Кўрсатма

0
566
марта кўрилган.

Тиниб оқа келган дарёларнинг лойқаланиб, кўҳна Турон осмонида ғажир-қузғунлар тинимсиз айланиб, қуламас қўрғонлар ҳам бир-бир қулай тушиб, ўзини бек санай келган йигитларнинг йўқсилликдан юрак-бағри уюшиб; мамлакат тўзиб-тугаб лочинлар лачакка, арғумоқлар хачир-эшакка, силовсинлар пишакка айлана тушган – қоронғи қолган юртга алакка пошшо бўлиб, мол-мулклар тарож қилиниб, юқа-йўқсиллар сони саноқсиз бўла бошлаган йиллари экан. Эл дастурхонидан файз-барака кўтарилиб, тўйлар қўноқсиз, кўпкарилар улоқсиз ўта бошлаган кунларнинг бирида бошига қаро кунлар тушиб, дарбадар деса дарбадарга, қаландар деса қаландарга ўхшаб юрган шоир бир ўзи бир уйга сиғмай сафарга отланибди. Қайга бориб, қайга қўнари белгисиз. Киндик қони тўкилган Қўрғон қишлоғидан чиқар-чиқмас қўйинди[1] ёнидан ўтатуриб, ҳали тупроғи совиб улгурмаган жигарбандлари бирма-бир ўнгидан ўтиб кўнгли бузилиб, кўкайи кесилиб, кўлигидан[2] тушиб, тиловат қилибди. Сўнг йўл-йўлакай кўзлари жиққа ёшга тўлиб, кўнгли вайрон, бағри гирён бўлиб шу айтувни айта йўлда давом этибди:

 

Ер юзига сиғмадим мен, еру кўк торлик қилди,

Мард Худодан кўрар, лекин бир бек[3] хунхорлик қилди.

Баёзларга номини ҳам қарғаб ёзарлик қилди.

Жон тўла уй-рўзғоримни ўлим-тўзарлик қилди.

 

Дунёда ҳеч ким менингдек тириклай хор бўлмасин,

Бир уйда бир ўзи қолиб сарсон, абгор бўлмасин.

Сўнгги қўнар “оқ ўтови” ангушдек тор бўлмасин,

Беҳишт туриб дўзахингда, ё Раб, ёнар бўлмасин.

 

Келар жойим менинг ҳам шу туйнуксиз бир ўтовдир.

Бу қаро қисматларим ҳам балким менга синовдир,

Ётар жойим нур тўла ё бешафқат, беаёвдир.

У дунём ҳам бу дунёмдек ёниб ётган оловдир.

 

Бу оламнинг ибтидосин, интиҳосин ким билар?

Ҳар бир бошга тушар савдо ё ғавғосин ким билар?

Марҳумларнинг аҳволини ё нидосин ким билар?

Бир ўзидан ўзга азоб ё сафосин ким билар?

 

Бу эшиксиз қаро қўрғон асл дорулфанодир,

Шоҳу шайхларга баробар беҳашам кошонадир.

Мағфират қилган қулига нурафшон бир хонадир,

Охиратгача Тангрига тилларида санодир.

 

Гуноҳларим бўлса кечир, сендин ўзга илоҳ йўқ,

Даври қиёматда эса сендин бошқа паноҳ йўқ.

Ким бегуноҳ, ким осийдир? – Сендин бўлак гувоҳ йўқ.

Ким не ишлар бирла машғул? – Сендин ўзга огоҳ йўқ.

 

Илоҳи, бу кунларимни кўп кўрмасдан карам қил,

Аросатда қўймай мени Машрабдай муҳтарам қил.

Даргоҳингга қабул айлаб салоҳингни инъом қил.

Гуноҳларим афв этиб бир ўзингга ғулом қил.

 

Ана-мана дегунча бўлмай шоир Боғажот қишлоғига етиб келиб, неча йиллардан бери қатнашиб юрган Тиловберди исмли тегирмончи инисининг уйига тушибди. Уй бекаси неча бор келиб-кетиб, шунда қўниб, шунда тунаб юрган Эргаш бобони бошда танимабди:

– Келинг.

– Келдим.

– Ким керагийди?

– Бўлса, уй эгаси. Бўлмаса, биз ўз йўлимиздан қолмай кетаси.

