Соддалик

0
199
марта кўрилган.

Собир Наримонов директорлик вазифасидан ўз хоҳиши билан кетди. Пичоғи қуйруқ устида, ўзи давранинг тўрида эди. Бу кимга ҳам ёқмасди. Наримоновнинг қарори кўпчиликни ажаблантирди. Эҳтимол, унинг қариб қолгани бу маъсулиятли ишни бажаришга халақит қилгандир. “Бошқа бўлганда, ётиб қолса ҳам ариза ёзмасди!” деди кўпни кўрганлар. Хуллас, бу мансабга муносиб киши қидирила бошланди.

Директорликка энг яхши номзод, албатта, Мирзамурод ака. У узоқ вақтдан буён шу мактаб юкини кўтаришга қўлдош бўлган. Ҳамкасбларининг иш жараёни ва феъл–атворини яхши билади. Бошқаларнинг наздида ҳам директор бўлишга фақат Мирзамурод ака лойиқ. Раҳимжонов эса Мирзамурод акага бирор муносиб номзод топилмагач, ўзини тарозига сола-сола розилик билдирди. У яқиндагина ишга келиб дарров психолог лавозимига кўтарилди. Бундан олдин кўп идораларнинг эшигини танг қилган. Бозор кўрган эчкидан қўрқ деганларидек ишламаган жойи, қоқмаган эшиги қолмаган.

Раҳимжонов вақтида отни қамчилаш кераклигини пайқаб, туш пайти унинг қўлини маҳкам қисганди. Тушдан сўнг уникига йўл олди. Қуюқ сўрашгач, гап айланиб ўша мавзуга тақалди ва у асосий мақсадга ўтди. Муддао Мирзамурод аканинг қариб қолганини қайта-қайта таъкидлаш эмас, ёш бўла туриб буни ўзи ҳам эплолмаслигини яхшилаб сингдириш эди. У ўзининг иш тажрибасини гурунг орасида қистириб ўтди.

– Бошимиз ишдими, директор бўлиб. Ўзлари бошқани топишсин. Мен ҳам, сиз ҳам буни бажармаймиз. Садқаи умр, кўчада ўтиб кетади.

Югур-югури кўпроқ бу мансабдан кўра ҳаётининг кейинги қисмини уйда ётиб чой ҳўплаш унга яхшироқ туюлди.

Мактаб директорини тайинлаш фурсати етиб, мактабга ўқитувчилар ва маориф мудирлигидан вакиллар келишди.

Йиғилиш бошланди: номзодлар кўриб чиқилган, кўпчилик тахминича мудирлик ходими ҳам мана Мирзамурод ака энг муносиб номзод эканини таъкидлади, аммо у жойидан қўзғалиб деди:

– Мен бу вазифани уддалолмайман.

Шу пайт ҳаяжондан кимдир қичқириб юборди.

– Сиз эплолмасангиз, мана мен эплайман.

Атрофдагилар бироз ўйланиб турди–да, бирдан чапак чалиб юборди. Мирзамурод ака оғзини ланг очиб, анграйганча қолаверди.

 


Муаллиф ҳақида

Олим Жумабоев 1987 йил 15 апрелда Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Қатортол қишлоғида туғилган. Шу тумандаги 48-мактабда таҳсил олган. Кейинчалик ЖДПИ қошидаги “Сайилжой” академик лицейида ўқиди (2003-2006).

2013 йили ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултетини тугатган. Ҳозир “Ma’rifat” газетасида ишлайди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.