Шарқнинг энг буюк ҳукмдори

0
1464
марта кўрилган.

Инсоният тарихида буюк подшоҳ, саркарда ва жаҳонгир сифатида из қолдирган аждодимиз Амир Темур ҳақида ёзилган ҳар бир илмий ё бадиий асар бугунги кишилар учун ибратлидир. Турк ёзувчиси Дундар Алпнинг усмонличада, ҳижрий 1330 (мелодий 1912) йилда Истанбулда босилган “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори” романи Темур мавзусида туркий тилларда яратилган илк романдир. Унда ёш Темурнинг юксак шахсияти, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, халққа доимо ён босгани ва хизмат қилгани учун даврининг энг суюк ва буюк хоқонига айлангани кўрсатиб берилган. Темурнинг шахсий ҳаётидаги ва давридаги жасурликлар, садоқат, яхшилик, шафқат ҳақида ўқирканмиз, бундан таъсирланишимиз, фикру туйғуларимизни, кўнглимизни ва табиатимизни тарбиялашимиз, олдингига кўра бирмунча ўсишимиз муҳаққақдир.


 

Сўзбоши

 

Бир неча кун муқаддам “Шарқ” театрусинда “Темурланг”[2] номли бир пьесанинг томошага қўйилишини эшитишим биланоқ мен ҳам тарихини, ўтмишини бу саҳналардан ахтарган ватандошларим каби ўша ёққа ошиқдим.

Буюк хоқон Темур билан ҳашаматли Йилдирим Боязид орасидаги арзимас келишмовчилик боис чиққан уруш ва унинг оқибатларини бетарафона муҳокама этадирган бир саҳна ўйинини кутардим. Бироқ янглиш ёзилган тарихий воқеаларнинг янглиш талқинлари кўрсатилди. Менимча, муаллиф бу хато, бирёқлама битилган тарихни қабул қилган ва уни кенгайтириб кўрсатишни истаган бир шахсдир.

Бу икки даҳо орасидаги мағлубият тарихларидан, яъни вужудини қорасон қоплаган муаззам усмонлилар императорлигини қутқармоқ учун тақдирнинг санчиган ништари аччиғи билан ёзилган тарихларимиздан бетарафликни кутмоқ ўринсиздир, зотан, улар муқояса этилмасдан битилгандир. Аммо мен йигирманчи асрда яшаб туриб бундайин муҳокамасиз, бўхтонли тарихларни, талқинларни қабул қилолмайман, албатта.

Инсоният тарихида буюк подшоҳ, саркарда ва жаҳонгир сифатида из қолдирган аждодимиз Амир Темур ҳақида ёзилган ҳар бир илмий ё бадиий асар бугунги кишилар учун ибратлидир. Турк ёзувчиси Дундар Алпнинг усмонличада, ҳижрий 1330 (мелодий 1912) йилда Истанбулда босилган “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори” романи Темур мавзусида туркий тилларда яратилган илк романдир. Унда ёш Темурнинг юксак шахсияти, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, халққа доимо ён босгани ва хизмат қилгани учун даврининг энг суюк ва буюк хоқонига айлангани кўрсатиб берилган. Темурнинг шахсий ҳаётидаги ва давридаги жасурликлар, садоқат, яхшилик, шафқат ҳақида ўқирканмиз, бундан таъсирланишимиз, фикру туйғуларимизни, кўнглимизни ва табиатимизни тарбиялашимиз, олдингига кўра бирмунча ўсишимиз муҳаққақдир.

Темурнинг Йилдирим Боязидга ёзган хатида турклар бирлиги борасидаги шоҳона таклиф бўлганлигини ва султон Йилдиримнинг, айтиб ўтганимиздек, кичик бир англашилмовчилик юзасидан унга юборган мактубидаги хитобида “дайди ит” деган баландпарвозона ибора қўллагани орага нифоқ солганини назарга олсак, бор ҳақиқат ўртага чиқади. Шунча йиллардир икки туркий сулоланинг чиқишолмаслигига, қардошларнинг келишолмаслигига ягона сабаб – ана шу кичик ҳақиқатнинг катта-катта бўхтонларга, мағлубият алами билан сўйланган аччиқ-аччиқ ҳақоратларга йўл очгани эмасмикин?

Темур ва Йилдиримнинг – бири ғолиб, бири мағлуб бўлса ҳам – усмонлилар салтанатига кўрсатган хизматлари сиёсатчилар наздида инкорсиз бир ҳақиқатдир.

Темур усмонлилар салтанатини бир хаста каби жарроҳлиқ тахтасига ётқизди. Бироқ уни ўлдирмак учун эмас, балки қутқармоқ учун бир қўлинигина кесди.

Темур усмонлилар баданидан анчагина қонлар оқитди, бироқ бу қорасонга йўлиққан вужуддан жарроҳлик жараёнида тўкилган қон ва йирингдан бошқа нарса эмасди.

Темур усмонлилар кўксидан бир неча яра очди, фақат бу ишни у усмонлилар жаллоди бўлмоқ учун эмас, балки унинг муҳташам ҳаётини, муқаддас мавжудиятини қутқармоқ учун бажарди. Вазифаси-да бир жарроҳлик эди.

Бутун тарихларда истакли ё истаксиз ўлароқ ёзилганидек, Темурнинг мақсади, фикри-зикри туркийлар бирлигига хизматдан иборат эди. Ана шунинг учун у бунчалар қонлар тўктирди, ана шунинг учун у буюк ва қутлуғ бир қардоши Йилдирим Боязид билан урушга киришди, ана шунинг учун у Осиёни бошдан-оёқ отда босиб ўтди ва шу йўлда унинг оти қонхўрга чиқди, жуда кўп қийинчиликларга, йўқотишларга чидади.

Бу йўлда ҳеч бир монелик, ҳеч бир қудрат уни бу муқаддас азмидан қайторолмади, қайтаришга муваффақ бўлолмади…

Воажаб! Не буюк зот эмиш бу Темур! Ватани учун, миллати учун чидаб бўлмас қийинчиликларга чидаган, фидокорликлар кўрсатган улуғ инсон! Фақат миллатини юксалтмоқ учун қардоши Йилдиримни ҳам аямаган қўмондон!

Бу, онаси учун – ватани учун шунчалар фидокорликлар қилган буюк Темурга шу муҳтарам онанинг авлодлари кўрсатган эҳтиром шуми? Унинг хизматларига муносабат, шукрона ҳадияси буми?

Бу қандай қадршуносликки, онасини қутқармоққа ўзини бағишлаган бир халоскорни туҳматларга, ҳақоратларга кўмиб ташласалар…

Бу қандай кўр эҳтиросу интилишки, икки хонадон орасида кичик бир тушунмовчилик натижасида вужудга келган келишмовчиликни мангу давом эттирмоқ истарлар…

 

* * *

Рўмонимизнинг ғояси Темурнинг ҳаёти ва тутган сиёсатини кўрсатмоқдир. Ана шу мақсадда қўлга қалам оларканмиз, билдирилажак эътирозлар хаёлга толдирди ва иккилантирди, бироқ асардаги воқеалар ҳақиқий тарихий ҳодисаларга мос эканлигини ўйларканмиз, китобхондаги шубҳалар ҳам қуёш тафтидан эриб битган муз парчаларидай йўқолишига қаноат ҳосил қилдик-да, ишга киришдик.

Темур ҳақидаги эътирозларнинг энг каттаси унинг “қонхўр”, “золим” бўлганлигидир. Аммо бу ўша замонда, у яшаган ўрта асрларда табиий ҳол эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Аслида, айрим ғаразкор тарихларда ёзилгани каби бемаъни, сабабсиз золимликни Темурда топа олмаслигингизга имонимиз комилдир.

Энди айтинг-чи, қайси жаҳонгир қонлар тўкмаган, қайси жанговар жонларни ўтда ёқмаган? Бугун энг маданиятли деб танилган мамлакатларда барча замонларда ҳам кўкка кўтарилган Наполеонларга, Иккинчи Фредерикларга, Дали Пётрлару Ҳанибалларга тўккан қонлари учун қандайин маъзурият кўрсата олурлар? Султон Ёвузнинг Эронга юришини муҳаққақ ва сиёсат тақозоси дея эътироф қилган тарихчилар, ажабо, не учун Темурга эътироз этаверадилар?

Дейишингиз мумкинки, Султон Ёвуз Эронга сафари билан усмонлининг манфаатларини қўриқлади, фақат Темур… ғояи аъмоли туркийларнинг бирлиги экан, нечун бунга эришолмаган ва нечун сиёсати натижаларини камоли муваффақият-ла тарихга биттира олмаган?..

Маълумдирки, ғоя ва муваффақият бошқа-бошқа нарсалардир.

Султон Ёвузнинг ислом бирлиги ғояси байроғи остида Мисрга юриш уюштирганини, қайси йўллар билан қандай сиёсий натижаларга эришганини тарихдан биламиз. Ёвузни, тутган сиёсатини янада шуҳратли қилган унинг Шаҳболдаги муваффақиятидир. Шунинг учун Ёвузни дунёнинг энг буюк подшоҳи дейишади.

Энди бир ўйлаб кўрайлик: Наполеон Мўсқўвни олди, Пруссия қироллиғини маҳв этди, Италига қўшин тортди – ғояси, мақсади бир лотин бирлигини вужудга келтириш эмиш.

Буни бажара олмагани ҳолда қанча-қанча қон тўкканини, Мўсқўвга енгилганини, қанча-қанча инсонни қурбон берганини рўкач қилиб, нечун Наполеонни қонхўр дейишмайди, таҳқирлашмайди – буни ҳам ўйлаб кўрайлик.

Франсузлар ҳам ва ёхуд Наполеондан ёмонлик кўрган бошқа жабрдийда қавмлар ҳам нега тарихларда уни лаънатламайди-да, усмонлилар ўз тарихларида Темурни нечун бунчалар куткулашади? Бу ҳам етмаганидек, нечун театру саҳналарида Темур қилмаган ишларни қилди дерлар, нечун Темур умрининг ҳеч бир даврида бошидан кечирмаган, кўрмаган хаёлий воқеаларни ҳаётий дея ғаддорлик этурлар.

Йўқ! Муҳтарам ўқувчиларим, Осиёда яшаб ўтган, сиёсат майдонида жавлон урган ҳукмдорларни кўз ўнгимиздан ўтказганимизда, Темур ҳам Султон Ёвуз каби обидаи ҳарбиядир – қаҳрамонлик ҳайкалидир!

Йилдирим Боязид билан курашга киришига сабаб Темурнинг ўзи эмас, қисматдир; бу уруш қазои қадарнинг бир ҳукмидир. Бу ҳукмга Йилдириму Темур, татару турк биргаликда бош эгишга мажбур бўлдилар.

Темур ҳукумат ҳаётини муҳофаза этмак учун шундайин асослар яратган ва шундайин мустаҳкам бир давлат биносини вужудга келтирган эдиким, агар ундан кейин келганлар ўша йўлда хизмат этсаларди, у доҳийнинг тамалини қўймиш у сиёсат, у давлат абадиян яшарди.

Давлатни бошқариш нуқтаи назаридан Темур буюк бир бошланғичдир, ҳикмати ҳукумат булоғидир. Жаҳон халқлари ўз қиролларини, хонлари ва подшоҳларини Тангри йўлидаги бир манзил ёки Оллоҳнинг ердаги сояси деб билган бир замонларда Темур ўзини бошқача тутган, инсонларни ўзига сажда эттиришга қодир бўлатуриб бу ишни қилмаган, фақат давлатни ўйлаган. Кейинги даврларда дунёда шаклланаётган миллий ҳокимиятни ўз даврида у кашф этган; тузуклари, сиёсий тутумлари билан улусига қонун ҳукмронлигини кўрсатмоққа интилган. Темур даҳосининг ёдгори бўлмиш қурултой (мажлиси маъбусон – депутатлар кенгаши) унинг қийматини, буюклигини кўрсатувчи бир тарихий ҳақиқатдир. Темурнинг кимлигини англамак учун биргина ўша шоҳ асарни – қурултойни билмак ҳам етарлидир.

 

* * *

Темур ҳаёти акс этган воқеалар рўмонимизни ўқишга киришган ўқувчилар кўз олдиларида жонланаркан, бундан руҳий лаззат туюшлари шубҳасиздир. Қўлимиздан келганича тарихий ҳақиқатларни ёритишга ва китобхонни мамнун этишга интилдик.

 

Дундар АЛП

18 август 328[3]

Қизтоши, Истанбул


 

  1. НОМАЪЛУМ ОТЛИҚ

 

1350 мелодий йили. Туркларнинг асл ватани Мовароуннаҳрда ва унинг теграсида аҳолига таскин берувчи, тинчликка чорловчи бир руҳ ҳукмрон. Қуёш Туркистон саҳроларини қиздириб-қовураркан, ёруғ кенгликларда юрган арслон юракли жанговарларнинг найзалари учида жилваланган нурлар улар манглайидаги шараф нишони каби ярқирайди.

Ҳусайн Куртнинг бош кўтаришидан ғазабланган, томирларида қони қайнаган барча қаҳрамонлар оёққа қалқишди, урушқоқлик ҳислари жўш уриб, майдонга тўпланишди. Улар жалойир хонадони донғини юксалтирган улуғ вазир Қизғиннинг чопарини кутишмоқда.

Ниҳоят, қуёшнинг ёқувчи ёғдулари остида кумуш туғини ялтиллатиб келаётган отлиқ – хабарини қичқириб билдираётган чопар ҳам кўринди. Унинг ҳайқириғи вазиятнинг нозиклигини тасдиқларди:

– Ҳусайн Курт юртимизга бостириб кирди! Онасини суйган қаҳрамонлар, Тангрисини таниган жанговарлар, миллатини қутқармоқ истаган арслонлар, қуролланинг! Улуғимиз Қизғин барча туркий хонларини ўз жангчиларини тўплаб, ватанни қутқармоқ учун сўғишга киришини буюрадир!.. Қани, барча қўлига қурол олсин!

Халқ орасида алғов-далғов юз берди. Чопарнинг товушини эшитган ҳар киши ўз уйига боришга, қуролланмоққа ошиқди. Жарчи илгарилар экан, ҳар ўн одимда хабарини такрорларди. Уни эшитган ботирлар ўз маконларига қараб югуришар, чодирлари устунига осиғлиқ ўқ-ёйларини, найзаларини олиб, уруш кийимларини кийишиб, отларига сакраб минганча йиғноқ майдонига чопишар эди.

Улус тўпланди. Эл ва беклар кенгашдилар, вазиятни муҳокама қилдилар. Юртга бостириб кирган Ҳусайн Куртга қарши урушмоққа қарор берилди.

Аслида-ку, уруш бошланганди.

Давлатининг ички тизимида ўзгариш, ислоҳот ўтказишга киришган Қизғин ўз бошлаган иши билан машғул экан, ўлкадаги бошқарувнинг кучсизланганини гумон этган Ҳусайн Курт фурсатни қўлдан чиқармасликка тиришди.

Юртга тўсатдан бостириб кирган Ҳусайн Курт зафар қозонишга қаттиқ умид боғлаганди. Зотан, Қизғиннинг ўз идорий ишлари билан овора эканига, шунинг учун унчалик қаршилик кўрсата олмаслигига ҳам инонарди. Шу боис пайтдан фойдаланиб, кучига куч қўшиб, бирданига зарба бературиб, турклар ўлкасини тамомийла эгаллаб олишга қарор қилганди.

Унинг бу ҳаракати мамлакатда кучли акс садо берди: халқ барча ишини ташлади, қўлига қурол олиб, ватан мудофаасига отланди. Жанговар туркларнинг босқинчи Ҳусайн Куртга нафрати кучли эди, шунинг учун қарши ҳужумлари ҳам даҳшатли бўлди. Шоқоллар инига суқилиб кирганида қаҳрланган арслонлар каби туркларнинг ҳам ғазаби қайнаганди. Улар бирлашиб шундай уруш қилишдики, ёв бунга чидай олмасдан чекинди ва тирқираб қочиб қолди. Уларни Хуросонгача қувлаб боришди. Мовароуннаҳр аскари Хуросон кўксига ўткир ўқдай санчилди. Турк ўрдуси Ҳусайн Курт қўшинини янчиб ташлади, зафар қозонди.

Бироқ бу ғолиблик осонгина қўлга кирмади. Ўрдудаги ҳар бир ботир жонини тикиб урушди, бир кўпи сўғишларда шаҳид тушди. Қизғиннинг қўшини Туркистондаги турли туркий уруғлардан тузилганди. Улар орасида барлослардан чиққан ёш, жасур бир жангчи ҳам бор, у Абу Тарағайнинг ўғли Темур эди.

 

* * *

Туркийларнинг Хуросонга кириб боришидан уч кун олдин, эрта тонгда, катта Хуросон йўлида бир отлиқ кўринди. Суворий қушдай учиб келарди. Бомдод вақтида ҳам у отдан тушишни, бир оз тин олишни ўйламасдан, ҳамон арғумоғини елдириб борарди… У чақмоқдек шиддат билан йўл босаркан, воҳаларни, чўлларни, қиру тепаларни, тоғларни отининг туёғи остига тўплагандай ўзини қудратли сезарди.

Кенг дунё унинг тўриқ оти оёқлари тагида кичкина бир майдонга айланганди гўё. У қанотланган саҳобадай учарди, учарди, учарди…

От чиқарган чанг-тўзон ўтмишларни пардалаб, келажакнинг порлоқ саҳифаларини кўрсатмоқчи бўлгандай мовий кенгликларга юксалар, отлиқ эса ҳамон олға интилар эди.

Кун ёришаркан, кимлиги номаълум бу отлиқ Хуросонга етиб борди. Шаҳар чанг ва тутун билан қопланган, атроф яхши кўринмас, уфқни қора булутлар эгаллаган эди. Ҳусайн Куртнинг одамлари бу отлиқни пайқашмади, барча ўз иши билан машғул эди. Бундан фойдаланган номаълум киши бир уйга кириб ўрнашди. Сўнгра бозорга чиқиб, хуросонликлар киядиган кийим-кечаклардан сотиб олди. Уларни кийиб, посбонга учрашди. Посбоннинг қашшоқ бир оиладан эканлигини у олдиндан сўраб-суриштириб, билиб олганди.

Қоровуллар тўпланадиган чойхонага киргач, у ўзини танитмоқ учун атайлаб ҳалиги посбоннинг қаршисига бориб ўтирди. Унга синчиклаб боқаркан, самимий суҳбатлашди ва орада уни синаб кўрди. Охирида унинг кўзларидан, сўзларидан очкўз киши эканлигини, арзимас бир совға билан бир қанча ишларни битириб олиш мумкинлигини англади. Ўзини танитмасдан, яна ўтирган ерида сўраб-суриштиришни давом эттирди.

Номаълум йигит кулимсираганча суҳбатлашиб ўтираркан, теваракдагиларни кузатар, вазият ҳақидаги тасаввурини янада тўлдиришга тиришар эди. Бир пайт посбон баланд овозда санъатни ёмонлаб, ёқасини олифталарча силкаб, иғво қозонини қиздириб, ўша куни юз берган бир воқеани сўйлай бошлади. Теградагилар унга шундайми, деган маънода қизиқсиниб қараб, тинглашар эди. Номаълум йигит ҳам унинг сўзларига жон қулоғини тутаётгандек янада яқинроқ сурилди. Қоровул эски суҳбатдошини топиб олгандай севиниб, завқ билан гапни кўпиртирар, унга қараб хитоб қилар эди.

Номаълум киши суҳбат асносида қоровулни чой ва қаҳва билан сийлади. Бу унга мойдай ёқди. Охири посбон номаълум йигитнинг қўлини қўлига олиб, эски дўстдай дардлаша бошлади, унга бутун ҳаёт ҳикоясини айтиб берди. Қоровул унинг эътиборини тортиш учун бор ҳунарини кўрсатмоқда эди. Кўп сўзлаган – кўп чалғийди, деган оталар сўзи бор. Бу одам, лақмалиги етмагандай, бир оз аҳмоқроқ ҳам эди. Суҳбат сўнгида қоровул тамоман юмшаб, гапга унайдиган ҳолга келди. Шунда номаълум киши:

– Модомики, лутф этиб, менга шунчалар қиймат бериб… – дея кулимсираб, синчковлик билан унинг юзига боқди. Кўз кўзга тушган аснода “фақат…” дея тараддудланди. Олдиндан тайёрлаб қўйилган бир халта ақчани унга беркитиқча тутқазди. Қоровул енг ичида узатилган қизил халтача тафтини туяркан, ақча исидан маст бўлиб, сўзини йўқотиб қўйди. Бир оздан кейин ўзига келиб:

– Шу, мен сал наридаги даламда кечгача ишлаб, чарчаб қоламан, денг. Йўқчилик, етишмовчилик ёмон. Шунақа пайтлар бўладики, ишдан кеч қолмаслик учун умримнинг энг қимматли дамларидан ҳам воз кечишга тўғри келади… – дея чайналди.

– Э, яшанг! – деди кулимcираганича номаълум йигит. – Модомики, сиз умрингизнинг энг азиз онларини шунақа ишларга бағишларкансиз, энг муҳими, шундайин бир соҳоватли инсон бўлатуриб, нечун мендан яхшилигингизни аяйсиз?

