Хўжа

0
362
марта кўрилган.

Болалигида ҳамманинг ҳам тиши тушади. Меники ғалати бўлган: биринчи тишимни уриб туширишган. Бунга Хўжа сабабчи бўлган.

Бу болани нимага бунчалик яхши кўриб қолганимни билмайман. Эҳтимол ювошлиги учундир. Эҳтимол, кўзлари доимо жавдираб туриши учундир. Одам бир нарсани жудаям айтгиси келсаю айтолмаса, кўзи шунақа – ҳар кимга бир қараб жавдирайверади. Хўжанинг кўзлари шунақа эди.

Ҳордиқ кунлари дадам билан ойим нонушта пайтида “Некалай” замонидан қолган самоварни ўртага қўйиб узоқ суҳбатлашиб ўтиришар эди. Бир куни дадам тажанг бўлиб гапириб қолди:

– Ўзиям жа-а-а Худо урган хотин экан-да, ўша Раъно! Мана, Эгамберди омон-эсон келди-ку! Ўлармиди ликилламасдан кўмилиб ўтирса!

Ойим бир нуқтага тикилганча ўйга толди. Кўзларига ғусса чўкди.

– Бошидаям-ку, юлдузи юлдузига унча тўғри келмасди-я, – деди секин. – Аммо бари бир чатоқ бўлди. Икки орада бола бечора тирик етим бўлиб қолди.

Тушундим, Хўжани гапиришяпти. Дадаси урушда юрганда ойиси бошқа одам билан Чирчиқ деган жойга қочиб кетган экан…

Ойим айтган “тирик етим” деган гапнинг маъносини тушунмасам ҳам Хўжага раҳмим келиб кетди. Унга қанчалик раҳмим келса, ойисини шунчалик ёмон кўриб қолдим.

Хўжа бувиси, дадаси билан каталакдек ҳовлида турарди. Эгамберди аканинг жаҳли ёмон. Доим ялтироқ тугмачали жигарранг кител кийиб юради. Гапирганида дудуқланиб қолади. Чап қўли таёқдай осилиб туради. Хўжанинг айтишига қараганда, урушдан кейин ҳам бир йилча госпитал деган катта касалхонада ётган экан. Докторлар қўлини кесмоқчи бўлганида, ҳаммангни отиб ташлайман, деган экан, қўрқиб кесишмабди. Тўппончаси бормиш. Онангни қаерда кўрсам, пешонасидан отиб ташлайман, деркан…

Ўша куни одатдагидек мен эчкимни, Хўжа бузоғини етаклаб, ўтлоққа олиб бордик. Менинг эчким серсут, ювошгина-ю, аммо бир айби бор. Кўзни шамғалат қилиб, улоқчаларини тўйғазиб, эмиздириб олади. Шундан қўрқиб ойим елинига халта боғлаб қўяди. Хўжанинг бузоғи эса қаерда латта кўрса ямлаб қўяди. Ўшанда келиб-келиб жўрабошимизнинг шинелини чайнамаганида олам гулистон эди. Ҳаммамиз қий-чув солиб ўйнаётган эдик, жўрабошимиз алам билан дўриллаб қолди:

– Шинелим! Шинелимни еб қўйди!

Шундай деганча каттакон таёғини кўтариб тол соясида алланимани мазза қилиб чайнаётган бузоқ томонга югурди. Ҳаммамиз турган жойимизда қотиб қолдик. Жўрабошимиз дадаси урушдан олиб келган шинелини жонидан ҳам яхши кўрар, қишда этагини осилтириб кийиб юрар, ёзда ҳам қўлдан қўймасди. У бора солиб бузоқнинг гарданига таёқ билан бир туширди. Бузоқ шўрлик шинелининг енгидан тишлаганича, думини хода қилиб қочди. Жўрабошимиз жонҳолатда шинелга ёпишди. Бузоқ анчагина жойини ямлаб бўлган экан, енгининг ярмигача сўлак билан қўшилиб чўзилиб оғзидан чиқди.

