“Бу саодат манзари маҳфузи жондан бошланур”

0
153
марта кўрилган.

Солди ишқи кўнглима

 

Солди ишқи кўнглима, воҳ, дилраболардан бири

Саҳни ишқ гулзоридаким камнамолардан бири,

 

Соғинур булбул каби дил ҳар саҳар қон таҳ-батаҳ,

Айламас боғ сайлини ул тўтиёлардан бири.

 

Интизорлар ичра қалбим интизордур беадад,

Ҳеч назар қилмас манга ул бевафолардан бири.

 

Боғаро девона кўнглим излагай ўз ёрини,

Билмагай дардимни ҳаргиз бенаволардан бири.

 

Ишқ сари саргашталикдан дил чекар тун-кун азоб,

Жабрини қилгайму такрор пуржафолардан бири.

 

Мубталолар кетмагайлар ишқ аро ҳеч ноумид,

Бул жудолик ичраму ё дилкушолардан бири.

Эй, кўнгил, васлини излаб, ёр жафосин истадинг

Шу эмасмиди азалдан муддаолардан бири?

 

Топмадим, Маҳмуд, ани ҳеч бу жаҳон гулзоридан,

Ул куни боқса ажабмас, маҳлиқолардан бири.

 

Яхши дўст

 

Яхши дўст бирла кўнгиллар доимо пардоздадур,

Яхши дўст бирла битилган ишларинг парвоздадур.

 

Ҳеч киши ёлғиз битирмас аҳд ила паймонини,

Дўст топиб қадрига етган ҳар киши эъзоздадур.

 

Ҳамжиҳатлик бирла етгайлар азал мақсадга чин,

Ишда ғолиблик сифоти ҳамқадам, ҳамроздадур.

 

Дўст билан топган нонингнинг ҳар қачон мағзи ширин,

Ҳеч анинг боғлиқ ери йўқ фойдаси кўп, оздадур.

 

Яхши инсон ҳеч қачон, бил, изламас дўстдан ғубор,

Ҳар ёмон, яхши ишинг сарлавҳаси қоғоздадур.

 

Бил, риёзат чекмайин топмас қадр ҳар ердаким,

Ризқини бергай Худойим, куз, баҳор, қиш, ёздадур.

 

Чўкмагайдур сувда, ўтда ёнмагай бўлса ҳалол,

Охиринг, топган амаллар ул тарозисоздадур.

 

Маҳмудо, яхши амаллар бирлаким топгай ривож,

Икки дунё ҳикмати, бил, дўст деган овоздадур.

 

Айлама

 

Аҳли дунё суҳбатига дилни даркор айлама,

Ким аларнинг даврасида қалбни бадкор айлама.

 

Топмадим ёр жилвасини мол-дунё ичраким,

Одамийликдан чиқиб нафс бирла ҳамкор айлама.

 

Ўйламай тоат-ибодатни, қочиб Ҳақ йўлидан,

Қўрқмайин рўзи жазодан, дилни маккор айлама…

 

…Рост қолиб ёлғонга бурма сен дилимни, дилрабо,

Дўст этиб шайтонга қалбни, Ҳақни ағёр айлама.

 

Мўмину муҳтожга боқмай, ҳеч диёнат этмаган

Қавмида бор этма зинҳор, анга хуштор айлама.

 

Аҳли диллар ичра Маҳмуд эт мани ёр кўйида,

Ул дилоро олдида, воҳ, қулни ночор айлама.

 

Олдингидай

 

Эй, дилоро, қулни кўзга илмадинг олдингидай,

Ташна дил қадрини ҳаргиз қилмадинг олдингидай.

 

Термилиб олисга тун-кун ўтди ҳорғин кўзларим,

Истаган соғинч шамолим, елмадинг олдингидай.

 

Ё рақиблар фитнасидан келдиму дилга ғараз,

Ваҳки, дил боғимдаги гул, кулмадинг олдингидай.

 

Излагай қадрини ўтган лаҳзалардан бу кўнгил,

Йўқлабон бир бора бизни келмадинг олдингидай.

 

Сабри боғи ичра кўнгил дарди ҳажрингда яшар,

Ой каби дил кўкида ҳеч тўлмадинг олдингидай.

 

Ишқ-вафо қадрини айлаб жон фидо этдим санга,

Ишқ-жафо расмини айлаб бўлмадинг олдингидай.

 

Қанча интилдим сенга, ёр, этмади ҳеч сенга кор,

Сенга зор Маҳмудни ҳаргиз билмадинг олдингидай.

 

Келмади

 

Келмади ҳеч бир хабар бул жонга ул жононадин,

Бўлди ғамлар феъли боис мисли ул бегонадин.

 

Сездиму ожизлигимни, билдиму ноқислигим,

Сўрмади ҳолимни ҳеч бир ишқида гирёнадин.

 

Юз ўгирмам, ёрга жонимни фидо этгум расо,

Юз жафо кўрсатса, майли, шаҳд этиб пинҳонадин.

 

Ғамза айлаб ҳар тарафдин ул тажалли ичраким,

Мисли нур, офтоб каби жилва этар ҳар ёнадин.

 

Фаҳм этолмас ожиз ақлим ибтидому интиҳо,

Воҳ, ўзи солгай бу ҳолга дил тутиб майхонадин.

 

Зое эрмас ҳеч қачон ошиққа ёрнинг фитнаси,

Фитнажў икки кўзи олгай олов сўзонадин.

 

Маҳмудо, бир кун ажабмас, баски, жонинг ўртанур,

Ёр азобига кафорат келса ул мардонадин.

 

Бошланур

 

Тарбият, дейди улуғлар, хонадондан бошланур,

Кўз очиб кўрган азиз, қутлуғ макондан бошланур.

 

Ота-она ибрати бўлгай анга ойу қуёш,

Ҳар ўғил-киз фикрати шу меҳрибондан бошланур.

 

Очмайин дунёга кўз руҳу қалб топгай ривож,

Бу саодат манзари маҳфузи жондан бошланур.

 

Ҳақ таоло ҳар қачон айлар азиз, бу ҳикмати,

Алмисоқдан ваъда олган файзли ондан бошланур.

 

Мактабу устод ҳидоят ичраким бергай камол,

Олий илм, фазлу фасоҳат касбу кондан бошланур.

 

Норасолар бирла юрмак, бил, эрур кори гуноҳ,

Ваҳ, сақарнинг риштаси кори зиёндан бошланур.

 

Элу юрт бахтида бўлмак яхши фарзанд фикрати,

Бу камолот ҳикмати руҳи равондан бошланур.

 

Жомда ёр аксини кўрмак аҳли диллар матлаби,

Бу саодат нусрати ҳукми ниҳондан бошланур.

 

Маҳмудо, оламаро сен гар зафар қучмоқ эсанг,

Аввалоким, имтиҳон, бил, Марғилондан бошланур.

 

Исмоил Маҳмуд МАРҒИЛОНИЙ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.