Келинчак желакдан бундай сиғалаб қараса: эшик олдида турган Эргаш Жуманбулбул ўғли. Дарҳол ўзини ўнглаб:

– Вой, ўлағаяйин, мен сизди танимаппан. Уйга киринг. Укангиз ҳозир келиб қолади, – дея оқин атрофида парвона бўлиб қолибди.

Гўянда ҳам сир бермай дебди:

– Тўра қишлоғига боратуриб сизларди бир нав кўриб ўтай деб эдим. Тиловберди қаёқда?

– Укангизди кеча пинатдил чақиртирган эди. Шу бўйи келганича жўқ.

– Тинчликма?

– Тагирманини тўхтатиб бир жигитдинг хунидан ҳам ошиб тушадиган налик солибди. Тўламаса… Уйга кириб дамингизни олинг, оғажон. Келиб қолади. Ўзингиздинг келиб-кетиб журган жойингиз.

Навозанда мулзам, музтар бир ҳолга, қийиндан-қийин бир аҳволга тушиб, балонинг бу янги уй, янги рўзғорга ҳам дориганини англаб, келинчакка таскин-тасалли берган бўлибди:

– Кўзгуга дам берсанг, юзингни кўролмайсан. Бу шўро деганларида на кўзгу бор, на юз бор. Бўз ўғрисидан қўрқма, сўз ўғрисидан қўрқ, деганлар. Булар[4] ҳам бўз ўғриси, ҳам сўз ўғриси. Буларнинг қозонини тўлдириб, қорнини тўйдириб бўлмайди. Ҳа, энди нима қиламиз? Пешонада бори-да. Бу – кўпга келган тўй. Бош омон бўлса, бас. Майли, кеч кирмай мен манзилимга етиб олай. Тиловбердини сўраб қўй. Иложи бўлса, қайтишда биррав хабар олиб ўтарман.

Эрталаб бўлар-бўлмас нонушта қилиб чиққан шоир толиққандай, толгандай, ўзининг бу юриб-бу турганидан хорлангандай, назарида еру кўк бирдай айлангандай, йўли ҳам боғлангандай бўлиб бир булоқ қошига қўнибди. Таҳорат қилиб, пешин намозини ўқиб, бир дам ҳордиқ чиқариб, Тўра қишлоқ, қайдасан, деб…

Шоир қишлоқ оралаб ўзига таниш бўлган уй эшигини тақиллатибди:

– Ҳў, Эгамназар деганда Эгамназар,

Эшигингни тезроқ оч, кўнгил озар!

Ҳали шом хуфтонга дахлдор бўлмай туриб уй эгалари ётиб қолган экан. Икки-уч товушдан сўнг тўшакда қандай ётган бўлса шундай иштончан чиқа келган киши кўча эшигига келар-келмас дебди:

– Ким-ў?

– Ким бўлар эди! Мени кута бериб, кўзлари учиб турган бўлса керак деб келиб эдим.

Оқиннинг овозини таниган уй эгаси ўқдай учиб келиб эшикнинг зулфинини тушира солиб, азиз меҳмони билан қучоқ очиб кўришиб уйга бошлабди:

– Ўлиб қоппиз, Эргаш ака. Қулингизди бир қошиқ қонидан кечинг. Куни кеча уйдагиларминан сизди эслаган эдик.

Дарҳол қора чироқ ёқилиб, жойлар қайта йиғиштирилиб, қайта солиниб, ўчоққа ўтлар ёқилиб, қумғонлар қўйилиб, сурпалар ёзилиб, қўни-қўшнилар чақирилиб…

– Ўзинг яхшимисан? Бола-чақанг тинчма? Қавму қариндошлар омонма?

– Шукр, Эргаш ака, шукр. Ўзингиз қалайсиз?

– Кўриб турибсан, қалайдан олтинга айланганимни. Бир эшикдинг эгаси, ўкчасиз этикдинг чегаси бўлиб турганимди.

Эгамназар зимдан оқинга назар солиб хомсиқибди.[5] Шоир озиб-тўзган, эгни-боши юпун, салласининг дастори пешворидан кир, пешвори дасторидан. Шунинг учун Эгамназар гапни бошқа ёққа бурибди:

– Мен ҳам Жўш шўросига кеча бориб-келиб эдим.