Болалар етиб келганида жўрабошимиз ғалвир бўлиб кетган енгни ушлаганча бўзрайиб ўтирар эди. Хўжани кўрдию жазаваси қўзиб кетди.

– Нима қилдинг?! – деди ғазаб билан.

Хўжа, бузоқ эмас, ўзи айбдордек кўзларини жавдиратганча гоҳ жўрабошига, гоҳ шинелга тикилиб лол турарди.

– Энди нима қиламан буни! – жўрабоши шинелни ерга улоқтирди. – Молинг ҳам ўзингга ўхшайди! Хўжалар пешиндан кейин айнайди. Ойинг ҳам айнаб, ўйнаши билан қочиб кетган!

Орамиздан тикроқ болалар чекка-чеккадан пиқиллаб кулиб юборишди. Той анграйганча бурнини секин тортиб қўйди.

Эрталаб дадамдан эшитган гапни эсладиму қўрқув ичида Хўжага қарадим. У бир зум ҳаммага жавдираб қараб чиқди-да, тўсатдан жўрабошига ташланди. Аммо ўша ондаёқ чаккасига тушган мушт зарбидан анча нарига учиб кетди.

– Нега урасан! – дедим алам билан чийиллаб. Акаларим ўргатганидек, муштимни иложи борича қаттиқроқ қисиб, жўрабошига югурдим, у бўлса, уриб ҳам ўтирмади. Кафти билан жағимга бир туртган эди, чалқанчасига ағдарилиб тушдим. Оғзим шўр бўлиб кетди. Кўзимни очсам, тепамда Той турибди.

– Тур, – деди қўлимдан тортиб. – Ёмон урдими?

– Иккаланг ҳам йўқол! – деди жўрабоши дўриллаб. – Бугундан бошлаб молингни жийдазорда боқасан.

Бирпасдан кейин Хўжа бузоғини, мен эчкимни етаклаб, қинғир-қийшиқ жийдалар орасига кириб кетдик. Жийдазор этагида Қонқус оқар эди, қирғоққа бориб ўтирдик.

– Оғзинг қонаяпти, – деди Хўжа юзимга тикилиб.

Кафтимни орқаси билан артсам, қўлим қон бўлди. Шу пайтгача билмаганимга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Тупуриб ташладиму олдимдаги курак тишим илиниб турганини пайқадим. Қўлим тегиши билан тишим суғурилиб чиқди.

– Тишингни синдирдими? – Хўжа кўзимга шундай жавдираб тикилдики, оғриқ ҳам эсимдан чиқиб кетди.

– Ўзи лиқиллаб турувди, – дедим тишимни томоша қилиб.

Энди улоқтириб юбормоқчи эдим Хўжа қўлимдан ушлади:

– Шошма! Мана бундай ўтир. – У мени сувга тескари қилиб ўтқазди. – Кўзингни юмасан-да, “Суяк тишимни ол, тилла тишимни сол”, деб уч марта айтасан. Тишингни елкангдан ошириб, анҳорга отиб юборсанг, янги тишинг тилла бўлиб чиқади.

Мен Хўжанинг айтганини қилдим.

– Энди оғзингни ювиб ол, – деди у кўзимга термилиб. – Мени айтди дерсан, кузгача тилла тиш чиқади.

Кейин икковимиз анҳорга тикилганча узоқ жимиб қолдик. Сув унсиз оқар, нариги соҳилда қамишлар қилт этмай турар, ора-чора қалдирғочлар сувга тумшуғини текизиб, “вийт” этганча, яна ҳавога кўтарилар эди. Хўжа жўрабошининг бояги гапини ўйлаб ўтирганини билардим-у, нима дейиш, нима қилишга ақлим етмасди.

– Жуда катта-а? – дедим анҳорга имо қилиб.

