Юрт қўшиғи

0
151
марта кўрилган.

Аёлимиз айтади, уйқунгизда гапириб чиқасиз, дейди.

 – Нимани гапириб чиқаман? – сўрайман ундан.

Аёлимиз тайин бир нима деёлмайди. Бир ундай дейди, бир бундай дейди.

Чин, мен учун кеча-да бир бўлиб қолди, кундуз-да бир бўлиб қолди. Кўзим илиндими, бўлди, тушимга бир нималар киради. Уйқумда қаерлардадир нималардир қилиб юраман. Тушимми-ўнгимми, билолмайман. Кунлар ўнгимда қандай кечса, уйқумда-да шундай кечади. Эл билан кўришиб-сўрашаман, гаплашаман, талашиб-тортишаман, қаҳ-қаҳ уриб куламан. Кейин… йиғлайман! Йиғлаб-йиғлаб… пахта тераман!

Йиғлаб кўзларимни очаман. Теварагимга қарайман. Кўзларимда ёш йўқ бўлади.

Аёлимиз билан болаларимиз пиш-пиш ухлаб ётади.

 – Босинқираяпти, ўнг ёнбошига ағдарилиб ётсин, – дейди аёлимиз.

Ўнг ёнбошимга бурилиб ётаман. Бу сафар бир адирдан кета бераман, кета бераман. Адир охири кўринмайди. Олисларга қарайман. Олислар йўқ. Зим-зиё. Далаларга қарайман. Далалар-да йўқ. Оёқларим остига қарайман. Ер-да йўқ. Оёғимни мўлжаллаб босиб, ерни излайман. Ерни топаман.

Зулматдан қутулиш учун сойга қараб энаман. Оёғим ерга тегмайди. Зим-зиё хонада саланглаб қолади. Зулматда учиб кетаман. Учиб кета бераман, кета бераман. Қаерга тушаман, ўзим-да билмайман. Қўним ер тополмайман. Ана энди ўлдим, дейман. Шунда, пойимда ўркач-ўркач қирлар, улкан-улкан тошлар қора беради. Дарахтлар, сувлар ранг беради. Зўр бериб дарахтлар узра тушайин, дейман. Дарахт шохлари тирнаб ташласа-да майли, омон қоламан, дейман. Қучоқларимни катта очаман. Мисоли сувда сузмишдай, дарахтлар томон талпинаман.

Ўнқир-чўнқир тошларга “гурс” этиб тушаман. Жонҳолатда тўлғанаман. Танам “зирқ-зирқ” этади. Кўзларим очилиб кетади. Бир бошқа бўлиб қоламан. Деразага қарайман. Дераза оқариб келаётган бўлади. Туриб туролмайман, ётиб ётолмайман. Бир таним бу дунёда, бир таним ўзга бир дунёда ётгандай бўлади. Шунда… шунда бир нима шовиллайди. Сел бўлиб сел бўлмайди, мусиқа бўлиб мусиқа бўлмайди.

Бир вақтлар колхозимиз радиоузелчиси Қудратбой уйимиз деворига майдагина радио осиб қўйди. Радио саҳардан ётаргача гапирди, ашула айтди. Аввал-аввал зиғир мойдай ёқди. Кейин-кейин қулоқ-мияни еди. Жонга тегди. Бемаҳал қичқирар хўроз бўлди-қолди. Гапира беради, ашула айта беради. Номи ашула бўлса бўлди, айта беради! Эл-юртга ёқадими-йўқми, барибир айта беради! Болалар овозини пасайтириб қўяман деб, бир-икки марта девордан тушириб юборди. Радио палағда бўлиб қолди. Бор-е, дедим-да, омборхонага отиб юбордим. Шу билан қулоғим тинчиди-қолди.

Ўғлимиз омборхонани титкилабди. Ана шу радиони топибди. Бинойидай созлабди. Деворга осиб қўйибди. Билдим, ана шу радио шовуллаяпти!

Ўй-хаёлларим учди-кетди. “Дик” этиб жойимдан турдим. Апил-тапил кийиндим. Селдай шовуллаш кўнглимни эзиб кела берди. Шундай қайғули шовуллаш, шундай кўнгилни вайрон қилувчи шовуллаш! Қарадим, аёлимиз сигир соғаяпти. Аёлимиз олдига бордим.

 – Ай, Ойсулув, бирон катта-патта ўлибдими дейман, эшитаяпсанми? – дедим.

 – Каллаи саҳарлаб гапирган гапини…

 – Чин-да, қара, бундайин куйни мотамда чалади.

 – Кўп гапирмасин, мол сут бермай қўяди.

 – Бўлмаса, эси жойида одам каллаи саҳарлаб шундай куй чаладими?

 – Радио ҳар саҳарда шундай чалади. Нафасини иссиқ қилсин.

 – Қара, кўнгилни ер билан яксон қилади-я…

Армиядалигимда бизни Суздаль деган шаҳарга саёҳатга олиб боришганди. Жуда бир ҳашамдор қасрга олиб киришди. Шунда, мунгли айтиб йиғлаш эшитгандим. Бир тўда аёл димоғида айтиб йиғларди.

Бизни эргаштириб юрган аёл тушунтириб берди. Айтишича, Пётр I деган ўрис подшо Россияда қайта қуриш бошлабди. Унинг Лопухина деган аёли бор экан. Шу аёли ҳадеб подшолик ишига аралаша берибди, аралаша берибди.

