Шоир

0
222
марта кўрилган.

Аркадий АВЕРЧЕНКО,

Россия

 

– Ҳурматли Бош муҳаррир, – меҳмоннинг ва ниҳоят уялибгина тили очилди, – сизни айни дақиқаларда безовта қилиб турганимдан жуда хижолатдаман. Қимматли вақтингизнинг бир дақиқасини менга ажратганингиз учун рози бўлинг, жаноб. Худо ҳаққи, узр сўрайман.

– Ҳечқиси йўқ, майли, ҳечқиси йўқ, – далда бердим ёш дўстимга, – кечирим сўраманг, бемалол, гапираверинг.

Худди катта гуноҳга ботган одам каби чуқур ғамгинликка чўкиб бошини қуйи солди.

– Йўқ, барибир, барибир хижолатдаман… Ўйлашимча, мендан кўнглингиз тўқ эмас, кўзларингиздан шуни илғадим, сизнинг нозик кўнглингизга озор берган бўлсам кечиринг, жаноб.

– Ҳеч қандай муаммо йўқ, дўстим. Айтяпман-ку, ҳеч нарса бўлмади. Мен қайтанга машқларингиз билан танишганимдан хурсандман. Афсуски, қофияларингиз ҳақида фикрим унчалик яхши эмас.

– Буларми? – деди ҳайратдан кўзларини чақчайтириб, – Мана шу қофиялар сизга манзур келмадими?

– Ҳа, мана шулар.

– Наҳотки, шу қофиялар-а?

“Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз,

Суратини чизар эдим тонглари,

Ғазабланмаслиги учун Аполлон

Сочларини ўпардим ҳар кез…”

– Мана шунда қофия йўқми, – шеърни тугатар-тугатмас сўради ёш йигит.

– Афсуски, ҳа. Шу ва шунга ўхшаган бир-икки битикларингиз ҳақида тугал фикрим шундай: қофия йўқ. Масалан, мана қаранг:

“Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз…”

– Нега ахир, жаноб муҳаррир? Ахир улар яхши-ку… – гапимни кесди йигит.

– Майли яхши дейлик ҳам, тўғри, шеърларингизнинг кўпи менда яхши таассурот қолдирди, бироқ… Бизнинг журналимизга тўғри келмайди, тушунинг, ўртоқ шоир.

– Тушунарли, балки бошқатдан бир кўз югуртирарсиз.

– Асло. Ҳожати йўқ деб ўйлайман.

– Бошқаларини ўқиб кўрарсиз, эҳтимол…

Ёш шоирни мамнун қилиш илинжида бошқа бир машқини қўлимга олдим ва ўқий бошладим. Юзимнинг ярми ифодасида галдаги шеърдан ҳайронлигимни, ярми билан эса унга журналга ҳали-ҳамон сиғмаслигидан пушаймон бўлаётганимни билдирдим.

– Балки, бир ижозат берсангиз, ўзим ўқиб берарман. Нима дейсиз?!

Розилик белгисида бош ирғадим. У нозик овозда ўқий бошлади:

“Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз…”

Эндиликда эса билдиришга урунмасам-да, икки юзимда унга розилик берганимдан пушаймонлик ифодаси балқиди.

– Раҳмат, раҳмат, – бир амаллаб тўхтатдим, – шеърларга жой қолмабди, маъзур тутгайсиз, дўстим.

– Қизиқ гап бўлди, жаноб. Яхшиси, қўлёзмаларни сизга қолдираман, шеър руҳиятига кириб яна бир марта ўқиб кўрарсиз, фақат яхшилаб ўқинг.

– Йўқ-йўқ, ўзингизга керак бўлиб қолар, олиб кетақолинг, яхшиси.

– Таҳририятдагилар билан бир маслаҳатлашиб кўринг, илтимос, балки жой бўшаб қолар.

– Ўзингизда турақо…

У гапимни чўрт кесди.

Қолдириш қарори қатъий эканини қанча билдирмасин, қўлёзмаларини қўлига топширдим. Секин ўрнидан турди.

– Қимматли вақтингизнинг бир дақиқасини ажратганингиздан мамнунман, аммо… Майли, хайр жаноб, яхши қолинг!

У кетди. Мен эса у келган пайти мутолаа қилаётган китобимни қайта очдим, ичидан бир варақ қоғоз ерга сирғалиб тушди, қўлимга олдим:

“Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз,

Суратини чизар эдим тонглари.

Ғазабланмаслиги учун Аполлон

Сочларини ўпардим ҳар кез…”

– Уҳ, ярамас! – Буни беришни унутдиммикан ё? Яна қайтиб келмасин тағин. – Николай! – мухбир йигитни қошимга чорладим ва дедим:

– Ҳозиргина чиқиб кетган йигитга бу қоғозни тезда етказиш керак. Югур.

Николай ёш йигитнинг орқасидан кетди ва омонатини қўлига топшириб қайтди.

Чамаси соат еттиларга яқин кечки овқат тановул қилишга йўл олдим. Таксистга пул бераман деб қўлимни чўнтагимга солгандим бир қоғоз илашиб чиқди пулларга. Бу қоғоз бу ерга қандай тушганини англолмадим. Очиб ўқидим:

“Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз,

Суратин чизар эдим тонглари.