– Шуям катта бўптими? – Хўжанинг кўзларида бирдан ўт чақнади. – Чирчиқда шунақа катта дарё борки, ичида акулалар сузиб юради.

– Ўзинг кўрганмисан? – дедим ишонмай.

– Биламан-да! – Хўжа орзумандлик билан хўрсинди. – Ўша дарёнинг бу бетидан у бетига бемалол сузиб ўтавераман.

– Сузишни билмайсан-ку?

– Ойим ўргатадилар.

– Акула еб қўйса-чи?

– Акуланг нима бўпти! Дадамга айтаман, тўппонча билан отиб ташлайдилар. – У шундай дедию бирдан нотўғри гапирганини пайқагандек, жимиб қолди. Кўзлари жавдираганча тескари қаради. Бир зум сувга тикилиб ўтирди-да, хўрсинди. – Юр, молларга қарайлик. Чакалакка кириб кетмасин…

Эртасига акаларим жўрабошининг таъзирини бериб қўйишди шекилли, эчкимни ўтлоқда боқишга рухсат тегди.

– Лекин анови Хўжангга айтиб қўй, ялмоғиз бузоғини яна олиб келса, жиғини эзиб қўяман! – деди жўрабошимиз кўкарган қовоғини силаб.

Ўзимга қолса эчкимни жон деб ўтлоқда боқардиму Хўжанинг бир ўзини жийдазорда қолдиргим келмади. Нима қипти, бу ерда ҳам ўт кўп. Ҳар куни ўйнайдиган футбол билан чиллакдан маҳрум бўлдик. Аммо Хўжа билан сира зерикмасдим. Шунақанги нарсаларни биладики! Бу ердан олисда, жудаям олисда, тоғлар орқасида Чирчиқ деган шаҳар бор. Шунақа катта шаҳарки, унинг олдида Тошкент нима бўпти! У ерда шунақанги катта дарё оқадики, ичида уйдек-уйдек кемалар сузиб юради. Хўжанинг ойиси қачон хоҳласак бизни ўша кемаларга олиб чиқаверади. Хоҳласак, баланд тоғларга чиқамиз. У ердан бутун дунё кўринади. Бизнинг уйимиз ҳам, Хўжаларники ҳам, Хўжанинг дадаси ҳам, ҳамма-ҳамма!

Булар ҳаммаси яхши-ю, Хўжанинг бир одатини тушунолмасдим. Гапириб туради-туради-да, бирдан жимиб қолади. Анҳорга тикилганча бир нарсаларни ўйлаб ўтираверади, ўтираверади. Шунақа пайтларда зерикиб кетаман.

Бир куни уни йўқотиб қўйдим. Жийдазор ичкарисига кириб кетган эчкимни қайтариб келгунча терлаб кетдим. У ёқдан ҳайдасам, бу ёққа қочади. Чакалак ичига кириб олади-да, масхара қилгандек, думини ликиллатиб, қисқагина маъраб қўяди. Олдига борай десам, жийда тиканлари ҳаммаёғимни тирнаб ташлайди. Алам устида кесак бўрон қилиб яйдоқ жойга олиб чиққунимча кун ботди. Қарасам, Хўжанинг бузоғи дарахтга боғлоқлик турибди-ю, ўзи йўқ. Югуриб, иккаламиз ўтирадиган сув бўйидаги дўнгликка бордим. Йўқ, у ерда ҳам кўринмайди.

– Хўжа-а-а! – дедим бақириб.

Оқшом зулмати бостириб келаётган жийдазор орасида “а-а-а” деган садо келди. Бирдан юрагимни ваҳима босди. Акаларим жийдазорда ажина бор, дейишар эди. Хўжани ажина чалиб кетган бўлса-чи?! Овозим борича чинқириб юбордим:

– Хўжа-а-а!

