Вақт – ақлий меҳнат кишисининг сармояси

0
278
марта кўрилган.

Оноре де Бальзак таниқли француз адибларидан бири бўлиб, жаҳон адабиётига ҳам «Горио ота», «Сағри тери тилсими», «Гобсек» сингари бетакрор, ўлмас асарлари билан ҳисса қўша олган. «Инсон комедияси»нинг муаллифи бир пайтлар графиня Эвелина Ганскаяга шундай деб ёзган эди: «Уч инсон бениҳоя, умрбоқий умрга муносибдир: Наполеон, Кювье, O’Коннель, – мен уларнинг тўртинчиси бўлишни истардим…» Адибиётшуносларнинг фикрича, Бальзак босиб ўтган ҳаёт йўли, адабий мероси билан ҳақли равишда юқоридаги шахслар қаторида туради.

Қуйида унинг асарларидан сараланган сатрларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.


 

***

Киши ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин лоақал унинг фикр-асрори, унинг бахтсизлиги, унинг ҳаяжонига шерик бўлиш керак.

 

* * *

Ўта гўзаллик, энг дилбар ташқи қиёфа ҳам, агар ҳеч ким шайдо бўлмаса, уч пул.

 

* * *

Ҳаёт турли хил ҳолатларнинг алмашинувидир, истаган жойда қулай аҳволда қолиш учун уларни ўрганиш, кузатиш керак.

 

* * *

Қўлимиздан келадиган барча уддабуронликлар чидам ва вақтнинг аралашмасидан бошқа нарса эмас.

 

* * *

Вақт – ақлий меҳнат кишисининг сармояси.

 

* * *

Барча туйғуларимиз ичидаги энг эсдан чиқмайдигани – қайғу.

 

* * *

Кўзга ташланиб турмаган саховатни ҳеч ким ахтариб ўтирмайди.

 

* * *

Иккиланиш – кучни йўқотиш демакдир.

 

* * *

Сабр билан кутганларга ҳамма нарса ўз вақтида келади.

 

* * *

Меъёрдан ошириб юбориш – мақсадга етиш эмас.

 

* * *

Ўз ожизлигини тан олиш билан инсон янада бақувватлашади.

 

* * *

Ақлнинг худди боғкўча сингари синалган сўқмоқлари бор.

 

* * *

Кулги билан феъл-атворни ҳам тузатадилар.

 

* * *

Аҳмоқлик шу қадар тубсиз жаҳаннамки, уни тагигача билиб бўлмайди, ундан ҳеч бир акс садо ҳам чиқмайди, у жами нарсаларни ном-нишонсиз ютиб юборади.

 

* * *

Савол аломати ҳар қандай фаннинг калитидир.

 

* * *

Ҳақиқий олим хаёлпарастдир, кимки хаёлпараст бўлмаса, у ўзини амалиётчи деб атайди.

 

* * *

Барча тажрибалар умид ва синчковлик чангалида пишиб етилади.

 

* * *

Одатлар – бу одамлардир, қонунлар эса – мамлакатнинг ақли. Одамлар кўпинча қонунлардан кўра шафқатсизроқдир. Аксари номақбул одатлар қонунлардан устун келади.

 

* * *

Айбдор бўлмаслик учун минг карра ҳақ бўлмоқлик даркордир.

 

* * *

Ҳақиқатнинг таъми тахир, аммо у шифобахш аччиқ дорининг ўзгинасидир.

 

* * *

Виждонимиз – агар уни ўзимиз ўлдирган бўлмасак, энг покиза ҳакамимиздир.

 

* * *

Ўзига-ўзи маҳлиёлик – дўстликни қийратувчи заҳар.

 

* * *

Дўст оғзидан чиққан танқидий фикр нақадар тотли, унга ишонасан, ундан хомушланиб қоласан, чунки унинг тўғрилигига шубҳа йўқ, лекин у жонни оғритмайди.

 

* * *

Ўтмишни ҳам, келажакни ҳам тан олмайдиган ягона эҳтирос севгидир.

 

* * *

Муҳаббат – шундай бир сохта танга ясовчики, у тиним билмай мисни олтинга айлантирувчигина бўлиб қолмай, вақти-вақти билан олтинни мисга айлантириб турувчи ҳамдир.

 

* * *

Эркак кишининг истеъдоди худди аёл жозибасига ўхшаб – қуруқ ваъданинг ўзи. Чинакам улуғворлик учун эса унинг қалби ва феъл-атвори ҳам ўз истеъдодига монанд бўлмоғи керак.

 

* * *

Мен ўз ҳаётимни пораланиши мумкин бўлган юракка ҳам, ўтмаслашиб қоладиган ҳис-туйғуларга ҳам эмас, балки ҳеч қачон эскирмайдиган ва ҳамма нарсага бардош бера оладиган мияга жамлаганман.

 

* * *

Муҳаббат оилавий машмашаларни шу қадар ёқтирмайдики, чинакамига бахт-саодатли бўлмоқ учун бир-бировингда энг олижаноб фазилатларни топа билмоғинг керак.

 

* * *

Иззат-ҳурмат ота ва онани, шунингдек, болаларни ҳам қўриқлаб турувчи посбондир; у ота-онани кулфат ва ғамдан, болаларни эса виждон азобидан қутқаради.

 

* * *

Ирода истеъдодга нисбатан кўпроқ ифтихор қилса арзийди ва шундай бўлиши керак. Агар истеъдод табиий мойилликларнинг ўсиб-улғайиши бўлса, қатъий ирода эса – бу ирода итоат эттириб, бостириб турадиган кўникмалар, ҳаваслар устидан, у енгиб ўтадиган тўсиқ ва ғовлар устидан, у қаҳрамонона бартараф қиладиган ҳар қандай қийинчиликлар устидан ҳар бир дақиқада қўлга киритиладиган ғалабадир.

 

* * *

Доим ўзинг гапираверсанг – ҳамиша ҳақ бўлиб чиқасан.

 

* * *

Хушмуомалалик ва камтарлик кишининг чинакам маърифатлилигидан нишона.

 

* * *

Сиздан илтимос қилинмаган ишни ўзингиздан-ўзингиз бажарманг.

 

* * *

Иззатталаблик аралашган жойда самимиятга ўрин йўқ.

 

 

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

 

“Қашқадарё” газетаси сайтидан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.