Ватанни суймак

0
2103
марта кўрилган.

Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гў шасида ўз ватанининг муҳаббати турар.

Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдигимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимулар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат қилурлар эди.

Боболаримиз “Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл”, – демишлар.

 

Мен айблик эмас, эй ватаним, тоғларим,

Бевақт ташлаб кетдим, оё, боғларим.

Ҳижрон қилодур мени жудолиғ,

Дўнди ғама рўз-у шаб-у чоғларим.

 

Ҳаммага маълумдурки, энг муқаддас диний еримиз ўлан Арабистонга боғларини, ҳовлиларини сотуб ҳижрат қилган ҳожиларимизнинг аксари яна ўз ватанларига қайтуб келурлар. Бунинг сабаби, яъни буларни тортиб кетурган қувват ўз ватанларининг, тупроқларининг меҳр-у маҳаббатидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Ҳуббул – ватани минал имони – ватанни суймак имондандур”, – демишлар.

 

Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон,

Банга на ғам, қолур авлодима уй-у ватаним.

Ғубора дўнса ғамим йўқ вужуд зери ваҳм,

Чароки ўз ватаним ҳокидур гўр-у кафаним.

Туғуб ўсан ерим ушбу ватан вужудим хок,

Ўлурса аслина рожеъ бўлурми ман ғамнок?

 

Абдулла АВЛОНИЙ

 

“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.