Яна ўша садо келди. Акамнинг аллақайси китобида олти қўлли одамнинг расмини кўрган эдим. Ғира-ширада жийдалар худди ўшанақа ваҳимали махлуқлардек қинғир-қийшиқ “қўллари”ни чўзиб туришар, югурган сайин устимга бостириб келаётганга ўхшар эди. Қўрқиб кетганимдан тиканларни босганча жонҳолатда югурдим. Жийда тиканлари юз-кўзимни тимдалар, оёғимга янтоқлар кираётганини биларди-м-у, аммо тўхтай олмасдим.

Бир маҳал рўпарамда Хўжа пайдо бўлди.

– Қаёқда юрибсан? – дедим овозим қалтираб.

Хўжа қўлимдан маҳкам ушлаб олди. У ҳам қўрқиб кетган бўлса керак, нуқул титрар эди.

– Айтмайсан-а? – деди секин. – Ҳеч кимга айтмайсан-а?

Шундагина нарироқда, жийданинг панасида турган қора кўйлакли аёлни кўрдим.

– Ойи! – деди Хўжа секин, илтижоли оҳангда.

Шунда ҳаммасини тушундим. Хўжанинг ойиси ҳамон қимирламай турар, худди сеҳрланиб қолганга ўхшар эди. Хўжа кўзимга термилиб, тағин ялинди:

– Айтмайсан-а?

Мен индамадим. Аммо бу сирни ҳеч кимга, ҳатто ойимга ҳам айтмаслигимни билиб турардим. Шу ондаёқ яна бир нарсани англадим. Бу ердан тезроқ кетишим, халақит бермаслигим керак.

– Тезроқ бўл! – дедиму Хўжанинг бузоғи бойланган жойга югуриб кетдим…

* * *

Хўжа ваъда қилган тилла тиш кузда ҳам чиқмади. Бироқ энди буни ўйлашга вақт қолмаган, иккаламиз учун ҳам янги ҳаёт – мактаб ҳаёти бошланган эди. Бизнинг уйимиз мактаб йўлида бўлгани учун Хўжа ҳар куни эрталаб чақириб келарди. Зоғора нонни эчки сутига бўктириб емабсиз, дунёга келмабсиз! Эрта билан ойим иккаламизнинг олдимизга товоқда сут билан зоғора қўяр, Хўжа ҳарчанд тортинчоқлик қилмасин, еб туриб кетмагунча ҳол-жонига қўймасди.

Бир куни Хўжа келмади.

– Сен боравер, – деди ойим. – Бугун Хўжа мактабга бормаса керак.

Дарсдан қайтдиму меҳмонлар келганини дарров билдим. Айвон зинасида янги амиркон туфли ярақлаб турар, ичкарида ойим аллаким билан чақчақлашиб суҳбатлашар эди. Уйга киришим билан энг аввал Хўжага кўзим тушди. У уй тўрида ёнғоқ, майизлар билан безатилган хонтахта олдида ўтирарди. Ёнида эса онаси ўтирар, ойимнинг гапларига диққат билан қулоқ солганча, ёнғоқ палласидан мағиз ажратиб, нуқул Хўжанинг олдига суриб қўярди. Ўшанда, қоронғида аниқ кўрмаган бўлсам ҳам, бу хотин Хўжанинг ойиси эканлигини дарров билдим. Остонада бир зум туриб қолдим. Қачондир бу хотинни ёмон кўриб қолганим учунми, уни хунук, жуда хунук деб ўйлардим. Йўқ, жудаям чиройли экан. Қарғашойи кўйлаги ҳам, қоп-қора сочлари, юзидаги холи ҳам, Хўжаникига ўхшаган кўзлари ҳам чиройли эди.

У мени кўрдию катта одамни иззат қилгандек, дик этиб ўрнидан турди. Ойимга ўхшаб, бағрига босиб кўришди. Пешонамдан ўпаётганида димоғимга атир ҳиди урилди. Ойим ҳеч қачон атир сепмагани учунми, бу исдан бошим айланиб кетди.

