Бобо юрт

0
385
марта кўрилган.

Қулоқ тутсам қадимлардан

Келар минг хил наволар,

Баъзан ҳазин, баъзан маҳзун,

Баъзан ғамгин садолар,

Кўксин кериб, от ўйнатиб

Келаётир боболар,

Улар бунда юрт сўрайди,

Улар юртга даъвогар.

 

Темурбекка бериб ялов,

Дунёга кўз тиккан юрт.

Улуғларга доя бўлган,

Буюкларни туққан юрт.

Тупроғини тавоф этгил,

Гардларини кўзга сурт.

Ўзбекистон ота макон,

Ўзбекистон бобо юрт.

 

Бунда жасур ўғлонлар кўп,

Бунда бахтли қизлар бор.

Қалбларида адоват йўқ,

Ялпиз янглиғ ҳислар бор.

Келажакдан умиди тўқ,

Қорачиқлар, кўзлар бор.

Тупроқлари олтинга тенг,

Жаннатий бир ислар бор.

 

Ўзбекистон жоним менинг,

Жонажоним гўшам-ей.

Бобожоним, отажоним,

Онажоним гўшам-ей.

Хизматингга кирдим бугун

Жонларимни тўшаб-ей.

Алп Юртим-ей бораяпсан,

Беҳиштларга ўхшаб-ей.

 

Термизлардан Термизийлар

Тирикмиз деб термулгай.

Пирлар дуо қилса тупроқ

Олтин бўлгай, дур бўлгай.

Кўзим тушса кўзларингга  

Қалбим тўла нур бўлгай.

Исминг айтиб ҳайқирсам гар,

Дил дардлардан ҳур бўлгай.

 

Сен бунчалар чиройлисан,

Сен бунчалар кўркам юрт.

Бунча жасур, бунча шахдам,

Бўйу басти ўктам юрт.

Бахт ва тинчлик гулдастасин,

Дунёларга тутган юрт.

Ўзбекистон ота макон,

Ўзбекистон бобо юрт.

 

Жўрабек ЖАҲОН

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.