– Астағфуриллоҳ, тақсир, унчалик эмас-ов! Фақат бошимдан… – дея ғудранди, “бошимдан ажралиб қолишдан қўрқаман”, дея олмади.

– Э, худойим-эй, қизиқ одам экансиз-ку, нима, менга ишонмайсизми? – деди номаълум киши, орада яширинча яна нимадир узатди.

– Кечирасиз, тақсирим… – дея тараддудланди қоровул ва сўзи кесилди. Чунки унинг кўзи номаълум йигит қўлидаги қизил халтачага тушиб қолганди. Севинчдан қоровулнинг юраги ўйнаб кетди. Шошилиб: – Сиздайин сахий ва олийҳиммат зотнинг сўзини икки қилиб бўларканми, бу инсофдан эмас! – дея хитоб этди. – Нени истасангиз, барчаси бош устига! Қачонки қалъа девори ёнига келиб, пастдан туриб мен ғариб-фақирни чақирсангиз, кифоя, дарвоза калитини бурждан ташлаб юбораман. Ичкарига кириб олгач, калитни менга қайтариб берасиз, – деди сирли қилиб.

– Кўп яхши! – деди номаълум йигит.

Шу билан суҳбат тугагандай бўлди. Икковлон кечки пайтда кўришмоққа келишиб, ўринларидан туришди ва айрилишди.

Номаълум йигит турган уйига қайтгач, ўз юртини, севгилисини ўйлаб, юраги сиқилди. Ҳаяжонини, оғир хаёллар тўлқинини босиш учун ёлғизликни ихтиёр этиб, анчагача ўйланиб ўтирди. Бутун руҳини ишқ ўти қоплаб олган, бу ўтда йигитнинг борлиғи ёнар, унинг бу қайғули ҳолати ғамга берилиб, ерда чўзилиб қолган арслонни эслатар эди.

Унинг кенг ва ҳайбатли кўкси нафас олишига мос тарзда кўтарилиб тушар, маъюс юзида жасур қалбининг шиддатли туйғулари акс этар, бу кўриниши билан у эртаклардаги ошиқ қаҳрамонларга ўхшаб кетар эди. Йигит чиндан ҳам ошиқ эди. Руҳидаги ишқ изтироби шунчалик тўлқинланган эдики, инграётганини ўзи ҳам сезмасди. Бу аччиқ ва тотли ишқ ингроқлари нарироқда ухлаб ётган мусофирларни уйғотиб юбориши мумкинлиги ҳам хаёлига келмасди.

У анча пайтгача ўйланиб, “уф” тортиб, ихтиёрсиз инграниб ётди ва ниҳоят, ярим кечаси ухлаб қолди.

 

  1. ТУТҚУНЛИК

 

Эртаси кун эрта тонгда Хуросон қалъасидан бир тўп киши ташқарига чиқди. Улар орасида ҳалиги номаълум йигит ҳам бор эди. У от устида савлат тўкиб ўтирар, жасур кўрки билан барчадан ажралиб турарди.

Йигит қалъа дарвозаси қоровуллари ёнига, бурчакка яқинлашаркан, ўзини кутаётган посбонга дуч келди. Саломлашиб ўтиб кетмоқчи эди, кеча олган сариқ олтинлари тотидан ҳалигача яйраётган қоровул унга елимдай ёпишиб олди.

Тақсир, кечқурун қайси соатларда қайтасиз? – деди у ялтоқланиб.

– Кўрамиз. Ҳозирча аниқ эмас, бир оз кеч қолсам керак, – деди йигит.

– Шу яқинда, ҳув анави ерда даласи, боғи бор муҳтарам Саидали оқшом тўртларда ташриф буюрмоқчи эдилар-да… – дея чайналди қоровул сирли қилиб.

– У зот ким ўзи? – дея сўради йигит.

– Кечқурун унга сиздан гап очган эдим, қалъага киришларига фақатгина мен йўл очиб бероламан, деди… – қоровул фикрини тўла айтолмай қолди, чунки йигит унинг сўзини бўлиб:

– Мен бир оз кеч қайтаман, – деди-да, бу ерда кўп туриб қолиш хавфли эканини туйиб, қоровул олдидан тезроқ ўтиб кетиш учун отини ниқтади.

Шу куни оқшомгача атрофга тарқалган қўшинини қидирди, аммо аскарлар изини тополмади. У қаттиқ ўйга ботган, фикру хаёлини бир чигал ўраб олганди. Бу чигал кечқурун соат тўртда келиб, калитни унга берадиган Саидали билан боғлиқ эди. У Саидалининг қўлидан калитни олмоқчи; бироқ ўзини унга ҳам, қоровулга ҳам танитмоқчи эмас эди. Ҳамма гап шунда. Агарда Саидали калитни бермаса, у билан талашиши керак… Иш жанжалга бориб етса, сир очилиб қолмаслиги учун, уни албатта ўлдириши лозим… Йигит шу қарорда тўхтаб, қалъанинг пана бир ерига келиб беркинди.

Бир пайт қаршидан яхшигина кийинган киши кўринди. Ҳар ҳолда бу ўша бўлиши керак, дея кўнглидан кечирди йигит. У ўз отини панада қолдириб, олдиндаги отлиқ ортидан юрди. Осмон булутли, атроф қоронғи, қўрқинчли эди. Хуросонликлар устига бир бало ёғилаётгандай, теварак ваҳимали туманга бурканган, ғамгин тусда эди. Қоронғида бораётган бу икки қўрқинчли кишидан орқадагиси ўлжасини кузатаётган уста овчига ўхшарди. У отлиқни кузатиб илгариларкан, кўзлари порлар, бу ўлжа қўлидан қочиб қутулолмаслигини ўйлаб, ичида севиниб қўярди.

Отлиқ бурчакда тўхтаб, пастдан юқорига – қоровулга қарата овоз берди.

Бу орада номаълум йигит ўзини уларга танитмаслик учун уст-бошини ечиб, тескари кийиб олди. Сўнгра бурчакка яқинлашди.

Тепадаги қоровул калитни ҳалиги одамга отди. Буни кўрибоқ йигит унга яқинлашди ва:

– Кечирасиз… – деди. – Рухсат берсангиз, мен ҳам ичкарига кирсам…

– Йў-ўқ! – деди ҳалиги одим. – Бундай соатда қалъага ҳеч ким киролмайди! Кириш ҳаққи ёлғиз менга берилган.

– Кириш ҳаққидан мен ҳам фойдаланмоқчиман, – деди йигит пинагини бузмай.

– Қандай фойдаланмоқчи?! – деди отлиқ аччиғи чиқиб.

Йигит унга талпинди ва калитни олмоққа интилиб:

– Очқични сиздан тортиб олиш йўли билан! – деди.

Бироқ қаршидаги киши йигитдан ҳам эпчилроқ экан, калитни авайлаб чўнтагига солди-да, чаққонлик билан қиличини қинидан суғурди. Йигит ҳам ўқ тезлигида ҳаракат қилиб, арслондай кўксини кериб, қиличини яланғочлади. Уники қилич эмас, худди чақмоқдай, момақалдироқдай гуриллаб товуш чиқарди. Иккиси ўртасида олишув бошланиб кетди. Йигит душманини яраламоққа, қаршидаги киши эса уни ўлдирмоққа шайланган эди. У ҳужумни тобора кучайтираркан, йигит ўзини ҳимоялашга интилар, ҳужумга унча эътибор бермаётган эди. Кураш роса қизиди, чидаш қийинлашди. Калитли киши яраланди, яра алами ва жон қўрқувсида йигитга ташланди. Бироқ у биринчи ҳужумида тирсагидан, иккинчи зарбасида оёғидан ва учинчисида бошидан яраланди. Йигит рақибини ерга ағдарди, калитни қўлга киритиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

Йигит панада қолдирган отига сакраб минди-да, елдай учира кетди. Бир муддат йўл юргач, тепасига боқди, кўкда бир қора булут кўзга чалинди. Тонг ёриша бошлаганди. Уфқ оқараркан, еру кўкдаги ҳар нарса аниқ-тиниқ кўриниб қолди.

Кутилмаганда бир тўп отлиқ қий-чув солиб ўтди. Улар вазир Қизғиннинг айғоқчилари эди. Отлиқлар йигитни кўришлари биланоқ ортидан қувлашди. Йигитга яқинлашишаркан, бириси каманд отди. Жасур отлиқ қўлга олинди. Боши тузоққа тушганини англаган йигит ўзини мудофаа қилишни тўхтатди.

Отлиқлар орасида шундайин тортишув бўлиб ўтди:

– Шубҳасизки, бу – урушқоқ, мард киши! Мен ўзимни шунча жангчидан бунингчалик ҳимоя қилолмасдим, – деди бири.

– Қўйсанг-чи, – деди бошқаси. – Бунақаларни кўп кўрдик. Бу бирорта жангчи бўлса керак. Ё туркиймикан?

– Туркий бўлмаса керак, – деди бошқа бири. – Туркий бўлса, жудаям жанговарлик, жангарилик кўрсатарди. Ким экан-а?

– Ким дейди-я! Э, ана, кўзингни катта очиб қара, кийимидан кўриниб турибди-ку, бу бир хуросонлик!..

Улар мана шундай тортишатуриб асирни боғлашди. Сўнгра хон ҳузурига олиб боришди.

Ичкарига кирар-кирмас, йигит бўш қолган қўли билан чўнтагини кавлаб, Хуросон дарвозаси калитини чиқарди-да, Қизғинга топширмоқчи бўлди. Жангчилар эса, йигит ёнидан ханжарини суғурмоқчи, деган қўрқув билан тутқуннинг устига ёпирилишди, қўлидагини олмоққа интилишди. Йигит тўсатдан:

– Қизғин жаноблари! Етар энди!.. – дея бақирди.

Вазир Қизғин унинг товушини эшитиши биланоқ ўрнидан сапчиб турди. Аскарларга:

– Тегма! – дея буюрди.

Сўнгра калитга ишора қилиб:

– У нима? – дея сўради.

– Хуросоннинг калити, – деди йигит.

– Сен кимсан? – дея сўроқни давом эттирди Қизғин.

– Олдин мени каманддан бўшатишсин, – деди йигит. – Кейин кимлигимни билиб олаверасизлар.

Уни боғлоқдан бўшатишди. Сўнгра у ҳаммани ҳайратга солиб устидаги хуросонча кийимини ечди. Ўз уруғига – барлосларга хос белгини кўрсатди. Шунда барча ҳайратдан бақириб юборди:

– Амир Тарағайнинг ўғли Темур!..

 

* * *

Темурнинг қўшин аскарлари жойлашган ердан чиқиб кетиши ҳам бошқача бўлганди. Вазир Қизғиннинг қизи Ўлжай Турканни олишга интилган кишилар ўзаро курашиб, бир-бировларидан қизни қизғанишиб, ўчакишиб, баъзида жанжал ҳам чиқаришар эди. Бир куни, ўрду аскарлари Хуросон юришига тайёргарлик кўраётган пайтда, хушторлар ўртасида яна тўқнашув юз берди. Иш шунгача бориб етдики, бир йигит ўлдирилди. Шунда аччиқланган вазир Қизғин ваҳший ошиқлар ўртасига тушиб:

– Нима бўляпти ўзи? – дея бақириб берди. Сўнгра: – Бир шартим бор, – деди. – Ҳозир Хуросон сафарига йўналмоқдамиз. У ерга борганимизда, кимки Хуросон калитини олиб келса, қизим ўшаники…

Бу шарт Ўлжайнинг барча шайдоларига ёқиб тушди. Бари Хуросон сафарини кўзи тўрт бўлиб кута бошлади.

Ўлжай Турканни анчадан бери севиб юрган Темур унинг кимгадир тегишини ақлига сиғдиролмасди, албатта, у бирор чора истар, ўйлаб, ўйига етолмасди. Ишқ фарёди намлатган порлоқ кўзлари толиб хаёлга ботар, бироқ дардига даво тополмасди. Зотан, у ҳали ёш эди. Йигирма ёшлардаги бу қаҳрамон қанчалар шерюрак бўлмасин, тажрибасизлик унинг энг катта камчилиги, тадбирсизлик эса авф этилмас заифлиги ҳисобланарди.

Тўғри, Темур ҳали тажрибасиз, иссиқ-совуқни кўп кўрмаган йигит, аммо унинг бир фазилати шу эдики, у кексалар сўзини икки қилмас, уларнинг ўгитига қулоқ тутарди…

Барлослар ичида танилган, Ўғуз Арслон деган бир хизматчи бор эди. Темур доимо у билан маслаҳатлашар, тажрибасидан фойдаланарди. Унинг тавсияларига кўра иш тутганида, мудом муваффақиятга эришарди.

Бироқ бошига ишқ савдоси тушаркан, доно чол билан маслаҳатлашишни қанчалар истаса ҳам, унинг ёнига бормади. Ахир йигирма ёшли йигит ишқий ўй-туйғуларини кекса одамга қандай қилиб тушунтирарди…

Урушларда арслон бўлиб танилган ёш қаҳрамоннинг ошиқлик кўчасига кириб, бундайин чорасиз қийналишлари ҳам Яратганнинг бир мўъжизасидир балки.

Ишқ, ишқ! У қандайин қувватки, энг метин руҳларни ҳам саросимага солади, энг кучли вужудларни ҳам забуну хор эта олади.

Энг улуғ лоқайдларга қараб табассум этган, энг кичик савдойиларнинг оташин бўзлашларига парво ҳам қилмасдан доимо, доимо қўрқинчли ва совуқ юз билан боққан бу ишқ, бирорта ҳам кишанланган осий қутулолмайдиган бу силсилайи самовий нақадар буюкдир, ё раббим!..

Масту мустағриқ зарбалари билан руҳнинг энг теран нуқталарини-да эзиб-задалаган, қалбнинг энг ҳассос торларини нозик черткиси билан черта-черта узиб парчалаган бир ишққа бўйсунмаслик… – оҳ, бу осонми? Хусусан, ёш бир йигит учун-а… Йўқ. Ана, Темур ҳам бу беомон гурзининг зарбалари остида эзилиб, бўйни букилиб, дунё кўрган, тажрибали Ўғуз Арслон қаршисида зир-зир титраб турибди…

Руҳининг энг ярали нуқтасини очиши керак…

Бу ярани тешмоқ эса ишқ изтиробларининг абадийлашиб қолиш хавфи ва қўрқувсини туғдирмоқдаки, бу Темурга маъқул эмас. Шу боис у не дейишини билмас, унсиз турарди…

– Нима бўлди ўзи, болам? – дея чол ундан сўради.

– Э, ҳеч…

– Тузукмисан ўзи? Жуда ташвишли, қийналган кўринасан? Бошингга бир иш тушган, шекилли. Қанчалар қўрқмас, кучли, арслонюрак бўлсанг ҳам, тажриба ва тадбирсиз муаммоларни ҳал қилиш қийин. Қани, нима дардинг бор, менга очиқ айтавер, болам.

– Тўғри, эҳтимол мени тажрибасизлигим эзаётгандир. Мени қийнаб, ичимни еб битираётган дардни сизга албатта айтишим керак…

– Яша, бўтам, қани, айт. Тажриба турли жумбоқларни ечишда сарфланадиган куч-қувватдан ҳам муҳимроқдир.

– Ўтган кунги жанжални эшитдингизми? Анави, вазир Қизғиннинг қизи Ўлжай Туркан туфайли чиққан уруш… Улуғ вазир бир шарт қўйди, Хуросон калитини ким унга келтириб берса, қизи ўшаники эмиш. Энди аллақанча йигитлар Хуросонга яқинлашувимизни кутишмоқда, мен ҳам… Шу ишни ҳал қилишнинг йўли бормикин? Агарда мендан олдин бошқа биров калитни вазирга келтириб берса, у ҳолда ўлганим яхшироқ…

– Болам, бу дарднинг икки чораси бор: бири – бу ишқдан воз кечиш, иккинчиси – калитни қўлга киритиш. Биламан ва аминманки, ишқдан воз кечиб, сўнгра унинг аламига чидаш жуда қийин. Демак, бу йўл маъқул эмас. Ундан кўра иккинчи чорага бош урмоқ уйғундир. Бу иш тажрибали одам кўзи билан қараганда осон кўринса ҳам, аслида анча мушкулдир…

– Осонми, қийинми, менга барибир. Ахир аламдан оғир эмасдир, отахон, йўлини айтинг!

– Бу ишни бажариш учун, биринчидан, бу ердан тезда йўлга чиқиш ва қўшиндан олдин Хуросонга етиб бориш керак. Кетганингни ҳеч ким билмаслиги учун мен сени касал бўлиб қолди, дея гап тарқатаман. Сен Хуросонга етибоқ, дарвоза қоровули кунда-шундасига айланган чойхонага борасан. Қоровул лақма, мағзава одам. Олдинига унинг эзмалигига чидаб, гапини эшитиб ўтираверасан – бу унга ёғдай ёқади. Сўнгра чой, қанд-қурс билан сийлаб, у билан яқинлашиб оласан. Бир неча кун ўтгач, Саидали деган бир одамга тепадан туриб калит ташлагин, дея қўлига олтин тўла ҳамённи қистирасан. Кейин Саидалининг қалъага келишини ва калитни олишини кутиб, беркиниб кутасан. Саидали қоровулдан калитни олгач, уни ўлдирасан ва калитни эгаллаб, қўшинга қараб отингни учирасан… Қани, бир кўрайин-чи, арслон болам, сен ким экансан? – дея маслаҳат берди чол.

– Мен барлос йигитман! – деди Темур.

 

* * *

Саидалини битта калит дея ўлдиришни Темур ўз қаҳрамонлик руҳига сингдиролмади; уни олишувда мағлуб этиб, калитни олди-да, кўздан ғойиб бўлди. Ҳушсиз йиқилган Саидали қалъа девори тагидаги бир бурчакда узоқ ётди.

Тепада калитни кута-кута тоқатсизланган қоровул пастга тушди ва бошқа калит билан дарвозани очиб, бурчакда ётган Саидалига кўзи тушди. Ҳушсиз ётган ярали Саидали анчагина қон йўқотганди.

Қоровул уни қучоқлаб кўтарди-да, ичкарига олиб кириб, ўз хонасига ётқизди. Унинг ярасини ювиб, боғлаш учун хотинидан кўмак истади. У титраб-қақшар, қалъа калити йўқолганини англабоқ, эси чиқиб кетганди.

Калитни топиши шарт. Шунинг учун ҳам Саидалини жонидай асрайди, ҳеч кимга ишонмайди энди. У ўзига келиши билан калит қаердалигини, нима бўлганини сўрайди. Воқеани сир тутишни, ҳеч кимсага оғиз очмасликни тайинлайди…

Саидали ҳамон бошидан ўтган даҳшатли ҳолат таъсирида эди. Роса толиққанди. Яраси ҳам бита бошлади. Аммо у ҳеч ўзига келолмаётганди. Кўзи уйқуга илинди дегунча туш кўрар, тушида қоронғида ўзига ҳужум қилган кимсанинг товушини такрор туяр, у: “Мен дарвозадан киришим керак!” дея уни қўрқитарди.

Хуллас, кутилмаганда бошига келган ўша кулфат ва сиқилишлар туфайли Саидали ҳеч ўнглана олмаётганди. Руҳсизлиги учунми, яраси ҳам битай демасди…

Турли дори-дармон ва даволашлардан кейин, ниҳоят, у бир оз ўзига келди. Қоровул дарҳол ундан:

– Калит қани? – деб сўради.

– Билмайман. Мен қаердаман ўзи?.. – деди касал.

– Сенга нима бўлганини билмайсанми ҳали?

– Йўқ.

– Мен сени қалъа дарвозаси ёнидан топдим. Бурчакда ётган экансан… Эслайсанми?

– Ҳа, мен… Э, калит қани? – деди Саидали довдираб.

– Сен мендан калитни сўрагандинг, тўғрими? – деди қоровул.

– Тўғри.

– Мен сенга калитни тепадан ташлагандим…

– Ҳа, калитни олганимни эслаяпман… Ўшанда ёнимга биттаси келди… Мен билан бирга ичкарига кираман, деди…

– Кейин-чи?

– Мен кўнмадим. Калитларни тортиб олмоқчийди, бермадим…

– Жуда яхши! Кейин нима бўлганини эслайсанми?

– У кийинишидан ўғрига ўхшаган, қароқчисифат кимса эди… У бирдан ташланиб қолди, мен ҳам қиличимни суғурдим…

– Яхши… Аттанг, нега менга хабар қилмадинг, ахир одам деган ҳеч қурса тепага қараб бақиради-да!.. Э, майли, бўлар иш бўпти, кейин нима қилдинг?

– У ҳам қиличини яланғочлади, олиша кетдик. Жуда ўткир қиличбоз экан. Мени олдинига қўлимдан… кейин сонимдан, сўнгра бошимдан яралади. Ҳушимни йўқотибман, кейин нима бўлганини эслай олмайман.

– Мен бу ерда сени кутдим, келавермадинг. Бақирдим, чақирдим, ҳеч кимса жавоб бермади. Охири дарвозани очдим, қарасам, бурчакда ётган экансан. Ичкарига олиб кирдим…

– Атрофни қидирмадингми, ҳалиги одам бирор нарса тушуриб қолдирмаптими? – дея сўради Саидали.

