«Гулларга берибман қучоқларингни»

0
340
марта кўрилган.

Савол

 

Ўнгда раҳмон – чапда шайтон.

(Халқ нақли)

 

Йўлда ўнгдан юриш бу – йўл қоидаси!

Йўлдамисиз?

Демак, амал қиласиз.

Гар уни бузгудай бўлсангиз шу он

Жазо муқаррардир, буни биласиз.

 

Умр – йўл…

Шу қоида унда ҳам жорий,

Лек мудом виждоннинг ипин узасиз.

Жазо тайинлигин билиб туриб ҳам,

Йўл қоидасини нега бузасиз?!

 

Рашк

 

Сени ўзимдан ҳам қизғониб, аммо

Гулларга берибман қучоқларингни.

Ўзим тишламайин бир бора ҳатто,

Зиракка берибман қулоқларингни.

 

Қизғониб, қизғониб нурли юзингни

Қуёш нурларига силатиб қўйдим.

Сочингни ўйнаган шамолни бугун

Қалбимга қамаб, сўнг ухлатиб қўйдим.

 

Қўлингдан тутмадим ҳеч қачон, бироқ

Қаро мунчоқларга ушлатиб қўйдим.

Изҳорга атаган журъатимни мен

Сенга бир қарашга ишлатиб қўйдим.

 

Кўзларингга боқиб бахтни ҳис қилдим,

Аммо рашким келди икки кўзимга.

Аллоҳ насиб этса бир кун висолинг…

Қандай раво кўрай сени ўзимга?!

 

* * *

Мен тирилсам,

Товуш бўламан.

(Усмон Азим)

 

Мен қачон товуш бўламан?!

Қачон тириламан?!

 

Тирилгач ундош товуш бўлаймикин

Ва ёки унли?..

 

Ундош товуш бўлиш анчайин мушкул.

Нафас йўлларида қанча тўсиқларга

дучорланиши аён барчага.

 

Тўсиқлардан сесканиб,

Қарор қилаймикин ёки унли бўлишга?!

 

Билмадим…

Бу энди, мен билан бирга

Нафас йўлига ҳам узвий боғлиқдир.

 

… Фарқладим. Ундош товушнинг ҳам,

хили кўп экан.

 

Ниҳоят, нафас йўлидаман…

Ва шу ондан аҳд қилдим:

Бўлмоқликни, фақатгина ундош товуш!

Ундош бўлганда ҳам –

Сонор-овоздор, жарангли, албат!

(Худо хоҳласа!)

 

Айни дам дидимга маъқул товуш – Р!

Шундан сўнг муродландим,

Ундош товуш – Р бўлмоққа!

 

Токи менга мурожаат қилганларнинг

ун пайчаларида

Мудом титроқ туғилаверсин!

 

Дарвешнома

 

Одамлар уй берди юракларидан,

Мана, умрим шунда ўтказаяпман.

Не-ки фарз буюрган бўлса Қодир Ҳақ,

Тиришиб бажога етказаяпман.

 

Одамлар уй берди юракларидан,

Қишдан меҳри билан исиниб ўтдим.

Чанқоғимни босиб сўзбулоғидан,

Сўзнинг сеҳри билан исиниб ўтдим.

 

Одамлар уй берди юракларидан,

Бу ерда дунёдан йироқда ўсдим.

Самимий туйғулар бағрида сармаст,

Ҳасаду риёдан бўлмади дўстим.

 

Одамлар уй берди юракларидан,

Уйсизман, демоққа бормайди тилим.

Ҳаёт абадийдир бу ерда, ишон,

Бунда сенга ҳукм ўқимас ўлим.

 

Одамлар уй берди юракларидан,

Юракда яшамоқ бахт экан, билсам.

Энди ҳам уйлиман, бахтлиман… Демак,

Энди бўлар сенга қўнғироқ қилсам?!

 

* * *

“Мен сени севаман!..”

Лабларимдан отилган бу ўқ сўзлар,

учиб борар сенинг нишон – қулоқларингга.

 

Ўқ нишонга теккач,

юрагинг қадамлари тезлашиб кетар,

кипригингдан шаффоф қувонч оқар овозсиз.

 

“Мен ҳам…”

Бирдан сен-да ўқ узасан нишонларимга

Ва тўсатдан ўқ отарлар тўқнашиб кетар…

 

Дилмурод ДЎСТ

 

“Ёшлик”, 2017–12

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.