Азим дарё бўлсанг, қалбимда оқгин

0
268
марта кўрилган.

Жайҳун билан мулоқот

 

Қирғоғингда ётар сирли мазорат,

Пайғамбар ороли – қалбга ишорат,

Сувинг зам-зам каби тотлидир ғоят,

Дилимда эрир тош, Жайҳуним менинг!

 

Сирдошсан не юртлар, не-не элларга,

Агар омон борсанг олис йилларга,

Биздан салом етказ ғариб дилларга,

Дилимдан бир талош – Жайҳуним менинг!

 

Бордир мавжларингда салом ва видо,

Ҳикматлар таратиб йиллар бесадо,

Сени кузатади Термизий бобо,

Ҳакимларга сирдош Жайҳуним менинг!

 

Тақдир сирлар қўймиш дарё лабига – 

Сен сирдош бўлгансан Шамъун Набийга!1[1]

Етсанг ҳам асрлар – сирлар тубига,

Сирларин этмас фош Жайҳуним менинг.

 

Тақир ер кўксига гул тақгувчисан,

Кўрдинг не зотларни, жим боқгувчисан,

Мен ҳам тингувчиман, сен оқгувчисан,

Мавжлари доим ёш Жайҳуним менинг.

 

Дарёнинг иқболи доим шахд эмас,

Инсон мақоми ҳам мудом тахт эмас,

Узоқ яшамоқ ҳам, балки, бахт эмас,

Улуғ сабру бардош – Жайҳуним менинг!

 

Зул-Кифл[2] набийни қучиб, ўргилган,

Қизилқум оралаб, олға интилган,

Оролга етмасдан қўли қирқилган,

Сайҳунга тақдирдош Жайҳуним менинг.

 

Аввал дарёларни кўзга илмасдим, 

Дарёлиғ ҳикматин, афсус, билмасдим,

Дарёдай дўст топсам, сенга келмасдим,

Сиримни этма фош, Жайҳуним менинг!

 

Бир ошиқ дарвешман, дардимни уқгин,

Тўлқинингга бекор боқмадим, боқгин,

Азим дарё бўлсанг, қалбимда оқгин,

Асрларга йўлдош Жайҳуним менинг!..

 

 

Полвон

 

Турсун Али Муҳаммадга бағишлов

 

Ўғлонларим, зинҳор билинг, бас,

Фақат тош кўтарган полвон полвонмас,

Мусибатни, кулфатни енгиб,

Истибдодни, зулматни енгиб,

Эл ичра бош кўтарган – полвон!

 

Юрса кимдир чўкиб, сарғариб,

Вафо излаб, бир дўст ахтариб,

Инсон бўлиб, дунёда ғариб

Бир кўнгилни кўтарган – полвон!

 

Фақат тош кўтарган полвон полвонмас,

Мағрурланмай жасад кучига,

Ўз ғамини ютиб ичига,

Эл ғамини кўтарган – полвон!

 

Давр ҳақнинг ўткир ва синмас

Тишларига тош осиб турса,

Гурзи билан полвоннинг эмас,

Ҳақиқатнинг кўксига урса,

Даст кўтариб ҳақнинг туғини,

Ҳаққа чорлаб, халқнинг руҳини

Токи меърож кўтарган – полвон!

 

Фақат тош кўтарган полвон полвонмас.

Шовқин-сурон қилаётганлар – 

Мусибатни куйлаётганлар,

Ишрат билиб ғамимизни ҳам,

Кўтармаса битта сўзни ҳам,

Раиятнинг қасоси учун

Чидаб, Ҳақнинг ризоси учун

Мазлум юкин кўтарган – полвон!

 

Фақат тош кўтарган полвон-полвонмас…

 

Аждодларнинг қутлуғ либосин

Олақуроқ шимга алмашиб,

Мисли саҳна масхарабози –

Бутун авлод юрса адашиб,

Аёл –  Кашмир санъати билан

Юрт саҳнида ўйнатса илон,

Худосини унутса тўқлар

Ва белида белбоғи йўқлар,

Номус қилиб бу ҳолдан андак,

Ор эгнига кийгизиб яктак,

Белбоғ боғлаб Номус белига,

Ўз касбини бериб ўғлига,

Юксак тутиб миллат шаънини,

Бошида тож кўтарган –  полвон!..

 

 

Юкинув

 

Илоҳий, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ,

Аммо сендин ўзга ҳам кишим йўқ!..

Алишер Навоий

 

Илоҳий, сўзимда сўнгсиз сўровлар,

Аслимни ҳовучлаб, йиғладим гоҳи.

Бировлар билмаган жумбоқ-буровлар,

Номингдан ечилиб, яйрар, илоҳий!

 

Илоҳий, назаринг сирларга гувоҳ,

Гуноҳим даштида унди дил оҳи.

Аёнинг – ўзимга ноаён гуноҳ,

Умидим паноҳи Сенсан, илоҳий!

 

Илоҳий, бу руҳим бақога ёндош,

Фанога қариндош қаттиқ вужудим.

Энг кичик зарраман –  йўқликка номдош,

Дунёйи далилман –  йўқдир ҳудудим!

 

Илоҳий, тоғларинг ҳаракатдадир,

Ўлик водийларинг тузгай зиёфат.

Минг ҳикмат хонқиздек бир санъатдадир,

Чирилдоқ унида –  мангу зарофат!

 

Илоҳий, қуёшинг, ойинг авайлар,

Жонзоту экинлар –  туман исмлик.

Дилга чуқур қўниб, тилимда сайрар

Қуш оёқ, қуш тили деган ўсимлик.

