Бу тотли суҳбатни бўлиб бўлмайди

0
346
марта кўрилган.

Рустам Мирвоҳид 1987 йил 25 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилган. 1994–2003 йиллар давомида Ҳамза туманидаги 204-ўрта мактабда, 2003–2006 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Хорижий тиллар академик лицейида ўқиган. 2007–2011 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти бакалавриатида, 2011-2013 йилларда магистратура босқичида таълим олган.

Рустам Мирвоҳид бир муддат “Шарқ юлдузи” журналида фаолият олиб борди. Ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институтида мумтоз адабиётдан сабоқ беради.

2012 йилда “Биринчи китобим” лойиҳасида “Бу – ошиқ сўзим” номли китоби нашр этилди.

 

Иккинчи одам…

 

Қўлларим кўксимда, битинч, бетоқат,

Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.

У менми, у сенми, ким бўлма, фақат

Сенга инсоф берсин, учинчи одам!

Абдулла Орипов

 

Машҳурлик берилмас ҳар кимга бирдек,

Эплаган – шуҳратнинг шаробин ҳўплар.

Машҳурлар аксари биринчидир, лек

Иккинчи одамни билмайди кўплар.

 

Эл кўзидан пинҳон юрар панада,

Меҳнатларин қилмас зарра овоза.

Тушунарли бўлсин сизга янада:

Косанинг тагида улар нимкоса.

 

Буюклик чўққисин кўзласа ҳар ким,

Тутган елкалари зинапоядир.

Худо билар, улар авлиё, балким,

Жами даҳоларга ёлғиз доядир.

 

Улар ҳар соҳада мавжуддир азал,

Турмуш ҳар жабҳаси уларга маъво.

Уларнинг тури кўп, ўзгарар ҳар гал:

Бирда она бўлар, бирда-чи ошно.

 

Баъзида устоздек кўринар кўзга,

Баъзан рафиқадек боқар мулойим.

Биринчи бўлмоқни эп кўрмас ўзга,

Иккинчи бўлмоқдан хурсанддир доим.

 

Иккинчи зотларга мисол кўп, билсанг,

У гоҳ фарангидир, гоҳо аробий.

Муаллим ул-аввал Арасту бўлса,

Муаллим ус-соний, не тонг, Форобий.

 

Тарихда осийлар ҳақ йўлга қайтган,

Бунга гувоҳ сариқ саҳифалардир.

Илк бор ислом сўзин гар Набий айтган,

Уни тарғиб қилган халифалардир.

 

Саид Баракадек пиру муршид ҳам,

Темур учун руҳий таянч бўлган-ку.

Навоий-чи? Вазир – иккинчи одам,

Бойқарога қирқ йил суянч бўлган-ку.

 

Ҳаёт шу – кимдир бош, ким эса бўйин,

Ундан фармон эрур, бундан-чи ижро.

Гоҳо бош бўйинга ён босган сайин,

Бўйин бош бўлмакка қилар иддао.

 

Худо, ўзинг асра бундай ҳолатдан,

Ҳар ким ўз ўрнида тургани маъқул.

Отлиқлар урушда тушмасин отдан,

Пиёда пиёда юргани маъқул.

 

Шунда тўкис бўлар янада турмуш,

Аҳиллик – найзани куракдан юлар.

Саҳнада санъаткор олганда олқиш,

Саҳна ортидаги юракдан кулар.

 

Юракдан кулмоқлик ҳар ким учунмас,

Эплаганга омад ёр бўлсин, дейман.

Биринчи одамлар бахтига, хуллас,

Иккинчи одамлар бор бўлсин, дейман.

 

 

Кипригинг – гугуртчўп…

 

Ошиқларинг кипригингдан кўп,

Ҳар кипригинг битта гугуртчўп.

Улар на бир кўнгуллар мулкин –

Дунёни кул қилмоғи мумкин!

 

 

Сураткаш осмон

 

Чақмоқ чарақлади тунда ногаҳон,

Ёрим, сен кулиб тур, тушма ғафлатга.

Ҳуснингни ҳурларга кўрсатай дебон

Осмон олаётир сени суратга…

 

 

Ким У?

 

Югургилаб келди юрак ортингдан,

Нафас ҳам ростламай кўксимни қоқди.

Сен эшик ортида турган одамдай

“Ким у?” деб кўзимдан ичкари боқдинг:

 

Кўрдингки – бир ошиқ турар афтода,

Кўзёшдан юзида ариқлар пайдо.

Туйғулар балиқдай унда сузмоқда,

Мижжанг қармоқ ташлар уларга гўё.

 

Баногоҳ орқага тисарилдингу

Қилдай белинг оқди кокилларингда.

