Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор…

0
107
марта кўрилган.

Кўнглим дуо истар…

Менинг қари онам, қаерлардасан?..

Кулфатлар домидан толиб кетдим мен.

Бирор тадбир ўйлаб топмасанг бўлмас,

Тақдир гирдобида қолиб кетдим мен.

 

Бошим қўлларингни соғинди жуда,

Соғиндим дардингга жўр оҳларингни.

Букун ғамдан зада бўлган юрагим

Тусаётир иссиқ нигоҳларингни.

 

Кўнглим дуо истар, паррандаларнинг

Бир жуфт қанотидай қўлингни ёзиб,

Худони фалакдан ерга чорлардинг,

Fамгин пичирлардинг қиблага боқиб.

 

Мени олисларга кузатган чоғда,

Ногоҳ ёшга тўлиб кетарди кўзинг.

Кетганимдан кейин, ортимдан йиғлаб

Суяниб қолардинг ўзингга ўзинг.

 

Нимасини айтай?

Мендан яхшироқ

Биласан қисматбоз дунё ҳолини.

Яхшироқ англайсан сен мендан кўра,

Тириклик тонгини, ҳаёт шомини.

 

Бу дунёда битта-битталаб йиғдим

Илм ва ҳикматнинг урвоқларини.

Бироқ сендай яхши ўрганолмадим

Бу еру осмоннинг жумбоқларини.

 

Биламан, юз ёшга кириб ўлсам ҳам,

Ҳануз йўргакдаги гўдак эканман.

Биламан, сенинг пок сутингдан кейин,

Еган бўлсам, фақат, афсус еганман…

 

 

* * *

Илгари эркаклар гўридан кўра,

Чуқурроқ ковлашган аёллар гўрин.

Топдилар гуноҳин катта деб мудом,

Шариатдан не-не ҳийлалар йўлин.

 

Чуқурроқ қазганлар аёллар гўрин,

То гуноҳин кўмсин деб ернинг таги.

Бирор майса ўсиб чиқмасин, токи,

Булғанмасин эмиш поклар этаги…

 

Лек, улар билмасди, аёл бу – она,

Инсонни туғди у, гуноҳи шудир.

Бундай одатшунос, разил зотларга

Ато айлаганин ҳаёт ва умр.

 

Улар билмас, она яратгувчидир,

Она билан топар бу ҳаёт такрор.

Барча фарзандларин гуноҳи учун,

Ҳатто гўрида ҳам тортади озор.

 

Улар билмас, аёл – жаҳоннинг жони,

Она боис кўргай оламни кўзи.

Гуноҳи бор бўлса, у ҳам шул:

Шундай

Қадр билмасларни туққандир ўзи…

 

 

* * *

Ишқ аввали – баланд, бепоён осмон,

Ишқ охири – ботқоқ, дунё – қоронғу.

Ишқ аввали – ёш ва қайноқ орзулар,

Ишқ охири – қариб, кексайган орзу.

 

Ишқ аввали – қўллар ёрнинг бўйнида,

Ишқ охири – қўллар қўлтиқда бари.

Ишқ аввали – нигоҳ ёрга юзма-юз,

Ишқ охири – боқар юзсизлик сари.

 

Ишқ аввали – кокил узра гул-чечак,

Ишқ охири – бир боғ хору хас, сўник.

Ишқ аввали – тенгсиз дунё эгаси,

Ишқ охири – эссиз, эгасиз ўлик.

 

Ишқ аввали – мардлар тўнин кийган лоф,

Ишқ охири – номард тўқиган туҳмат.

Ишқ аввали – дилда лаззатли азоб,

Ишқ охири – дилда ўртанган ғурбат.

 

Ишқ аввали – лабда эриган бўса,

Ишқ охири – аччиқ, шўр босган кадар.

Ишқ аввали – дийдор нашъу намоси,

Ишқ охири – ҳижрон тутқазган заҳар.

 

Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор,

Ишқ охири – хазон фасли, хиёнат.

Ишқ аввали – илк бор яралган дунё,

Ишқ охири – қойим бўлган қиёмат.

 

 

Эртани ўйлаб

 

То ҳаёт булоғин ёпилмай кўзи,

Авлодлар қалбига тўлсин деб лим-лим,

Оналар мозорнинг бошига борди,

Оталар йўл олди дор остига жим.

 

То ўлмасин дея кейинги авлод,

Асраб қолсин дея юртнинг шонини,

Душманнинг ўқини еди оталар,

Волидалар ичди жигар қонини.

 

Ор-номус қолдириб кетди оталар,

Орият йўлида таслим этиб жон.

Ота руҳи рози бўлсин деб фарзанд,

Ўлса ҳам, номусин этмади пайҳон.

 

То ҳаёт, то абад туртинмасин деб,

Ўтганлар тоқати тўлган, тоқ эди.

Оналарнинг кўрган кунлари қаро,

Гўдакларнинг ичган сути оқ эди.

 

 

* * *

Илк муҳаббат – совуқ урган ғўрадай

Етилмай тўкилар шохдан ғамбода.

Умр новдасининг илдизи агар

Сувда бўлса, гуллар қайтган баҳорда,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Шоирлик юртига сафар айладим,

Тўрвамга мен сени жойладим, фақат.

