“Билим сенга бўлсин ёр”

0
357
марта кўрилган.

Момақалдироқ

 

Ер остин-устунми ё

Гумбурлар бутун дунё?

Тунда момақалдироқ

Баданимда қалтироқ.

Нега ҳамма жим ётар:

Дадам хурракни отар,

Ойим уйқуга чўмган,

Ойим кўзини юмган,

Гоҳ туриб, гоҳ ётаман,

Яна ўйга ботаман.

Ичимдан кетмас титроқ,

Гумбур-гумбур ҳаммаёқ.

Чопаман бувим томон:

– Туринг буви, бувижон!

Бувим беради овоз:

– Ухлашга қўйгин бироз.

– Буви, қўрқаман, ахир, –

Бувим “уҳ” тортар оғир.

– Ухла, сенда йўқ гуноҳ,

Тегмас момақалдироқ.

Бувим билмас-да, бироқ,

Менда жуда кўп гуноҳ.

Вужудим босар даҳшат,

Баданим титрар қалт-қалт.

Яна бироз ётаман,

Бувимни уйғотаман.

– Буви, менда гуноҳ бор:

Мактабдан қочдим бир бор.

Синганда тунгги чироқ,

Беркитиб қўйдим йироқ.

Мураббонгизни кеча

Очиб, еб кўрдим пича.

Ясаётганда гулдон

Билмай қирқдим дастурхон.

Варрак ясаб Аббосга

Елим тўкдим палосга.

Кўринмасин дея доғ

Уни букладим шу чоғ.

Кундаликка пешма-пеш

Ўзим қўйдим учта “беш”…

…Бувим қимирлай бошлар

Жаҳлдор назар ташлар.

Сўнг, ҳайрон қолиб бироз,

Дейди: – Тўхта, илтимос!..

…Тинди момақалдироқ.

Аммо тинмас қалтироқ,

Сирим очилди, э, воҳ!

 

Кетказяпмиз бўёқни

 

Дадамиз турли рангга

Бўяганда айвонни,

Биз ҳам қараб турмадик,

Бўявордик нарвонни.

Дадам тушликка чиқиб,

Мириқиб дам олганда,

Чўткалару бўёқлар

Айвончада қолганда,

Бир бурда нон тишладик,

Бўёқчидек ишладик,

Гултувакни бўядик,

Сўнг пуфакни бўядик,

Кейин кўздан кечириб

Кўйлагимиз матосин,

Гуллар чизиб тузатдик

Бошқаларнинг хатосин.

Рўпарамизда шу чоғ

Пайдо бўлди қўзичоқ.

Аввал, бироз ўйладик,

Сўнг, уни ҳам бўядик.

Қараб турсак қўйимиз

Оналикка ярамас.

Қўзичоғи бўялгач,

Боласига қарамас.

Нарвончага ўтирдик,

Айвончага суялдик.

Ўзимиз ҳам, тўғриси,

Турли рангга бўялдик.

Дадам бизни таниди,

Шиқиллатдик туёқни.

Энди сўздан чиқмасдан

Кетказяпмиз бўёқни.

 

Ҳарфга ҳурмат

 

Алифбода нечта ҳарф

Ўйла, ақлинг қилиб сарф?

Гўё кўзу бурни бор,

Ҳар ҳарфнинг ўз ўрни бор.

Ҳар бир ҳарф буюк эрур,

Ҳар қайси жуда зарур.

Адаштирмагин зинҳор,

Билим сенга бўлсин ёр.

Битта ҳарф ўзгарса, кўр,

“Кар” тўсатдан бўлар “кўр”.

Адаштирсанг “и”ни, бил,

“Кўр” бўлиб қолади “кир”

“Б” ҳарфсиз гавжум “бозор”,

Келтирар дилга “озор”.

Югурган чопқир “жайрон”,

Бир ҳарф деб бўлар “вайрон”.

Ҳатто, соғлом, кучли “фил”,

Ҳарф ўзгарса бўлар “сил”.

“Пул” айланади “кул”га,

“Тол” айланади “тул”га.

Ҳаттоки, ширин “бола”,

“Б” ҳарфсиз бўлар “ола”.

Шундай ҳолга келдим дуч,

Битта ҳарфдан ҳатто “куч”

Ўзгардию, бўлди “пуч”.

“П” қочдию, қолди “уч”.

Қиш ёзди бир сўзни “муз”

Баҳор тўғрилади “буз”,

Қиш яна ёзди “аёз”

“А”сиз “аёз” иссиқ “ёз”.

Ҳар бир ҳарф шунақа зўр,

Ишонмасанг синаб кўр.

Дегин, шўрва мунча зўр,

Бир ҳарф билан удир “шўр”.

Ҳарфи ўзгарса бироқ,

“Қовоқ” ҳам чинни “товоқ”.

Бир ҳарф деб бутун “қишлоқ”

Бўлиб қолади “пишлоқ”.

“Кун” айланади “тун”га

Ишонмайсанми бунга?

Ахир, бўлар торга ос,

“Д” ўзгарса дорга ос.

Нени осамиз торга,

Кимни осамиз дорга?

“Д” ҳарфи айтар шартта,

Саводсизни, албатта.

Осмасак ҳам ёзамиз,

Китоб қилиб босамиз.

Ялинмасин ҳам ҳатто,

Бошқа қилмасин хато.

Шундай экан, азизлар,

Саводли бўлинг сизлар.

Ҳар доимо, албатта,

Бўлинг ҳарфга ҳурматда.

 

Кавсар ТУРДИЕВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.