– Тинчликма, ахир?

– Тинчлик, Эргаш ака. Шу фақат эплаб-сеплаб ишлатиб турган жувозимизди ҳам Худо олгурлар кўп кўрди. Тўхтатиб ташладилар. Сал налик солгандай ҳам бўлишди. Мен гўё шахсий мулк эгасимишман. Отни одам ўрнидан ишлатадиган раҳмсиз платитир[6] эканимни ўзим ҳам билмас эканман. Савит[7] сувидан фойдаланиб жатқан ёт унсур ҳам эмишман.

Эргаш бобо мийиғида кулиб деди:

– Оқ бадан, қора бадан – сувга тушганда маълум. Қизиллардинг эса сувга тушган-тушмаганини билиб бўлмайди. Пишак ўзи ўйнаш орттириб, ўзи жалойирға жар солгани каби булар ўзлари ўйнаш бўлиб, ўзлари этагингдан олар экан. Қапағон ит ҳам бир марта талайди. Булар на талаб тўяди, на ялаб.

– Қозоқияда, пойабзал аёғингни қисиб турганидан сўнг дунёнинг кенглигининг шешесини… деган гапни бир вақтлари ўзингиздан эшитган эдим. Шу шекилли, кенг дунё кун-бакун торлик қилиб боражатир. Ахири нима бўлади, билмадим. Қишлоғимизминан қўшни қишлоқ одамларини жувоз мойиминан баҳоли қудрат таъминлаб туриб эдим. Буни ҳам кўп кўрдилар. Энди зиғирни эслаб суягим сирқирайди. Кунжут кўз ўнгимга келиб кўзларим тиниб кетади. Индов ёдимга тушгудай бўлса, индамай уйга кириб кетаман. Писта эсимга тушса, этагимни…

– Нимасини айтасан. Боғажотдаги Тиловбердининг ҳам сув тагирмонини тўхтатиб, қишлоқ аҳлининг нонини яримта қилиб қўйибдилар.

– Сиз уни айтасиз, Эргаш ака. Қишлоғимиздаги Бийтўра тақачининг таърифини эшитганмисиз ё йўқми, билмадим. Юлдузни кўзлайдиган арғумоқларминан ҳали қитиғи босилмаган тўланларди тақалашни ўша кишига чиқазган эди. Унинг ҳам дову дастгоҳини йиғиштириб, дўконига муҳр уриб, ўзини олиб кетдилар.

– Йўғ-е, нималар деб жатибсан ўзи?!

– Эргаш ака, мен бирон марта сизга ўтирик гап айтиб эдимма?

Гап шу ерга келганда, шойир кепти-шойир кепти, деб қўни-қўшнилар бири оби, бири ёвғони билан, бири ғилминди, бири гўжа палови билан кириб, даврага файз дориб, ўрталари қовурдоқ бўлмаса ҳам қайлали уврага, бовурсоқ бўлмаса ҳам зоғора нонга тўлиб жувозкашнинг хонадони обод, ўзи шод бўлгандай бўлибди.

Эргаш бобо кўргани, кўришгани келган барча билан бирма-бир ҳол-аҳвол сўрашиб, хира тортиб турган кўнгли ёришиб, қадди-қовматини сал ростлаб, кайфиятни яхши қилмасак энди бўлмас-ов, деб созининг торларини таранг тортиб, гапни шу кечаю кундузда бўлаётган ажабдан-ажаб ҳангомалардан, қонсиз, қиличсиз, қалқон-дубулғасиз бўлаётган жангномалардан сўзлаб, мухлисларининг кўнглини олишга тайёр эканини билдириб қўйибди.

Оқиннинг катта-катта давраларни истаса кулдириб, истаса йиғлатишини эшитиб юрган кекса-ёш ўртасида шивир-шивир бошланибди:

– Шойир бовамиз олдириб қўйгандай кўринама?

– Бу кишининг бошига тушган кулфатларни ўмровли фил, ўркачли туя ҳам кўтаролмайди. Эшитмаганмисан?

– Жўқ.

– Бўлмаса, жим ўтир. Қулоғига чалиниб қолгудай бўлса…

– Бўпти.