Қаҳқаҳа мавжлари кўтариб ғулу,

Бош урди лабларинг соҳилларига…

 

Зум ўтмай дарёни тўсган тўғондай,

Кафтинг дудоғингни беркитди: “Жим!” деб.

Шу зайл вақт ўтди оғир карвондай,

Сен-да ичкарига чиқмадинг: “Ким?” деб.

 

Юрак-чи? Яна кўп кутди тоқат-ла,

Охир андаккина шикаста бўлиб –

Ёпиқ эшигингга бир махфий хат-ла

Қисилганча қолди… гулдаста бўлиб.

 

 

Онанинг кўзи учса

 

Кўз учар… қовоқлар титрайди тинмай,

Она фарзандидан хавотир олар.

Бир бало шарпасин гўё сезгандай,

Ул-да ўз вужудин қийноққа солар.

 

Кўз учар… тирқираб оқади ёшлар,

Қўмсайди олисда аскар ўғлини.

Хаёл қурғур – шайтон, ҳар кўйга бошлар,

Хавотир ёмон-ку, дўстлар, тўғрими?

 

Кўз учар… аксига олиб баттарроқ

Соғинч пичоқлари дилни тиғлайди.

Онани бағрикенг дейдилар, бироқ

Ҳозир-чи, ҳеч нима – қил ҳам сиғмайди.

 

Кўз учар… ҳа, она чидолмай охир

Сим қоқар ўғли-да берган рақамга.

Сўнг… айтар: “Сенинг ҳам фарзандинг бордир?!”

“… Хизматдан ташқари…” деган санамга.

 

Кўз учар… онанинг фиғони кўкка

Етдими ё бўлди момақалдироқ?

“Раббим, тушунарсан бу зотни якка

Ўзинг!” демасимдан чалди қўнғироқ.

 

Кўз учар… телефон жиринглар… она

Гўшакни олади… титрайди тизза…

Жим турар… у ёқдан: “Алло, ҳой, ая,

Бу мен Ҳасанбойман, яхшимисизлар?”

 

Сокин эшитдию ўғлини, бирдан

Танага жон қайтди, юзларига қон.

Одамзод, бунча ҳам туйғуга бойсан,

Бунча ҳам ҳассос яралдинг, Инсон?!

 

Хавотир! Бешафқат туйғусан ғоят,

Тоғдайин бардош ҳам қаршингда ожиз.

Майли, кимнинг кўзи учсин-у, фақат

Волидалар кўзи учмасин ҳаргиз!.

 

***

Биргина Мажнуннинг кўнгил ишидан

Мингта Афлотуннинг фикрати ожиз.

Сен дардни сўрама бедард кишидан –

Қачон ариқчага сиғибди денгиз?!

 

 

Тотли суҳбат

 

Васлингдан умидим ўлиб ўлмайди,

Бахтим лабларингдек кулиб кулмайди.

Кўзингга тикилсам бурма юзингни –

Бу тотли суҳбатни бўлиб бўлмайди!

 

 

Устоз Ансориддин Иброҳимовга![1]

 

Кўнгил даричасин чертар изтироб,

Тахайюл эшигин қоқади алам.

Сарғайган қоғозни ғижимлар азоб,

Бармоқларга “Тегманг!” дегандай қалам –

 

Хонтахта четида, мана, неччи ой

Тўкиблар ётибди аччиқ қора ёш…

Китоблар жавонга берса-да чирой,

Эшикка термулар… Етмайди бардош!

 

Ҳолбуки, олимнинг мўъжаз хонасин,

Аёл, фарзандлари тек қўярмиди?

Аёли туш кўрар: “Бас, қил, онаси,

Қўнғир ер ёшингга, айт, тўярмиди?!

 

Ундан кўра, келгил, қўлларингни бер,

Кафтингнинг тафтидан баҳраманд бўлай.

Ёдингдами, Бобур Мирзо битган шеър,

Эслолмасанг, айтай, сенга бир йўла:

 

“Бўлмадим умримда бир дам хотири хуррам била,

Гар иликтин келса бир дамни кечурманг ғам била…”

 

Шу некбин мисралар ҳаққи ҳам, жоним,

Бас, аза тутмагил руҳимни қийнаб.

Ўғлим, қизларимда оқмоқда қоним,

“Бобурнома”ларда юрибман яшаб!.

 

Яна нима керак олим кишига,

Илму фарзандлари номин оқласа.

Ё кимнинг ўйидан “йилт” этса исмим,

Не ажаб, мен уни келиб йўқласам…

 

Шу боис, азизам, мана, мен келдим,

Сенинг чорловингга яшиндай учиб.

