Яшма тоши

0
192
марта кўрилган.

Бир ёш йигит қимматбаҳо тошларга жуда қизиқарди. Шу сабабли заргар бўлишга қарор қилди. Бу ҳунар билан шуғулланадиган бўлсам, унинг моҳир устаси бўлишим керак, деб ўйлади у ва шу ўлкадаги энг яхши заргарни сўроқлаб борди. Уста уни озгина куттиргач, қабул қилди. “Хўш, хизмат?” деб сўради. Йигит тошларга меҳр қўйганини, заргар бўлмоқчи эканини ҳаяжонланиб сўзлади. Қари заргар унинг гапларини жимгина тинглади, сўнг бир тошни кўрсатди. “Бу – яшма тоши, – деди ва уни йигитнинг кафтига қўйиб, ҳовучини беркитди. – Ҳовучингни йил бўйи очмайсан. Бир йилдан кейин келасан. Майли, саломат бўл”. Уста бу гапдан сўнг хонадан тез чиқиб кетди.

Йигит уйига қайтиб, унинг келишини ин­тиқлик билан кутиб ўтирган ота-онасига бўлган воқеани айтиб берди. Сўзи орасида бу ишда маъно кўрмаганини ва устанинг совуқ муомаласидан хафа бўлганини ҳам қистириб ўтди. Кунлар ўта бошлади. Бўлажак заргар тинимсиз нолир, лекин ҳовучини очмасди. “Нега бунақа аҳмоқона иш буюрди? Мамлакатдаги энг кучли заргар шу бўлса… Бу бемаза топшириққа йил бўйи қандай чидайман, азиятларига қандай дош бераман? Шуям уста бўлдими? Устозман деб бошиданоқ қийнашни бошлар экан-да” деганга ўхшаш гапларни айтиб юрарди-ю, ҳовучини маҳкам тутарди. Ухлаганимда кафтим очилиб, тош тушиб кетмасин деб ярим уйғоқ ҳолда мизғирди. Ишларини ҳам бир қўлида бажарарди, тош бор қўли ҳамиша мушт ҳолатида турарди. Бунга кўниккач, битта қўлда ҳам яхши ишлай оладиган бўлди.

Ниҳоят, бир йил ўтди. Йигит заргар ҳузурига борди. Уста доимгидай бироз куттиргач, шогирдининг ёнига келди. Ёш заргар, қанчалик бемаъни бўлса-бўлсин, бу ишни охирига етказдим, дегандай ғурурли бир қиёфада ҳовучини очди. “Бир йил кафтимда олиб юрдим, бу ёғига нима иш қиламан?” деб сўради. Уста сокин бир товушда жавоб берди: “Энди сенга бошқа бир тош бераман, уни ҳам худди шундай бир йил ҳовучингда олиб юрасан”. Бу гап ўлганнинг устига тепган бўлди. Шогирднинг сабр косаси тўлди, бақириб-чақиришга тушди.  Йигит асабийлашиб ўзини бошқара олмай бақираётган пайтда уста унинг ҳовучига бир тошни тутқазди. Йигит беихтиёр кафтини сиқди ва тошни ҳис этди. Бироз туриб, яна озроқ сиқди ва ҳаяжонланиб деди: “Бу тош яшма эмас-ку, уста!”

Албатта, бу бир ҳикоя, балки ҳаётда бўлмагандир. Аммо унда ҳаётий ҳақиқат бор. Қаранг, йигит сабр-матонати туфайли яшма тошини аниқ ажратадиган даражага етди. Заргар учун эса бу жуда муҳим фазилат. Тошни тошдан айира олмайдиган заргар заргарми? Қиссадан ҳисса, чинакам билим эгаллаш учун вақт керак, чидам керак, ҳақиқий устоз керак. Вақтлар ўтаверади, дунё янгиланиб, замонавийлашиб бораверади. Бироқ ўқиш-ўрганиш шарти, йўсини ўзгармайди.

 

Ориф ТОЛИБ тайёрлади.

 

“Ҳидоят” журналининг 2014 йил 10-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.