 

Илоҳий, инсон-ку ўзи –  коинот,

Денгизда –  долғалар, қалбда –  эҳтирос…

Ёмонликдан тортган изтиробим бот

Тавбам деб қайд этсанг, кимда эътироз?!

 

Илоҳий, ҳар наки мангуликка эш,

Ҳар наки покликдан –  Сендан далолат,

Унга ҳайратимни сочсам куну кеч,

Шукронам деб қабул қилгайсен фақат!

 

Илоҳий, билгайсен вазиятимни,

Илоҳий, умидим қилмагайсен кул.

Ҳақ йўл деб чеккан ҳар азиятимни

Ибодат ўрнида этгайсен қабул!..

 

 

Термиз дарахтлари

 

Термиз – аждодларга қадимий ватан,

Еллари қалбимга берур фараҳлар.

Лекин хаёлимни тортар дафъатан

Хиёл бир томонга оғган дарахтлар.

 

Аён, эркаликдан бу боғлар холи,

Чунки касби бўлмиш кураш ва сабот:

Ниҳоллик чоғидан афғон шамоли – 

Аччиқ қумлар билан сийламиш ҳаёт!

 

Ҳар шажар китобин еллар варақлар – 

Яширин сир қолмас бирор япроқда:

Довуллар қўйнидан урён дарахтлар

Менинг юрагимга қараб келмоқда.

 

Тириклик ҳамиша талошли бўлур,

Ҳар кўчат бошида бўлғуси не ҳол? – 

Ҳаёт жабҳасида бардошли бўлур

Силтовлар ичида ўсгувчи ниҳол.

 

Игналари билан игна барглилар,

Шамолдан ўзига тикибдир ридо:

Яшил салтанатин сақлашга улар

Рақибдан ҳимоя топибдир ҳатто!

 

Термиз – аждодларга қадимий ватан,

Тафти ҳам қалбимдан оташ сўроқлар.

Лекин хаёлимни чулғар дафъатан

Силтовга дош бериб ўсган дарахтлар.

 

Шамоллар боғланиб, тинганда қуюн,

Боғларни кузатдим: нечоғ бахтиёр!

Елларда –  мозийлар саломи тайин,

Елларда ёмғирлар хушхабари бор!

 

Ҳар юрак шажардан топур фараҳлар,

Ҳар дилни яшиллик яшнатар тағин.

Лекин силтовларда ўсган дарахтлар

Кўнглимга яқиндир, кўнглимга яқин!..

 

 

Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат.

Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди.

Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади.

Ш. Мирзиёев

 

Қуръон ўқи

Одам ўғли, гар ўзингга икки жаҳон

Дорул-амон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Тирик жонинг нафас олган ҳар бир замон

Нурли замон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Қуръон ўқи, аммо буюк ихлос билан,

Ирфон билан, тафсир билан, устоз билан,

Амал қилиб чин дил билан, эҳсос билан,   

Олам бўстон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Қуръон нурдир, замирингни ёритгайдир,

Раҳмат, шифо: дардларингни аритгайдир,

Раббим Аллоҳ Ўзин гўзал танитгайдир,

Умрим ирфон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Илк рисолат титроқлари Қуръон эди,

Саҳобалар тутмоқлари Қуръон эди,

Расулуллоҳ ахлоқлари Қуръон эди,

Хулқим Қуръон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Ҳалол-ҳаром, ҳақ ва ботил унда аён,

Ваъда-ваъид – хабарлардир яхши-ёмон,

Икки жаҳон фарқин равон айлар баён,

Қалбим фурқон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Қиёмат кун жонлар қаттиқ титраганда,

Иймонсизлар нажот топмай қақшаганда,

Иймон аҳли қўрғон ичра яшнаганда,

Теграм қўрғон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Эй, оламга кўнгли очиқ манзурларим,

Дарду ғами раҳматларга арзирларим,

Дунём обод, ҳам охират манзилларим

Равҳу райҳон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Кимки Қуръон ўқувчидир, азоб бўлмас,

Яна Қуръон ўргатганга ҳисоб бўлмас,

Маъно билган зотга парда-ҳижоб бўлмас,

Васли аён бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Ўтди неча Ҳақ каломин хўрлаганлар,

Қуръон истаб, оҳи кўкка ўрлаганлар,

Эй сиз, мудҳиш зулмларни кўрмаганлар,

Юртим омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Қуръон, ҳикмат – Ҳақнинг фазлу атосидир,

Каъба бунёд этган Халил дуосидир,

То қиёмат Ҳақ Расулин нидосидир –

Иймон омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Мирзо, беш кун бу дунёнинг заҳмати бор,

Раббим Аллоҳ, шафоъатхоҳ Аҳмади бор,

Баски, Ҳақнинг ғазаби ҳам раҳмати бор –

Маъвом ризвон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

 

Мирзо Кенжабек

1956 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

“Мактубларим”, “Қуёшга қараган уй”, “Муножот”, “Шарқ тили”, “Баҳорим еллари” каби китоблари нашр этилган.

 

“Ёшлик”, 2018/4

 

 


[1] Шамъун Набий – бугунги Қорақалпоғистон ҳудуди – Хўжайли туманида, қадимий Амударё соҳилида мақбараси мавжуд бўлган ва “Пайғамбарлар қиссаси” китобларида муборак номлари зикр қилинган пайғамбар (алайҳиссалом).

[2] Зул-Кифл – Термиз яқинида, Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролида мақбараси мавжуд бўлган, Қуръони каримнинг Анбиё ва Сод сураларида муборак номлари зикр қилинган пайғамбар (алайҳиссалом).

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.