– Йўқ, қарамадим. Эртага текшираман, – деди қоровул. – Ҳа, у ичкарига кирмадимикин? Ҳусайн Курт қалъа калитларининг йўқолганини эшитса борми, мени ўлди деявер!.. Эртага вақтли туриб теваракни бир тинтиб чиқаман. Ҳа, у кимса юрак ютиб ичкарига киролмас-ов…

– Жуда тўғри!..

– У ҳолда, демак, агарда калит йўқолган бўлса, буни мендан бошқа фақат сиз биласиз. Ҳолбуки, сизни деб мен шу жиноий ишга қўл ургандим. Иккимиз ҳам айбдормиз. Берилиши тақиқланган нарсанинг олиниши ҳам жиноятдир. Бу воқеани ҳеч бир кимсага билдирманг! Мен у калит ўрнига янги бир калит ясаттираман, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолаверади. Шундай қилиб, мен ҳам еб турган нонимдан ажралмайман, сизнинг жиноят қилганингизни ҳам кимса билмайди. Касаллигингизга бирор жўяли баҳона ўйлаб топарман. Келишдикми?

– Келишдик. Гап битта!

– Бўлди, кўнглимнинг тинчиши учун шу сўзингиз етарли. Энди қалайсиз?

– Яхшиман, худога шукр.

– Бошингиздаги жароҳат оғирми?

– Ҳа, шунақа шекилли, бошқа яраларимга қараганда ёмон қаттиқ оғрияпти.

– Ҳа, бошқа яраларингиз унчалик эмас…

– Ҳа, энди пешана экан-да…

– Қайғураверманг, икки-уч кунда тузалиб кетасиз.

– Иншооллоҳ.

– Худойи таолодан битта тилагим бор – шу калит топилсайди, ишқилиб.

– Худо хоҳласа, топилиб қолар.

– Ҳалиги ўғри уриб кетган бўлса, қандай топамиз ахир! – дея яна қоровулнинг фиғони фалакка чиқди.

– Э, қўяверсангиз-чи, биз янгисини ясаттирамиз.

– Зотан шунга қарор қилдик-ку.

– Тўғри, тўғри!..

Қоровул эрта тонгда атрофни тинтиб чиқди. Тўкилган қонларни ювди, қиртишлади, изларни йўқотди. Аммо калит топилмади.

Эртасига тонг отиши биланоқ иккови ҳаяжонли суҳбатга берилишди.

– Атрофни турклар ўраб олганмиш…

– Қандай қилиб, нега?

– Ҳусайн Курт ҳазратлари уларнинг юртига бостириб борган эди-ку…

– Э, ҳа, шунгами?

– Ҳа, улар ҳам энди Хуросонни босиб олишармиш.

– Эй-воҳ, куним битибди!

– Э, қўйсангиз-чи, ваҳма қилманг.

– Билмайсизми, турклар хасталарга тегмайди, бу уларнинг энг муҳим одатларидан. Қари-қартанг, хотин, бола-чақаларга ҳам.

– Ҳа-а-а. Мен-чи, урушмай ётавераманми?

– Ўз жонингизни ўйласангиз-чи, уруш бўлса, тузалганингиздан кейин ҳам қочмас.

– Ўҳ-ҳ! Ё раббий!..

– Ҳа-ҳа, ишлар шунақа. Сен, мен ва хотинимга қийин. Чунки сен касал, мен қари, анави хотин киши бўлгани сабабли ватанимиз учун урушмоқдан маҳруммиз, эй-воҳ… – деди қоровул.

– Афсус, афсус… – дея касал ҳам қайғуриб қўйди.

– Э, мана шунинг учун кўп хафаман-да.

– Қўй, эзилаверма. Ҳа, турклар бунда нима қиларкан ўзи, билмайсанми?

– Йў-ўқ, сен айтмасанг, мен қайдан билай.

– Бу ерда тўй қилармишлар-ку?

– Шу ерда-я, ичкари кириб, шунча мол-ҳолни талаб олганларидан, шунча одамни қирғин қилгандан кейин, а?

– Айтдим-ку, ахир, улар ўзларига қарши чиқмаганларга тегишмайди.

– Қарши чиққанларни нима қилишади?

– Бошини кесадилар.

– Қанақа тўй қилишармиш ўзи?

– Қиз чиқаришаркан.

– Кимни?

– Улуғ вазир Қизғиннинг қизи Ўлжайни.

– Кимга беришяпти?

– Темурга!..

 

III. ДАҲШАТЛИ ҲУКМ

 

Орадан уч кун ўтди. Хуросоннинг пастқам кўчаларидан биридаги вайрона, хароб уйда бир неча кимса тўпланган. Ташқаридан туркларнинг севинчли наъраларига, валинеъматлари вазир Қизғин берган тўй нашъаси билан бир овоздан қийқиришларига қарама-қарши ўлароқ бу ерда йиғилганлар руҳидаги ғайирлик, кину адоват, кўзларидаги ўч диққатни жалб этарди.

Темурнинг шартни бажариши, тўю байрами кимлардир учун мотамга айланганди. Бу хурсандчиликдан рақиблар нохуш эди, улар интиқом ўтида ёниб, бу ертўлада жамланишганди. Ичларидаги ҳирс ва ҳасад томирларини ёриб чиқиб, заҳарли найранг йирингларига айланиб ўртага тўкилмоқда эди.

Ҳаққа ва ҳақиқатга розилик кўрсатиш ўрнига унга қарши туришмоқда, ҳатто уни йўқ қилиш учун бирикишиб, гуруҳ тузишмоқда, воажаб!

Йиғилганларнинг ҳар бири фойдасиз интиқом оташида қовуриларди. Руҳлари жаҳаннам забонийлари каби ғаддор, қалблари шайтони ражимдай золим ва ўзлари ҳақу ҳақиқат нурларига қарши бош кўтарган осийлар эди.

Юзларига боқилса, миршаблар башарасидаги совуқ даҳшатдан бошқа нарса кўринмасди. Фақат баднафсликнинг – нафси амморанинг тажассумига айланган бир тимсоли малъуния кўлкаси бор. Қалбларидаги иймон илоҳий қудрат тарафидан олиб қўйилганмикин деб ўйлайсиз. Кўзларида заррача шафқат ҳисси, онгу тушунчаларида урвоқча ҳамият туйғуси, сўзларида зиғирча бўлса ҳам адолат фикри сезилмасди…

Йиғилиш ўтаётган ер бинонинг ертўласи бўлиб, қоронғи ва рутубатли эди. Ертўланинг кўчага қараган томонида ҳам, бошқа тарафларида ҳам дераза ё туйнуксимон бирор тешик йўқ. Қоп-қоронғу хонадаги бир хонтахта теграсига чўккан фитначиларнинг ҳасад ва ҳирс тўла юз-кўзлари хира шам ёғдуларида аранг-аранг кўринарди.

Бу зулмат ва зах охирда ўтирганларнинг ажин босган тириш юзларида руҳларига азоб берган ҳасаду кин хасталигининг тасвири муҳрлангандай. Шайтанат эгаллаган дилларида надомат ё пушаймонлик ҳисларига ўрин қолмаган. Иблисона қиёфаларидаги қўполлик ва шафқатсизлик шундоққина кўзга ташланиб турарди.

Барчалари Ноқис номли амирлари буйруғига қатъий бўйсунган ҳолда бу ерда мажбуран ўтирганларини писанда қилаётгандай ғўдайишган; қилт этмасдан унинг сўзларига қулоқ солишмоқда. Ўзларини унинг ҳар қандай буйруғини сўзсиз бажаришга бағишлаганлариданми, ихтиёрсизликдан руҳлари эзилган, елкалари чўкиб, қаҳрдан қунушиб ўтиришарди.

Интиқом аламига тўла кўзларидаги ҳиддат ва ваҳшат оташи ҳеч сўнмайдигандай жонларини ўртаб-куйдирмоқда, ёнган жонларининг ўтли парчалари гўё атрофга даҳшат бўлиб сочилмоқда эди.

Бу ёниқ даҳшат парчалари қоронғиликда худди мушукнинг кўзлари каби йилтиллаб кўринарди; аммо, минг афсуски, бу шайтоний йилтиллашлар уларнинг руҳидаги улкан зулматни ёрита олмайдиган даражада кичик ва заиф эди.

Бу мажлиснинг аҳволи руҳияси шундайин тубан, даҳшатли, иблисона фитнага тўла. Қўрқинчли, совуқ сукунатни бузиб илк бор сўз бошлаган кимса шундай деди:

– Хўп, модомики у ғолиб келди, бўлар иш бўлди. Аммо биз нечун ундан ўч олмаслигимиз керак?

– Ие, оғайни, унинг нима айби бор? Бирор ёмон иш қилдими ё? – деди бошқа бири. – Агарда у эмас, орамиздагилардан бири ғолиб чиқсайди, у ҳам бизга ўхшаб ўч олишни ўйлармиди?

– У ҳолда, менимча, ўлиши керак бўлган бошқа кимсадир! Айб олувчида эмас, берувчидадир.

– Йўқ! Менга қолса, бу вазиятда айб олувчида ҳам, берувчида ҳам эмас. Асл гуноҳ беришга маҳкум этган қувватдадир…

– У ҳолда?..

– У ҳолда, ҳукм этган у экан, демак, жазосини тортадиган малъун ҳам ўшадир!

– Тўғри!

– Тўппа-тўғри!..

– Унда кенгашни давом эттирамиз ва асосий ишни ҳал қилайлик.

– Қани, қани…

– Уни биз чеккан аламларнинг энг оғирига бостириб ўлдириш керак! Бизни ёндирган аламнинг энг заҳарли ўтида куйдириб ўлдириш лозим! Қани, айтинг, қандай жазо берайлик?

– Олдинига уни бир қозиққа боғлаб, қулоғини, бир кун оралатиб бурнини, қўлларини, оёқларини кесиш ва оч қўйиш керак!..

– Э, бунақаси кетмайди, мумкин эмас!

– Нега?

– Бунинг учун аввало уни қўлга тушириш, яъни яширинча олиб қочиш керак, бироқ бу иш имконсиз…

– Тўғри… бу имконсиз, бундай қилиб бўлмайди.

– Унда ўзингиз айтиб қўя қолинг…

– Менимча, энг маъқул йўл шу: кечаси чодирини босиб, уни ўлдириб, билинтирмай қочиб қолиш керак.

– Кўп яхши! Фақат биз истардикки, тез ўлиб қутулмасин-да, қийналиб ўлсин!

– Қўйсангиз-чи, дўстим, қийнаб-мийнаб ўтирадими, ўлсин-йўқолсин-э!

– Йў-ўқ, гапимиз гап: у қийналиб ўлиши керак! Ахир биз у туфайли жаҳаннам азобини тортдик-ку, унгаям тўққиз дўзахни кўрсатиб қўйиш керак!..

– Унда одамларимиз билан уни босиб, тутайлик-да, майдонга олиб чиқиб, роса азоблаб ўлдирайлик!

– Ҳай-ҳай, ўзингизни босинг! Бунинг ҳеч иложи йўқ! Ҳозирча исён бошлаганимизни сир сақлашимиз лозим. Дейликки, уни тута олмадик ва сиримиз очилиб қолди – унда бошимиз кетади-ку, ахир!.. Шунинг учун, яхшиси, ҳар ишни ими-жимида битира қолайлик.

– Маъқул, унда бу ишни бажара оладиган кишини танлашимиз даркор. Кимнинг қўлидан келади, қани? Ичимиздан ким бу ишни бўйнига олади?

– Мен юзма-юз урушавераман-у, шу ханжар уришда машқим пастроқ…

– Мен ҳам шунақа…

– Сен-чи?

– Э, нима қиламиз? Бу ишни биримиз бажариб, бошқамиз қараб турсак, бунақаси кетмайди!

– Ҳа, мен бир нарсани ўйлаб топдим. Барингизга ёқади бу. Анави деворни мўлжаллаб ўқ отамиз, ким нишонга уролмаса, бу ишни ўшанга топширамиз. Бўладими?

– Э, яшавор, бўлди! Агарда икки-уч киши мўлжалга уролмаса, ўзаро яна синашадилар.

– Ҳеч ким нишонга теккизолмаса-чи?..

– Синаш такрорланади.

– Бўлди, келишдик.

Шу қарорга келингач, йиғилганларнинг бари ўрнидан турди. Ёйларига ўқ жойлаб, деворга қарата машқ сифатида бир-бир ота бошлашди…

Барчани ҳаяжон босганди. Бошида оғиз кўпиртириб сўзлаган қаҳрамонлар энди тулки каби писиб қолгандилар. Ўзларининг яхши ўқотар эканликларига ишонсалар ҳам, мободо, фалокат босиб нишонга уролмасам-у шу иш менга қолса, нима қиларкинман, деган қўрқув кўнгилларга оралаганди ва биринчи бўлиб бошлашга ҳеч ким шошилмаётганди.

Ниҳоят, бир йигит ўртага чиқди, барча уни олқишлади. У ёйини кериб, қўйиб юборди, ўқ нишонга тегди. Ўқчи ғалаба наърасини отаркан, қалбидан тошган севинч тўлқинларини босиш учун четроққа ўтди.

Иккинчи… учинчи… навбати билан ўқ узиш давом этмоқда эди.

Охири улардан биттаси – жуда қутуриб, гуноҳкорни роса қийнаб ўлдириш керак, деяётган йигит мўлжалдан янглишди. Ундан кейин барча ўқ отганлар нишонга урди.

Шундай қилиб, фитна мажлиси ҳам тугади, бўлажак қотил ҳам аниқланди. Энди қандай ўлдиришга келишилса, бас. Йиғилганлар яна кенгаша бошлашди.

Бўлажак қотил эса уларга аралашмас, бир четда сўппайиб, қотиб қолган, қон қочган сарғимтир юзи қайғуга ботган эди…

Ишнинг асосий қисми ҳал этилгани учун елкаларидаги оғир юкдан қутулган йигитлар мамнун ҳолда масалани муҳокама қила кетишди.

– Бу иш қачон бўлгани маъқул?

– Қайтиш пайтида…

– Энди қарор қабул қилинди, фақат, мажлисимиз бошида айтилганидек, бу иш жуда оғир, қақшатқич ўлим билан якунланиши керак!

– Менга қолса, бунинг ҳеч кераги йўқ, ундан ўчимизни олайлик-да, кифояланайлик…

– Ие, унда қароримиз қарор эмасми?

– Қарор…

– Бунда неча кишимиз?

– Саккиз киши.

– Баримиз шу қарорни сир сақлашга онт ичамиз, розимисизлар? Уни ўлдирадиган оғайнимиздан бошқа ҳамма қасам ичсин!

– Қасам ичамиз!

Шундай қилиб, сўнгги қарор ҳам қабул этилди.

– Яхши, энди тарқалайлик… – деди фитнабоши.

– Шу вазир Қизғин гўрга киргандан кейин унинг куёви нима бўларкин, қани кўрамиз… – дея бири тишини ғижирлатиб қўйди.

Ҳа, фитначилар томонидан иккинчи ўлдирилажак шахс Темур эди.

 

  1. ҚАЛЪА ИЧИДАН ЗАБТ ЭТИЛАДИ

 

Туркийларнинг Хуросон қалъасини ўраб олганлари ҳақида қоровул билан хаста Саидали сўйлашиб ўтирганларида, аслида, у ичидан эгалланиб бўлаёзганди. Чунки ўттизтача аскар қалъага кириб, ўз ишларини бажаришаётган эди…

Уларнинг қалъага кириши шундай юз берганди. Темур, калитни вазир Қизғинга топширган куни, эрталаб ундан қабул қилишини сўради, изн олгач, бориб у билан кўришди. Хуросонни эгаллаш режаси тузилди.

– Улуғ вазир! – деди Темур Қизғинга. – Рухсат этсангиз, аввало қулингиз ўттиз аскарим билан қўшиндан ажралсам-да, ўқдай учиб Хуросонга етиб борсам…

– Маъқул. Аммо сизнинг боришингиздан туркларнинг келаётганини сезиб қолган Ҳусайн Курт тарафдорлари керакли тайёрликни кўриб, бизга тўсиқ бўлмасмикин?

– Улуғ вазир, изн берсангиз етарли, бу аскарлар билан мен кеча қоронғусида, ҳеч кимсага билдирмасдан Хуросонга кириб бораман ва уларни қалъага жойлаштираман…

– Кейин-чи?

– Эртасигаёқ қўшинга қайтиб келаман ва ҳужумни бошлаймиз…

– Ичкарига кириб олганлар нима қилади?

– Улар кийимларини ўзгартириб, шаҳарнинг ҳар ёғига ёйилишади ва туркийлар ҳақида турли миш-мишларни тарқатишади…

– Қанақа миш-миш?

– Масалан, туркийлар бу ерга келибдир, аммо улар ўзларига тегмаганларга ҳеч қанақа ёмонлик қилмас эмиш ва зотан, одатлари шунақа эмиш, дея гап тарқатишади. Ёки: туркийлар Хуросонда қилинадиган бир тўйга тайёргарлик кўришяптиймиш, тўй кайфиятида бўлганлари учун, ҳеч кимнинг бурнини қонатишмоқчи эмасмиш, дея омманинг қулоғини қиздиришади…

– Балли! Сўнгра?

– Авомни гоҳ ваҳимага солувчи, гоҳ севинтирувчи шунақа гаплар билан овутиб, лақиллатиб туришади-да…

– Натижа нима бўладир?

– Қўшинимиз жангга кириши биланоқ улар ҳам қиличларини яланғочлаб, қалъа ичида ҳужумга ўтишади, дарвозаларни синдириб-бузиб, очишади ва аскарларимизнинг ичкарига киришлари учун йўл тайёрлашади…

– Ўғлим, агар сен уларнинг бошида турмасанг, тартиб билан бир иш қилиш қийин. Яхшиси, сен қалъада туриб, бир байроқ воситасида қўшинимизга ҳужум ишорасини берсанг, сўнгра одамларингга дарвозаларни бузишни буюрсанг, ишимиз янада силлиқ битади деб ўйлайман.

– Бунақа қилсак ҳам бўлаверади, отажон. Фақат, ўйлашимча, менинг қўшин билан бирга юриш қилишим фойдалироқдир. Сиз айтган ишни бошқа бировга топширсам бўладими…

– Майли, ўғлим, билганингча иш тутавер! Режаларинг жуда мақбул!..

– Бу ердаги аскарлар жуда интизом билан ҳаракат этишлари лозим…

– Кўнглингни тўқ тут, сен айтганингдай бўлади…

– Энг муҳими, сизларга бир отлиқ юбораман, у айтган тартибга кўра юриш қилинса, бас…

– Қанақа тартиб?

– Унинг қандайлиги менинг қалъа ичида бажарадиган баъзи ишларимга боғлиқ, кейин билдираман…

– Жуда яхши ўйлабсан, ўғлим. Рухсат, одамларингни ол-да, йўлга тушавер!

– Хўп бўлади, отажон!.. – деди Темур ва улуғ вазирга таъзим қилиб, чодирдан чиқа бошлади. Шу аснода Қизғиннинг овози қулоғига чалинди, у:

– Арслон Темур! Мен сени мингбоши қилиб тайинладим! – деди…

Эртаси кечки пайт Хуросонда, Ҳусайн Курт қароргоҳи атрофида нотаниш бир йигит айланиб юрарди.

Бу шахс ғоятда эҳтиёткор ва жуда қўрқоқ одамдай қадам ташлар, баъзан тўхтаб, теграсига қулоқ солар, мумкин қадар ими-жимида ҳаракат қилишга интилар эди. Елкасида хуржуни ҳам бор. Диққат билан қараган киши унинг хуржунидаги юк тобора озайиб бораётганини сезиши қийин эмас…

Бир оз юргач, нотаниш йигит хуржунини ерга қўйди ва эгилиб, изини йўқотиш ниятидами, қўллари билан тупроқни текислай бошлади…

Анчагача бу иш билан машғул бўлди ва ниҳоят, хуржунини яна елкасига олиб, қалъа дарвозаси тарафга йўналди. Бир муддат ўтгач, хуржун бўшади. Ортига қайтаркан, аввалгидай эгилиб, қўллари билан тупроқни аралаштириб, ерни текислаб келди.

Сўнгра хуржунни олиб, яқиндаги бир уйга кириб, уни тўлатиб чиқди. Ярим қолган ишини давом эттириб, яна қалъа дарвозаси томонга қараб ҳаракат қилди… Ишини битириб, кўздан ғойиб бўлди.

Анчадан сўнг яширинча ҳалиги ишларни қилган нотаниш йигит ёнида бир отлиқ билан қалъа дорвозаси ёнига келди. Қўлидаги калит билан дарвозани очди. Эгилишиб, отнинг туёқларига боғланган кигизларни ечишди. Сўнгра нотаниш йигит отлиққа шивирлаб, топшириқлар бера бошлади:

– Дундар, энди сен билан ажралишамиз. Шу ердаёқ отга осилган хуржун тубини пичоқ уриб тешиб қўясан…

– Хўп бўлади, мингбоши! Кейин-чи?

– Ўнгдаги хуржун бўшагач, чапдаги хуржун тагини ҳам тешасан.

– Бош устига, мингбоши!