Барибир, эгни-бошининг юпун, кирлигини… Қозони бошқанинг қайғуси бошқа. Ичдан ўтганини иштон билар дегандай, қолаберса, бу ерга бу оқшом чақирилмаган қўноқ – йўнилмаган таёқ, бир кечалик мусофирлигини кўнглидан ўтказиб ўтирган гўянданинг ҳалиги гаплар қулоғига чалингандай бўлиб, бевақт кетган ўғил-қиз, инилари, ёстиқдоши, сингиллари бирма-бир ёдига тушиб ўпкаси тўлиб, ўлимнинг дастидан қишлоқма-қишлоқ, қўрғонма-қўрғон кезиб юрган кунлари, дала-даштда мажнун мисол ўтказган не тунлари ёдига тушиб, шу кўрсатган кунларингга ҳам шукр, деб гапнинг қораламасини сараламасига улабди:

– Ҳамма иш Оллоҳнинг изн-ихтиёри, амри-фармони билан бўлади. Ким айтиб эди мени овулма-овул, қишлоқма-қишлоқ, туманма-туман кезиб, кунини ўтказиб журади, деб. Ота-боболаримнинг ҳам манглайларига, ҳам танглайларига берган Эгам менга манглайдан бермади. Танглайдан берди. Туннинг узун-қисқалигини бемор бўлгандан сўра, деганлар. Айрилиқ дардини эса мендан сўранг. Уй тўла жонни ажал фариштаси селдай олди-кетди. Шунда ҳам қаро ер тўймади. Мен эса жондан тўйдим. Жаҳондан тўйдим. Шуйтиб:

 

Ғам-ситам енгди мани, айрилиқ, армон енгди,

Жигарбандларим доғи бевақт, бегумон енгди.

Қад-қовматим дол айлаб ул барги суман[8] енгди,

Қуролсиз, аслаҳасиз ёмондин ёмон енгди.

 

Бир сурунсанг учгача деганлари рост экан,

Иқболим Асқар эмас, Кентовдин ҳам паст экан,

Ғам-алам бир-бирига ҳамиша пайваст экан,

Ўлимнинг доғи, ўти мени беомон енгди.

 

“Ё Вадуд ва Маъбуди вожибул-вужуд”[9], асли

Бир келару сўнг қайтиб келмас йигитлик фасли,

Энди охиратимни ўзинг қилгил орасли,

Бу дунёда мени бир миршабсиз қўрғон[10] енгди.

 

Тўрвасиз девонамен, кашкулсиз қаландармен,

На ерда, на кўкдамен – ҳу ўша самандармен.

Не бўларим билмасмен ҳазорул-мавф[11] қадар мен

– Сўнгги нафасда шайтон енгди.

 

Демасам бўлди.

Оқиннинг бу кунги авзойи тўғоннинг толқонини чиқариб ўз ўзанига тушиб олган дарёни эслатар эди. Қора терга тушиб куйлади. Оҳанглари ҳам мунгли, ҳам турли-турли эди. Авжлари суронли, нолалари гирёнли эди. Бу гал оқин ўзининг меҳр-муҳаббат билан куйлагувчи “Гўрўғли”, “Далли”, “Равшан” достонлари ҳақида гап юритмай, тўғридан-тўғри ўз бошига тушган мусибатли кунларни бўямай-сўямай айта солди. Шу тахлит кўнглининг чигили бир қадар ёзилиб, гапни шу кечаю кундузга буриб, ҳамхоналарига эрк берди.

Ўз булбулигўёларининг бошига тушган мушкулдан мушкул кунларни эшитган, бироқ донг қозонган оқинни ўз кўзлари билан кўриб, суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бирда-ярим кишилар Эргаш бобога таъзим, тавозе қилибдилар. Сабаби – даврадагилар сеҳрланган қушдай қилт этмас, қимирламас, катта бошини кичик қилиб ўз қишлоқларига ўз оёғи билан келган созанда деса созанда, навозанда деса навозандадан бўлак ҳеч кимнинг ҳангомасини эшитишни истамас эдилар.

Буни сезган уй эгаси шоирга юзланиб деди:

– Менинг кўп оқибатли овулдошларим бор-да, Эргаш ака. Булар муллавачча бўлганларида, биласизми, нима қилган бўлар эди?