Шунда Пётр I сенми ҳали эркаклар ишига аралашадиган, дебди-да, аёлни Суздалдаги ўша монастирга сургун қилибди. Сочларини таг-туги билан қириб ташланглар, дея фармойиш берибди.

Подшо фармойишига биноан, аёлнинг сочларини пакки билан қириб ташлабдилар! Суздаллик аёллар подшо аёли ҳолига ачиниб, айтиб-айтиб йиғлабди. Ўшандан буён монастирга томошага келгувчиларга ана шу айтиб йиғлашни эшиттириб турар эканлар.

Мен ўйлай-ўйлай, ана шу айтиб йиғлашни эсладим. Ҳозир эшитаётганим… ўша айтиб йиғлашга жуда-жуда ўхшаб кетди!

Шовуллаш юракни эзгандан-эзди. Кўнгилга қайғу солди. Кўнгилга таҳлика солди.

 – Нимага анқайиб қолди? Борсин, юз-қўлини ювсин. Нима, дунёни энди кўраяптими? Радио ҳар саҳарда чаладиган соз-да.

 – Унда, нимага мен эшитмаганман?

 – Бу киши қаердан эшитади, тонг ёримай далада бўлса…

Шовуллаш орасидан овоз келди:

…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,

Дарёлар бўйида эдик сувга зор…

Энди билдим, ўйлаб-ўйлаб топдим. Бу ўзимизнинг эл-юрт қўшиғимиз бўлди…

Уйқуни ярим ўлик дейдилар. Одам тонг саҳарда уйқусираб туради. Дунёни энди кўраётгандай бўлади. Дунёга уйқусираб қарайди, босинқираб қарайди, илтижо билан қарайди. Дунёдан нажот истайди. Дунёдан илинж истайди…

Дунё таги оқариб-оқариб келаберади.

Тонг еллари юзларни силайди. Тан-жонни ҳузурлайди. Кўнгилни тўлдиради. Кўзни тўйдиради.

Дунё шундай бир вақтда… тонг дея аталмиш хушрўй бир вақтда… биров қайғули ашула айтиб бошласа нима бўлади? Одам уйқудан уйғонганларига пушаймон бўлади! Кўнгил тундай бирён бўлади! Тонг – тун бўлади!

…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,

Дарёлар бўйида эдик сувга зор…

Радио эл-юрт қўшиғини айтаяптими, ё айтиб йиғлаяптими? Айтиб йиғласа, нима деб йиғлаяпти? Ай, Деҳқонқул, боя олам зим-зиё эди, қоп-қора тун эди, сен ёруғ шуълага зор эдинг, қултум сувга ташна эдинг, хокисор эдинг. Ана, энди тонг бердим, энди сенга сув бердим. Бор, энди мени шарафла-да, энди мени улуғла-да, олти миллион тонна пахта териб бер, дея айтиб йиғлаяптими?

Қайси бир йили Термизга бордим. Бекатда ўғлим билан автобус қараб қолдим. Сомса олиб едим. Шунда бир бурчакдан қўшиқ эшитилди. “Ялт” этиб, қўшиқ эшитилмиш тарафга қарадим. Бир бўзбола магнитофон қўйди. Одамлар лаш-лушини кўтариб, қўшиқ олдига бориб турди.

Сомсани қоғозга ўраб, мен-да қўшиқ олдига бордим. Магнитофон теварагини одам босди. Қўшиқ эшитиб маза қилдим. Аммо сўзларини тушунмадим. Боиси, қўшиқ бир ажнабий тилда бўлди. Ўзимча, ишқ – кўнгил қўшиғи бўлса кераг-ов, дея ўйладим. Боиси, қўшиқ кўнглимга зиғир мойдек ёқди. Яхшилаб эшитиб олайин дея, сомсамни емай турдим. Бўзбола магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сомсахонага борди. Магнитофонини деворга суяб қўйди. Ўзи панжарага суяниб, сомса еди. Ўғлимни эргаштириб, бўзбола кетидан бордим. Бўзбола тағин магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сувхона олдига келди. Магнитофонини сувхона пештахтасига қўйди. Бир қўлини белига тираб сув ичди. Бир менмикан десам, бошқалар-да қўшиқ кетидан эргашиб келди.

Қўшиқ ниҳоялади. Биров бўзболадан: бу қандай қўшиқ, дея сўради.

Бўзбола елка қисди.

 – Отини билмайман. Афғонистон гимни, – деди. – Аҳмад Зоҳир айтади.

 – Эл-юрт қўшиғи дейсиз-да?

 – Шул-шул!

Хаёлимга ўша қўшиқ келди. Қўшиқни деб, бегона бўзбола кетидан эргашиб юрганларимни эсладим.

Гап очилиб қолса… афғон ҳамсояларимизни камситамиз. Қолоқ дея бурнимизни жийирамиз. Осмондан келиб куламиз! Ана, эл-юрт қўшиғи қандай бўлади!

Тонг саҳарда эл-юрт узра шундай бир қўшиқ таралса… Эл-юрт қўшиғида юртимиз суврати бўлса… элимиз руҳи бўлса… эл-юрт сози бўлса… эл-юрт қўшиғини эшитиб, одам яшаган сайин яшагиси келса… пахта терган сайин тергиси келса…

Эл-юрт қўшиғини эшитиб, ажалга-да борса одам.

 

Тоғай МУРОД

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.