– Хуржун ичидаги қаерда тугаса, ўша ерга белги қўясан-да, қўшинга қараб от чоптирасан…

– Сўнг вазир Қизғиннинг ҳузурига кираман…

– Шундай! Унга қўшинга юриш буйруғини беришини ва ўрдунинг белги қўйилган майдонга келиб кутишини айтасан.

– Бош устига!

– Қайнотам, муҳтарам қўмондонимизга ҳурматимни билдир ва айтганларимни тўла етказ!

– Буйруғингизни бажараман! – деди ва отлиқ хуржунни тешиб, йўлга тушди.

Нотаниш йигит қўлини чўнтагига суқиб, нималарнидир олди ва илгари тўхтаган жойидан отлиқ жўнаган ергача уларни кўмиб, тупроқни излар билинмайдиган қилиб текислади.

Бу шошилинч ишлар битгач, энди бу маконда ўзи қиладиган иш қолмагани учун дарвозани беркитиб, калитни қўйнига солди-да, йўлига кетди.

* * *

Шу воқеанинг эртасига эрталаб бутун Хуросонга миш-миш тарқалиб, аҳолини ҳаяжон босди.

Хуросон бозорларида, чойхоналарида одамлар урушга тайёргарлик ҳақида ваҳимали сўзларни айтишар, турли миш-мишларни такрорлашар эди:

– Вой-бўй! Туркийлар ҳамма ерни ўраб олганмиш…

– Аскари жуда кўп эмиш, ўзимизни қачонгача ҳимоя қиларкинмиз, а…

– Ўлгунгача…

– Улар ўлдираверадилар, ўлдираверадилар…

– Э, ўлдирса ўлдирсин!

– Бундан сенга нима фойда? Кафандан бошқа сенга не тегарди?

– Э, бўлганича бўлар.

– Балки кафан ҳам тегмас.

– Нега?

– Чунки турклар урушда ўлганларни кафанлашмайди.

– Нима бўлганда ҳам биз ватанимизни мудофаа қилаверайлик-чи…

– Менга қолса, мудофаа-пудофаани ўйламаган яхши, ўлишга шошилиш ақлдан эмас.

– Э, оғайни, ҳамманинг жони ҳам жон, нима, турклар бизга ўхшаган одам эмасми?

– Бизга ўхшайди-ку, аммо фарқи бор-да: бизлар заиф, улар кучли.

– Нима бўпти?

– Э, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди!

– Ҳеч нарса келмайди эмиш! Ватанимиз учун ўлиш ҳам қўлимиздан келмайдими?

– Қанчалар ватанпарварлик қилсанг-да, бошқалар не ҳам дерди? Сени урғочисини қўлдан чиқармаслик учун тиришган арслонга ўхшатади холос, шу.

– Бу гапларни қўй. Хўш, туркийларнинг бу ерда нима иши бор деб ўйлайсан?

– Ие, оғайни, туркларда не гуноҳ, ахир бизнинг Ҳусайн Курт уларга ҳужум қилди-ку, энди улар ҳам жавобини қайтармоқда-да.

– Ҳм-м… Сен мудофаа тарафдоримисан?

– Балки мудофаа қилиш керакдир, фақат ўлгунгача эмас.

– Тўғри айтасан.

– Ана, гаплашганимиз яхши бўлди. Сен ҳам менга ўхшаб ўйларкансан.

– Зотан шундай ўйлашга мажбурмиз. Аммо урушга киргандан кейин, бирор дайди ўқ тегиб қурбон бўлсанг, бунга ҳам кўниш керак, ахир ватан учун ўлимдан қочиш айб-да!

– Ҳолбуки, мағлубият муҳаққақ!

– Унда жонга қасд қилмаган маъқул. Ўлиб кетгандан кимга фойда ахир.

– Аввал айтганимдай, бу вазиятда туркийлар ҳақли: бизники уларга ҳужум қилди, улар жавоб бермоқда, демак, ҳақ улар томонда бўлгач, мағлубиятимиз ҳам аниқ!

– Ҳа, сендан турклар бу ерда нима қилишмоқчи, деб сўрагандим…

– Ўлжай Турканнинг тўйини ўтказишар эмиш.

– Кейин-чи?

– Билишимча, кейин қайтиб кетадилар…

– Шунча оворагарчиликдан нима фойда бор?

– Агарда тутиб олишса, Ҳусайн Куртнинг адабини бериб қўядилар. Тутилмаса ҳам, ғолиблик уларга катта мукофот…

Булар суҳбатлашиб туришаркан, тушлик пайти ҳам бўлиб қолганди. Бирдан қалъада катта тўполон, шиддатли тарақа-туруқ бошланди, омма инига чўп суқилган арилардай ҳар тарафга тўзғиб қочди, бир зумда шаҳарда қиёмат қўпди. Яраланган, йиқилган, эзилган, инграган, йиғлаган аҳолининг паришон ҳолидан туркларнинг қиличи солган қўрқувдан – Хуросоннинг руҳи сингани кўриниб турарди.

Бу тўс-тўполон қайдан чиқди, бу ваҳима қайдан келди, бу маҳшарни ким келтирди ўзи?..

 

* * *

Темур қалъа ичидаги бир уйни нишонга олиб, уни портлатиш учун ер остидан лаҳм қазиб, уни ташқарига, дарвоза ёнигача келган бир нуқтага туташтирган эди. Бу нуқтани эса қўмондон Қизғин қўшини қўр тўккан майдонга улаган эди. Бу яширин портлатиш йўлига борут тўкиб чиқилганди. Унга ўт берилгач, кутилмаганда дарвоза атрофини, қалъа ичкарисини портлаш гумбурлари қоплади, чақмоқ тушиб, уйларни ёққандай бўлди; Ҳусайн Куртнинг одамларидан аллақанчаси ўлди.

Темур қалъа кунчиқари бурчагидаги бир тепага чиқиб, қўлидаги байроқни ҳилпиратди. Бу қўмондон Қизғин қўшинига бир ишора эди. Шу онда қўшин турган ердан бир ўт ёниб, илондай биланглаб, ўқдай учганича қалъага қараб йўналди ва бир зумда шаҳарга кирди.

Портлаш йўлларининг иплари ўргимчак тўридай шаҳарнинг барча дарвозаларига ва улардан яна чўзилиб келиб майдондаги нишонга боғланганди. Майдондаги катта портлаш ҳар ёқни остин-устун қилиб юборди…

Ҳа, Хуросон аҳлининг энди-энди мудофаа тайёргарлигини кўраётган пайтда, кутилмаганда юз берган бу мудҳиш воқеанинг сабаби, аслида, Темурнинг ярим кечаси ҳозирлаган портлатиш йўли ва унга Қизғин қўшини томонидан ўт берилиши эди.

Нима бўлганини халқ билмай қолди, портлаш шаҳарда қиёмат қўпгандай ваҳима уйғотди.

Уруш ҳам бир қиёмат эмасми, аслида? Бир қисм гуноҳкор банда ўзини қутқаролмайдиган даражада ожизу мағлуб ва бир қисм заволли эса – қуролланган ва ғолиб!.. Маҳшар шу эмасми? Бир тарафда мамнун ва масъудлар, бир ёқда эса маҳкум ва гирёнлар!..

Темурнинг иккинчи ишоратидан сўнгра камоли шавқу шиддат билан қуролларини тақиб, отларига минишиб, Хуросон қалъасига довулдай ёпирилган туркийлар ўзларининг зафар қозонишларига амин эдилар. Уларнинг ўқига учганлар, найзаси ва қиличи зарбидан ўлганлар, отлари туёқлари тагида эзилиб, ерда юмалаб ётган мағлублар… Бу талотўпда эсидан айрилганича жонини асраш учун ҳар ёққа қочаётганлар, жасадларни босиб, қон кечганча югураётган фалокатзадалар… барчаси тинимсиз югурмоқда, йўл-йўлакай урушмоқда, олишмоқда, йиқилмоқда, ўлмоқда, қочмоқда… Хуллас, ваҳимали бир ҳой-ҳуйу қонли бир даҳшат тўла фожиотки, кўз билан кўриш бору сўз билан тасвирлаш имконсиз…

Бу пайтда дарвоза қоровули билан ярадор Саидали уйдан ташқарига чиқмасдан, нима бўлишини кутиб жим ўтиришарди. Бир неча жангчи уларнинг маконига ҳам бостириб кирди. Ичкарида бир бечора хотин ва ярадорни, таслим бўлган қоровулни кўришди.

Уларга ҳужум қилиш туркийлар одатига ётлигига қарамасдан, баъзи марҳаматсиз аскарлар босқин ва талон қилишди. Учаласини ҳам боғламоқчи бўлиб туришганди, шу аснода орқадан бир товуш эшитилди:

– Туркийлар уруш пайти касаллару хотинларга, болалару қариларга тегмайдирлар. Сизлар нима қилмоқдасиз?!

Аскарлар товуш келган ёққа қарашди. Барчаси шалвираб, қўллари ёнларига осилиб қолди ва мулзам ҳолда салом бериб, унга:

– Кечиринг, улуғ мингбошимиз! – дея хитоб этдилар.

 

  1. КУНДУЗИ УРУШ, КЕЧАСИ ТЎЙ

 

Ўша куни аср пайти Хуросон забт ва асир этилди. Шаҳар тозаланди, тартибга солинди, ўликлар кўмилди.

Шу кечаси ҳеч кимса ухламади.

Бу тунда вазир Қизғинни ўлдиришга ҳукм этган саккиз исёнчининг қарори амалга оширилиши керак.

Бу оқшом Хуросоннинг ишғол этилган энг улкан, ҳашаматли саройларидан бири тўйхонага айлантирилган ва зиёфат бошланган эди. Атроф ёп-ёруғ, зиёга ғарқ; ой ёғдулари гўё бу тўйни безамоқда; гўзал, очиқ юзли моҳитоб гўё фол очиб, толенинг кулиб боқаётганини билдираётгандай, Темурнинг порлоқ келажагидан хабар бераётгандай.

Ўртадаги гулханлар шунчалар чиройли ёнардики, осмондан қаралса, ер самога ўхшаб кетарди. Гулханларнинг ҳар бири бир порлоқ юлдуз каби ёнар, тўйхона эса ой мисоли ёрқин ва мунаввар эди… Атрофда куй-қўшиқ янграр, тантана оҳанги, шавқу тараб, нашъали кўклам ҳавоси ҳукмдор эди. Барча қўмондонлар вазир Қизғиннинг қизи келин бўлган бу кечада ниҳоятда хурсанд, қўлдан келганча ўйин-кулги қилиб, тўйни қиздиришга интилишарди. Уларнинг суҳбатларида, самимий ўтиришларида турк халқининг улуғ ва содда табиати кўриниб турарди. Улар орасидаги яқинлик ва самимият тўй туфайли янада жонлангандай, юксалгандай эди.

Темур севгилиси Ўлжай Турканга қовушган бу кечада, тўйнинг суруру завқидан таъсирланибми, тонггача ухлай олмади. У хаёлан бор-йўғини севикли ёрига бахш айлар, унинг гўзаллиги берган бу пурнур, нашидали соатларнинг ҳар бир онига ўз ҳаётини ҳадя этар ва яна мадҳу тавсифида жудаям ожиз қолгани Ўлжай Туркан гўзаллиги кўкига термула-термула унинг порлоқ юлдузларини санамоққа бошлар ва улардан ўйларида бир гулдаста ясар эди…

Қалбининг энг маҳрам нуқталаридан тўлиб-тошиб чиққан муҳаббат туйғуларини ҳаяжон билан суйганига англатаркан, бу орада жангу жадалларни, ўз қаҳрамонликларини ҳеч тилга олмас, фақат ишқдан, фақат ҳиссиётдан, валҳосил, ёлғиз ўзидан, руҳидан сўзлар эди.

– Ўлжай, – дерди у, – сенга бўлган севгимнинг берган алами қанчалар аёвсизлигини биласанми?

– Билмайман…

– Ўҳ-ҳ, билмайсан, шундайми?.. Юрагимда сақлаган ишқимни билишинг, ҳис этишинг учун, аввало, сени ундан хабардор этишим керак эди. Ҳолбуки, мен сенга буни билдирмадим. Сен меники, фақат ўзимники бўлганингдан кейин кўнглимни очаман, дея ўйлагандим…

– Энди мен сеники бўлдим, тўғрими?

– Ҳа, Туркан, ҳа! Энди сен фақат меникисан!..

Темур бу сўзларни айтаркан, жўшган руҳининг, ёнган қалбининг ҳароратига чидай олмади ва гўзал малагини қучди, ўпди, сўнгра бошини унинг тиззасига қўйиб, юрагини кўрсатиб:

– Мен ҳам сеники! – деди. – Тонгда, шудрингли чаманларда ўтирган пайтларимда булбуллар сайраркан, улар сенинг гўзаллигингни куйлаяпти, дея рашк қилардим! Офтобнинг махмур юзидан оққан хандали, гулгун ёғдулари сенинг нозик чеҳрангга азият беради дея, сенга, сенинг париларникидан ҳам юмшоқ ва латиф баданингга ҳарорати савдоси-ла хиёнат этадир, дея ўртаниб-қизғанардим!..

Гулдаги гулгун латофат сендан ўғирлангандир дея, ой ўзидаги ойдинлигу софликни сендан олиб акс эттираётир дея, баҳордаги янгидан жонланиш, тирилиш сенинг дийдорингдан ҳосил бўлган дея қизғанардим…

Булар ва бутун олам сенинг гўзаллигинг туфайли гўзаллашаётганини ва бундан ўзимнинг маҳрум эканлигимни кўратуриб, кўп хафа бўлардим, йиғлардим… Урушдан, ғавғодан, жангу жадалдан ҳеч қайтмаган, сесканмаган бу қаттиқ кўнглим сенинг савдойи ишқинг золимлиги қаршисида титраб, ожиз қолаверарди…

Тасаввур этки, тиз чўкканича Тангрисига ёлвораётган бир гуноҳкор вазиятида эдим… Мана шундай, Туркан, сенинг учун, фақат сен учун мен бу алам остида ҳар куни эзилдим, йилларча изтироб чекдим… сенинг юзингни кўролмаслик менга энг оғир жазо эди. У жазони чеккан пайтларимда, ўша азобли ҳижрон зиндонида бўғилган замонларимда қалбимдаги фарёд ва изтироб, руҳимдаги афғону оғулар кўксимни ёқар, қовурар, ўзлигимдан, ўзимдан заррача бир нарса қолмас ва мен бутунлай сенга айланиб қолардим ва фақат сени ўйлардим…

– Нега?..

– Нега? Ўҳ-ҳ, жоним, нега, нечун? Қалбим чаманидаги аламлар, ишқлар, руҳлар тараннум этган жоним булбулининг пинҳона ҳижронини сенинг у товуш етмас қулоғингга эшиттира олмаганим учун! Ишқим денгизидаги айрилиқ тўлқинларининг зарбалари кўнглимни яралаган дақиқаларда кимсасиз, умидсиз, имконсиз қолганим ва бечора руҳимдаги қийналишларни сенга, сенинг руҳингга сездира олмаганим учун! Борлиғим осмонини қоплаган булутлар орасида ўртанарканман, ойдек йироқ юзингни кўрмоқ иштиёқида йиғлаган кўзларимдаги ҳижрон дардини сенга билдира олмаганим учун!..

Нечун дейсанми? Зулмати ҳижронда ожиз қолганим учун!

Нечун дейсанми? Бекаслигим учун!

Нечун дейсанми? Сенсизлигим учун!

– Мана энди менга эга бўлдинг…

– Ҳа! Сенга етишдим ва қалбим чаманидаги руҳим булбули ўз сирли қўшиқларини сенга айтмоқда энди. Хотираларимни сенга сўйламоқдаман. Ўҳ-ҳ, хиралашган кўзларим висолинг нури билан тўлиб, аввалгидай порлай бошлади энди! Энди юрагимдаги қайғу ўрнида гуллар очилди. Ундан ингроқлар эмас, шавқу сурур садолари юксалмоқда. Кўзларимдаги соф ишқнинг шаффоф ёғдулари сенга, сенинг қарашларингдаги нурларга бориб туташмоқда… Шундай қилиб, орадаги бутун ҳижрон азоблари битди, висолнинг ёрқин кунлари келиб етди! Қалбимдаги қора, мазлум булутлар қолмади, руҳимдаги жаҳаннамий оташлар сўнди, ишқимдаги зиндон ҳаволари тарқалди, кўксимдаги савдо заҳарлари йўқолди ва буларнинг барига сабаб сенинг порлаган толе офтобинг, сенинг дийдори ҳуснинг…

– Демакки, энди эски ғам-аламларинг йўқ; демакки, бу кеча бахтлисан. У ҳолда, нечун менга ўша дарду ҳузунларингдан, қоронғиликларингдан, ўлимларингдан сўйларсан?

– Ўҳ-ҳ! Ҳа, Ўлжай, ҳа, энди улар бари ўтди, энди бахтимиз билан бирга бўлайлик! Ўтмиш бир туш, келажак эса қоронғулик. Шундай экан, шу ҳолу ҳолатни, ҳозирги онларнинг топилмас завқу шавқларини, сурурларини қандайдир тушга, аллақандай қоронғиликка фидо этиб бўларканми! Асло!..

Ҳа, жуда тўғри, Ўлжай, жуда тўғри!..

Икки севишган висол кечасида шундайин суҳбатлашиб ўтираркан, тонг оқаринқираб, қуёшнинг заррин зиёлари уфқни ёрита бошлади… Тонг гўё келажакнинг порлоқ саҳифаларини, гулгун табассумларини ва Темур учун тайёрланган ёрқин истиқболни кўрсатмоқчига ўхшарди… Шу билан баробар, унинг юзида сарғимтир бир кулумсаш ҳам бор эдики, бу кеча оқшом бунда тўй қилинаркан, бошқа бир ерда вазир Қизғиннинг қатлига қарор қилинганига, толенинг бадбахтлигига мудҳиш ва самимий ишорат, шафқат аломати эди…

 

  1. МАШЪУМ КЕЧА

 

Хуросондан ортга қайтилди… Ҳусайн Куртни енгиб, зафар қозонган оқшомда она томонидан жалойирларга мансуб Ўлжай билан Темурнинг тўйи тантаналарини ўтказиб, сўнгра юртга равона бўлинган эди.

Уруш тугаши биланоқ, ёқимсиз қон ҳидидан қутулар-қутулмас шошилинч суратда ўз ҳолига ташлаб кетилган ватанига қайтган улуғ вазир Қизғин ҳазратлари дарҳол йўқлиги замонида юзага чиққан масалаларни ҳал этишга, бошқарув ишларини мустаҳкамлашга киришди.

Энди ҳар куни тонг оқаргач, ўрнидан турар, қуёш чиққандан шомгача ҳокимият идораси билан машғул бўлар, ой ботгунгача ўринга ётмас эди.

Қоронғи бир кеча; вазир Қизғин ўтирган ердан нарироқда юзи-кўзи ўралган бир кимса сездирмасдан, шарпадай кезиб юрибди…

Болалигидан бери чодирда ухлашга ўрганган Қизғин уйқуга толаркан, ҳалиги шарпа товушсиз яқинлашиб, чодирнинг орқа тарафига ўтди. Аста қулоқ тутди, вазирнинг ухлаётганига қаноат ҳосил қилгач, ичкарига кириш учун чодир тагидан тешик очди.

Сўнгра номаълум киши атрофга қулоқ солди, бирор хавф йўқлигини аниқлагач, оҳиста ичкарига эмаклаб кирди ва чодир ичини кўздан кечира бошлади…

Нотаниш кимса очган тешик вазир Қизғин ётган ернинг ёнида эди. Қора ниятли шахс чодирда вазир ва ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, қоронғиликда қўли билан ўлчаб, тахмин этилган нишонга, вазир Қизғиннинг қоқ юрагига ханжарини санчди.

Мудҳиш зарбадан бирдан уйғониб, ўрнидан сапчиб турган вазир қоронғиликда номаълум шахс билан бўғиша кетди. Қотил ишнинг пачава бўлиши мумкинлигини ўйлаб, ғазаби янада қайнаб-тошиб, вазирга иккинчи бор ханжар урди…

Иккинчи зарбани еган кекса вазир ихтиёрсиз ерга чўзилиб қолди, бир оз инграниб, типирчилагач:

– Сен… кимсан?.. – деб сўради.

– Менми? Сенинг қотилинг! – деди номаълум шахс.

– Нега… мени… ўлдирмоқчисан?..

– Қизингни бермаганинг учун!

– Сенинг… шерикларинг ким?..

– Қизингни истаган неча киши бўлса – бариси!

– Унда… бари… менинг амирларимдан…

– Шундай, бари! Зотан, эртага ҳар бири ўз одамлари билан исён бошлайдир!..

– Эй-воҳ, юрагим… Ким бор…

– Ўл-э!..

Қотил шундай дея вазирга яна бир ханжар урди.

Сўнгра, бу ерда туришга ортиқ ҳожат қолмаганидан, чаққон эмаклаб тешикдан ўтди-да, қоронғиликда ғойиб бўлди.

Нохуш товушдан хавотирланган Темур ва Ўлжай шошилиб вазир Қизғиннинг чодирига етиб келишди. Қизғин сўнгги нафасини оларкан, Темурга қараб:

– Мени… ўлдирганлар… эртага… сендан айриладилар, – деди. – Ўғлим, ўзингга… эҳтиёт бўл… Қизим… алвидо… Ўчимни… ўчимни олингиз!..