– Кел, жоним, – деди ёнидан жой кўрсатиб. – Бирпас олдимда ўтир. – У ёнбошда турган сумканинг занжирини ғижирлатиб очди-да, сарғиш қоғозга ўроқлиқ алланима узатди. – Ма, жоним!

Қоғозни очишим билан кўзим чарақлаб кетди. Бу – усти худди катак дафтарга ўхшаш шоколад эди. Қувонч билан Хўжага қараб қўйдим. Унинг кўзларида шодлик учқунлари порлаб турар эди.

Шу пайт ҳеч кутилмаган воқеа рўй берди. Эшик шарақлаб очилди. Хўжанинг ойиси ярқ этиб қарадию илон чаққандек сапчиб ўрнидан туриб кетди. Остонада ялтироқ тугмали кител кийган Эгамберди ака турар, ранги қув ўчиб кетган, нуқул титрар эди. Даҳшатдан қотиб қолдим. Ҳозир чўнтагидан тўппончасини оладию Хўжанинг ойисини отиб ташлайди.

– Нега к-к-келдинг?! – деди у ғазабдан тили тутилиб. – Нима к-к-керак сенга?! – Энди унинг бутун вужуди, ҳатто боши ҳам қалтираб кетди. Ҳар доим таёқдек осилиб ётадиган чап қўлигача титраб кетгандек бўлди. – Нима к-к-керак, айт! – деди лаблари пирпираб.

Хўжанинг ойиси ранги ўчган, бошини қуйи солганича деворга суяниб турарди. Қўрқув аралаш яна Эгамберди аканинг ўнг қўлига қарадим. Йўқ, тўппончаси йўқ экан. У бирдан ойимга юзланди.

– Уялмайсизми, опа! – деди ҳамон лаблари пирпираб. – Қ-қўшмачилик қ-қ-қилгани уялмайсизми!

Боядан бери индамай турган ойим энди тилга кирди:

– Бандасидан уялмасангиз, Худодан қўрқинг, укам, – деди секин. – Она-бола дийдор кўришса, қўшмачилик бўладими? – негадир унинг кўзларида ёш қалқиди. – Этни тирноқдан ажратиб бўларканми?

– М-мен эмас, м-мана бу ажратган! – Эгамберди ака соғ қўлини бигиз қилиб, Хўжанинг ойисини кўрсатди. – М-мана шу ажратган!

Хўжа гоҳ дадасига, гоҳ ойисига жавдираб қарар, аммо индамас эди.

– Турмуш ўлсин, айланай, – деди ойим ўпкаси тўлиб. – Ким шунақа бўлсин, дебди. Уруш бўлмаганда…

– Уруш! – Эгамберди ака шундай ҳайқирдики, уй ичи зириллаб кетди. – М-мен қ-қонга беланиб ётганимда, бу қ-қ-қанжиқ бировнинг қ-қўйнида ётган!

Шу гапдан кейин Хўжанинг ойиси секин эгилиб, сумкасини олди-да, эшикка йўналди. Эгамберди ака худди хазар қилгандек нари сурилди. Шунда боядан бери индамай турган Хўжа онасига талпинди.

– Ойи-и-и! – деди илтижо билан.

Унинг овоз чиқармасдан, ёш тўкмасдан йиғлаб турганини ҳис этдим. Йўқ, унинг кўзида ёш йўқ эди. Фақат онасига қараб жавдирарди.

Онаси секин юриб қайтиб келди. Оҳиста эгилиб, Хўжанинг икки юзидан ўпди.

– Дадангни хафа қилма, – дедию тез-тез юриб чиқиб кетди.

– Ойи-и-и! – деди Хўжа умидсиз, ожиз товушда. Бироқ орқасидан чопмади. Уй ўртасида тўхтаб қолди.

