Сумалак

0
257
марта кўрилган.

Зебо мактаб сумкасини пойгакка суяб, этигини кияр, эшик қиясидан пахса томонга бир-бир кўз қадаб қўярди. Пахса ортида эса икки йигит сабрсиз; бири оқ телпакда, иккинчиси сербар тумоқ кийган. Оқ телпакка қарагани сайин қизнинг ёноқлари қизғиш тус оларди.

– Канал музлабди, Зебо! – Одамбой, бояги сербар тумоқли йигит, пахса юзидан қор супириб олиб, ҳовучида думалоқлади. – Муз тойиб кетамиз.

– Хабаринг йўқ экан-да, – Зебо синфдоши Довулдан – оқ телпакли йигитдан кўзини олиб қочди. – Ҳайдар аканинг кенжаси бор-ку, Эломон… уйига борадиган йўлни қисқартираман деб…

– Қисқартираман де-е-еб?! – Одамбой кафтида сиқиб келаётган қорини Довулга отди. Сен ҳам эшит, дегани эди бу.

– Майнавозчилик қилмай, тек юр, Одам. Хуллас, ўша Эломон катта олача сигирини каналга олиб тушибди.

– Кейин-чи, муз ёрилиб кетибдими?

– Мундай бесабрсан! Шунчаки… кечув омадли якунланибди.

– Ҳазилинг бор бўлсин. Сигирга бир нима бўлибдими дебман, – Одамбой қизнинг пўта рўмолидан тортмоқчи бўлдию, ўзини тийди.

– Билмасдан сигирга деб юбординг, Эломонга демоқчи эдинг-ку, тўғрими? – Довул бош чайқаб, қадамини тезлатди, олдинлаб кетди.

– Айнан сигирга дедим! – Одамбой бу гапни Зебонинг кўзларига тикилиб айтди, сўнг Довулга етиб олди. – Ўзинг ўйла, муз дегани бутун бошли сигирни кўтариб ҳам ёрилмабди, бизниям кўтаради-да.

Шамолнинг ғув-ғуви, музнинг таранг ғийқиллаши ва қарғаларнинг бир-бир қағиллаб учиб ўтишини ҳисобга олмаганда ён-атроф жим-жит. Бу пайт улар канал ёқалаб борар, энг олдинда Довул:

– Сигирга ҳеч нима бўлмабдими? Шуям гапми!

Орқароқда Одамбой:

– Қишнинг куни сигирга нима бор каналда?!

Энг орқада Зебо:

– Ўзи ким у Эломон?!

Ўша кун оқшоми билан ёмғир аралаш қор ёғди. Тарнов таги, дарахтларни сумалак бойлади.

 

***

Олча, гилос шохларидаги музларнинг жаранг-журунги куйга ўхшарди. Мўъжиза.

– Ҳо-о-ов анави сумалакни кўраяпсанми? – Одамбой қўлини чўнтагидан чиқармай, тарнов тагида узун-қисқа осилиб турган музлардан энг каттасига ияк отди. – Ана ўшани ким биринчи уриб туширса, байрамдан сўнг Зебо билан бир партада ўтиради. Келишдикми?

– Шуни уриб туширмасдан ҳам ўтириш мумкин-ку, – Довул телпагини энсасигача бостириб кияркан, кечаги дилхираликни тарқатиш учун бу бир баҳона эканини тушунди.

– Унда қизиғи қолмайди, – Одамбой ҳовучидаги қорини тошдек қотириб, мўлжаллаб турди-да, тарнов томонга қарата отди. Сумалаклар жойидан қилт этмади. Довулнинг отгани эса бориб ҳам етмади. Одамбой шунда сербар тумоғини жаҳд билан ечди.

– Тинчликми?! – Довул жўрасининг нияти жиддий эканини тобора англаётган эди.

– Қараб тур, барибир Зебо билан ўтираман… – шундай деб, тумоғини тарновга улоқтирди. Музлар жаранг-журунг узилиб, ерга қулади. Сочилиб кетди. Бироқ тарновдаги энг катта сумалак узилмай қолди.

– Энди сен қарагин, – Довулнинг ғурури қўзиб кетди. Зебо ҳар кўрганида ёноқлари қизариб кетадиган ўша – оппоқ телпагини бошидан суғуриб олди. Бор кучи билан отди. Бироқ бу сафар ҳам тегмади.

Зебо дарвозадан чиқаркан, пойида муз парчалари ва икки телпак ётарди.

– Болалар, эшитдингларми, Эломон олача сигирини каналга яна олиб тушибди, – дарров оқ телпакка энгашди у. Қордан силкиб-тозалаб, Довулга тутқазди. – Иккинчи бунақа қилма!

Одамбой ўз тумоғини ердан ўзи оларкан, эски гапини қилди:

– Сигирга ҳеч нима бўлмабдими, Зебо?!

 

Акмал ЖУМАМУРОДОВ

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.