Вазирнинг сўнгги сўзлари бўғзидан хириллаб чиқди ва қайғу билан бош эгиб турган куёви Темур билан қизи Ўлжай кўз ўнгида тўлғона-тўлғона жон берди. Бечора чолнинг боши ёстиқда қимирламай қотиб қолди. Ўлжай ва Темур шу онда онт ичдилар.

– Отамнинг ўчини оласан-а, Темур? – деди Ўлжай.

– Ҳа, ўч оламан!

– Мени севасан-а?

– Ҳа, севаман!

– Сендан менинг бошим учун отамнинг ўчини олишингни истайман!

– Онт ичаман: отамизнинг ўчини оламан!

– Мен ҳам онт ичаман: ҳар доим сен билан биргаман, ҳар хусусда ёрдамчингман…

– Отамизнинг ўчини олмасдан қўймаймиз! Уни ҳечам унутмаймиз! Унинг интиқомини олгунча фақат унинг учун яшаймиз!

– Ҳа, Темур, фақат унинг учун яшаймиз!

Икковлон аҳду қарор қилиб турган шу дақиқаларда қўлида машъала тутган Ўлжайнинг укаси чодирга кириб келди ва аҳволдан воқиф бўлгач:

– Тўғри, Темур, фақат ўч олиш учун яшаш керак, – деди.

Машъала чодир ичини ёритаркан, Темур бирдан бақириб юборди:

– Ҳаҳ!.. Оллоҳ гуноҳкорларни ўз айбларини беркитишда доимо янглиш йўлларга солмишдир. Ана, қотил шу ерда! Оҳ… м ана, қотил ханжарини отамизнинг кўксида қолдириб кетибди…

– Нима? Ханжарини-я?..

– Ҳа.

Темур вазир Қизғиннинг кўксидан ханжарни суғуриб олди, унга синчиклаб қаради.

– Бу улуғ вазир Сулаймонга тегишли қурол, – деди.

– Демак, қотил у!..

– Ханжарга ва ундаги ёзувга қараганда, қотил у… фақат у ёлғиз эмас…

– Яхши, шериклари ким деб ўйлайсан?..

– Бу ишни аниқлаштиришни бизнинг Ўғуз Арслонга топшириш керак. Тонг отгунча ҳал қилади.

– Онт ичамизки, улардан даҳшатли ўч олурмиз!..

– Ҳа, мудҳиш интиқом олурмиз!..

 

VII. МУДҲИШ ИНТИҚОМ

 

Эртаси тонгданоқ вазир Қизғиннинг қатл қилингани хабари ёйилар-ёйилмас қўшинда шунақаям саросима, талотўп бошландики, ғурур ва иззат нафслари задаланган турклар Темурнинг ёнига ёпирилиб келдилар ва ўч олишга қасам ичиб, уни қасос учун ташвиқ ва тарғиб этдилар.

Бу чоғда Темурнинг чодирига тўпланган беклар, мингбошилар ва бошқа улуғлар қотилнинг ва хоинларнинг кимлигини аниқлаш ниятида Ўғуз Арслон аниқлаган далиллар устида муҳокама юритишмоқда эди.

– Болам, – деди Ўғуз Арслон, – буйруғингизни бажариш учун кийимларимни ўзгартириб, бошқа қиёфада жангчилар орасига бордим…

Ҳеч нарсани билмагандай атрофни айланарканман, қоронғида, бир катта тош ортида беркиниб турган номаълум шахснинг: “Ким у?!” дея бақирганини эшитдим.

Унинг овози титрарди. Дарров ҳушёр тортдим, бир нарсаси бор шунинг, дея ўйладим. “Менман”, дедим-да, секингина унга яқинлашарканман, таниб қолмаслиги учун қоронғироқ тарафга ўтдим.

Қаршисида тўхтаб, кўрдимки, Сулаймон турибди! “Нима қилдинг, Сулаймон? Анави ишни битирдингми?..” дедим шивирлаб.

Шу сўзимдан кейин унинг кўнгли тинчиб: “Ҳа! Битирдим! Аммо менинг ҳам ишим битди энди…” деди.

У мени ҳалиям танимаганди, ўзининг фитначи шерикларидан бири дея хаёл қилганди. Юз-кўзим белбоғ билан ўралгани учун соқолим кўринмасди, чаққон ҳаракатларим мени ёш кўрсатарди.

“Ошналаримизнинг хабари борми?” дедим.

“Йўғ-э, қаёқда. Бу ерга ўзим аранг етиб келдим-ку”, деди.

“Бу ерда ҳеч ким йўқ, тинч. Уларни ҳам чақирсак бўлмасмикин?”, дедим.

“Бўлади…” деди у.

“Кечқурун йиғилиш бор деб айттириб юборишганди, бироқ мен боролмадим. Мана шу куни тунда ҳукм бажарилиши кераклигини билдиришганди, шуни ўйлаб, агар иш ўйлаганимиздай чиқмай қолса, нима бўларкин, дея роса қўрқдим-а… Шомдан бери шу атрофда дайдиб юрибман-да. Аммо ўзингам жуда чаққон, ҳар ишни сездирмай қиладиган устасан-да, қачон келганингни билмай қолибман…” дедим.

“Ҳа, нима демоқчийдим… Унда бориб уларни чақириб келай. Бугунги йиғилиш қайда?” деб сўради у.

“Қоя Алп чодирида”, дедим.

У кетди.

Мен сўнгра чодирга бориб, фитначиларни кўрдим…

Ўғуз Арслон сўзини тугатиши билан Темур ундан:

– Улар кимлар экан? – дея сўради.

– Улуғим, сиз уларнинг барини танийсиз…

– Йўғ-э! Кимлар?

– Бари сизнинг рақибларингиз. Ўлжай Турканни истаб, қуруқ қолганлар, анави ғавғода Оқа Кундузни ўлдириб қўйиб, қўли қонга беланган саккиз жиноятчи… Сулаймон ўшалардан бири эмасмиди?..

– Ҳа, энди англаяпман гап нимадалигини… Демак, Қизғин вазирни қизи учун ўлдиришган, шундайми? У ҳолда қотилларга омон йўқ!.. – деди Темур.

– Оллоҳ йўлингни очиқ қилсин! – деди Ўғуз Арслон.

Темур ўрнидан қўзғалгач, Ўғуз Арслон ҳам унинг ортидан эргашди ва чодирдан ташқарига чиқишди. Аскарлар дарҳол уларни ўраб олдилар.

– Қотилдан ўч олишни истаймиз! – деган товушлар янгради.

Бунга жавобан Темурнинг:

– Ўч олингай! Отларингизни миниб, тўпланинг! – деган ҳайбатли овози жаранглади.

Барча севиниб тарқалди ва оқшомга яқин урушга тайёр бўлиб тўпланишди. Темурнинг:

– Ўч олиш учун, вазир Қизғиннинг интиқоми учун олға!.. – деган жасурона буйруғи эшитилди.

Улар уфққа қараб учиб боришаркан, қаршидан бир отлиқ кўринди ва яқинлашиб:

– Темур арслонни кўрмоқчи эдим, – деди.

Уни Темурнинг ёнига олиб боришди. Отлиқ қўйнидан чиқарган буйруқни Темурга топширди. Уни ўқиган Темур амакиси ҳожи Сайфиддин Барлос, Боязид Жалойирий, қутбулқуттоб Зайниддин Абу Бакр ва Мирсаид Шарифдан иборат маслаҳатчилари билан вазиятни муҳокама қилишга киришди. Икки соатлик кенгашдан кейин маслаҳатчиларини эргаштириб, бир тепаликка чиқди ва аскарларга қарата шундай деди:

– Арслонлар, қаҳрамонлар! Шу онда орқага қайтмоқ биз учун мувофиқдир. Бу ишнинг тўғрилигини маслаҳатчиларим, мамлакатимизнинг донишмандлари бўлган шу зотлар ҳам тасдиқлашдики, бу қарорда ҳикмат бор, – деди.

Сўнгра отига миниб, йўлга чоғланди. Гарчи бу тарзда қайтиш баъзиларга ёқмаган, миш-миш чиқарган бўлса ҳам, барча аскар отланишиб, унинг ортидан эргашдилар.

 

VIII. ҚОТИЛЛАРГА НИМА БЎЛДИ

 

Сулаймон кутилмаганда учраб қолган Ўғуз Арслоннинг сўзларидан бир оз шубҳалаганди, фақат ўша пайтда қотиллик изтиробида ўртанаётгани ва эси унчалар ўзида эмаслиги учун унинг кимлигини ўйлаб кўролмаганди. Бир муддат кутди, лекин у тарафдан ҳеч кимнинг келмаганини ва бу туришда келмаслигини ҳам англаб етгач, бу ерда бир гап бор, деб қўйди. Дарҳол сергак тортиб, турган жойидан заҳарли илон каби қўзғалиб, бошини ҳар ёққа буриб, теграсига иблисона кўз ташлади-да, шипиллаганича юра кетди…

Қоя Алпнинг чодирига борди. Эшик ёнида турганича ичкарига қулоқ тутди. Чодирда уни кутаётганлар тоқатсизланиб, ўз гапларини маъқуллашарди:

– Ҳалиям келмади-я, ишқилиб, бир фалокат бўлмасин-да…

– Қўйсанг-чи, дўстим, ҳар ишда шунақа кечикиш Сулаймоннинг эски одати-ку! Зотан, қўлидан нимаям келарди…

– Ие, ўйлаб гапиряпсанми? Агар у шу пайтда бу ишда бирор хатога йўл қўйса, биз жуда кўп нарса йўқотамиз!..

– Э, азизим, бекорга хавотир оляпсиз. Кутайлик, юрган одам, келиб қолар ахир…

Зотан, бир жамият, қанчалар собит ва мустаҳкам бўлмасин, агарда у ёмонлик пойдевори устига тикланса, ҳақиқий тўғрилик ғоясига таянмаса, унинг аъзолари ўртасида нифоқ чиқаверади. Бири у дейди, бири бу дейди; бири у ёққа, бири бошқа ёққа тортади… Улар доимо бир-бирларига қаршидирлар. Яхшиликдан муддао ёмонлик билан мусобақага киришмоқдир…

Шундай қилиб, Сулаймоннинг қотиллик мартабасига эришуви ошналарига турлича таъсир қилган, баъзилари ҳасад қилиб, ҳалитдан уни чайнай бошлашганди:

– Кўрайлик, қачон келаркин? Оқшомдан бери кутяпмиз, тонг ҳам оқарди, ҳалиям келади!..

– Албатта келади, қаёққа борарди. Ишқилиб, бизга хиёнат қилмаса бўлди.

– Сен нима деяпсан ўзи? Оғзингга қараб гапир!

– Менимча, ундан ҳар нарсани кутиш мумкин.

– Бу нима деганинг?

– Биз қасам ичган пайтимизда унга диққат билан қараганмидингиз?

– Ҳа, эсимда, турқи ғоят совуқ эди.

– Турқини қўяверу, онт ҳам ичмаганди! Мен ўшандан бери бу ишнинг охири нима билан тугаркин, дея бош қотираман.

– У ҳолда, тағин қочиб кетган бўлмасин?

– Балки қочгандир, балки хиёнат қилгандир.

– Йўқ, ўртоқлар, йўқ, у бунчаликка бормас. Сулаймон эҳтимол сизларга хиёнат қилар, бироқ ошиқона интиқом сўзидан қайтиш ҳечам қўлидан келмайди! Ундаги ишқ жонсиз олтиндан бошқа нарса эмас: у фақат қиличдай кесади, фақат ўлдиради, фақат у ишқ буйруғини бажарадир!

Сулаймон чодир ёнида тураркан, унга номаълум бир одам учрагани ва бу ерга у йўллаганини айтишга қарор қилганди, бироқ шериклари уни кўришлари биланоқ, оғиз очтирмасдан, сўроққа тутишди:

– Иш битдими?

– Айтақол, нима бўлди?

– Қаршилик кўрсатдими?

– Сени танидими?

Сўроқ дўли остида қолган Сулаймон, буларнинг эзмалигидан, вақт зиқлигидан сиқилиб:

– Дўстларим, – деди писандсизлик билан, – сизларга ишнинг қандай бўлганини айтиб беришга ҳозир вақтим йўқ. Қани, туринг, ҳозироқ баримиз отга миниб, йўлга тушамиз!.. Бу ердан қочишдан бошқа чора қолмади…

– Нима бўлди ўзи, тушунтирсанг-чи!

– Нима бўларди, дард бўлди! Сизлар бу ерда суҳбатлашаётганингизда, чодир ёнида бир шарпа сўзларингизни тинглаб турганини кўрдим. Табиийки, сизлар бунда анча-мунча сўзларни гапиргансиз, у ҳам бекордан-бекорга тинглаб турмагандир-ов… Албатта, бир мақсади бор. Чувимиз чиқмасдан отни қамчилайлик! Менимча, Темур бу ишдан хабардор. Шунинг учун ҳаммамиз Темурнинг олдига борайлик, масалани бошқача тушунтириб, ҳечқурса унинг ғазабидан қутулайлик… Зотан, шу ишни қилганимдан ўзим ҳам пушаймонман, ахир уни ўлдирдим нимаю ўлдирмадим нима, ҳеч бир фойдаси йўқ, ҳеч!..

Қоя Алп ўртага отилиб, унинг сўзини маъқуллади:

– Тўппа-тўғри, бундан бошқа чора йўқ, дўстлар! Қочайлик, қутулайлик!

Бари чодирдан чиқишиб, отларига сакраб минишди. Орқаларидан бир неча хизматчиларини ҳам эргаштириб, малъун бир тўда ҳолида отларини учиртириб, қоча бошладилар.

* * *

Қуёшли бир кун. Самода, унда-бунда оппоқ булут парчалари кезиб юрибди. Ерда эса, номига бўлса-да, бирор кўлка деган мўъжиза кўзга ташланмайди.

Ҳар ёқ қуёш ҳароратидан ёнмоқда, жазирамада қовурилмоқда. Ўрдугоҳдан ярим кунлик масофа узоқликдаги Туғлуқ Темурнинг пойтахтида эса камоли азму иқбол ила шодумонлик ҳукмрон.

Туғлуқ Темур самовий ва беҳиштий тахтида ўтираркан, аллакимни интизор кутаётгани, сабрсизланаётгани ва сиқилаётгани кўриниб турарди.

Хизматчилардан бири келиб, унинг ҳузурига кирмоқчи бўлган икки-уч кишининг мунтазир эканлигини билдирди. У изн берди. Хизматчи чиқиб кетди ва бир муддатдан сўнг қайтиб:

– Кирсалар бўлурми? – деди.

– Бунга келтир уларни! – деди Темур Туғлуқ.

– Бош устига!

Хизматчи шундай дея ташқари чиқди ва сўнгра ичкарига Сулаймон, Қоя Алп ва бошқа фитнадошлар кириб келишди. Туғлуқ Темур хизматчиларига:

– Бизни ёлғиз қўйинг! – дея буюрди.

– Бош устига! – дея хизматчилар ташқарига чиқиб кетишди.

Ёлғиз қолишгач, Туғлуқ Темур келганларни сўроққа тутди:

– Нима бўлди? Нега бунақа тўдаланиб келдингиз?

Дўстлари сен бир нима де, дегандай Сулаймонга қарашди.

– Тақсир, – деди Сулаймон, – биз билан бирга беш юз киши келди, Темурдан қочишга мажбур бўлиб қолдик…

– Нега?

– Темур қилган ишимиздан хабар топибдир…

– Демак, бу ишда менинг ҳам қўлим борлигини у биладир?

– Йўқ, тақсирим! Темур содда бир йигит. Унинг бу ишдан хабардорлиги шундаки, унинг одамларидан бириси тасодифан бизникиларнинг чодирда гаплашиб ўтирганини эшитиб қолган ва қотилнинг бизлардан эканини сезган; у бориб Темурга шуни билдирган, холос.

– Демакки, Темурни мен ҳалиям қўғирчоқдай ўйната оламан. У ҳолда, шуни билатуриб, бу ерга келмоғингиздан мақсадингиз – мени ҳам фош этмоқ, сиз билан биргалигимни кўз-кўзламоқ, шундоғми?

– Йўғ-э, тақсир, биз бу ерга фақат марҳаматингизга сиғиниб, сиздан паноҳ тилаб келдик! Табиийки, ҳимоятингиздан умидвормиз…

– Ҳозирча сизга изн бердим. Мен билан бирга бўлсангиз (фақат буни ҳеч ким билмаслиги керак), яқинда вазир Қизғин замонида саркашлигини бошлаган ерлардаги аҳолини ўзимга тобе этмоқ, бошқа баъзи ерларни ҳам итоатимга олмоқ ва аввалги қудрату шавкатимга эришмоқ учун катта юришга киришурман. Ўшанда бизга қўшилишга имконингиз бор.

– Раҳмат, тақсир!

– Темурга эса ҳеч бир ғаразим йўқ. Фақат, кўрамиз, келажакда даврон бошимизга неларни солгай.

– Тақсир, унинг сизга қарши исён кўтариши аниқ…

– Ўшанда кўрамиз!

Туғлуқ Темур шундай дея бир ишорати-ла хизматчини чорлаб, келганларни кузатиб қўйишни буюрди. Улар чиқиб кетганидан кейин:

– Ана, ишлар мундоқ бўпти, Қизғин бобо! – дея мамнун жилмайди. – Сен босиб олган ерларимни қайтиб олиш учун ҳеч недан қайтмайман! Ҳеч не, ҳеч ким бунга моне бўлолмас! Агарда куёвинг Темур ҳам менга қарши заррача осийлик қилса, бош кўтарса, боши кетадир, эҳ!..

Сўнгра яна хизматчини чорлади. Унга:

– Энг чаққон чопарларимдан бирини тезда бунга юбор! – дея амр этди.

Бир оздан сўнгра ичкарига чопар кириб келди. Туғлуқ Темур ҳузурида арзи эҳтиром айлади. Туғлуқ Темур суяниб ўтирган ёстиғи остидан бир ҳамённи олиб, унга узатди ва шундай деди:

– Ҳозироқ отга мин! Учганингча қўшинга етиб бор! Темурга учраш. Қайнотасининг ўлдирилиши муносабати билан унга ва хотини Ўлжай Турканга таъзиямни билдир. Мовароуннаҳр ўлкаси бошқарувини унга топширганимни етказ! Турган еридан ҳеч ёққа жилмасин. Мен уруш бошлаяпман, ундан анчагина хизматлар талаб қилурман. Тез йўлга туш!..

– Бош устига! Бу сўзларни фақат Темурга айтайми?

– Ҳа, фақат Темурга айт!

Чопар султон Туғлуқ Темурнинг этакларини ўпиб, ташқарига чиқди. Султон деразадан унинг отига миниб, ошиқич йўлга тушганини кўрди.

 

* * *

Мўғул саркардаси султон Туғлуқ эски мўғул оталаридан ўтган қонидаги ўжарлик, шаҳду шиддат билан Олмалиқдан Самарқанд устига юрди.

Туғлуқ Темур, барча режаларини унутиб қўйган рассомдай иш тутганича йўлида учраган ҳар нарсани ёқиб, йиқитиб, теваракка даҳшат сочиб борарди.

Унинг аскарлари шу ерлик турклардан ташкил топганди. Ораларида мусулмонликка унча аҳамият бермайдиганлари, талончилар ҳам учраб турарди. Бироқ бари Туғлуқ Темурга садоқатли, унинг бир амрига қонини, жонини фидо қиладиган, унга ҳаёти билан боғланган жанговарлар эди.

Темур амридаги вазир Қизғиннинг аскарлари, султон Туғлуқ қўшинининг бу муваффақиятли, ўлжага бой юришини кўрар-кўрмас, оғизларининг суви қочиб, дарҳол истилочилар ёнига от қўйдилар.

Улар орасида Темурнинг амакиси ҳожи Сайфиддин Барлос билан Боязид Жалойирий ҳам бор эди. Темур уларнинг бу ишидан жудаям хафа бўлди. Бу режасиз ҳаракат, ҳар ерни босиш ва талашга йўналтирилган ғаддорона юриш натижасида Туғлуқ Темур, бир пайт келиб, ўз тиғини ёш Темурга қаратиши ҳам мумкин эди…

Шуларни ўйларкан, Темур машваратчиларидан қутбулақтоб Зайниддин Абу Бакр ва нақшбандий тариқати мансуби Саид Шарифлар маслаҳатига кириб, вақтинча қайнотасининг қотилларига қарши урушдан воз кечди, султон Туғлуқ Темур билан эса иложи борича яхши муносабат ўрнатишни муносиб кўрди. Бу икки уста маслаҳатчи воситасида ўзини Туғлуқ Темурга содиқ кўрсатишга, пайтдан фойдаланиб, ўз аҳволини тартибга келтиришга интилиб, султоннинг яқинлари билан алоқа боғлади ва анча-мунча муваффақиятга ҳам эришди. Султон айғоқчилари орқали аниқланган сирларни Темурга ҳам билдириб турарди. Темур бериладиган ақча ва тортиқларни орттира-орттира султоннинг одамларини қўлга киритгани каби бора-бора Туғлуқ Темурни ҳам ўзига оғдириб олди…

Булар, тортиқлар учун сарфланган ақчаю олтинлар тариқат кишиларидан, вақфлардан йиғилиб келарди. Темурни диндор аҳоли яхши кўрарди ва уни доимо қўллаб-қувватларди. Темур ҳам уларнинг ҳусни назарини жалб этишга, кўнглини олишга интиларди. Шу тариқа у киришган ҳар ишида ютуқларга эриша бошлади.

