Яхши одамлар маҳалласи

0
258
марта кўрилган.

Адҳамжон ишдан қайтаётганди. Кўп қаватли уйлари эшигига ёпиштирилган эълон диққатини тортди: “Азизлар, кундуз 10:20 ларда шу ерда юз минг сўм пулим тушиб қолибди. Якка-ёлғизман, фақат нафақа билан кун кўраман. Ким топса, тўртинчи қават, йигирма тўртинчи уйдаги Меҳри холага учрашсин”. Ахир, бу уларнинг тепасидаги уйда турадиган аёл-ку. Адҳамжоннинг хотини ора-сира кампирнинг ҳолидан хабар олиб туради, овқат, нон-чой дегандай. Биргина улар эмас, бошқа қўни-қўшнилар ҳам аёлга ёлғизлигини билдиришмайди.

“Кўчада ётган бир даста пулни бирорта ўткинчи олиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Кел, шу кампирга мендан ҳадя бўлсин. Пулингизни топиб олдим деб ўша юз минг сўмни эҳсон қила қолай”, деб ўйлади Адҳамжон. Тўртинчи қаватга кўтарилиб, эшик қўнғироғини босди. Бироз ўтиб, ичкаридан олтмиш-олт­миш беш ёшлардаги истарали кампир чиқиб келди. Йигитнинг қўлидаги пулга кўзи тушиб, кўзларига ёш олди. Сўнг қўлини очиб узоқ дуо қилди. Адҳамжоннинг касб-корига барака тилади, тутгани олтин бўлишини, Аллоҳ унга ғойибидан етказишини сўради. Аммо пулни олмади. Уринишлар бесамар кетди. Аёл қатъий рад этди. Сўнг ўша эълонни олиб ташлаш учун пастга тушиб кетди. Маълум бўлишича, Адҳамжон пулни “топиб олган”ларнинг еттинчиси экан.

 

Ориф Толиб

 

“Ирфон” тақвими (2015 йил 1-чорак)да чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.