Борар маконимиз кўнгил бўлсин

0
122
марта кўрилган.

 Ўлан

 

Бу дунё савдолари юлдузлардан мўл экан,

Бу дунё ғавғолари ўтиб бўлмас чўл экан,

Бу дунёнинг йўллари, о, бир адоқсиз йўл экан,

ёши неча, билмайман.

Умр эса ўтмоқда, умр деган довларов,

Ўйноқлаган тойларимов, ўйноқлаган тойларов!

 

Товларнинг тепалари ярқирайди, ярқирайди,

Сулув-сулув юлдузлар чақнайди, ярақлайди,

Дарёларов, сойларов шарқирайди, шарқирайди,

ёши неча, билмайман.

Умр эса ўтмоқда, умр деган довларов,

Чарақлаган ойларимов, чарақлаган ойларов!

 

Оқ ғоз учди, кўк ғоз учди бу кўлдан – бу кўлларга,

Не қувонч бахш этдилар не юрак, кўнгилларга,

Қор-бўронни пеш қилмадим мендан қочган уларга,

ёши неча, билмайман.

Умр эса ўтмоқда, умр деган довларов,

Овхалтамда ўқлар битди, овларимов, овларов!

 

Дард дегани нима ўзи, дард дегани армон эрур,

Армон тўла ҳар бир жонда – ҳар лаҳзада бир жон эрур,

Одам деган бу дунёда мезбон эмас, меҳмон эрур,

ёши неча, билмайман.

Умр эса ўтмоқда, умр деган довларов,

Дунё деган жойларимов, дунё деган жойларов!

 

Алдоқчи туйғулар

 

Офтоб нурида ўсмас ҳамма гиёҳ ҳам.

Алдоқчисиз,

ғирромсиз,

жилвагарсиз,

товланасиз,

қарз сўратасиз рақибимдан,

мен узолмай доғдаман уни.

Дастингиздан гоҳо

қоп-қора булутга айланар юрак,

ёмғир эмас, қорлар ёғар,

қонлар ёғар… қоп-қора булут.

Алпомишдек кўксини кериб турар қоялар,

чиқмоққа ундайсиз тикка,

йиқилиб тушаман чикка.

Айланма бўронларга дуч этасиз гоҳ,

уюр-уюр бўронларга ташлайсиз

эрмакка.

Ишонимлик кишидирман, ишонтирасиз,

емакка ўрганиб қолган серкадек

ўрганиб қоламан… ишонтирасиз.

Болта урдирасиз ўз оёғига кишининг.

Шер айланиб қолар маймунга.

Ишонтирасиз…

Кашфиётларга бошлайсиз…

қўллари бўғзимда унинг.

Аёл – сержумбоқ олам.

Бу оламга бунча чорлайсиз,

қонимни қиздирасиз чўғ бўлиб.

Ҳеч кимга керак эмасманми, мен,

эртага керакман бешак.

Макр – ҳийла… хиёнат… сотқинлик дўстларга…

истайсизми?!

Йўқ!!!

Дунё ўткинчи дейсиз,

киши ўткинчи-ку, ахир!

Юрагимда сайрар бир қушча,

камалакранг патлари унинг,

тилчалари бирам нозикки,

кўзлари маънодор боқар,

учириб ҳайдайсиз уни…

Сўз – томирдаги қон.

Қориштирманг дард билан.

Сўзнинг кўзи бор,

тупроқ сочманг унга.

Менинг киндик қоним тўкилган нуқта,

бир ов-л-о-оқ тоғ қишлоғи, ундан

эмаклаб-эмаклаб чиқдим дунёга.

Дунё етилтирди мисоли бошоқ.

Мен алдовлар учун чиққан эмасман.

Ҳей, ризқи улуғим!

Ҳей, ҳикмати илоҳий!

Пок туйғулар,

шоффоф туйғулар,

ўн тўрт кунлик ой туйғулар,

ҳай берманг,

йўл берманг,

алдоқчи,

ғирром туйғуларга.

Мен сизга яқин янтоқман,

сўзлаяпман тиконим билан.

Борар маконимиз кўнгил бўлсин…

 

 Учарлар

 

Тулпорлар уюри,

уюрлар,

уюрлар,

Чавандозлар улоққа уюрилар.

Зўрлари улоқни тақимга урар,

Отларин бошларин чортоққа бурар,

Маррага-маррага яқинроқ турар –

учарлар,

учарлар,

учарлар.

 

Кимдир улоқни азот олар тўдадан,

Не чавандоз тил тишлаб қолар тўдадан.

…Ғолиб от чортоққа-чортоққа елади,

Устида чавандоз ғолибдай келади,

Не қиларин энди билади, билади –

учарлар,

учарлар,

учарлар.

 

Сомонлик доира марра эрур, марра,

Улоқни ташла унга, ғолибсан, ур-ра!

Марра-марра бир нафаслик қолди-о-о,

Бир кам чавандоз йўлини олди-о-о,

Улоқни марра кўзига солди-ё, о-о –

учарлар,

учарлар,

учарлар.

 

Қўрдан улоқни олиб чиққан ғолибмас,

Чангларида қолдириб чиққан ғолибмас.

Ўлжани пойлаб турган зоғлар ғолибдир,

Ғирромлик отидаги доғлар ғолибдир,

Серсинов йиллар эмас, чоғлар ғолибдир –

учарлар,

учарлар,

учарлар.

 

Кўп кўрдим бу ҳаётда бундай касларни,

Не чавандозни пойлаб йиққан пастларни,

Тўлқинлар елкасига минган хасларни,

Нодўстларни кўрдим-о, кўрдим дўстларни,

Мағизларни кўрдим-о, кўрдим пўстларни –

учарлар,

учарлар,

учарлар.

 

 Робот шеър тўқийди

 

Робот шеър тўқийди.

Роботлар учун,

математик ҳисоб айқашу уйқаш.

Интернетдан менга

боқади мамнун,

гўё мангуликка иқболи туташ.

 

Ўқидим,

ўқидим

қалбим темирга

айланиб кетдими… туйғусиз, беҳис?

Тушунмайман ўзим,

ўзим кўнглимга,

тушунмаганлигим, рост эди, афсус!

 

Нега, афсус, дейман,

тушунар ақл,

тушунар қўлларим, тушунар кўзлар.

Шакл кўрмоқдаман

мисоли тақа

(От оёғин сақлар бу тақа сўзлар).

 

Шакл кўрмоқдаман:

минг турлик бино,

о, бу биноларда яшамоқ мумкин.

Фақат мен тоғликка

етишмас ҳаво,

ҳавосиз бинолар… олавер текин.

 

Қалбда шубҳа,

гумон:

шоирманми, мен,

ёки шеър тўқувчи – кўзи илинган?

Ё битта саҳройи

чўлиқдирман, мен,

итин эркалаб,

сурувин унутган?

 

Йўқ! Мен чечак ифорин

ҳидлаганим бор,

мен унда туйганман кўклам ҳидини.

Робот шеърларида

соғиндим бедор

турналар тизимин кўҳна ҳаддини.

 

Тараққиёт, асли,

сендан қўрқаман,

Тараққиёт, асли,

қўрқмайман сендан.

Робот шеър тўқир…

гўё уқаман,

бироқ,

қалбим қочиб боради мендан…

 

Азим СУЮН

 

“Шарқ юлдузи”, 2012–1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.