Бир куни, Темур хос маслаҳатчилари билан кенгаш қиларкан, сўз айланиб шу гапларга тақалгач, бир маслаҳатчиси ўта ишонч билан шундай деди:

– Султоннинг аҳволи қанақалигини билиш учун уларнинг вазиятини кўз ўнгимизга келтириш кифоядир, деб ўйлайман.

– Бу хусусда мен ҳам айни фикрдаман, – деди Темур. – Ҳарҳолда Туғлуқ алданди.

– Қанақасига алданади?

– Э, шунақаям алдандики, ҳатто қайнотамнинг қотилларини ҳимоятида тута келгани ҳам менга маълум эмаслигига ишонадир, деб ўйлайман.

– Менимча, султоннинг бунақа алданиши мумкин эмас, бу эҳтимолдан узоқ нарса. Туғлуқнинг бунчалар аҳмоқликка боришини хаёлимга ҳам келтиролмайман. Аммо сиз бунга муваффақ бўла билдингизми, агарда шу ишни бажарган эрсангиз, амалга ошишини имконсиз кўрганим ва қойил қолганим бу муваффақиятга қандай нойил бўлдингиз?

– Қандай бўларди, бу жараён ўз-ўзидан юзага келди. Султоннинг одамлари нуфузимни жуда юксак тасаввур этишарди ва устунлигиму бойлигимдан кўзлари қамашарди. Олтину тортиқларим юрак-юракларига кириб борганди. Хонга ҳам ҳадияларни ҳеч аямасдан юбордим. Мана энди ким яхши, Темур яхши, ҳар хусусда фикримни сўрайди, раъйимга қарайди, кўпинча мен айтгандай иш тутишни мақбул кўради. Муваффақият қозониш учун амалга оширган ўша ҳийлаларни менга сиз ўргатгандингиз-ку, ахир. Ҳар ишда, доимо диндорлардан, уларнинг таъсиридан ва кўз қамаштирувчи сийму зардан, ҳадиялардан фойдалан, дея сиз маслаҳат бергандингиз-ку!

– Бўлди, қўлга тушдик, биз таслим! Фақат бу қадар оз вақт ичида бунчалар катта муваффақиятга эриша олишингиз хаёлимизга ҳам келмаганди.

– Сиз у йўл-йўриқни, душманга қарши ҳийлани билардингиз. Фақат қандай амалга оширишни аниқ билмасдингиз. Мободо, сиз менинг ўрнимда бўлсайдингиз, бу ишни юзага чиқариш учун фурсат тополмай бошингиз қотарди. Бунга икки баравар кўп фурсат берилгандаям муваффақият қозонмоқ осонмас. Бир сиёсий ҳийлани амалга ошириш учун кунлар эмас, балки йиллар ҳам оз. Ўйчи ўйини ўйлагунча таваккалчи ишини битиради. Бунақа ишда ҳар доим жасорат, таваккалчилик, олдин ҳужум уюштириш катта аҳамиятга молик. Мен худди шундай қилдим. Ўлгунимча мана шундай йўл тутишга қарор қилганман ва ўлгунимча муваффақият қозонишга умидворман. Руҳим, фикрим ҳам урушни бошқарадиган қўлларим каби кучли ва метин бўлиши кераклигини биламан!

– Жуда соз! Қутлаймиз! Сизнинг бу ютуқларингиз биз учун ҳам шарафдир!

– Яна шунисиям борки, султон Туғлуқ ҳар неки хусусда менинг қарашимни ё маслаҳатимни сўраган бўлса, унга айтган сўзларим билан унинг ҳукумати ва манфаатини эмас, ўз муваффақиятларимни кўзладим.

– Ўҳ-ў! Бунга қандай эришдингиз?

– Масалан, ҳар доим менга берган амрларини бажарганимни билдираркан, фикру зикримни унинг ватанимдан, Мовароуннаҳрдан чиқиб кетишига қаратардим. Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, Маҳмудшоҳ бу ерларга ўз-ўзича келиб қолдими, Туғлуқ уни ўз ташаббуси билан бунга жўнатдими?

– Не билайлик, қани, ўзингиздан эшитайлик…

– Бу ишни олдиндан пиширдим. Юртимизда етишган, бу ўлканинг шароитини яхши биладиган, ўз уруғимдан бўлган Маҳмудшоҳ Барлосни султонга тавсия этдим. Унинг қўмондонликка кўтарилишига роса ҳаракат қилдим ва ниятимга етдим. Унинг бу мартабага эришувига бу ўлкадаги аҳволни яхши билиши омил бўлди.

– Сизнинг тимсолингизда шу ватанни қутқариш учун юборилган улуғ халоскор шахсни кўрмоқдаман ва қасам ичаманки, шу ондан ўлгунгача сиз ва сизнинг муваффақиятларингиз учун хизмат қиламан!

– Раҳмат! – дея Темур доно маслаҳатчиларига эҳтиромини изҳор этди.

Шундай қилиб, Темур уруғдоши Маҳмудшоҳни қўмондонликка тайинлаган кунларда султонга баъзи хирожларини тўлай олмаган мулк эгалари саросимага берилиб, бор-будларидан айрилиб қолиш қўрқувига тушган, ётиб қолгунча, отиб қол қабилида иш тутиб, қипчоқ босқинчилари устига ҳужум уюштиришган ва қипчоқлар орсида талотўпу исён чиқаришган эди.

Султон бу қўзғолонни бостириш учун Мовароуннаҳрдан келадиган даромадга кўз тутаётганди. Ҳолбуки, Туғлуқ истасаю истамаса, бу ўлкани идора эта оладиган энг мақбул шахс Темур эди.

Темур ҳам уламонинг ҳурматини, ҳам аҳолининг муҳаббатини қозонганди. Жассорати, маҳорати туфайли ҳукумат амалдорлари ва султон наздида катта мавқега эга эди.

Султоннинг буйруғига кўра Темур Мовароуннаҳрга волий этиб тайинланди ва қўлига ҳокимлик муҳри, амрига ўн минг кишилик қўшин топширилди.

 

  1. ФАЛОКАТ

 

Еру кўкни қалин туман ва кўзни кўрмас бир зулмат қоплаган, мудҳиш, қўрқинчли кеча… Замину самовотни тўлдирган бу бўғиқ ҳаводан қандайдир фалокатнинг сассиқ қўлансаси анқийди, шамоллар ўлим бадбўйини келтираётгандай, атрофда бир жаҳанамий қоронғулик ҳукмфармо…

Мана шундай ваҳимали, зим-зиё туннинг қоронғу зиндонида, унинг қора қумларида вишиллаб судралган илонлар каби икки-уч кишининг изғиб бораётган шарпаси сезилади…

Бу ерлар Темур ҳокимлик қилаётган Мовароуннаҳр ўлкаси чегарасига яқин бир макон. Бу қум воҳасида кичик-кичик тепаликлар кўзга ташланади. Тепаликлар панасида писиб ётадиган қароқчилар бундан аҳён-аҳёнда ўтадиган йўловчиларни тунаб, қашқирлардай кун кечиришади. Ҳалиги қоронғиликда тимирскланиб юрганлар итларникидай ўткир кўзлари билан туман ичида бир отлиқ келаётганини илғашди. Дарҳол олдиндан тайёрланган пистирмага яшириниб уни кута бошлашди. Отлиқ эса ҳеч нарсадан хабарсиз йўлида давом этарди…

Ҳалиги пистирма ёнидан ўтаётганида бўйнига алланарса келиб тушганини сезди…

Қароқчи унинг бўйнига каманд отганди. Отлиқ бечора гупиллаб ерга йиқилди, нима бўлаётганини билолмай ҳам қолди, ўзини у ёққа-бу ёққа урди, типирчилади, бироқ кўксига ва бўйнига урилган икки-уч ханжар зарбасидан кейин мангуга тинчиди-қолди.

Йўлтўсарлар шўрлик ўликнинг уст-бошини тинтиб кўришди, қўйнидан бир оз пул ва мактуб чиқди. Хат араб ёзувида, бу ўлкада толадан ишлаб чиқарилган қоғозга битилган эди. Қотиллар йўловчининг ўлигини судраганча олдиндан тайёрлаб қўйилган чуқурга олиб келиб ташлашди ва бирпасда уни кўмиб, жиноят изини бекитишди. Сўнгра жасад кўмилган ерни ҳар эҳтимолга қарши яна бир бор кўздан кечириб, ўлжасини тинчитган қашқирлардай қоронғиликда, туман орасида ғойиб бўлишди. Бир оз юришгач, қурбон кетган одамнинг отини етаклаб олган қароқчи:

– Яна қанча юрамиз, тонг отиб қолди-ку, – деди.

– Тўхташ йўқ! – деди бошқаси. – Темурнинг ерларидан чиқиб кетгунча юришга мажбурмиз.

– Ҳа, шундай қилганимиз тузук. Шундай иш тутишимиз анча хавфсизроқ ва қутулишнинг йўли ҳам шу.

Йўлда давом этишди. Бир муддат ўтгач, учинчи кимса шундай деди:

– Бу кечани шу атрофда, эронлик Хизрнинг уйида ўтказсак, нима дейсизлар? Унинг жойи Темурнинг ерларидан ташқарида. Менга қолса, шундай қилиш керак.

– Жуда яхши. Ўзиям итдай чарчадик. Манави жониворнинг ҳам бизга фойдасидан кўра зарари тегди, ҳеч йўлимиз унмади.

– Келишдик. Қани, ўша ёққа жўнадик!

Қароқчилар ғайрат билан йўл босиб, ўн дақиқадан сўнгра эронлик Хизрнинг уйига етиб боришди.

Дарвозани тақиллатиб, очдиришди ва ичкарига киришди. Эронлик Хизр ҳам йўлтўсарларга ўхшаган, қоронғида кун ўтказадиган заҳарли илонлардан эди. Фақат у қароқчилардан ақллироқ эди, ўқиш-ёзишни биларди. Бу хилват, гадойтопмас маконга ҳийлагарликда янада етукликка эришиш ва зийрак кўзлардан узоқроқда туриш ниятида келиб қолганди. У бунақа аҳмоқ қароқчилардан бир нечасини ҳар бармоғида ўйнатардию, бироқ бу найрангини ёнидаги бирор кимсага сездирмасди.

Эронлик Хизр йўлтўсарларни қани-қани қилиб, кутиб олди ва хонага олиб кириб ўтқазаркан:

– Шу кечаси ов бароридан келибди-ёв, кўзимга жуда бойигандай кўриняпсизлар, – деди синчиклаб.

– Э, гўр бўлармиди, – деди қирриқ қароқчи. – Қанчалик бойиганимиз маълуммас, ҳали ўлжага тузук-қуруқ қарамадик ҳам. Кўрайлик-чи, киши бошига қанчадан тегаркин?

– Э, олинг унда, мен тақсим қила қолай! – деди Хизр.

Йўлтўсарлар ўлжаларини чолнинг олдига тўкишди. Йиғилган нарсалар орасида ҳалиги мактуб ҳам бор эди. Қария хатга зийракларча кўз ташлаб, ўғриларга билдирмасдан дарҳол уни бир ёққа ажратиб қўйди. Ўртадаги ўлжани, пулларни тақсимлади, сўнгра мактубни қўлига олиб:

– Шуям меники бўлсин! – деди. – Биласизки, мен шунақа нарсаларга қизиқаман. Ўзи бундайин эски-туски қоғознинг сизларга ҳеч кераги йўқ, деб ўйлайман.

– Э, отахон, олавер! – деди бир қароқчи.

– Зотан, биз уни ташлаб юбормоқчийдик, – деди бошқаси.

– Бизга фойдаси йўқ қоғознинг нима кераги бор, ортиқча юк! – деди учинчиси.

– Тўғри! – деди чол. – Сизлар учун бу ташлаб юбориладиган керкаксиз нарса, ортиқча юк! Аммо мен уни Эронга юборсам, бирор қимматга эга бўлиши мумкин. Шу боисдан, уни менга берганингиз учун сизларга ташаккур билдираман.

– Э, отахон, шу сеники, олавер!

– Гапиришгаям арзимайди-ку бу! Э, эзвордиларинг-да…

– Хой, қулоқни единг-ку, нега бақирасан?!

– Ўчир! Нега томоғингни йиртасан. Бўғиб қўяйми ё!..

Қароқчилар ўртада тақсим қилинган ўлжага қаноат қилмасдан, бирбировиникидан кўз узолмай, феъллари айниб турганди, дарҳол даҳанаки жангга киришдилар. Сал бўлмаса ёқалашиб кетишардию, Хизр:

– Э, қўйинглар, ўзларинг жўмард одамларсизлар, арзимас нарсага жиқиллашманглар, – дея уларнинг шаштини қайтарди. – Биламан, менга жонларингниям фидо қиласизлар. Бўпти, мен энди чиқайин, сизлар ҳам дам олинглар.

Хизр қароқчиларни ўз ҳолига ташлаб, хонасига кирди-да, қўйнидан мактубни олиб, индамасдан кўз югуртирди. Сўнгра бирдан:

– Эй-воҳ, Темур! Бошингга фалокат тушибди-ку!.. – дея ҳайқириб юборди.

 

  1. МАКТУБНИНГ СИРИ

 

Темурнинг фавқулодда иқтидор эгаси эканлигини англаган ва унинг келажаги учун хизматини аямасликни ваъда қилган икки зот бор эди: уларнинг бири нақшбандийлар тариқатига мансуб Саид Шариф, иккинчиси Темурнинг бош маслаҳатчиси, қутбулақтоб Зайниддин Абу Бакр эди…

Бу икки зот барча одамлари билан биргаликда Темурнинг истиқболи учун хизмат қилишарди ва унинг иқболи учун куюнишиб, жонбозлик кўрсатишарди.

Бир ойча олдин, бу икки зот Темур ҳаётидаги муҳим масалалар мавзусида маслаҳатлашиб ўтириб, тортишиб ҳам қолишганди. Ўшанда Саид Шариф:

– Темурнинг бунчалар қисқа вақтда ҳоким бўлиши тақдирдан. Унинг толеи шунақа, менимча. Аммо ҳар нарсага тайёр туриш ҳам керак. Зотан, ҳар қанақа одам тақдиридаги саодатдан юз ўгира олмаганидек, пешонасига ёзилган фалокатдан ҳам қутулолмайди ва йўқ толени бор қилиш қийин… – деди. – Менинг фикрим шу: агар тақдир лойиқ кўрса, Темур буюк бир султон бўлса бўлаверадир. Мабодо, тақдири бошқача эрса, биз қанча хизмат қилмайлик, қанча уринмайлик, ҳеч иш чиқмайдир…

– Тўғри, жуда тўғри! Фақат тадбирда қусурга йўл қўймаслик даркор! Эҳтимолки, тақдир ўша саодатга эришиш учун тадбирни шарт этиб қўйгандир. У ҳолда Темурнинг муваффақияти учун нечун ҳаракат қилмаслигимиз керак? Нечун фалокатга йўлиқса-йўлиқаверсин, дея индамай ўтиришимиз лозим? Темурнинг подшоҳ бўлиши тақдирда ёзилмаган эрса, унда кичик бир муваффақият туфайли шундайин ҳокимликка тайинланишига не дейилур?..

– Воқеан, бу ҳокимлик унинг келажакка отган илк одимидир! Фақат толеининг порлоқ нурларидан кўзи қамашса, Чингизона қаҳрамонлик хаёлотига берилиб кетса, у вақтда мағлуб бўлур. Зотан, унинг кураши энди бошланмоқда, у эндигина майдонга тушди…

– Ўйлашимча, Темур бутун умрини халқнинг ҳукмдори бўлиб ўтказадир. У бутун ташаббусоти, ижрооти – қиладиган ишларининг ҳисобини беришни, халқ олдидаги масъулиятини доимо назари эътиборга олмишдир. Яна шулким, унинг ғояси ва ватан истиқболи учун тасаввур айлаган лойиҳаси борким, албатта, унда Бухоро ва Нахшаб томонларнинг бирлашуви ҳам мавжуд…

– Жуда яхши-да! Фақат мақбул вазият ҳануз пишиб етилмаган, у лойиҳадаги ишларни амалга ошириш учун Темур ҳали кўп сабр этмоғи керак!

– Э, бўлмаса-чи… Табиийки, сабр этмоқ яхшидир. Темур ҳам шу йўл тарафдори.

– Бу ишлар амалга ошиши биланоқ, мана, кўрасиз, туркийлар ва мўғуллар билан Чингизхон ўртасида тузилган битим ҳукмлари ўз кучини йўқотадир. Чингизхон қўл остидаги муқаддас Чин салтанати ҳам аввалги қуввати ва эътиборидан айриладир, парчаланадир, ана ундан кейин Осиёда бир неча кичик давлатларнинг пайдо бўлишига ҳеч кимса монелик эта олмайдир!

– Буни кўп яхши айтдингиз. Фикру қарашларимизда ўхшашлик, бирлик борлиги каби Темурнинг мулоҳазалари ва тушунчалари ҳам бизникига монанд ва иттифоқдир, у ҳам кўп нарсани биздек ўйлайдир. Зотан ҳеч бир замон, ўзингизга ҳам яхши аёнким, Темур уламонинг насиҳатиндан қочмади, доимо бизларни ўзига маслаҳатчи деб билди.

– Тўппа-тўғри. Бу хусусда Темурдан кўнглим тўқ. Ҳар бир ишга оқилона тадбир ила ёндошаётгани ҳам бунинг далили эмасми ахир? Мен унинг ўзига ҳам иқболи баландлигидан, келажаги порлоқлигидан сўйлагандим. Аммо олдиндаги юксак мақсад шошқалоқликни кўтармайди, буни унутмайлик.

– Тўғри, бу азим мақсадга восил бўлмоқ учун биргина жасоратнинг ўзи етмас. Бир оз диққат билан ҳаракат қилинса, сабрни йўлбошловчи ва йўлдош этса, ҳар ҳолда, Темур кўзлаган ғоясига эришгай, иншооллоҳ.

– Тўғри, Худо хоҳласа, шундоқ бўлгай. Хусусан, яна бир масала бор. У ҳам бўлса, аҳолининг эътиборини қозонмоқ, унинг меҳру ҳурматига эришмоқ. Муҳими, буюк ғоялар йўлига тушган зот энг аввал эгаллаши шарт бўлган яна бир нарса борки, бу ўйин аталур! Қачон, ким билан, қандай ўйин қилишни ўрганиб олгач, бошқа ишлар енгил кўчгай. Чунки у қаерга бормасин, йўлдошлар ва ёрдамчилар бўлгай. Қаердаки бирор хатар ё фалокат ёпишса, уни қутқарадиган, ҳеч қурса, битта одам топилгай. Ана энди шу нарсага диққат қилинг: юқоридаги ҳолатларда вазият, чегара аниқ. Аммо буни уруш билан муқояса этмоқ мумкин эмас. Урушда жуда кўп одам қатнашади. Кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқ – шу жиҳатдан муҳим.

– Афкори умумийни, эл эътиборини қозонмоқ учун Темур имкони қадар фидокорлик кўрсатмоқда. Бироқ унинг биздан кутаётган фидокорликлари бошқачадир…

– Яъни, қанақа?..

– Айни шу хусусда унга ёрдам қилишимизни истайдир…

– Қандайин кўмак бера олурмиз?

– Қўлдан келганича-да…

– Ишонингки, бу борада ҳеч нарсадан хабарим йўқ…

– Унчалик эмас, лоқайдсиз, холос.

– Йўғ-э! Темур ҳазратлари мафкурада, одамлар орасида юксак мавқега қай тариқа эришгайлар – мен буни қайдан билайин? Бу ўринда менинг қандай хизматим бўлиши мумкин…

– Тақсирим! Камина қулингиз икки-уч кундирки, кўча айланиб, эл тилига қулоқ тутдим, бу юртда анча-мунча дўстларим, таниш-билишларим бор, улар билан суҳбатлашдим. Барига Темурнинг фазилатларидан сўйладим. Энди энг ишончли дўстларимга бутун ўлкада шу иш билан шуғулланишларини тавсия қилгаймен. Бошқа таниш-билишларга ҳам Темурни шундай мақтайинки, уларнинг тилидан ҳам Темур тушмай қолсин.

– Жуда соз! Мен ҳам сиз билан бирга ишга киришавераман-да?

– Ҳай-ҳай-ҳай, тақсирим, ўзингизни уринтириб нима қиласиз? Мен йилларча елиб-югуриб, куйиб-пишиб юзага чиқарадиган иш сизнинг шунчаки бир оғиз сўзингиз билан битади. Ҳозирги вазиятда сизнинг биргина сўзингиз кифоя.

– Қанақа сўз?

– Ҳа-ҳа, биргина сўзингиз етарли. Биз олдин Темурга сиёсатда диннинг таъсир кучидан фойдаланишни уқтиргандик, тўғрими?

