Кўкка чўзилган қўллар

0
127
марта кўрилган.

Сосюн Фукагава

 

Хиросима шаҳрини шартта

Қоқ иккига бўлиб, айқириб,

Қирғоқларга бошини уриб

Оқар дарё – мовий ва катта.

Суяк кўрдим тубида ногоҳ,

У даҳшатли кундан бир гувоҳ…

Кимники бу қордек оқ суяк,

Мана бу қўл, мана бу ияк?

Кўз олдимга келди ногаҳон

Тундек қора сочли жононлар,

Шу сочларни ўполмай, армон –

Гирдобида қолган ўғлонлар…

Айтинг, қачон бўлади унут

Бу шарпалар даҳшати, қачон?

Ҳамон ажал уфуради дуд:

Ёш жонларнинг оташи ҳамон

Сув ичра ҳам ёниб турибди,

Йиллар оша кезиб юрибди!

Кўкка чўзган қўлларига боқ,

Боқ уларга, дўстим, яхшироқ!

Шулармасми меҳри бир жаҳон

Тундек қора сочли жононлар,

Ё шу сочни ўполмай, армон –

Гирдобида қолган ўғлонлар?

Қулоқ сол-чи, шивир-шивирга,

Бу на сувнинг қалқиб оқиши,

На ўт, япроқ болқиб оқиши.

Бу бемаҳал қум, тупроқ, ерга –

Айланганлар қалби садоси!

… Кўзни босар даҳшат пардаси…

Кимники бу қордек оқ суяк,

Мана бу қўл, мана бу ияк?

Сувдан келар инсон товуши:

Онти, нафрат, фарёд, қарғиши…

“Энди мажруҳ бўлмасин асло

Сизнинг ёрқин, беқиёс дунё!”

 

Шуҳрат таржимаси

 

ziyouz.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.