Тўрвамда йўқ эди тоғлар ганжидай

Шуъла сочган тошдан ўзга бир давлат,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Баъзан, кўксим ичра нолийсан узоқ,

Баъзан, ўт ёқасан бағримга маним.

Берилиб кетганда ишқ ўйинига,

Баъзан, бошим билан ўйнашасан жим,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Баъзан, пушаймонлик биёбонида

Кетган ёр изини ахтардинг роса.

Баъзан, неки насиб этса умрдан,

Унга шукур айлаб, қилдинг муроса,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Ҳаёт кўп-у камнинг йиғиндисидир,

Ҳар тун осмон узра ой бўлмас сирдош.

Чиройга ошиқдир баъзилар, аммо,

Дўппи топилади, омон бўлса бош,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Мудрама шошқалоқ оламда, зеро,

Шоирлик, ошиқлик телбаликдир, рост.

Очилган эшикни очганлар касби –

Хонаки товуқнинг парвози, холос,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Яна сипқорамиз жомларни бир-бир,

Бошга кўтарамиз яна шомларни.

Туғилган минг-минглаб чақалоқларга

Биз инъом этамиз янги номларни,

Девона бўл, менинг девона дилим!

 

Девона бўл!..

 

 

Фарзандлик қарзи

 

Мард эмас ул эркак, ҳаёт жангига

Кирмаса совутин ечиб беханжар.

Бесовут, беханжар кирса-ю бироқ,

Қўлида қирқ ҳунар бўлмаса агар.

 

Ўз халқининг дарди, каму кўсти деб,

Ўзи билан ўзи олишганда мард:

Киндигининг қони тўкилган ерга,

Юрагининг қони тўкилмоғи шарт.

 

 

* * *

Эй, дарёнинг майин эсган шамоли,

Келгил, юрагимда бир лаҳза қувон.

Ёки сен ҳам мендай шошқалоқ каби

Ҳаётни шитоб деб қилдингми гумон?

 

Тошлар ўйга ботган соҳил бўйида

Дарё суви мендай шошади ҳар ён.

Неки ўтди, қайтиб келмайди бошқа,

Бу ҳақиқат, фақат, айтишга осон…

 

Нима топсанг – қўлдан кетар бир зумда,

Ҳаёт ортга қайтмас қадимдан-қадим.

Қўлингда неки бор – ўша нақд бугун

Ва унинг қадрига етолмас ҳеч ким.

 

Ҳаммамиз дунёдан ўтамиз, дарё

Қуримай, узоқ йил тўлишни истар.

Беқарорлик – ушбу дунёга одат,

Бундан-да беқарор бўлишни истар.

 

Сув лабида сўзга очолмасман лаб,

Ўзимча минғирлаб, тўзим билмасман.

Эй, дарё шамоли, нима йўқотдим,

Нима ахтараман???

Ўзим билмасман.

 

 

* * *

Сочларинг ёйилган… Қўрғонланган ой…

Fуборга бурканган сутдай ойдин тун…

Ойнинг этагига узун қўл каби

Чанг солар тоғ тиғи – узундан-узун.

 

Дарёга ёйилар ойнинг кулгуси,

Мавжлар ҳам қиқирлаб ўтаётир шод.

Кулгин, фақат, дарё қирғоғи узра

Дунёнинг баҳридан ўтар одамзод.

 

Ерда эса… Буткул ўзга бир ҳолат,

Қирғоқда майсалар сўлган, таланган.

Ёндир, то нигоҳинг чўғидан ёниб

Дарёнинг юраги олсин аланга.

 

Ўтли нигоҳимдан қочар кўзларинг,

Виқорли талъатинг – порлаган қамар.

Биз кўнгли дарёлар бормиз, дарё бор,

Ранги ўчган бу бахт – ёруғ нақадар.

 

Ҳаммаси ўтади… Бахт ҳам, иқбол ҳам!

Ҳатто, ёруғ ойнинг юзида бор доғ.

Қара, ой бўйнидан, худди мен каби,

Қўлини ўтказиб турар баланд тоғ…

 

 

Эй тилсиз дарахт

 

Ўзингдан чиқариб болта сопини,

Илдизинг кесишар,

Дунё ўзи – шу.

Танангни нимталаб,

Ташиб кетарлар,

Нечук савдо?

Нечук кемтик дунё бу?

 

Сендан дор ёғочи тикланар баланд,

Тобутга айланар тананг, дардларинг.

 

Тилинг бўлса сўйла, эй, тилсиз дарахт,

Айт, тилинг эмасми, ахир, баргларинг?..

 

Лойиқ ШЕРАЛИ

1941 йили Панжакент туманининг Мозори Шариф қишлоғида туғилган.

“Кўклам”, “Илҳом”, “Тилак”, “Ташна кўнгил”, “Соҳиллар”, “Ватан тупроғи”, “Ёмғир томчилари”, “Йўловчи”, “Тош саҳифа”, “Кўз кулбаси”, “Ёруғ кун”, “Қалб уйи”, “Она дуоси”, “Тўлган жом”, “Мен ва дарё”, “Ишқ аввалию охири”, “Сассиз фарёд” номли шеърий тўпламлари ҳамда икки томлик “Куллиёт”и нашр этилган.

Тожикистон халқ шоири.

2000 йил 30 июнда вафот этган.

 

Одил Икром таржимаси

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.