қилди ибодат.

Бир золим ҳам яшади бунда,

Шайтон билан ошна бўлди у.

Юз кўнгилни синдириб кунда,

Қанча гуноҳ бўлса қилди у.

Не бўлди-ю, ўзгарди бирдан,

Ер тескари айланди шу он.

Золим тавба қилар чоғ дилдан,

Бир зум гуноҳ қилди отахон.

Ўша куни чақмоқ гулдираб,

Лой ариқлар ёмғирга тўлди.

Қисмат экан, ўшанда ё Раб,

Икки зот ҳам бир кунда ўлди.

Кимга ўнгдир, кимга эса туш,

Бу хатони қилган кўп эди.

Авом эса жуда ҳам хомуш,

Турли ривоятлар тўқиди.

Балки ростдир, бўлмаса миш-миш,

Бир саволдан оғрийди бу жон.

Золим, нега Жаннатлардасиз?

Нега Дўзахдасиз, отахон?

 

 

* * *

 

Балки тушкун эдим ўша кунлари

Автобусга чиқдим, ҳорғин ва хомуш.

Одам тирбанд эди, шунга қарамай

Мендан сал нарида – битта ўрин бўш.

 

Ҳали оёғимдан кетмаган мадор,

Ўзимча навқирон эдим ҳойнаҳой.

Аммо кимга боқсам имларди мени,

Нигоҳлари билан кўрсатарди жой.

 

Менга оғир эди бу хилда кетиш

Тушай десам ҳали манзилим йироқ.

Наҳот чиқмас энди бирор бекатдан

Мендан ёши улуғ ва бечорароқ.

 

Қўрқиб бораяпман йўл юрган сари

Ўзимни қанчалар бардам тутсам ҳам,

Қўрқиб бораяпман, Яратган Эгам,

Ўзимдан ҳориган зотни кутсам ҳам.

 

Ўтиниб кетардим энди тақдирдан

Бундай хулосани сира тан олмай,

Ҳориган йўловчи, тезроқ чиқақол,

Энг бечора одам мен бўлиб қолмай…

 

 

Юк

 

Биз томонга келар икки зот,

Олис тоғлар бағирларидан.

Бири ёйдек эгилиб борар

Тўрвасининг оғирлигидан.

 

Ҳамроҳининг қўли эса бўш,

На юки бор, на бир насаби.

Мунғаярди хомуш негадир

Юк кўтарган шериги каби.

 

Чиқар эди турфа хил нигоҳ,

Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.

Бари бир хил – ҳориган чолнинг

Тўрвасини олар қўлидан.

 

Ғамга ботар эди бундай пайт,

Йўлдошининг қорачиқлари.

Оғирлашиб борарди унинг

Чап кўксида турган юклари.

 

Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,

Ортда қолар сарғайганча йўл.

Наҳот улар битта кўнгилни

Кўтаришга узатолмас қўл?!

 

 

Бегона ўт

 

Илдизидан юлавердинг хўп,

Бегона ўт дединг алафни.

Ҳосилинг кам, болаларинг кўп,

Ўйлар эдинг икки тарафни.

 

Юлавердинг, ахир сен – танти,

Бир сония чекинмай ишдан.

Бечора ўт зада бўлганди

Экинзорлар ичра ўсишдан.

 

Айт-чи, алам қилмасми унга,

Ўз ерида бегона бўлмоқ.

Ўзга юртлик экин олдида

Минг топталмоқ, минг бора ўлмоқ.

 

Шу бир майса баридан аввал,

Ўсмабмиди ерда туғилиб.

Биз-чи, уни йиғлатиб ҳар гал,

Илдизидан олдик суғуриб.

 

Тақдир экан, бошқа не дердим,

Бир ўланга шунча ғам камми?

Тушун, жуда соғиниб кетдим

Шундай яшайдиган одамни…

 

 

Каркидон

 

Яшашнинг қизиғи қолмаган гўё,

Тумшуғидан сизиб оқаётир қон.

Шохидан айрилиб, оломон ичра

Кетиб бораётир битта каркидон.

 

Ҳеч нарса емайди, чиқармайди ун,

Кимсасиз тарафга кетар норози.

Ҳимоя қилгани йўқ бирор қонун,

Шикоят қилгани йўқ бирор қози.

 

У ёқда муштини кўксига уриб,

Овчи мақтанади ўлжадан сархуш.

Бу ёқда кўзёши қонга қўшилиб,

Каркидон ётади тумшуқлари бўш.