– Тўғри.

– Темурнинг сиёсий нуфузга эришмоғи учун қилинадиган ишлар хусусида менинг пишган фикрларим бор. Диний томондан эътибор топиши учун эса, мамлакатимизда дину диёнатда, уламолар орасида олий мавқе ва мақом соҳиби бўлган, авом оммаю бутун халқ этагини ўпадиган сиздай зотнинг олижанобларча ҳиммати кифоят этар!

– Астағфуриллоҳ… Мен сиз айтган гапларни уддалашим учун нималар қилишим керак, шуни билмайроқ турибман-да… Ахир мен сиз каби сиёсат майдонида улғаймадимки, бунақа ишларни осонгина бажараверсам…

– Тақсирим, бунинг ҳеч осон-қийини йўқ. Зоти олийлари, озгина ҳиммат билан бу ишни қила оласиз.

– Қанақасига?

– Яъни, лутф этсангиз-да, муридларингизнинг ҳар бирига Темурнинг фазилатларидан ва дину диёнат йўлида жонфидоликларию куйиб-пишганидан сўйласангиз ва уларнинг кўз ўнгида уни юксалтсангиз – ана шу билан, ишонингки, Темур ҳазратлари учун қилинадиган энг катта хизматни ҳиммат-ла бажарган бўласиз.

– Агарки бунчалик экан, унда икковимизнинг маънавий фарзандимизга айланган Темур учун бундайин арзимас хизматни ҳеч пайсалга солмасдан бажаргаймен…

– Раҳмат, тақсирим, иншооллоҳ, бу ишни охирига етказгаймиз…

– Иншооллоҳ…

Шундай дея Темурнинг икки устози ўзаро келишиб олдилар.

Зайниддин Абу Бакр Темурга бу гапларни етказгач, у ўз истиқболи учун илк уруғлар экилганини англаб, устозидан:

– Энди кимнинг олдига борурсиз? – дея сўради.

– Олмалиқда менинг бир устозим бор, ғоятда муҳтарам, обрўли зот. Унинг ҳузурига бораман, этагини ўпаман, дуо оламан. Сўнгра қайтиб, керакли одамлар билан бирма-бир кўришиш учун сафарга чиққаним яхши, деб ўйлайман. Бу мевали дарахтни ким экканини кимса билмас…

– Ишқилиб, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Борган ерингизда узоқ қолиб кетманг…

– Сиз унақа шошилманг. Пешонага ёзилганини кўрамиз, ҳечдан кўра кеч авло.

– Яхши. Шу ватанни қутқазиш учун ҳаракатни бир кун бўлсаям олдинроқ бошлаганим дуруст.

– Маъқул. Энди мен борай…

Зайниддин Абу Бакр ўша кунданоқ ишга киришди.

Саид Шариф ҳам муридларига ғоятда аҳамиятли, таъсирли ваъзу насиҳатлар қилди. Иккаласининг уринишлари ҳам бир хилда яхши натижалар берди.

Зайниддин Абу Бакр сафарга кетгандан кейин Темурга ундан бир неча мактуб келди. Доимо Темурнинг келажаги учун қайғурган устознинг хатлари ақлу ўгитга тўла эди, уларда Темурнинг қандай хатти-ҳаракат қилиши кераклиги очиқ-ойдин кўрсатилганди. Шунинг учун ҳам Темур мактублардан айри яшолмай қолди.

Бир куни икки-уч киши водийда кетаркан, қон изларига кўзлари тушди. Улар издан бориб, қабрни очишди ва ўлдирилган одам жасадини Темурга олиб келишди.

Темур ўликни таниди: у Зайниддин Абу Бакр билан ўзи орасида хат ташиб юрган хабарчи эди. Дарҳол қотилларни топиш борасида буйруқ берди. Маълум бўлишича, қотил қароқчилар чегарада яшайдиган эронийнинг уйида қўноқ бўлишган, сўнгра ўзаро жанжаллашиб қолишган, иш бир-бирларини ўлдиришгача бориб етган. Фақат биттаси яраланган ҳолда қутилиб қолганмиш, бироқ қаерга кетгани мавҳум.

Темур Зайниддин Абу Бакрнинг хати Туғлуқ тарафдорлари қўлига тушса қандай фалокатлар юз беришини ўйларкан, буни сир тутишга қарор қилди. Эронли кишини қидиртириб топтиролмагач, устозига хабарчи йўллаб, вазиятнинг нозиклигини тушунтирди ва сўнгги хатини қайтадан юборишини сўради. Эртасига мактубни олди, ўқиди ва унчалар таҳлика йўқлигини англаб, кўнгли тинчиди, бу масалалага ортиқ эътибор қилмасликни эп кўрди…

Хуллас, эроний Хизрнинг қўлига тушган мактуб шу эди…

Бу воқеадан уч кун ўтиб, Туғлуқ Темур ўз саройида Қизғин вазирнинг қотиллари билан суҳбатлашди. Бу фитначи иблисларнинг ҳар бири унга Темурни роса ёмонлади, турли ёлғон-яшиқларни сўйлаб, ҳатто уни хоинга, қўлидан иш келмас ландавурга чиқариб, султон кўз ўнгида Темурни ерга урдилар:

– Султоним, сиз бизга ишонинг, шу кетишда Темур тахту ҳукмронлигингиз учун бало-қазога айланади! Биз қулларингиз уни болалигидан бери биламиз, у ярамас, сотқин, ипирисқи одам! Темурнинг салтанатга, сизга садоқат кўрсатиши пуч гап! Султонимизнинг энг ожиз қулларидан бири сифатида шуни арз этайки, унга қанчалар лутфу марҳамат кўрсатсангиз ҳам, уни қанчалар суйсангиз ва қанчалар яхшилик қилсангиз ҳам, буларнинг барчасига жавоби ғаддорлик ва нонкўрлик бўлишини кўрурсиз…

– Мен Темурни сиз айтганчалик одам деб ўйламасмен, – деди султон Туғлуқ.

– Ана, аттангу афсус дейдиган жойи шунда-да, султоним! Биз-ку, майли, отнинг қашқасимиз: ишимиз яширин, қонли ва таҳликали. Султоним, агар у ҳақда яхши фикрингиз бор бўлса, ҳеч шубҳасиз, бу ўринсиз фикр тезда йўққа чиқажак! Агарда унга заррача ишончингиз бор экан, билингизки, бу жудаям ачинарли ҳолдир. Чунки у бадкирдор ҳеч қанақа яхши фикрга лойиқ эмас, у ғирт хоин, садоқатсиз бир манфаатпараст!..

Шунда Туғлуқ Темур суҳбатга аралашмай жим турган Қоя Алпга қараб:

– Сиз нима дейсиз? – деб сўради.

– Менимча, ҳар гап очиқ айтилди. Аммо мен уларнинг Темур кучли эмас, деган сўзига қўшилолмайман.

– Шундай денг? Темур қандай одам, деб мендан сўралса, Темур фавқулодда кучли одам деган бўлардим. Айтиш мумкинки, Мовароуннаҳр ўлкасини идора эта оладиган амирлар орасида энг нодири у, ундан яхшиси йўқ…

Шу пайт хизматчи кириб, бир эронийнинг султон ҳузурига кириш учун изн сўраётганини билдирди. Бу ердаги барча амирлар ташқарига чиқиб кетгач, султон эронийнинг ўз ҳузурига келтирилишини амр этти.

Эроний кириши билан султон ундан:

– Мендан нима тилагинг бор? – дея сўради.

– Жаноби олийлари билан бир хусусда маслаҳатлашмоқчи эдим. Атоқли кишиларингиздан биттасининг сизга хиёнатини исботлайдиган бир мактуб қўлимга тушиб қолди. Шу хатни сизга сотмоқчиман…

– Жуда соз! Қанақа мактуб экан?

– Жаноби олийлари, мактуб мана, ичида ёзилган гаплар жуда муҳим. Фақат пулини бермагунингизча уларни билолмайсиз…

– Тилагингни айт!

– Жаноби олийлари, озгина…

– Бўларини айт!

– Сардорликка тайинласангиз девдим…

– Бўлди, сен бугундан бошлаб сардорсан!

– Худо умрингизни узун қилсин, султоним…

– Э, гапни чўзма, мактубни бер! Нега яна тўнкадай қимирламай турибсан?

– Султоним, яна бир талабим бор эди-да…

– Сўйла, нима дейсан?

– Жаноби олийлари, оиламни Эрондан бу ёққа кўчириб келиш ва уларнинг бунда яшашини таъминлаш учун минг олтинга эҳтиёжим бор-да…

– Минг олтин сеники, қани, мактубни бер энди!

– Улуғ султоним, яна кичкинагина бир тилагим бор эди…

– Э, лўлидай тиландинг – да, яна нима керак сенга ўзи?

– Анави куни ярадор бўлиб қўлга тушган қароқчининг гуноҳидан кечсангиз…

– Тушунарли…

– Минг раҳмат, жаноби олийлари!..

Туғлуқ султон хизматчини чақирди. Унга:

– Бу одамга минг олтин эҳсон этилсин, сардорликка тайинлансин, кечаги куни қўлга олинган қароқчи озод қилинсин ва унга топширилсин, – дея буюрди.

– Бош устига, зоти олийлари! – деди хизматчи.

Эроний мактубни икки қўллаб Туғлуқ Темурга узатаркан:

– Султоним, мана мактуб, – дея таъзим қилди.

Хизматчи ва эроний ташқарига чиқишди.

Туғлуқ Темур мактубни ўқиб, ўйланиб қолди. Унда шу сўзлар битилганди:

“Темур, ўғлим!

Сабр қил, болам, ҳукмдорлик фани шартларидан бири сабр ва саботдир. Бошқа бир шарти эса, ўзингни кўрганингни кўрмаётгандай қилиб тутмоқдир. Янаям тўғриси, билганингни билмагандай бўлиб кўринмоқдир.

Зайниддин”.

Хатнинг маъноси аён. Султон Туғлуқ бу сатрларда ўзига қарши бирор хиёнат ё ёмонлик белгисини илғамади.

Бир муддат ўтгач, у сал аввал чиқиб кетган фитначиларни ҳузурига чақиртирди ва мактуб билан уларни таништирди. Бу хатда ўзига зарар келтирувчи ҳеч нима сезмаганини айтаркан, Темурдан шубҳаси борлигини шаъма қилишни ҳам унутмади.

Ёнидаги фитначилар фурсатни бой бермасликка тиришиб, шоша-пиша Темурни ёмонлай бошлашди.

– Зоти олийлари, биз сизга айтувдик-ку, ахир, унинг чаёнлигини…

– Унинг башарасини очиб ташлаганимизга қарамай, Темурнинг хоинлигини исботлаб берсак ҳам, сиз уни ҳимоя қилаётган эдингиз-а, султоним!..

– Ундоқ эса, мен ҳам Мовароуннаҳр ҳокимлигини ўғлим Илёсхўжага бердим! – дея фикрини тамоман ўзгартирди султон. – Амрим шу, бугуноқ ҳукмдорлик юритиш учун йўлга чиқсин!

Ҳар бири ўз манфаати учун елиб-югурган, ҳар ишдан ўзига бирор нарса ундириб ўрганган фитначилар бу буйруқдан ҳайрон бўлиб қолишди. Туғлуқ Темурнинг хаёлида эса “ҳовучи қон тўла туғилган” деган ибора чарх урарди ва ичида бу сўзни такрорларди, аммо буни атрофидаги одамлар эшитмаётганди, албаттта.

Султон ҳузуридаги фитначиларга қаттиқ қараб:

– Ҳовучи тўла қон туғилган ким ўзи? Ким бўлиши мумкин? – дея сўради.

Султоннинг важоҳатидан, бу кутилмаган сўроқдан барча ваҳимага тушиб, зир-зир титради ва бари бир оғиздан:

– Темур, зоти олийлари! – дея жавоб беришди.

Бу жавобда яширин бир маъно бор эди, аммо буни султон ҳам, фитначи беклар ҳам билишмасди.

 

  1. СУЛТОН ТУҒЛУҚНИНГ БУЙРУҒИ

 

Чиғатой мамлакати ҳукмдори султон Туғлуқнинг ўғли Илёсхўжанинг бошига ҳам бирдан бахт қуши қўниб, Мовароуннаҳрга ҳоким этиб тайинланди.

Темур ўзининг султон назаридан қолганини англар-англамас дарҳол ҳушёр тортди ва устози Зайниддин Абу Бакрга янада қаттиқроқ боғланиб, фақат унинг ўгитлари ва маслаҳатлари бўйича иш тутмоққа киришди.

Масалан, устози ёзган ва Туғлуқ султон қўлига тушиб қолган ўша мактубнинг такрорий нусхасидаги иккинчи ўгитга, яъни ҳукмдорлик шартларидан яна бири “ўзингни кўрганингни кўрмаётгандай қилиб тутмоқдир. Янаям тўғриси, билганингни билмагандай бўлиб кўринмоқдир” дейилган маслаҳатга амал қилди.

Темур шунинг учун ҳам ҳокимлик ва ҳукумат ишларини лоқайдгина тарк этди ва ўзини фақат ҳарбий соҳага бағишлади.

Ҳолбуки, Илёсхўжа Мовароуннаҳрга йўналаркан, фитначи беклар гуруҳини ҳам бирга олиб келди. Талончилик қилиб яшашга ўрганган бу одамлар ваҳшиёна ғайрат билан мамлакатни ўмаришга киришиб кетишди.

Қийналган аҳоли арзу шикоятларини айтиб, ҳар қанча фарёду фиғон кўтармасин, бу золим ўғрилар зулмидан қутулиш мумкин бўлмаётганди.

Илёсхўжа эса, қўли боғлиқ қўғирчоқдай, ҳар қандай ҳокимият ва нуфуздан маҳрум эди.

Фитначи ва яғмочи беклар гуруҳи худди қўй подасига ёпирилган оч қашқирлардай тинмасдан халқни қийратарди, улар кирмаган эшик, таламаган уй қолмаганди. Илёсхўжа бу бўри галаси халқ қонини тўкаётган майдонда қўлидан ҳеч иш келмайдиган жонсиз қўриқчига айланганди…

Агарда ҳарбий ҳокимият Илёсхўжа қўлига ўтган тақдирда ҳам, барибир у ўзи ёнида олиб келган тарафдорларига қарши қилич кўтара олмасди.

Илёсхўжа ўлкани тўлдирган бунча фарёду шикоятларни эшитгани, илғагани билан йиғлаётган чорасизларга, еру юртсиз қолганларга, ватани таланган ва вайрон этилган бу заволли халққа кўмак кўрсатишга имконсиз эди… Йўлидан адашган йўловчидай нима қилишини билолмай гаранг эди.

Бир тарафда – ёрдам беради, деган умидда ўзи билан бирга олиб келган анави бошибузуқ, талончи беклар; улар энди унинг сўзига кирмай қўйишган, итоатсиз ва исёнчи тўдага айланган эдилар.

Бир томонда эса – айниган, чириган бошқарувчи – умаро; улар Илёсхўжанинг сўзини эшитишади-ю, эшитмаганга олишади, ҳокимиятни идора этишда Темурдан ўтиб кетай, дея берган буйруқларини бажаришмайди, фақат ўз фойдаларини кўзлаб иш тутадилар…

Бечора Илёсхўжа икки масжид ўртасида таҳоратсиз, овораю сарсон югураётган, аммо бирортасига ҳам киролмаётган бенамозга ўхшарди.

Бироқ Темурни ёрдамга чақиришни ўйласа ҳам чақира олмас, бунга ғурури йўл қўймасди. Фитначи беклар гуруҳининг ўғирлигу талончиликларига эса қаршилик кўрсатолмас, кучи етмасди.

Устига-устак, қачондир отасининг ҳузурида хижолат бўлишини ўйларкан, қўрқувдан асаби бузилиб, вужуди иситмада ёнгандай ўртаниб, дир-дир титрарди…

Ниҳоят, бир ҳийла ўйлаб топди: бутун бу ёмонликлар, талончиликлар ва ўғирликларни Темурнинг устига ағдаради-қўяди!..

Илёсхўжа Темурнинг номидан бир мактуб тайёрлатди-да, маслаҳатчиларини ҳузурига чақиртирди.

– Ана энди барча муаммо ҳал бўлади!.. – деди.

– Қандай тарзда, зоти олийлари?

– Бир оз аввал ҳузуримга бир дарвеш кирди, жуда муҳим ҳужжат келтирибди, ёлғон эмаслиги кўриниб турибди…

– Қанақа ҳужжат экан, олий ҳазрат?

– Ўлкамизда исён ва ғавғо чиқарган боши бузуқларга доир ҳужжат!

– Сиз зоти олийларининг бир куни албатта муаммоларни мана шундай ҳал қилишингизни олдиндан сезгандик, барча қулларингиз буни билиб юрардик…

– Ҳа, бу сафар ҳам ғавғоларни ким ташкил этганини аниқладим.

– Ким экан?..

– Бу мамлакатда барқарорлик, тинчлик ва фаровонлик ҳукмрон, халқ ҳузур ичида яшаётган, кимсанинг мушугини биров пишт демаётган бир пайтда…

– Ҳаққост рост, зоти олийлари, тўппа-тўғри!

– Буни мен билгандим, бунчалар дод-войнинг сабабини илғагандим. Халқ осиляпти-кесиляпти, таланяпти, эзилиб кетди деган гапларнинг ҳаммаси ёлғон!.. Қани, қани бирорта мисол келтиринглар-чи? Ёлғон эмасми ахир бу бўҳтонлар, туҳматлар?..

Илёсхўжанинг бу ёлғончилигига амирлар ичидан фақат бир киши эътироз билдирди:

– Халқнинг норозилиги, шикояту фарёдлари бу гапнинг тўғрилигига далилу исбот эмасми?

– Ким у, қайдан чиқди бу телбанамо гап!.. Уларнинг у исботлари, у далилларининг барчаси ёлғон! Халқнинг ҳеч қанақа дарди йўқ, ахир, бундан ҳам яхши ҳаёт бўладими, айтинг, барака топгурлар! Бунақа иғво гапларни чиқараётганлар – анави аламзада Темурнинг одамлари…

– Ёпирай!.. Ростдан-а?

– Ҳаққост рост! Қўлимдаги ҳужжат бунинг исботидир! Мана, бу Темурнинг хати, бу хатни мен уйдирганим йўқ…

Маслаҳатчилар тўпланишиб, мактубни ўқишди. Унда шу сўзлар битилганди:

“Эндиликда мен ўзимни ҳеч нарсани билмаётгандай тутмоқдамен ва зимдан муҳим бир ишга киришиб, Илёсхўжанинг ўз тобелари томонидан ўлдирилишини кутмоқдамен”.

Зоти олийлари, агар бу Темурнинг амри эрса, буни отангизга билдиришингиз керак, йўқса, ҳаётингиз ҳавф остида демакдир…

– Мен ҳам отамга бу ҳақда нима деб ёзсам экан, дея сизларни маслаҳатга чақирдим. Фикрларингизни айтинг.

– Жаноби олийлари, бу масалани жудаям тез отангизга билдиришингиз лозим! Унинг ўлимини талаб этинг!..

– Тўғри, султонимиз амр этсинлар, биз бу ерда унинг бошини кесайлик!

– Бағоят тўғри, унинг ўлимини тилаш муносибдир…

Шу пайтгача бир қарорга келолмаётгандай турган Илёсхўжа ниҳоят:

– Маъқул, мен унинг ўлимини талаб қиламан, – деди. – Кўрамиз, отам не деркин.

Мажлис тугаб, йиғилганлар тарқалгач, Илёсхўжа отаси Туғлуқ султонга хат битди. Унда шу гапларни ёзди:

“Бу ерга келар-келмас эски ҳоким Темурнинг қаршилигига учраб, бошим фитнаю ғавғодан чиқмай қолди. У тинмасдан халқни исёнга ташвиқ этмоқда ва мамлакатда қўзғолон кўтармоққа интилмоқда. Бу фалокатларнинг олдини олиш учун Темурни ўлимга буюришингизни сўраймен, деб

Илёсхўжа”.

 

* * *

Бу воқеадан уч кун ўтгач, Темур мавжуд вазиятни таҳлил этаркан, мамлакатни ортиқ бу ҳолда бошқариб бўлмаслигини англаб, бу бош-бошдоқликка чек қўйиш керак, деган қарорга келди. Зотан, ўз кучини, нуфузини кўрсатишнинг пайти келганди. Ерли туркий аҳолига босқин уюштиравериб, жонига теккан айрим уруғларга ҳужум қилиб, уларнинг адабини бериб қўйди ва мазлум оммани улар зулмидан қутқаришга эришди.

Бутун халқ Темурни олқишлай бошлади, омманинг ундан мамнунлиги тилларда достон бўлди. У эса севинган халқнинг ҳурмату мақтовларига жавобан:

– Темур ҳам Тангрининг бир қули… – дея тавозе кўрсатар, миллатга хизмат этиш бурчи эканлигини таъкидлар эди.

Бунга сари унга эл меҳри ортгандан-ортиб борарди.