Эгамберди ака яна бир зум боши титраганча қараб турди-да, эшикни қарсиллатиб ёпиб, чиқиб кетди. Ойим лабларини тишлаганча ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Илдам келиб, Хўжани бағрига босди.

– Айновни-я! – деди унинг бошини силаб. – Қўявер, ойинг яна келади.

Томоғимга бир нарса тиқилиб қолган, нафас олишга қийналардим. Бир маҳал қўлимга нимадир ёпишаётганини пайқадим. Қарасам, шоколад эриб кетибди. Нима қилишимни билмай, Хўжага узатдим.

– Ма, ишкалад ейсанми?

Хўжа индамай турар, кўзларида катталарникига ўхшаш тушуниб бўлмайдиган чуқур маъно бор эди.

Ўша воқеадан кейин бир ойча вақт ўтгач, Хўжанинг дадаси уйланди. Ойимнинг таъбири билан айтганда, совуган ошдеккина тўй бўлди. Фақат Зеби хола дутор чертиб, йўғон, ширали овозда ашула айтганида тўйхона жимиб қолди.

Шишани заргарга бердим тўтиё бўлгайми деб,

Чин кўнгилни ёрга бердим ошно бўлгайми деб…

Ҳамма-ҳамма билан, таванхонада ўтирган ойим биз билан. Нуқул Хўжани чақиради, гоҳ чўнтагига қовурма чучвара солиб қўяди, гоҳ попукқанд беради.

Тўйдан кейин Хўжа аввалгидан ҳам маъюс, индамас бўлиб қолди. Ойим меҳрибончилик қилган сайин ўзини олиб қочади. Ўшанда бир нарсани билмаган эканман, кейин тушундим. Одам ўзининг ночорлигини қанчалик чуқур ҳис қилса, шунча мағрур бўларкан.

Бир куни эрталаб, одатдагидек жилдини осганча, Хўжа эшикдан кириб келди. Ойим унга кўзи тушиши билан чумчуқдек чирқиллаб қолди.

– Ким урди сени?! Қайси қўлинг сингур урди?

Қарасам, Хўжанинг юзи моматалоқ бўлиб кўкариб кетибди.

– Нимага уради?! – деди ойим овози қалтираб. – Шунча кўргилигинг етмайдими ўзи, Худо ургурлар!

– Ургани йўқ, – деди Хўжа ерга қараб. – Нарвондан йиқилиб тушдим.

Мактабга кетаётганимизда секин сўрадим.

– Даданг урдими?

Хўжа бир зум жавдираб қараб турди-да, бош ирғади.

– Опам кир ювган эди, – деди шивирлаб (у ўгай онасини опа дерди), – ёйиб қўйган кўйлагини бузоқ ямлабди.

– Даданг ёмон-а?

– Йўқ, – Хўжа кескин бош чайқади. – Дадам опамни ёмон кўради. Шунга аччиқ қилиб урди. – У ҳеч кимга айтмаслиги керак бўлган сирни очаётгандек, атрофга жавдираб қараб олди-да, қўшиб қўйди. – Дадам ойимни яхши кўради…

Ўша бизнинг охирги суҳбатимиз бўлди. Хўжа негадир икки дарс ўқиб кетиб қолди. Дарсдан қайтиб келсам, ойим йўқ. Кечқурун аллақаёқдан ҳориб-чарчаб қайтди.

Эртасига эрталаб Хўжани кутиб ўтирган эдим, ойим негадир жеркиб берди.

– Хўжа билан киндигинг биттами! Боравер мактабингга.

Индамадим. Ўша куни Рисолат опа ҳам Хўжани йўқлама қилмади.

Қайтиб келсам, ойим ҳалиям жаҳлидан тушмабди. Хўжанинг бузоғини ҳовлидаги бодомга арқонлаб, ҳадеб кимнидир қарғаяпти.

– Уйига обориб бер, манави ҳаром ўлгурни! – деди арқоннинг учини узатиб.