 

Чорласам, бу тупроқ бегона унга,

Қайдан бошқа манзил топайин шу дам.

Ахир шохи йўқ деб рад этиб турса,

“Ҳайвонот боғи”нинг хўжайини ҳам.

 

 

Кураш

 

Гавжум эди бу галги давра,

Ҳайқирарди тинмай оломон.

Ота кураш тушган шу палла,

Томошага келди ёш ўғлон.

 

Айёр чиқди рақиби пича,

Кураш дерлар бунинг отини.

Ота ногоҳ оломон ичра

Кўриб қолди зурриёдини.

 

Шунда ёдга олди ҳар доим,

Фарзандига ўрнак бўлганин.

Кўриб чидолмади ўғлининг,

Кўзи жиққа ёшга тўлганин.

 

Кўп чиранди, аммо ишонинг,

Етмас эди рақибга кучи.

Ўғил қараб турар – отанинг

Оғриқларга тўларди ичи.

 

Кўниколмай бу ҳолга сира,

Босолмасди бир дам ғазабин.

Ҳис қиларди ўғил олдида,

Йиқилмоқнинг оғир азобин.

 

Ахир, айтинг, енгилса, уни

Оқлармиди бир жуфт қора кўз.

Ерда ётган ота ҳолини

Изоҳлашга топиларми сўз.

 

Ёзгим келмас ҳеч қолганини,

Юрак санчар ўша жойида.

Ахир қулаётган дарахтни,

Кўриш оғир ниҳол пойида.

 

 

***

Бир тош бўлар экан “Лангар ота”да,

Жуда ҳам қадимий ҳамда ғаройиб.

Уни кўролмадим, айтишларича

Бир кечада бўлиб қолганмиш ғойиб.

 

Дунёнинг иккинчи бир томонида,

Бир тош кўпчиликни қилмишдир шайдо.

Уни ҳам кўрмадим – айтишларича

Бир кечада бўлиб қолганмиш пайдо.

 

Тақдирлар ҳам кўчмиш тошлар сингари,

Бир ерда яралиб, бир ерда ўчиб.

Юради қайсидир аждод қисмати

Қайсидир авлоднинг умрига кўчиб.

 

Кўчади менинг ҳам барча сирларим,

Шодликларим кўчар, қайғуларим ҳам.

Кўчади тузалмас инжиқликларим,

Кўчади поёнсиз туйғуларим ҳам.

 

Аммо қўрқаманки, дилгир давомчим,

Менинг қисматимга қиларми ҳавас.

Ишқилиб дунёнинг бир чеккасида

Бир одам ўксиниб яшамаса бас.

 

 

***

 

Қаерга бош олиб кетди муҳаббат,

Ахтаринг, унга ҳеч зиён етмасин.

Ахир улкан эмас биз турган сарҳад,

Тағин чегарадан чиқиб кетмасин.

 

Агар шундай бўлса тугар барчаси,

Кўнгилнинг айтгани бўлмайди тўғри.

Турмушга чиқмайди севиб Хонқизи,

Бахтли бўлолмайди бирор Бойўғли.

 

 

***

 

Чиқмай туриб бирор мансабга,

Тушмай туриб бирор амалдан.

Қай бир модда билан юрагим

Қовурғамга ноҳақ қамалган…

 

 

***

 

Жон ҳам битта кўчманчи,

Қололмас экан танда.

Сўзга кўчиб ўтаркан

Вужудинг кексайганда.

 

Шундай деди хаста чол,

Кўрдим: соқоли қордай.

Жон қолмаган танида

Сўзларида жон бордай…

 

 

Кимёгар дўстимнинг ўйлари…

 

Сунъий гул ясаб тонгда

Бироз хаёлга толдим.

Унда бол излаб келган

Арини кўриб қолдим.

 

Буни узоқ ўйладим,

Тажрибам тугагунча.

Шеърда икки оғиз гап

Илмда кенг тушунча.

 

Ўйладим, моддаларнинг

Бирлашуви бир чақа.

Қандай бирлашган экан

Тошлар билан тошбақа.

 

Ишонмадим муҳаббат

Кўнгилда яшар деса.

Билмадим, севиб қолиш

Фанда қандай ҳодиса?

 

Бағритош деди бир қиз,

Ошиб кетгандим ҳаддан.

Туни билан ўйладим

Кўнглим қайси моддадан?

 

Билмас эдим не учун

Кўзимга ёш тўлишин.