Ғазабланмаслиги учун Аполлон

Сочларини ўпардим ҳар кез…”

Чўнтагимда қаердан пайдо бўлди, дея ўйладим яна ресторан сари одимлаётиб. Ишонмасдан қўлимга олиб яна қарадим, ўша шеър. Юмалоқлаб кўчага улоқтирдиму емакхонага кирдим. Официант таомимни келтирган пайти мулозамат билан қўлимга кичик бир қоғоз тутқазди, – Сиз доимий ўтирадиган бу столга сиздан олдин ўтириб кетган одам ташлаб кетибди. Балки, сизга бўлса керак деб ўйладим.

– Қани, бир кўрай-чи.

Қўлидан олдим-у очиб ўқий бошладим: “Кошки бўлсайди қора жингалаксоч қиз…” Бу ерда, айнан шу столда қаердан пайдо бўлди бу? Ё тавба. Йигит тентак-пентакмикан ё… Тушунолмай қолдим. Ё Худойим, мушкулимни осон қил, мени бу шеърдан қутқар…

Қоғозни бурдалаб-бурдалаб официантга тутқаздим.

Эртасига эрталаб эса ҳорғин кайфият, чарчаган ва чўккан руҳ билан чой ичишга ўтирдим.

– Нега бунчалик асабийсиз? – сўради бир аёл.

“Кошки бўлсайди қора жинга…” Хаёлимда шу сўзлар айланаётганидан тилимга қандай чиққанини билмай қолдим. Минг лаънат сенга ҳаётимни заҳарлаётган шеър. Бўлди, чарчадим.

Аёл ҳайрат ичида қотиб мендан узоқлашди.

Пешинда эса енгил тамадди учун ишхонамизнинг пастидаги кичик кафечага чақиришди оғайниларим. Эшикдан киришим билан бу ернинг эгаси бармоқлари билан имлади ёнига.

– Эшитаман, нима гап?

– Жаноб, сизга хат бор! Бир ёш йигит буни сизга етказишимни сўради, йўқ деёлмадим. Нима эканини билмадим-у лекин йигит бу хат ҳаётини яхши томонга ўзгартириб юборадигандек термулди менга.

У қўлимга кичик бир қоғоз тутқазди. “Э, воҳ, Тангрим, шу одамни бўғиб қўйишимдан ўзинг асра. Яна қоғоз, аниқ биламан яна ўша шеър. – Минг балога учрагур, – барибир ўзимни тутолмай қичқириб юбордим, – йўқот кўзимдан шу қоғозни, эллик марта “совға” қилишди бугуннинг ўзида. Йўқот!

Чўнтагимдаги худди ўшандай қоғозни унга тутқаздим. Ўқи, дедим. “Кошкийди бўлсайди қора жингалаксоч қиз…” У барибир нималар содир бўлаётганини тушунмай анграйиб қолди. Аламзада қадамлар билан юриб бу ерни тарк этдим ва ишхонага боришдан қўрққанимдан тўғри уйга йўл олдим. Остонада аёлим қувноқ чеҳра билан қаршилади:

– Бир ёш жаноб келишингиздан сал олдин ташлаб кетди буни. Қўлёзмани уйга келтиришга мажбур бўлганини, вақт ажратиб ўқишингизни истаганини айтиб жуда хижолат чекди бечора. Жуда илтифотли йигит экан, эшитишимни сўраб бир икки шеър ҳам ўқиб берди. Фикримча, шеърлари яхши. Ўқиганида ҳам шундай киришиб ўқиди, мен бунақа ўқий оладиган одамни учратмагандим.

Ичимни кемираётган ғазаб ва ниҳоят мени адойи тамом қилди. Бўлди, бариси тамом. Турмуш ўртоғимга бирон сўз демасдан ишхонага қайтдим. Столимда яна бир даста қоғоз, Аполлондан ғазабланмаслигини сўраган, қайсидир қоравой қизнинг жингалак сочларидан ўпиш истаги ётибди. Бу истакнинг бирини ғижимлаб ташлаган бўлсам, бирини жавондаги кулдондан топдим. Яна бири эса менга тушлик пайти овқатим ўрнига келтириб берилганди. Яна бирига йўлда, яна бирига эса таксида дуч келгандим. Асаб толаларим барчаси ўлиб бўлди. Ким нимадир сўраса, мурдадай жавоб қайтарардим. Ўша куни кечқурун ётишдан аввал ёстиғимни тўғирлаётсам, сочларини тонгда чизмоқ истаги ёстиғимнинг остидан ҳам чиқди. Жинни бўлиш мумкин. Бу қанақа савдо, Худойим! Йиғлаб юборай дедим.

Саҳарда кечаси билан ухлолмаган кўзларимни ишқалаб турарканман, сочни ўпишу Аполлон ғазабига учрашдан қўрққан барча қоғозларни йиғдим-да, оёқ остига ирғитдим. Устида ўйин тушдим, мана сенга шеър, мана, мана… Бу қанақа истак бўлди ўзи, Худойим, жингалаксоч қизнинг сочларидан ўпиш, тфу, э…

Чой ичишдан ҳам, таксига чиқишдан ҳам қўрқдим, учраган одамдан яшириниб-яшириниб, пиёдалаб офисга етиб келдим. Шошганим учун кўринишимдан бир таҳририятнинг бошлиғига эмас, ҳозиргина жиннихонадан қочган дайдига ўхшаб қолгандим, кира солишим билан қўлимга илинган қоғозга ёза бошладим:

– Ариза (нуқта). Бош муҳаррирлик вазифасидан озод қилинай, ёлвораман, ҳайдаб юборинглар мени…

Қоғозни қўлимга олганимда орқасида ёзув борлигига кўзим тушди:

“Кошкийди бўлсайди қора жингалаксоч қиз…”

 

Рус тилидан

Раҳмат Бобожон

таржимаси

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.