Адашиб юрибман кўнглим даштида

0
136
марта кўрилган.

***

 

Шоирлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда ўладилар.

Франсуз халқ мақоли

 

Ҳар кимга туғилган ери Каъбадай –

Қишлоқми, шаҳарми муқаддас унга.

Инсофли, виждонли инсон абадий

Жонин фидо айлар она Ватанга.

 

Ҳар кимга берилгай илму амал, касб,

Халққа хизмат қилиб, шон берсам бўлди.

Майлига шоирлик этмасин насиб

Фақат қишлоғимда жон берсам бўлди.

 

2009

 

 

ТУН СУВРАТИ

 

Аллакимларнингдир қилиб ғийбатин,

Бақалар тинмасди, тинглар эди сой.

Номуси топталган қиздай бир четда,

Мум тишлаб ўтирар ҳомиладор ой…

 

2013

 

 

***

 

Муридмиз, шул сабаб пирни излаймиз,

Ортида тоғ бор деб қирни излаймиз.

“Пул – қўлнинг кири”, деб ваъз ўқиб баъзан,

Алҳазар, ўзимиз кирни излаймиз.

 

2013

 

 

***

 

Кўзида ёш билан келди бир бола,

Онаси олдида бош эгиб турди.

Йиғидан тўхтолмай, инграган ҳолда

Айтди: “Она, мени бир бола урди”.

Кажрафтор дунёнинг ишлари қизиқ,

Ечилмас жумбоқлар ўйлаб топади.

Жазоланган одам ёшин оқизиб,

Кимнингдир олдига дарров чопади.

Одамнинг зарбини одам кўтарар,

Ҳар оғир дамда ҳам топилгай имкон.

Э, воҳ, ғазабланиб Худо урса гар,

Кимнинг паноҳига қочгайдир инсон?..

 

2013

 

ТУҒИЛГАН КУНИМДА

 

Умр – ёйдан учган ўққа ўхшайди –

Йигирма икки бор ёйни тортдим мен.

Гоҳида топганим йўққа ўхшади,

Гоҳида мўлжаллаб ойни отдим мен.

 

Катта нишонларни кўзлаб қўйгандим,

Лек “Умринг етмас!” деб кимдир дўқ солди.

Ўзинг айт, қайгача етади сабрим,

Раббим, садоғимда қанча ўқ қолди?

 

2013

 

 

***

 

Дейдиларки, фарзанд

оқлаши керак

ота-она олдидаги бурчини –

дунёга келтиргани учун,

берган ҳалол тузи учун,

улғайтиргани учун…

 

Мен ҳам оқлаяпман,

Оқлаяпман

фақат онам сочини…

 

2012

 

 

ИЛТИЖО

 

Тонгда туриб Сенга айтдим муножот,

Ҳамду сано айтиб вужуд толмасин.

Дилда не ғам бўлса айлагин нажот,

Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

 

Керакмас ўзганинг миннатли оши,

Керакмас гул унган мафтункор тоши,

Розиман уларнинг соғ бўлсин боши,

Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

 

Майлига ўзгалар етсин муродга,

Самони кезсинлар миниб Ғиротга,

Дилимда нолам бор, зорман имдодга,

Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

 

Кўзимни равшан қил – нурдан айирма,

Қоматим тик тутай – қаддим қайирма,

Аллоҳ , не бўлса ҳам Ўзингдан қўйма,

Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

 

2009

 

 

ТУГАМАГАН САТРЛАР

 

1

Умидларим соясида

Дам оламан

Жазима пайт…

 

2

Хира бўлган дил ойнамни

Ювмоқдаман

Кўзёшим билан…

 

3

Армонларим шудгорига

Келар ҳар тонг

Қора қарғалар…

 

4

Чўлда қибласини тополмаётган

Номозхон каби

Адашиб юрибман

Кўнглим даштида…

 

5

Уйи ёнган одамдай

Кўчиб ўтдим

Вужуддан Руҳга

 

2012

 

 

* * *

Ҳаётингга кирдим беҳуда,

Дард ва ҳижрон – топиб олганим.

Алам қилар сен учун жуда

Сени яхши кўриб қолганим.

 

Дунё эски… Ўзгармас олам,

Бекор ундан кўнгил совуши –

Лек менга ҳам қилгайдир алам

Ўзгасини қаттиқ севишинг.

 

2012

 

МУВАШШАҲ

 

Сабр

Аллоҳга

Борар

Роҳдир…

 

2012

 

Ҳусан Мақсуд

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.