Бир садолар келар жим-жим куртакдан

0
303
марта кўрилган.

 ВАТАН ЖИМ ТУРАДИ

 

Ватан жим туради, аммо у ҳақда

Тоғдан тушиб келган тош сўз айтади.

Бир садолар келар жим-жим куртакдан,

Осмондан келган қуёш сўз айтади.

 

Ватан жим туради, байроғи ёниб

Бошидаги туғи айтади сўзни.

Мозийлардан келиб – чир-чир айланиб,

Момомнинг урчуғи айтади сўзни.

Ватан жим туради. Саболарининг

Найларга қўшилиб бўзлари кўпдир.

Саратон. Даштдаги боболаримнинг

Пастак чайлаларин сўзлари кўпдир.

 

Ерда бундай гўзал ер йўқ, ой йўқ деб

Кўнглим бир ойдинлик юқтириб турар.

“Ётмоққа бундан-да иссиқ жой йўқ” деб,

Онамнинг мозори уқтириб турар.

 

Ватан жим туради…

 

ЎЗБЕКНИНГ

 

Узун тунлар ойларданам уялган,

Аёллари толса севилиб толган.

Қора кўзи бор юракка ишқ солган,

Тоғлардаги жайронидир Ўзбекнинг.

 

Ойбарчини – бор Барчиндир, эртакмас,

Алпомишдан туғ олмаган эркакмас.

Дўст юкига елка тутиб, тоғи паст,

Ҳама олам ҳайронидир Ўзбекнинг.

 

Уйларида ғичирлайди ҳамон синч,

Нодираси мозорида ётсин тинч.

Ҳар боласи то сўнгги дам – юкингич,

У бир Каъба – вайронидир Ўзбекнинг.

 

Билмам Аллоҳ гул берганми, хас берган,

Не бўлса ҳам дилин сархуш, маст берган.

Нодирага каниз бўлиб сас берган

Ҳалимаси, бийронидир Ўзбекнинг.

 

ТОМОҚ ҚИРИШИ

 

Ота келганини доим қишу ёз

Томоқ қиришидан билар эдилар.

Бола-ю катталар чиқарди пешвоз,

Барсдай юришидан билар эдилар.

 

Энди у йўлбарс йўқ, тортмасдан сергак

Бемалол ўтирар, уйда аёл – ой.

Эркак шундай бўлса, келганда эркак

Аёл типирчилаб топмай қолса жой…

 

Бу аёл олдинам бемалол эди,

Уддалай олмади эрга шамликни.

Қабул қилолмади эркакнинг диди

Аёлдаги бу тур хотиржамликни.

 

Аёл энди ҳушёр, қулоғи овда

Йиғлаб эслар эрин ҳар бир киришин.

Энди тушларини қилар безовта

Шовқин. Ва эркакнинг томоқ қириши.

 

 

БАТАМОМ УЙҒОНСАМ…

 

Тураётган қушга

Ўхшайман жуда,

Қушларга ўхшайман

Уйғонаётган.

Баъзи томирларим

Ҳали уйқуда,

Баъзи томирларда

Қонларим қотган.

 

Хас-хашаклар билан

Судралиб юриб,

Ўқлик орзусида

Кетиб борар ёй.

Ўзим-ча нелардур

Ғудраниб юриб,

Гулдайин умримни

Бермоқдаман бой.

 

Ўзимча кимнингдир

Ғамини едим,

Кимнингдир кунига

Юрибман яраб.

Батамом уйғониб

Ололсам эди,

Учиб кетармидим

Кўкларга қараб.

 

ЭНДИ КЕТ

 

Энди кет!

Кутдирдинг, ёмон кутдирдинг,

Ҳижрон азобини шавқ-ла ютдирдинг.

Йиқилдим. Бошимда устувор турдинг,

Энди кет!

 

Ҳижрон йўлларида сочилди зарим,

Кутдим – ишқим ярим, умидим ярим.

Бир-бир синиб битди қобирғаларим,

Энди кет!

 

Энди кет, шавкату шон ортиқчадир,

Чанқаб қулагач, уммон ортиқчадир.

Тиланиб тўкилгач, нон ортиқчадир,

Энди кет!

 

Энди кет, бошқага дилингни ёргин,

Алвидо, кўнглимда на гина, на кин.

Энди кимга борсанг вақтида боргин,

Энди…

Кет!

 

ОСМОН ЯҚИН КЕЛАР

 

Осмон яқин келар,

Жудаям яқин,

Қаричлаб етасан

Ололсанг чама.

Бир куни чақнайди

Улуғвор чақин,

Болага айланиб

Қолади ҳамма.

 

Бугунча каттасиз

Хафаҳол, зада

Юрибсиз сир тутиб

Дил, қаърингизни.

Қуюқ туман босган

Ҳар бир лаҳзада,

Бир-бировга қуйиб

Заҳарингизни.

 

Аммо, азиз одам,

Бечора одам!

То ернинг остига

Кетмасдан кириб,

Дунёда беҳиштий

Ун ҳам борлигин

Гўдакка айланиб

Шодон, қийқириб

Бир-бирин қучоқлар

Кун ҳам борлигин

 

Унутма!

Осмон яқин келар

Жудаям яқин…

 

 

КУТИШ

 

Баллада

Билмам тўғримиди ва ёки хато,

Ўғилчасин уч кун кутдирди ота.

 

Уч кун унга умид боғлади етим,

Уч кун кир енгига йиғлади етим.

 

Кейин ота кутди. Уч йиллаб кутди.

Кўзи ёшдан хира, ғилтиллаб кутди.

 

Чиқиб куншувоққа, том орқасига,

Соғинчларин экди томорқасига.

 

Кейин… ўттиз йиллаб кўзи йўл ўйди,

Кейин кўрмай қолди. Кўзиям тўйди.

 

Сўнг… тимирскиланиб чиқди сўрига,

Ўлди. Шу юк билан кетди гўрига.

 

Сўнг…

У ҳам умр бўйи бўлганмиди хит –

Улар-чун ув тортди ҳовлидаги ит.

 

 

МАЖНУНТОЛ

 

Мажнунтол, эй, эгиб шох

Сен кимларга сир айтдинг.

Баридан бўлдим огоҳ,

Ўн айтдингми, бир айтдинг.

 

Сирингни сувга солма,

Баргингдан ғам арисин.

Бир сирингни ололмай

Ёш дунёлар қарисин.

 

Сен ҳам кўзин ёшини

Ҳеч ким кўрмас бир найсан.

Фақат ишқинг яшириб

Мендек йиғлаёлмайсан.

 

ҲАЙФ

 

Эссиз, зилол дарёлар

Биз қониб ичмасак ҳайф.

Эссиз мовий маъволар,

Биз қониб учмасак ҳайф.

 

Ирмоқ пастлаб, қиялаб

Кетса, учқур тоғ, эссиз.

Кўрмай ўтса биялар

Учқур арғумоқ, эссиз!

 

Дунёсига ўт кетсин,

Дунёсига эртак ҳайф.

Унда кўнгли аёлсиз

Кетаётган эркак ҳайф.

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

 

“Ёшлик”, 2015 йил 4-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.