Тошқотган аждарҳо

0
190
марта кўрилган.

Қадимда Бойсун билан Шўрчи орасидаги кичик сўқмоқ Қорадарадан ўтарди. Савдогар, йўловчи карвонлари минг азоб билан дара ичидан ўтиб, Ҳисор томонларга боришарди.

Қорадаранинг кунчиқар томондаги қояси устида даҳшатли аждарҳо пастга ташланишга ҳозирланганча тошқотган. Аждарга диққат билан, қарасангиз, гўё у ҳозир тирилади-ю, пастга сакрайди. Қизиғи, у фақат пастда турганларгагина кўринади. Чунки емирила бошлаган бу баланд, тик қоя устига чиқишнинг асло иложи йўқ. Халқ орасида бу аждарҳо ҳақида шундай ривоят юради.

Қорадарада бир одамхўр аждарҳо яшаган экан. У дарадан ўтаётган карвонларга ҳужум қилиб, кўп озор етказар экан. Сарбонлар унинг ҳужумидан омон қолиш учун бир ўспирин ёки қизни олдинроқ келтириб, дара оғзига қўйиб кетар экан. Аждарҳо ўлжани олиб уясига чиқиб кетгач, карвон хотиржам дарадан ўтиб олар экан. Ниҳоят, қурбонлик навбати карвонбошининг ёш, гўзал қизига келибди. Ота-онасининг оҳ-ноласига қарамай, жасур қиз аждарҳога ем бўлишга рози бўлибди. Карвондаги бақувват, мард қўриқчи бир йигитнинг қизда кўнгли бор экан. Қўриқчи йигит карвондагиларга қараб шундай дебди:

– Бола кетса ботир қолмас, қиз кетса она қолмас, ҳар иккиси кетса эл-юрт қолмас, қачонгача аждарҳо зулмига чидаймиз? Қиз ўрнига мени қолдиринглар, мен у одамхўр билан жанг қиламан.

– Ўғлим, мен карвонбоши бўлсам-да, ҳамма қатори шу халқнинг бириман, қандай қилиб қизим ўрнига сени юбораман? – дебди сарбон.

– Мен жангчиман, – дебди қўриқчи йигит, – инсон ўзининг ер юзидаги лаҳзалик умрида уч амални бажариши лозим. Булар – дарахт ўстириш, қудуқ қазиш, илон ўлдириш. Мен ҳеч бўлмаганда, учинчи қоидани бажарай. Кўксимда юрагим уриб турар экан, билагимда куч-қувватим бор экан, мен севгилимни аждарга ем қилиб қўймайман. Бу йигит шаъни учун ҳақорат. Юҳони курашда енгсам, йўлтўсар қонхўр махлуқдан умрбод қутуламиз, ўлсам, ҳаққимга дуо қиласизлар.

Карвондагилар ноилож рози бўлишибди. Қўриқчи чакмони ичига ўткир қилични яширибди. Унинг қўл-оёғини осон ечса бўладиган қилиб енгилгина боғлашибди-да, аждарга “совға” қилиб қолдиришибди. Учар илон одам ҳидини сезган заҳоти қуюндай келиб, қўриқчи йигитни олиб чўққи томон учибди. Шу пайт дарани қоп-қора булутлар қоплабди. Момақалдироқ гулдураб, яшин чақнабди. Қўрқиб кетган Аждарҳо йигитни ташлаб ўзини улкан ковакка урибди. Фурсатдан фойдаланган йигит ипларни ечиб, қилични орқасига яширибди. Момақалдироқ тингач, Аждарҳо ковакдан чиқиб, йигитни ютмоқчи бўлиб унга яқинлашибди. Йигит бор кучи билан аждарнинг икки кўзи орасига қилич санчибди. Аждарҳо жон ҳолатда йигитни думи билан уриб, қоядан учириб юборибди. Йигит тошдан-тошга урилиб ҳалок бўлибди. Бирдан чақнаган кучли яшин йигитнинг ерда ётган қиличига урилибди. Аждарҳони куйдириб тошдай қотириб қўйибди. Нафақат аждар, яшин зарбидан қоятошлар ҳам куйиб, қоп-қора кўмирга айланибди. Ўшандан буён тоғ номи – Қорадара деб аталар экан.

Карвондагилар тошни ўйиб, шаҳид бўлган мард йигитни удумга мувофиқ дафн этишибди. Карвонбошининг қизи ҳам, бошқа қизлар ҳам сой ёқасидаги оппоқ оҳактош устида аччиқ-аччиқ кўзёш тўкишибди. Бу кўзёшлар шивалаб ёғаётган ёмғирга аралашиб, тошларга сингиб кетибди.

Орадан ойлар ўтиб, карвон ортга қайтибди ва йигит ҳалок бўлган жойда, бир ажиб мўъжизага гувоҳ бўлибди. Қизлар кўзёшлари сингган оҳактошдан булоқ сизиб чиқаётганмиш. Ажабланарлиси, сув чиқаётган жойда на бир ёриқ, на бир тешик кўринмасмиш. Баланд тоққа ёпишган улкан оҳактошдан сизаётган сув тош остидаги чуқурчага йиғилар, ортиқчаси сойга оқиб тушаётган экан. Карвондагилар булоқдан мириқиб сув ичишибди. Шунда таналаридаги чарчоқ тарқаб, ўзларини бардам ҳис қилишибди. Уйга қайтгач, шифобахш булоқ ҳақида ҳамюртларига айтиб беришибди…

Мана орадан неча-неча замонлар ўтди. Ўша сирли оҳактошдан ҳамон сув сизиб оқмоқда. Булоқ суви – ошқозон-ичак тизими ва тери касалликларига даво. Ҳозирги кунда ҳам ҳар бир йўловчи булоқ бошида бир зум тўхтаб, ундан тўйиб-тўйиб сув ичади. Зарур бўлса, идишни тўлдириб олади. Сувдан олтингугурт ҳиди келади. Шунинг учун олтингугурт суви, ҳам дейишади. Аммо сувни идишда бироз сақласангиз, ҳиди йўқолади. Булоқ саховатли инсонлар томонидан муҳофазага олинган. Сув тўпланадиган чуқур устига темир панжара ишланган. Панжара ўртасига кичик темир эшикча ўрнатилган. Идишга сув олингач, турли ҳайвон, жонзотлар сувни ифлос қилмаслиги учун эшикча ёпиб қўйилади. Энг муҳими – булоқ шундоққина йўл ёқасида. Сойдаги харсанг тошлар ичидан ҳатлаб, бемалол булоқ ёнига борилади. Баланд метин қоя устидаги аждартош, пастдаги шифобахш олтингугуртли тошбулоқ – кўҳна тоғларимиз ўз бағрида қанчалаб сир-жумбоқларни сақлаётганини эслатиб туради.

 

Очил ТОШҚУЛОВ

 

“Гулхан”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.