Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал…

0
920
марта кўрилган.

Кипригинг нега нам…

 

Қайсидир бетайин девона

Алжираб заҳрини сочдими,

Куйманиб бирон шўр пешона

Сенга дил ҳасратин очдими,

Кипригинг нега нам,

Жонгинам?

 

Қолдингми дўстларсиз дилдираб,

Ўчдими исинган гулханинг,

Чақиндек ёки бир йилтираб,

Алдатиб кетдими севганинг,

Кипригинг нега нам,

Жонгинам?

 

Кўриб ё тўзғиган гулларни,

Ҳисларинг келдими жунбушга,

Варақлаб ё «Ўткан кунлар»ни,

Азадор бўлдингми Кумушга,

Кипригинг нега нам,

Жонгинам?

 

Ё ҳазин боқдими суратдан

Босқинчи енгган юрт аскари,

Хаёлан бўлдингми беватан,

Тўлдириб тутқунлар сафларин,

Кипригинг нега нам,

Жонгинам?

 

Эмасмиз шунчаки тирик жон,

Энг олий онг мавжуд одамда

Ва бизда бор экан то виждон,

Йиғлаш-чун сабаб кўп оламда…

Кипригинг неганам,

Жонгинам?

 

1979

 

 

Миллатдошлик   

 

Мен кимман-у, сен кимсан,

Жуда қотди бу бошим.

Нечун менга ғанимлик

Қилмоқдасан, юртдошим?

 

Сен қотирма бошингни,

Жам бўлсин ўй-хотиринг.

Ўлсам майли тиғингдан,

Бўлолмасман қотилинг.

 

1978

 

 

“Севган қизим шунақа…”

 

Чиқиб хилват жойларга,

Эртак айтар сойларга…

Севган қизим шунақа.

 

Адирларда бўзлайди,

Чиройли тош излайди…

Севган қизим шунақа.

 

Қорлар кечиб қишларда,

Буғдой сочар қушларга…

Севган қизим шунақа.

 

Гуллар сўлса йиғлайди,

Китоб қучиб ухлайди…

Севган қизим шунақа.

 

1991

 

 

Фарғонада биттагина

 

Сен каби қомати расо Фарғонада биттагина,

Мен каби қаддингга адо Фарғонада биттагина.

 

Сен каби дийдори табиб, нози шифо қайда яна,

Мен каби дарди бедаво Фарғонада биттагина.

 

Сен каби мастона қўшиқ воҳадаю водийда йўқ,

Мен каби қайғули наво Фарғонада биттагина.

 

Сен каби жон офатини юз йил бино этса эгам,

Мен каби юз жони фидо Фарғонада биттагина.

 

Сен каби султони ҳусн Турон аро бир донадир,

Мен каби ҳуснингга гадо Фарғонада биттагина.

 

1988

 

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал

 

Тун пардаси очилар аста,

Чиқиб келар саҳнага қуёш.

Келинчакдек бўлиб ораста,

Гул саломдан кўтаради бош.

Ҳовли гўё ювилган чинни,

Йўллар гўё артилган ойнак.

Қутлаш учун янги бу кунни,

Эл оёққа турар жонсарак…

 

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Қаймоқ иси яйратар танни,

Дастурхонда иссиқ кулчалар.

Сув босгандек қақроқ ўзанни

Одамларга тўлар кўчалар.

Асли ҳатто гўдак эмизмоқ

Баробардир оғир юмушга.

Ошиқарлар, юраклар қайноқ,

Биров ишга, биров ўқишга…

 

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Дуч келади юзлаб чеҳралар,

Кўпин қайтиб кўрмоқлик маҳол.

Улар дилга яқин нақадар,

Шунинг ўзи туганмас иқбол.

Барчинойлар нигоҳида сир,

Алпомишлар кўзида яшин.

Ёшлик қайтар қалбга сочиб нур,

Эслайсан илк севги оташин…

 

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бир маҳаллар беришган салом,

Энди эса олишар алик.

Тилларида дуо, хуш калом,

Саодатдир ҳатто кексалик.

Кулиб турган мунчоқкўз бола

«Тинчлик» сўзин солар ёдингга.

Сочларингдан эриб оқ тола

Интиласан яна олдинга…

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бу юртда алп чинорлар ўсар,

Кўк гумбазлар ўнгу сўлингда.

Бир азага кириб ўтсанг гар,

Сўнг ўнта тўй учрар йўлингда.

Гоҳ бировлар танишар илк бор,

Гоҳ йиғилар эски улфатлар.

Одамзотга дунё бўлмас тор

То мавжуддир ширин суҳбатлар…

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бош кўтармас кимдир ишидан,

Кимдир ўйлар улуғ бир режа.

Яна сирли ором қушидай

Қўна бошлар юртимга кеча.

Бугунидан эл кўнгли тўлиб,

Эртанги кун учун тўплар дош.

Анвар шоир чарчоғи бўлиб

Тоғ ортига ёнбошлар қуёш…

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат…

 

2002

 

Анвар Обиджон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.