Фиғонимдан куйди олам…

0
199
марта кўрилган.

Муҳиддин Абдусаматов 1982 йилда туғилган.

2003 йили Ўзбекистон миллий университети  журналистика факултетини, 2005 йили ЎзМУ ва Ёзувчилар  уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курсини тугатган.

2005 йили ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида ғолиб бўлган.

“У” (Тошкент, “Ўзбекситон ёзувчилар уюшмаси адабиёт жамғармаси” нашриёти, 2005 йил) китоби нашр этилган.

“Ёшлар китоби – 2008” (Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2008), “Севги фасли” (Боку, 2010) тўпламларига шеърлари киритилган.

Айни дамда “Қишлоқ ҳаёти” газетасида масъул котиб бўлиб ишлайди.

 

Юрак боғларимга яна келдингми?!

 

Муқаддима

Йиғиштириб барча истиҳолани,

Унутмасдан сира қондош элингни,

Мўъжизам, яратиб гўзал мўъжиза,

Юрак боғларимга яна келдингми?!

Бунда ҳар бир дарахт сени қўмсайди,

Бунда ҳар бир дарахт васлингга ташна.

Ташлаб кетолмайсан тандош элингни,

Илдизинг юракка туташган.

 

Биринчи фасл

Fунчалар оғзини очар ҳайратда,

Орзу қилишади сенга ўхшашни.

Сен боғга гул ёниб кириб келганда

Булбуллар тўхтатар сайрашни.

Изингни ўпгандан майсалар хурсанд,

Телбадай бошини сарак-сараклар.

Сени юқоридан бир бор кўргали

Бўй чўзиб қарайди тераклар.
 

Иккинчи фасл

Дарахтлар кўп яхши кўради сени,

Келиб тур… кўриб тур… даракла…

Шунда шодлигидан шаънингга

Қарсаклар чалади дарахтлар.

Шовқинга энтикиб қарайди қуёш,

Нурлари қидириб толади.

Қуёшдан рашк қилиб дарахтлар

Сени ўз бағрига олади.
 

Учинчи фасл

Ёмғирлар ёғмоқда сенинг шаънингга,

Ёмғирлар ёғмоқда – осмон ифори.

Дарахтлар пойингга юрагин тўшар,

Изингдан эргашар илдиз қўпориб.

Сен маъюс кетасан. Инграйди юрак.

Сен маъюс кетасан. Мўлтирайди жон.

Дарахтлар безовта – сочларин юлар,

Яна дийдорингга етишар қачон?!

Тўртинчи фасл

Бу боғда дарахтлар мажнунҳол,

Улар ташрифингга ўрганган.

Келсанг гар қўл чўзар осмонга

Сени яна бир бор кўргандан.

Оҳлари осмоннинг раъйини

Ўзига оғдира бошлайди.

Қутлуғ ташрифингга бошингдан

Раҳматлар ёғдира бошлайди…
 

Хотима

Кўпдир бизнинг қушлардан улфат,

Дарахтлардан дўстимиз кўпдир.

Сиримизни тинглади осмон,

Изимизни майсалар ўпди.

Йўқдир бизнинг заррача армон,

Биз билмаган гўшалар йўқдир…

…энди менга рухсат бер, жоним,

сафаримнинг соқоли чиқди…

 

 

Ва яна…

 

ва яна тиллосин йўқотиб осмон

ва яна шаррослаб йиғласа ёмғир

ва яна муҳаббат бўлиб саргардон

ва яна жизиллаб тинмаса бағир

ва яна намиққан жиққа тушларим

ва яна ивиган кўзнинг сурати

ва яна илкингни илкис ушладим

ва яна ўпмоққа етмас журъатим

ва яна…

 

 

О, Мўъжизам

 

О, Мўъжизам,

сенинг пойингга чўкиб,

Кўзларингдан тошган

меҳрингни туйсам.

Чашми зилолингни кўзимга тикиб,

«Йўқолинг…»

дейсан.

Шодликдан баргларин тўкар юрагим,

Лаҳзада улгургум

тирилиб,

ўлиб…

Сўзларинг туюлар тасаввуримда

«Йўқ… қолинг»

бўлиб…

 

 

Ота, меҳнат дегани…

 

Ота,

меҳнат дегани

бемаврид абр экан,

қора сочларингизга

ҳижжалаб қор элабди.

 

Она,

заҳмат дегани

қип-қизил шоир экан,

қаранг, пешонангизга

сатрлар қоралабди.

 

 

Санингсиз…

 

Санингсиз ман, билмам, кимман –

юрагимда турди оғриқ.

Кафтларимда тўлиб уммон –

тилагимда турди оғриқ.

Тўрт тарафим кенг нимарса,

саробларга тенг нимарса.

Қўлим чўзиб енг шимарсам –

билагимда турди оғриқ.

 

Юрак тепар қобирғамни,

ўпар… ўпар… ўпар ғамни…

Жон дегани соб бўлганми –

суягимда турди оғриқ.

Бир йўлингни дайр билсам,

шул йўлингда сайр қилсам.

Адашсам-у, сал қайрилсам –

курагимда турди оғриқ.

Санингсиз ман, билмам, кимман –

юрагимда турди оғриқ.

Кафтларимдан тошиб уммон –

тилагимда турди оғриқ.

 

 

Фиғонимдан куйди олам…

 

Фиғонимдан куйди олам,

Сени ерга экдим, болам.

Сўнг суғордим тўкиб жолам,

Кўкар майсам. Кўкар майсам…

 

Тор елкамда минг бир дардим,

Лек шу дардни даст кўтардим.

Аламимдан мен кўкардим,

Хўш, сен нега кўкармайсан.

 

Кўкар майсам. Кўкар майсам…

 

 

Ҳаёт – бу сувлари қутурган уммон…

 

Ҳаёт – бу сувлари қутурган уммон,

Билмайди меҳр не, шафқат нимаси?

Мен – Робинзон. Қийин аҳволга тушган –

Сувга ағнаб тамом чўккан кемаси.

 

Осмондай бепоён менинг сарҳадим,

Уммонни ютгандай ичаман чойни.

Юрагим – тўтиқуш – якка сирдошим,

Яшайман кутганча бир Жумавойни.

 

Муҳиддин Абдусаматов

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.