– Нима қилган бўлар эди?

– Мулланинг ҳам айтганини, ҳам қилганини қилган бўлар эдилар.

Элнинг назари тушган бахши:

– Бўлмасам, менинг шу қишлоққа мулла бўлиб келганим бўлсин, – деб бир муддат амри маъруф қилган бўлди. Ўтган-кетганлардан, ниятига етиб-етмаганлардан, авлиё-анбиёлардан, мунофиқ-риёлардан, эл бошига тушиб турган савдолардан, касб-кор эгаларининг бўйнига илондай ўралиб олган бедаволардан сўзлади.

Нонушта пайти қозонида мой қайнай келган Эгамназарнинг кун кечиришини кўриб, кузатиб ўтирган шоир дастурхонга дуо қилиш олдидан мезбондан сўради:

– Эгамназар дейман, энди буёғи нима бўлар экан?

– Нима бўлишига кўзим етмайди, Эргаш ака. Бошга тушса кўз тортар, дегандай пешонага ёзганини кўра берамиз-да.

– Мард йигитнинг садағаси кетсанг арзийди. Минг қилса ҳам ота боласисан-да, Эгамназар, оғзингдаги ошингни олиб ўтирибдилар. Шунда ҳам нолимайсан-а. Вой-войламайсан-а. Бир ҳисобдан тўғри гапни айтдинг. Пешонага ёзгани бўлади, деб. Минг қилганда ҳам иш, шўриш бу йўсинда кетмас. Ой бир ердан кўриниш бериб қолар. Майли, энди мен турай.

– Эргаш ака, бугун қолинг. Кеча кеч келдингиз. Қон ҳам чиқазолмадик. Кеча бизникига қўнганингизди кўпчилик ҳамсоя, ҳамқишлоқларим билганларича жўқ. Эртагина жўнаб қолсангиз кўпчилик мухлисларингиздан балога қоламан.

Оқин:

– Энди мулло Эгамназар, ҳозир қиш пайти. Қиш ўчоғи тор – тур уйингга бор, унингсиз ҳам бир кунлик меҳмон – меҳмон, икки кунлик меҳмон – жетимнан жамон, уч кунлик меҳмон – душман, деган гаплар бор. Қолаберса, ўзинг ўйинда бўлсанг ҳам, ўйинг уйингда бўлсин деган гап ҳам жўқ эмас. Насиб қилса, ҳали кўп кўришамиз, – деб уйларига қайтибди. Келатуриб ўз-ўзича фикр қилибди: ё Парвардигор, бу қандай бир замон бўлди – қўш ҳўкизи бор қулоқ, қўра қўйлиларнинг аҳволи чатоқ, икки хотинли хотинбоз, касб-корлилар қатағон, саҳархезлар ётағон бўлиб турса. Оқлар қора, беклар зоти бечора, лайчалар този, тозилар қози… Элда ким кўп – бева-бечора кўп, етим-есир кўп, ғарибу ғурабо кўп. Шуларнинг раҳмини е, ё Сарвари олам.

Ўша йили қиш кеч тушиб, қор ўрнини қора совуқ қоплаб ақраб қавсга, қавс жаддига айланиб кетган экан. Эргаш бобонинг борган ерларидан ичи чиқмай, кўпнинг хизматини қилиб келаётган қўли хайрли, ҳожатбарор кишиларнинг чор-ночор бир аҳволга тушиб қолганини ўз кўзи билан кўриб, ўрга чиқсам ўр куйди, қирга чиқсам қир куйди, деб йўл-йўлакай шу байту абётларни айта келибди:

 

Бу тоғлар қандай тоғлар ўр-қирида қори йўқ,

Осмонида чарх урар лочини йўқ, сори йўқ.

Қоялари тумансиз – силовсин, олқори йўқ,

Илоҳи, бундай ҳолни қайта такрор этмагил.

 

Қирга чиқсам қир куяр, ўрга чиқсам ўр куяр,

Тоққа чиқсам тош куяр, пастга энсам ер куяр.

Фарёд қилсам оҳимга музлар эриб, қор куяр,

Илоҳи, мени аро йўлда абгор этмагил.