Жаннатнинг анвойи чечаклари-ла,

Бобур девонини қўйнимга қучиб.

 

Кел, рубоий айтай бу анжуманда,

Оддий сўз насядир, нақд турганда шеър.

Фақат битта сўнгги илтимос сендан,

Менга “Йиғламайман!” – дея ваъда бер:

 

“Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутингиз,

Жамиятингиз борини давлат тутингиз.

Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,

Бир-бирни неча куни ҒАНИМАТ тутингиз!”.

 

 

Қушдай озодман…

 

Сенга боғландиму қушдай озодман,

Талон-тарожингдан, қара, ободман.

Эски уйни бузма, янгисин қурмай, –

Дерлар, бузилганим сари бунёдман.

 

Интиҳо мен учун ибтидо асли,

Мосуво мен учун муҳайё асли,

Илоннинг коми-ку, мураббо асли,

Дилим хуфтон бўлса, ажаб, дилшодман.

 

Ишқ тилин ўргандим, на форс, арабий,

Толиби содиқ манам, ёрим – мураббий,

Фунунмас, жунунни танладим, Раббий,

Телбариш тоғини қазган Фарҳодман…

 

Жуссамдан каттароқ ғуссам елкамда,

У – менинг синглимдир, қисмат экан-да,

Жигар дигар эмас, ҳижрон – укам-да,

Шуларга акалик қилган фарёдман.

 

Ҳуснингда уйқудан қачон ноз тургай,

Қаршимда донишу эҳтирос тургай,

Ичимда “ИШҚ” деган бир восвос тургай,

Муҳаббат деб тили чиққан авлодман.

 

Кимгадир кўрунгум телбавор балки,

Қоп-қоронғу тунда шуълавор балки,

Сизда недир йўқдир, менда бор балки,

Ошинолар ичра нечундир ётман…

 

Пана истайману пана йўқ сендан,

Висол истайману яна йўқ сендан,

Гина истайману гина йўқ сендан,

Шоҳ эдим, қаршингда бўлдим-ку мот ман.

 

Сенга боғландиму қушдай озодман…

 

 

Ихтисосим ишқ

 

Менинг таянч нуқтам ҳам асосим ишқ,

Нафсимдан олганим зўр қасосим ишқ.

Чап кўксимни очиб, ўқи ҳужжатим –

Мен ноёб кадрман – ихтисосим ишқ.

 

 

Исён

 

Қўзиқоринмидим мен ерлардан чиққан сенга,

Ё фалак, топташларинг тобакай этгай давом?!

Бир куни портлаб кетсам… ҳайрон тикилма менга –

Қўзиқорин шаклида гумбурлар экан атом!.

 

 

Қотил” шоир

 

Милтиқ ўз ўқларин ҳозирлагандек,

Бўғзимдан отилай деяпти шеърлар.

Нишоним –

кўксингда гупурган юрак,

Мен уни пойлабон отишим керак.

Тикилиб, “нишон”ни роса пойладим,

Тилимга “энг хавфли” шеърни жойладим.

Ишон, кўп ҳозирлик кўрдим бу чоққа

Сукунат…

ҳатто ўз нафасим келар қулоққа.

Сўнг ичимда аста санай бошладим:

Бир…

Икки…

Икки ярим…

Уч!

Тепкини босдим-у, ишлатмасдан куч –

Сўз – ўқлар ҳавода муаллақ, шу он –

Шиддат-ла учмоқда юракка томон.

Сен эса қочмайсан,

кўксинг тутасан,

“Майли, қалқон бўлай!”

дея кутасан…

Мана, у кўксингни садпора этди,

Яъниким, санчилди –

нишонга етди.

Сен аввал гарангсан…

аста туясан

Баданингда оғриқ…

лов-лов куясан.

Ўша ўқ бахш этган ҳароратида,

“Мажруҳ” юрак туби…

Ҳа, ҳа қатида –

“Қотил”га лаънатми?

Йўқ! Таҳсин айта бошлайсан,

Лафзингга гувоҳ этиб, мижжаларинг ёшлайсан…

Мен эса қаламкаш – мажозан “қотил!” –

“Ғилоф”га солиб қўйдим

Милтиқ эмас – Тил!

 

 

Бир буюклар борки…

 

Дуч келган домладан муфтий чиқмагай,

Дуч келган шоирдан Лутфий чиқмагай.

Ҳар кимга жуфт топмак суннатдир, аммо

Бир буюклар борки – жуфти чиқмагай.



[1] Марҳум  бобуршунос ва ҳиндшунос олимнинг “Хотира кеча”сида айтилган шеър.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.