Eлиб борар вақтнинг тулпори

0
81
марта кўрилган.

Умр

 

Баҳор шошқинлиги ўхшайди селга,

Ёз ўтар маҳтал бўб бир тутам елга.

Ҳорғин кўзларингга уринади куз,

У энди сен билан қолишга келган…

 

* * *

 

Биламан, ҳеч нарса абадий эмас,

мангу нарса йўқ бу дунёда, баски,

нечун айрилиқдан қўрқайда абас,

озурда дилимга излайин таскин?

 

Балки, сен шоддирсан мендан олисда,

лекин аримасдан кўзимда ёшим,

қайта учрашмоқни истама-иста,

қошимдан чиқарсан яна, қуёшим.

 

Изингдан абад зор қолмасман қараб,

мангу тарк этмоқдан сен-да умид уз –

айланиб-айланиб замин муқаррар,

яна мени сенга қилар юзма-юз.

 

* * *

 

Коинот – қоронғи хона,

Юлдузлар парвона.

Сокин тин олар

Ер –

Ой туққан она.

* * *

 

Гул юзингнинг хизматида

турсин дея белин боғлаб

гулдасталар юборсамки,

гулларнинг ҳам кўксин доғлаб,

бир қараб ҳам қўймагайсан.

Юлдузлардай яна сонсиз

сен томонга йўллаганим –

номаларим ном-нишонсиз,

номаълумдир не бўлгани.

Лек, шунда ҳам тинч қолмасдан,

не қиларим билмай, аммо,

борай десам, тополмасдан

борурга бир баҳона ҳам,

кўксимдаги соғинчларим,

ўкинчларим, ўтинчларим

мисраларга битиб барин

яна сенга жўнатгайман.

Кўзинг тушиб унга бирда

эътиборсиз қўл силтайсан:

Икром Искандардандир-да.

 

* * *

 

Ташвиш долғаланиб гоҳи денгиздай,

ўйинг қамраганда ғарқ ғулғуласи,

олисларда қолган болалик ёқда

милтиллаб кўринар умид шуъласи.

 

* * *

 

Гоҳи қуршаб қоронғи ўйлар,

гоҳ кўнгилни ёритиб нурлар,

оқаришган сомон йўлида

хасдай тўзғиб борар умрлар.

 

Учраганга ҳатто қўл силкиб

қўймоқнинг ҳам топмай иложин,

не макону замонлар оша

ошиқади қайга бу очун?

 

Ёниб турган юлдузлар аро

тин билмасдан, билмам, қай сори

аравадай тортиб ер шарин,

елиб борар вақтнинг тулпори.

 

 

 

Ой ва юлдузлар теграсида

 

I

 

Дардим сенга етказсин дея,

Айтсин дея соғинганимни,

Ҳузурингга юбордим ойни.

 

Кўп куттирди, бир ой деганда,

Чўпдай озиб, яна боши хам,

Қайтиб келди қадди букилиб.

 

Йўл азоби эздими уни,

Маҳтал қолди эшигингда ё

Етказишдан хижолатдами

Сендан олган хабарни менга?

 

Яна сенга юбормоқдаман,

Омон қайтсин энди ой бориб.

 

II

 

Сен ҳақингда яхши гаплар айтган эдилар,

Ҳузурингга бошлаб келган эдилар мени,

Сени кутар, сени севар, деган бир улкан

Ишончни ҳам юрагимга солган эдилар.

 

Ҳамроҳ бўлиб келган эди ўзлари ҳатто…

 

Мана, энди остонангда турибман зор-зор…

 

Чиқармисан, тезроқ чиқа қолсанг-чи… Ахир,

Кўзларимдан бекинганча чекка-чеккада,

Қоронғида милт-милт киприк қоқиб, жонсарак,

Хижолатдан ерга боқиб турар юлдузлар.

 

* * *

 

Туни билан тимирскиланиб,

Не изладинг ҳовлида тинсиз?

Қоронғида яхши кўрмасанг,

Шамол, шамол, қўлингга шам ол.

 

* * *

 

Ҳуснингга ул моҳ ҳам эмиш маҳлиё

Сенга матлуб бўлмоқ бўлиб матлаби,

Ки, қаён бормагил, ортингдан ой ҳам

Эргашиб юрармиш дугонанг каби.

 

 

Акам хотирасига

 

Бола эдик, ўйинга муштоқ,

Талашсак-да баъзан эрта-кеч,

Юрар эдим доим эргашиб,

Ортингиздан қолмас эдим ҳеч.

 

Чорлаганда ўртоқларингиз,

“Дум” бўлмасин деб мени яна,

Чиқардингиз уйдан яшриниб,

Ўзингизни қилганча пана.

 

Йўқлигингиз билгач, изиллаб,

Изингиздан ич-этимни еб,

Қилар эдим ҳаммани безор,

Акам қани, қайга кетди, деб.

 

Қайдан билай, ўша пайт роса

Қайсар бола эканман, балки.

Бир дам қўймай ўз ҳолингизга,

Жонингизга текканман, балки.

 

Йиллар бизни улғайтирганда,

Кўксимга бир армонни жойлаб,

Яна қайга кетдингиз, ака,

Менинг уйда йўқлигим пойлаб?

 

Полиз натюрморти

 

Бир тараддуд кезар полизда.

Гарчи ҳали осмон мовийдир,

қайноқ кунлар қолган олисда –

тарқаётган тун салқинида

қовуннинг бадани совийди.

 

Ўтаётган вақт талқинида

тасвир топган қоқ қовоққа боқ.

Мана, энди, сувлар тиниди,

қандай етилди у, бир пайтлар

ҳандалакдан олганди сабоқ.

 

Қуёш ҳали ўқимай байтлар,

ҳали қочмай шудрингнинг нами,

тарвуз тонгга саломлар айтар –

тарсиллаган таранг танидан

таралади тароват таъми.

 

* * *

 

Очилиб бу заррин гул қопқаси,

таралар хуш исли қаҳқаҳаси,

тонг била уйғонган нозин кўринг,

бонг ила уйғун бу созин кўринг –

булбулни куйлатган ҳам ўшадир,

кўнгилни сўйлатган ҳам ўшадир –

ошкора этибман суйганимни,

ишқида ўт-оташ куйганимни,

кўзимни йўлида нақш этганим,

жонимни кўйида бахш этганим,

вале, бир дод-фиғон этмаганим,

вале, бир васлига етмаганим,

дилимнинг қатига кўмганларим

сўйлабман, сел бўлиб ўмганларим,

очилар қачон деб дарвозаси,

келар деб ғунчадай овозаси –

дардимга малҳамдай эмиш шунча

тонг чоғи очилган кумуш ғунча.

 

* * *

 

Ҳузурингга шамолдай

шошилиб боражакман,

шовуллаган қўшиғим –

сенга битган қасидам

авжларидан дарахтлар

ларзага келар, яккам

суратинг кўрингайдир

шаффоф вақт ойнасидан.

Бир зум тин олмоққа ҳам

бормиди ихтиёрим,

қачонки, дилга васлинг

истаклари жойланар –

имконлари дарахтдай

силкитади қарорим…

Шамолга дош беролмай

тарс синади ойналар.

 

Икром ИСКАНДАР

 

“Шарқ юлдузи”, 2017/10

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.