 

Ўн саккиз минг оламда сенингдай муҳтарам йўқ,

Сенинг иноятингсиз ҳеч кимсага карам йўқ.

Сени зикр этишдан ўзга олий мақом йўқ,

 

Илоҳи, муслим аҳлин мушрик, мурдор этмагил.

Ёрлақаган қулингга Расул ҳамдамлик қилур,

Бир гуноҳ кўплик қилиб, минг савоб камлик қилур.

Сўнгги борар жойини мунаввар-шамлик қилур,

Ғайридинни бу юртга фармонбардор этмагил.

 

Қўрғон қишлоғининг қораси кўринганидан сўнг овул-аймоқларнинг кун-бакун, ойма-ой хароб, эшигини эл, туйнугини ел оча келган кишиларнинг эрта куни сароб, ҳақларнинг ноҳақ, қораларнинг ҳақ, фуқароларнинг аҳволи чатоқ бўла борганидан, бу элнинг айби нимада экан, дея Тангрига:

 

Дўстни ёв, ёвни, ё Раб, ёрон ҳолинда кўрсатма,

Етимларнинг юз-кўзларин гирён ҳолинда кўрсатма.

Аймоқ, овулдошларимни урён ҳолинда кўрсатма,

Бекларни қул, ножинсларни уғон ҳолинда кўрсатма.

 

Илоҳи, кўрмайин энди борларни йўқсил ҳолинда,

Тоат-ибодатлиларни имонсиз жоҳил ҳолинда,

Ҳотамтойларни, ҳақларни, бойларни бахил ҳолинда,

Бу шавкатли Туронимни вайрон ҳолинда кўрсатма.

 

Мачит, мактаб, мадрасали бу бир тақводорли элни,

Не майдонларда синалган сарварли, сардорли элни,

Ўрни келса жон аямас, дастурхонли, орли элни,

Ўз ҳоли, ўз аҳволига ҳайрон ҳолинда кўрсатма.

 

Боғли, боқчали бу элни тутқинликдан озод қил,

Қонли ялов тикилган ёт, ёв ўрдасин барбод қил.

Вайрон бўлган мамлакатни қайта бошдан обод қил,

Не кент, не бир шаҳарларни қирон ҳолинда кўрсатма.

 

Барча нозу неъматингдан барчани баҳраманд этгил,

Дийдорингга етмоқликка умидвор, орзуманд этгил.

Даргоҳингда мўмин, муслим аҳлини аржуманд этгил,

Рўзи маҳшарда рўйини сомон ҳолинда кўрсатма.

 

Хешу ақраболарининг кўрсатмагил кўзёшларин,

Ризқи-рўзин бутун, ошин ёвғон ҳолинда ошларин,

Сарбон бирла сарварларин эгма эгилмас бошларин,

Илоҳи, эр йигитларин нолон ҳолинда кўрсатма.

 

Илоҳи, марҳаматингдан мени ҳам бенасиб этма.

Дўзах эмас, жаннат, ҳавзи кавсардан бенасиб этма.

Иноятинг дариғ тутмай икки дунём хароб этма,

Имону эътиқодимни гумон ҳолинда кўрсатма, –

 

деб тавалло қила-қила кулбаи вайронасига ҳориб-толиб етиб келиб, яна бир уйда бир ўзлари…

 

Тўра СУЛАЙМОН

 

“Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумидан.

 


[1] Қабристон.

[2] Эшагидан.

[3] Тоғайбек исмли Хатирчи беги оқиннинг иниси Абдулхалилни қароргоҳига чақиртириб, тун бўйи достон айттиради. Шу тунда юқа-енгил кийинган Абдухалил шамоллаб, орадан олти ой ўтар-ўтмас қайтиш қилади. Бу Эргаш бобонинг бошига тушган қаро кунларнинг бошламаси эди.

[4] Болшовойлар демоқчи, шекилли.

[5] Хўрлиги келибди.

[6] Эксплуататор.

[7] Совет.

[8] Оқин бу ерда умр йўлдоши Зийнатой Ўтамурод қизини назарда тутяпти.

[9] Шаънинг олий, эҳсонинг умумий, ўзингдан ўзга Маъбуд йўқ.

[10] Қабристон.

[11] Ўлим олди тўшаги.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.