Ёмон бир нарсани ҳис қилиб, бўшашиб кетдим:

– Ўзи-чи? Ўзи қани?

– Хўжа кетди, билдингми! – Ойим яна жеркиб берди. – Ойиси билан кетди.

Талмовсираб қолдим. Хўжанинг бузоғини етаклаб борарканман, уни жудаям яхши кўришимни илк бор англаб етдим. Уларнинг дарвозасига яқин келишим билан юрагимни қўрқув босди. Дарвоза олдида Эгамберди ака ўтин ёрар эди. Ўрик шохини бир учидан ушлаб, тўнка устига суриб қўяди-да, ерда ётган болтани олиб, чўнқайганча зарб билан уради, шунда чап қўли таёқдек осилиб, ерга тегиб кетади. Кейин болтани ерга ташлаб, соғ қўли билан шохни яна тўнка устига сурадию қайтадан болтани олиб, тағин чопади… Қўрқа-писа тўхтаб қолдим.

У қаддини ростлаган эди, менга кўзи тушди.

– Н-нима гап? Хўжа қ-қани? – деди гоҳ менга, гоҳ бузоққа қараб.

– Хўжа кетди. – Қўрқувданми, аламданми, овозим титраб чиқди. – Чирчиққа кетибди.

Унинг қўлидан болтаси тушиб кетди. Бир зум лаблари титраб, тикилиб турдию кўзларига ёш қалқиб чиқди.

– Н-нега? Н-нега кетади? – деди инграб. Кейин кафти билан юзини тўсганча, тўнка устига ўтириб қолди. Чап қўли ҳамон таёқдек осилиб турар, ўнг елкаси эса дир-дир титрар эди.

Катта одамнинг йиғлашини биринчи кўришим эди. Кеча Хўжани урганини эшитганимда қанчалик ёмон кўрган бўлсам, ҳозир унга шунчалик раҳмим келиб кетди. Бузоқнинг арқонини қўйиб юбордим-да, уйга югурдим. Югуриб борарканман, йиғлардим, нимага йиғлаётганимни ўзим билмасдим-у, ҳеч ўпкамни тутолмасдим.

Кейин Хўжани бошқа кўрмадим. У ора-чора тушимга кириб қолар, нуқул кўзларини жавдиратиб турган бўларди. Баҳор пайтлари кунчиқар томондаги тоғлар ярақлаб кўринар, уларни ҳар кўрганда хаёл сурар эдим. Ўша тоғлар орасида Чирчиқ деган шаҳар бор. Шунақа катта шаҳарки, Тошкент унинг олдида ҳеч гапмас. У ерда шунақанги катта дарёлар борки, ичида акулалар сузиб юради. Ўша шаҳарда Хўжа деган бола бор. Дунёда ундан яхши бола йўқ. Хўжа ўша дарёларда бемалол сузади. Ўша тоғлар устига чиқиб, бутун дунёни томоша қилади. У мени ҳам кўриб турибди. Фақат мен уни кўролмаяпман…

Анча йиллардан кейин, ўнинчи синфни битираётганимда Хўжанинг дарагини эшитдим. Кечки овқатдан кейин дадам ойимга гапириб қолди:

– Эгамберди бечора куйиб адойи тамом бўпти. Чирчиқдан келяпман, дейди. Ўғли чўнтак кесаётганда қўлга тушганмиш.

Ойим: “А?” дедию қўлидан пиёла тушиб кетди.

Мен карахт бўлиб қолган эдим. Йўқ, ишонмайман. Ёлғон, бу гап ёлғон! Дунёда Хўжадан яхши бола йўқ. Хўжа ёмон бўлиши мумкин эмас… Тағин ким билади дейсиз, ҳаёт қонунлари ҳар доим ҳам бизнинг хоҳишимизга бўйсунавермайди…

 

Ўткир ҲОШИМОВ

 

“Дунёнинг ишлари”дан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.