Бир томчи ёш қуримай

Қаерлардан келишин?

 

Менинг гуноҳим қайда,

Қайда менинг савобим.

Гул ясамайман бошқа

Шудир менинг жавобим.

 

Сунъий гулга термулиб

Йиғлаб, ўй суриб қолдим.

Ахир унда жон берган

Арини кўриб қолдим.

 

 

Онамнинг пешонаси

 

Уйқуда эдимми,

қимирлабди Ер…

Бир чизиқни кўрдим шифтда ажиндай.

Онам таскин бериб,

куюнмагин дер:

Дунёнинг ишлари ҳамиша шундай.

 

Ногоҳ минг чизиқни бир жойда кўрдим,

Ажиндай дарз кетди ичимда сўзлар.

Худодан яшириб, нима ҳам қилдим

Онам пешонаси эди у, дўстлар…

 

 

***

 

Енгил эди хазон япроғи,

Шамолларда учди бетиним.

Ҳаётимни безай олмади

Енгил ўтган ҳар битта куним.

 

Енгил эди ёзуқларим ҳам,

Енгилликдан хавфсираб қолдим.

Енгил ҳислар бўлмаса, ёрни

Севмас эдим Ватандан олдин.

 

Ҳамма менга яхши сўз айтди,

Ҳеч ким менга бермади фириб.

Мендан қасос олди дўстларим

Ҳаётимни енгиллаштириб.

 

 

***

 

Кўп нарсани кўрмадик, дўстим,

Кўп нарса бор ҳали кўргулик.

Кўп майса бор ердан чиқмаган,

Кўп кимса бор ерга киргулик.

 

 

***

 

– Бобожон, ўлим нима?

Кўзни мангу юмишми?

Тириклик дегани бу –

Нафас олиб туришми?

 

Бобомдан чиқмади сўз,

Ўжар тилим сўради.

Деворда кулиб турар

Ёш жангчининг сурати.

 

Ўзи ким узоқ яшар,

Айтинг, охирги марта…

– Қўй болам, унинг ёши

Бизлардан анча катта.

 

Нега бобом гапирмас,

Балки етмас журъати…

Деворда кулиб турар

Ёш жангчининг сурати.

 

 

Фотоаппарат ва мен

 

Сен боққан чоғ нега одамлар

Хушсуратдир, кулгидан тўйган.

Мен термулсам – сарғайган ўтлар

Ва дарахтлар гулламай қўйган.

 

Сен кўз солсанг онам кўп дилбар,

Отам бардам қад кериб турар.

Мен боққан чоғ – онам муштипар,

Отам эса ҳассада юрар.

 

Нигоҳингда дўстим улуғвор,

Бекаму кўст турар мулойим.

Мен қарасам у бечораҳол,

Оқсоқланиб юради доим.

 

Вақт ялмоғиз – учар хотиржам,

Кўрганларим ўхшамас чинга.

Бахтли бўлиб кўринай мен ҳам,

Бир зумгина кўз ташла менга.

 

 

Фил фалсафаси

 

Қари филнинг танасида,

Яшар эди кўплаб жон.

Қора қарға, ола қарға

Ҳамда кулранг кўрсичқон.

 

Кўрмагандим – вазминликка

Бир кун ўлим йўлашини.

Кўрмагандим – улканликнинг

Баландликдан қулашини.

 

Қарға қанот қоқди-кетди,

Сичқон топди бошқа ин.

Ҳарқалай, бу синов эди,

Ярми ёлғон, ярми чин.

 

Оғир эди бундай ўйлар,

Оғирлашиб кетди бош.

Филнинг ўйчан кўзларига

Тўлиб кетди улкан ёш.

 

Йўл кўрсатиб тургувчи куч

Ҳайвонда ҳам юрак экан.

Ўзинг билан қолиш учун

Баъзан ўлиш керак экан.

 

 

Танга

 

Ойни-да танга қилдик,

Шарт боғлаган замони.

Менга қоронғу тараф,

Сенга ёруғ томони.

 

Шундай бўлишавердик,

Ҳазил қилибми бошда.

Кўнглимиз бир эди-ю,

Кўргилигимиз бошқа.

 

Баҳорни кутиб узоқ,

Етиб қолибмиз кузга.

Учиб кетардик, аммо

Қанот етмади бизга.

 

Охир ер танга бўлди,

Бўйинг етган замони.

Сенга қай тараф тушди?

Менга сен йўқ томони.

 

Бобур Элмуродов.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.