Изн

0
327
марта кўрилган.

Мактабимга ҳеч шошилмасдим,

Ҳамма билар эди феълимни.

Кечикардим, парво қилмасдим:

“Узр, устоз, кирсам майлими?”

 

Хаёлпараст, ўйчан шоирга

Тергаб-тергаб дарс берди ҳаёт.

Гоҳо кўмиб минг битта сирга,

Гоҳ севгидан қарз берди ҳаёт.

 

Туйғуларга ўйин бўлдим хўп,

Дил ярамга сепилди тузлар.

Шошмагандим, ҳали эрта деб,

Эрга тегди шошқалоқ қизлар.

 

Танаффусни кутган боладай

Бу дарслардан зерикдим, рости.

Жалаларда қолган лоладай

Кўнглим мудом азобда ўсди.

 

Кейин сизни учратдим бирдан,

Яшилликка бурканди дунё.

Назаримда, милён йил ўтган,

Милён йилга кечикдим гўё.

 

Мана, келдим. Кутаман изн,

Ёруғ хаёл сурсам майлими?

Осмондаги ойим, юлдузим,

Кўнглингизга кирсам майлими?

 

Ориф Толиб

 

2009

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.