Темурни ҳаддан зиёда яхши кўргувчи олиму уламо унинг урушдаги зафару муваффақиятларидан хурсандликларини ичларига сиғдиролмас, омма тўпланган ҳар йиғноқда уни мақташар, уни Абу Мансур дея улуғлайлик, дея хитоб айлашарди. Саид Шариф Журжонийнинг нақшбандий муридлари ҳам халқ орасида унинг фазлу қаҳрамонликларидан сўйлашарди, натижада Темурнинг обрўси ошиб, шуҳрати кенг ёйилиб бормоқда эди. Фитначию қароқчиларга аралашиб қолган кимсалар ҳам, ҳатто рақиблари ичида ҳам Темур тўғрисида фавқулодда самимий, яхши фикрлар тарқала бошлаганди.

Темур Мовароуннаҳрдаги ўз ўрнини мана шундай зафарли муваффақиятлар билан мустаҳкамлаб олган бир чоғда, султон Туғлуқ ҳузуридан йўлга чиққан бир отлиқ арғумоғини тўхтамасдан учириб борар, тоғу тошлардан, дараю водийлардан, тепалардан ошиб, қуш каби манзилга интилмоқда эди.

Отидан, ўзининг баданидан тер қуйилаётганига қарамасдан, у ҳовлиқиб ошиқар, от жониворни янада тезроқ чопишга ундаб, ғаддорларча аёвсиз қамчиларди. У ана шундай тезлик ва шиддат билан оғир йўллардан ҳам енгилгина ўтиб борарди… Суворийнинг бу шавқу шиддати гўё барча маконларни ҳайратга солгандай, улар уни қучоқ очиб кутиб олаётгандай эди. Бироқ ҳовлиққан отлиқ бир ерда қўним топишни истамас, макондан маконга шошилар эди…

Бу шахс султон Туғлуқ хизматига янги кирган, қалби тоза, ёш, кучли ва жасур, феъли тўғри одам эди. У Мовароуннаҳрга, кўзлаган масканига етгач, соқчига амирни кўрмоқчи эканлигини айтди. Соқчи эса уни Темурнинг ҳузурига етаклади. Чунки Илёсхўжанинг оти бору ўзи йўқдай эди, бечора мамлакат ҳокими аталса ҳам, заррача обрўси қолмаганди. Агар у олдин Темурнинг ўлимга буюрилишини истаб, отасига мактуб ёзмагандайди, юз берган воқеалардан сўнгра, ҳеч шубҳасиз, Тангри таолодан Темурнинг жаҳаннамга жўнатишини тиларди… Илёсхўжа Темурни шунчалар ёмон кўриб қолганди; аслида, унинг кўнглини ҳасаду нафратга тўлдирган, эсидан оғдираёзган сабаб Темур эмас, унинг қозонган ғалабалари, эришган муваффақиятлари эди…

Хуллас, соқчи хабарчини Илёсхўжанинг эмас, Темурнинг ҳузурига олиб борди. Зотан, хабарчи Илёсхўжани танимасди, у амирни кўрмоқчиман, дер-демас, дарҳол Темурнинг олдига киритганлари учун, уни ҳоким дея ўйлаб, қўйнидаги мактубни Темурга узатди.

Темур хатни очмасдан туриб ундан:

– Қайдин келурсен? – деб сўради.

– Султоннинг ёнидан, – деди хабарчи.

– Бу султоннинг буйруғими?

– Ҳа.

– Жуда соз! Чиқавер…

Шундай дея Темур хатни очиб ўқиди. Унда шундай ёзилганди:

“Ўғлим,

Сен истаганингдай Темурнинг ўлимига буйруқ берилди. Ҳукмни бажариш эса сенга ҳавола.

Туғлуқ Темур”.

 

XII. ТАКАЛ БАҲОДИРНИНГ ҚЎШИНИ

 

Орадан ўн-ўн беш кунча ўтди; Такал Баҳодир қўл остидаги ўн минг аскар билан Туркистон жанубидаги тоғлар ичидаги оғир йўллардан ўтиб борарди…

Такал Баҳодир – Султон Туғлуқнинг энг атоқли умаросидан бири, кўп жангларда зафар қозонган ёш қўмондон, арслон каби кучли шахс.

Унинг қўшинидаги аскарларнинг аксари урушларда пишган, айримлари қароқчилар тўдасидан чиққан, танланган, халқ ичида донғи кетган яғмочи қаҳрамонлардан иборат эди.

Туғлуқ Темур бир куни Такал Баҳодирни ҳузурига чақиртирди.

– Сени ғоят муҳим бир жангга юбораман, аммо албатта ғалаба қозонишинг шарт! – деди.

– Урушда ғалабага эришиш толе ва қисматга боғлиқдир, султоним, – деди у.

– Нима қилиб бўлсаям шу жангда ютиб чиқишинг шарт! – дея таъкидлади султон.

– Бизнинг қўлимиздан келадигани шуки, жангда зафарга эришиш учун эҳтиётлик билан ҳаракат қилиб, бор ҳийлаю жасоратимизни ишга солиб, юришни бошлашдир…

– Мен сенга жанг деяпман! Бу уруш олий мақсад йўлида қилинмоқда, шуни яхши бил!

– Бу уруш кимга қарши ўзи?

– Жанубдаги тоғларни макон этган қабила ва уруғларга қарши.

– Уларни тор-мор этгандан сўнг не бўлади?

– Албатта, у ерлар сеники бўлмайди, сенинг вазифанг – у қавмни ё асир олишинг ва ёхуд қириб ташлашинг, қисқаси, мағлуб этишинг шарт! Фақат шуни бажарасан, қолгани билан ишинг бўлмасин, тушундингми? – деди Султон Туғлуқ.

– Ҳа. Бу ишни бажараман, аммо баъзи шартларим бор… – деди қўмондон Такал Баҳодир.

– Йўқ! Менга шарт-парт дема! Бир амир урушда қиладиган ишини шарт-шароит демасдан бажаришга мажбур! Бажарасан, тамом-вассалом!

– Албатта бажараман, султоним!

– Вазифангни обдон билиб олдинг, қани, энди ишга кириш!..

Такал Баҳодир султон ҳузуридан чиққанидан кейин урушга тайёргарликни хаёлигаям келтирмади, бемалол айшини суриб ётаверди. Ҳукмдор икки-уч кун кутганидан кейин, унинг нега жангга кетмаганини суриштириш учун одамларига амр берди. Такал Баҳодир эса, кимсага кўринмас, беркиниб олиб, жўнаши керак бўлган бу офату ғавғога боришни хоҳламаганини сездириб қўйишни истарди. Ниҳоят, бир куни султоннинг одамлари Такал Баҳодирни топишди. Тутилган жойида уни қисти-бастига олишди. Маъмурлардан бири унга:

– Ие, бир қаҳрамон қўмондонга султони амр этса, у буйруқни жон-жон деб бажармайдирми? Сенинг шу қилиғинг жоизмидир? – деди.

Яна бири:

– Ҳақиқатан ҳам, султоннинг амрига итоатсизлик этиб, катта гуноҳ қилдингиз! – деди.

– Бунинг сизларларга ҳеч бир алоқаси йўқ, ишингиз бўлмасин. Ҳа, энди Туғлуқ Темур ҳазратлари мени чақиртирдиларми? – дея сўради Такал Баҳодир.

– Ҳа, тақсир!

– Яхши, сизлар кетаверинг, мен ўзим бораман…

– Афсуски, бу амрингизни бажара олмаймиз…

– Нечун? Менинг сўзимга кирмасдан, ёмон иш қилаётганингизга ақлингиз етмаяптими, а? Мендек бир қўмондоннинг буйруғига итоат этмасдан, сизларни ўлдиришга ҳаққи-ҳуқуқи бўлмаган бир каттаконнинг амрига бўйинсунганингиз, билингки, мудҳиш бир айб! Ҳолбуки, мен, бир ўйлаб кўринг ахир, мени ўлдирмоқ ва йўқотмоқ ҳуқуқига ва тушунчасига эга бўлолмаган бир одамнинг олдига шу чурук аскарлар билан қандай бора олурман ва бу хусусда, Султон Туғлуқни-ку қўятуринг, ҳатто шу жаҳоннинг жаҳонгири буюрганда ҳам, унинг уҳдасидан қандай чиқа олурман…

– Тўғри айтаяпсиз, тақсир, гапингизда жон бор…

Аввалига Такал Баҳодирга ўдағайлаб, уни султоннинг олдига боришга зўрлаган калтафаҳмлар энди “жуда тўғри айтаяпсиз, тақсир” деган сўзни такрорлаганларича унинг фикрини тасдиқлашга ўтишди. Такал Баҳодир фикрини давом эттириб:

– Султон Туғлуқ нечун бошқасини юбормади? А?.. Чунки сиздан бошқа бу ишни қиладиган бирор кимсани тополмади! Туушундингизми?.. Ҳа, фақат биргина Темур бор эди, бироқ у ҳам… Ҳа, майли. Ана энди сиз ҳам кўриб турибсизки, у бу ғавғони ҳал этиш учун муносиб бир қўмондонни танлашга мажбурдир! Хўш, ахвол шундай экан, нечун менга аскар танлашга рухсат бермаяпти?!.

– Сўзларингиз жуда тўғри, тақсир… – дея чулдурашди вакиллар.

– Унда чиқинг-да, кетинг! Мен ҳам бораман…

– Йўқ, тақсир, биз бу ердан ҳеч қаёққа кетолмаймиз…

– Хўп, унда айтинг, султон мени нега чақиртиряпти?

– Сизнинг нега жангга кетмаганингизни сўрамоқчи…

– Яхши. Модомики, масала шу арзимаган гап устида экан, сизлар энди бунда қолманг, жўнанг, мен ҳам ортингиздан бораман…

– Биз сизсиз ҳеч қайга боролмаймиз, тақсир…

– Нечун?

– Чунки сизни қаердан топсак ҳам дарҳол султон ҳузурига олиб бориш бизга топширилган… Ҳеч нарса бунга моне бўлолмас, сизни кимса қутқаролмас…

– Мен сиздан қутулишни жуда яхши биламан…

– Бизни ўлдиргандан кейин балки қутуларсиз…

Такал Баҳодир ниҳоят боришдан бошқа чора йўқлигини англагандай бир оҳангда:

– У ҳолда, майли, қани, кетдик, – деди. Учовлон йўлга тушдилар ва султон ҳузурига етиб бордилар. Султон икки вакилга бир ҳамёндан олтин эҳсон қилганидан кейин, энди бораверинглар, дея амр этди ва Такал Баҳодирга бошдан-оёқ разм солди. Сўнгра зардали товушда:

– Асир ва ёхуд бизга сиғинганлардан келтирмадингми? – дея сўради.

– Қанақасига, ҳазратим? – дея ўзини гўлликка солди Такал Баҳодир.

– Йўқса, мағлуб бўлдингми?

– Қаерда?

– Сени жангга юборгандим, тўғрими?

– Тўғри…

– Нима қилдинг?

– Мен жангга бормадим…

– Нечун?

– Чунки кўриб-билатуриб ўзимни ажалга урмайман, у қадар ақлсиз, тентак эмасман.

– Султон сенга амр этмоқда!

– Султон менга амр этмоқ ҳаққига эга экан, мен ҳам шонли бир ўлим топмоқ, бу имкондан фойдаланмоқ ҳуқуқига ноилман. Султоним, бир қошиқ қонимдан кечиб, ўйлаб кўринг ахир: яғмогарликдан бошқа бир иш қўлидан келмайдиган саҳройи халқни мен қай усулда идора этиб, у билан қандай жангга кираман? Бунинг учун зоти олийларига баъзи шартларим бор, дегандим, афсуски, тингламак истамадингиз; амрингизни бажаришни ортга сурмакдан мақсадим эса, айни дақиқалардаги суҳбат бўлувини тахмин этиб, буни кутаётганим эди…

– Шартларингни сўйла, – деди султон инсофга кириб.

– Жангга борадиган аскарларни ўзим танлайман…

– Жуда соз. Бор, қўшиннинг ичига кириб, истаганингни танлаб олабер.

– Хўп бўлади, султоним…

– Ўн минг кишини амрингга бераман…

– Икки мингта аскарни танлаб олсам, менга ўша етарлидир, султоним, улар билан ўз вазифамни бажара олурман…

– Жуда яхши, унда боравер, Тангри йўлингни берсин…

Туғлуқ Темур шу сўзларни айтиши биланоқ Такал Баҳодир унинг этагини ўпди. Султон ташқаридан бир хизматчисини чақирди.

– Қўмондонга бир от, уруш анжомлари билан ўн минг олтин берилсин! – деди.

Шундай қилиб, Такал Баҳодир жанубдаги тоғликларга қарши юришга киришди. Тоғ-тошлик, қиялик тор йўллардан қўл остидаги қўшинини танланган икки минг аскарининг маҳорати билан бир амаллаб олиб ўтди.

Тепалардан оралаб, қояликларга яқинлашиб боришаркан, бирданига гувиллаган даҳшатли товуш таралиб, оёқлари тагидаги ер силкиниб ёрилди, барча ваҳимаю чанг-тўзон ичида қолди. Зилзила фалокатидан қутулиб, ҳаяжонлари босилиб, яна йўлга тушдилар. Ҳужумга киришдилар. Аммо бу сафар хира чанг-тўзонга эмас, ярқираган қаттол қиличларга дуч келдилар. Аскар тумтарқай қочди. Шу кулфатли дамларда Такал Баҳодир кўксидан қилич зарбаси еб, қони оққанича ерда юмалаб ётарди…

Урушда тоғликлар зафар қозонди. Жанг майдонида музаффарлик нашидаси ила кезишаркан, айримлари ярадорларини ва қурбонларини ташиб-тўпламоққа киришган эди.

Такал Баҳодир инграниб, ярим ҳушсиз ётган ерга бир нотаниш жанговар яқинлашди. Ёвқур товушда:

– Сен бу қароқчиларнинг бошлиғимисан? Султон Туғлуқ менга қарши сени юборганмиди? – дея сўради.

– Ҳа, – дея Такал Баҳодир нотаниш шахсга ўгирилиб қаради.

– Э, Такал, сен-а, сен менга қарши жанг майдонига тушдингми ҳали!.. Шундайми? – дея ғазаб-ла сўради.

Такал Баҳодир қаршисидаги кишини танир-танимас, уни қучоқлаб кўришмоққа чоғланди, аммо бошини сал кўтара олди, холос – кўп қон йўқотганди, мажолсизликдан боши шилқ этиб яна ерга тушди. Нотаниш жанговар яқинлашиб, эгилиб, уни меҳр-ла бағрига олди…

Такал Баҳодир унинг қулоғига шивирлаб, афсусу пушаймонини англатмоққа тиришди:

– Қондошим, сенга қарши қурол кўтариш… бироқ мен билмагандим… кечир мени… – деркан, оғзидан қони келди. Ҳиқиллаб, нафаси тиқиларкан, сўнгги сўзи отилиб чиқди: – Алвидо, Темур…

 

 

XIII. ЎЛИМ ҲУКМИДАН СЎНГ

 

Султон Туғлуқ тарафидан битилган ўлим ҳукмининг фавқулодда Темурнинг қўлига тушиб қолгани халқ орасида у ҳақдаги гап-сўзларни кўпайтирди, унинг шуҳратини ошириб юборди. Зотан Темур қонуний ҳукмдор бўлган Туғлуқ султонга доимо содиқ эди, ҳеч қачон итоатсизлик кўрсатмаганди… Чунки Темурнинг ўзи тўғри ва одил одам эди, жиноят ва пасткашликдан жудаям ҳазар қиларди, агарда шаръий ҳукмдорга қарши бош кўтарса, эл ичида обрўсизланишини яхши биларди. Шунинг учун ҳам у ҳар замон одамгарчилик йўлида собит эди.

Аммо энди вазият бошқача тус олганди. Агарда исёнга бош уриб дарҳол қочмаса, ўлдирилиши кундай аён. Зотан ўлим ҳукми битилмиш. Аммо исёндан кейинги виждон азобларини кўтариб яшаш ҳам бор… Ҳеч қурса бир тасалли топилар деган ниятда у улуғлар билан маслаҳатлашди. Нақшбандий уламодан бири Саид Шарифга мурожаат қилиб:

– Ҳолатим сизга аён, ўзимни сақлаш учун бир айб ё исён этсам, жазога мустаҳиқ бўлурманми? – дея сўради.

– Шу аҳволингда жазога тортилмайсан, чунки жонни таҳликага қўйиш шаръан жоиз эмас. Хусусан, агарда сен қочмасанг, ўлдириласан. Шу боис қочганинг мақбулдир, – деди Саид Шариф.

– Қандай…

– Қандай бўлса бўлсин… Қочиш, исён, яъни бўйсунмаслик… қўзғолон…

– Ҳозирчалик қўзғолон кўтаришга имкон йўқ. Аммо қочиш… ҳа, қочиш ҳам – бўйсунмаслик-ку? Бундайин исёнга ҳаққимиз борми?

– Нега бўлмасин, бор. Барлос сулоласининг нуфузи ва ҳақ-ҳуқуқини улардан қайтиб олиш, барлослар уруғини кучайтириш сизларнинг ҳаққингиз ва вазифангиз эмасми?

– Бунга ҳозирда ҳаққим бўлгани каби келажакда ҳам ҳаққим борми?

– Охиратгача ҳаққингиз бор!

– У ҳолда, мен бу мақсад йўлида ўзимни, бутун умримни бағишлайман! Бироқ сиз бу ишда менга ёрдам берасизми? – дея сўради Темур муҳтарам уламодан.

– Албатта. Биз бу ерда юксалишингизнинг таъмини учун қулай вазият яратишга уринамиз… – деди Саид Шариф.

Шундай қилиб, султон Туғлуқ билан алоқа узилганидан кейин, Темур қиличидан бошқа ҳеч нега суянмасликка қарор берди. Такал Баҳодирни мағлуб этганидан сўнг уч йилга яқин умри қаҳрамонларча жанг майдонларида кечди. Кўрсатган ҳарбий жасорати ва маҳорати билан Мовароуннаҳрда ва ҳатто Эрон тарафларда олий шуҳратлар қозонди. Номи тилдан-тилга ўтиб, машҳури замон қаҳрамонга айланди. Шу билан бирга, аввалги қадрдонларидан айрилмади, берган сўзларига содиқ қолди, уламолар ва Мовароуннаҳр халқи билан ҳам алоқаю муносабатини янада жипслаштирди. Булар туфайли унинг шавкати ортгандан-ортди.

 

* * *

Шу пайтларда Темур Самарқанддаги уламо Алишоҳдан мактуб олди. Бу хат Темурнинг истиқболи назарда тутилиб ёзилганди. Темурнинг кўзлари истиқлол нашъасидан чарақлаб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Азбаройи ҳаяжонланганидан, кўнгли келажак хаёллари билан қайнаб-тошиб, эҳтиёткорликни ҳам унутиб, рафиқасини отининг орқасига миндирди-да, Самарқанд йўлига тушди.

Туманли ҳаво атрофга рутубат ва нам ёяр, кўкда оқ булутлар у ёққа-бу ёққа енгил-енгил учар, офтоб эса, рутубатли ҳовурга ўралганича, баъзан кулиб юз очар, баъзан пахтадай булутлар орасига кириб кетар эди…

Кеча ёққан ёмғир ерларни, хусусан Туркистоннинг серҳосил, қизғиш тупроғини лой дарёсига айлантирган, юриш ўта қийинлашган, оёққа ёпишаётган палахса-палахса лой одим отишга монелик қилар эди.

Отининг орқасига хотинини миндириб олган Темур шундайин расво кунда, лойга ботиб бўлса-да, керакли манзилга етиб бориш учун ошиқмоқда.

От ҳам чарчади. Рафиқасида истироҳат истаги пайдо бўлганини сезган Темур отидан тушди. Хотинини ҳам ерга индириб, отни ўтласин учун озод қўйиб юборди. Сўнгра қаршидаги дарахтзор сари йўналди.

От ёмғирдан сўнг тирилган, ярқираб яшнаган ўтлоқда яйраб ўтлаб юраркан, Темур ва хотини оёқларининг чигилини ёзиб, дам ола бошлашди. Бир оз суҳбатдан сўнгра чўзилишди ва кўзлари илинди.

Ярим соат ўтмай нохушланиб уйғонишди; атрофда шарпалар кезиб юрганини, отнинг олиб кетилганини сезишди. Бирдан аллакимларнинг шундоққина бошларига келиб, тикка турганлигини кўришди. Бир кимса совуқ товушда:

– Ўрнингдан тур! – дея буюрди.

Темур ва рафиқаси оёққа турмоққа интилишди, бироқ типирчилаб-типирчилаб ҳолдан тойишди. Зотан оёқ-қўллари боғланган, қимирлашга мажоллари ҳам қолмаганди. Шунда Темур уларга қарата:

– Биздан нима истайсизлар ўзи? – дея сўради.

Аммо унга ҳеч ким жавоб бермади. Вужудига чирмалган каманд иплари бўйнини тобора сиқиб бормоқда эди. Нотаниш босқинчилар тўсатдан Темур билан хотинини елкаларига олиб, бир оз юришди; асирларни хуржун мисоли осилтириб отларга ортдилар-да, уловларига миниб, йўлга тушдилар.

Ҳеч бир гап-сўз, чурқ этган товуш эшитилмасди. Азоб-уқубатли йўлдан сўнг бошлиқларининг ҳузурига олиб киришди. Бурчакда кеккайиб ўтирган қароқчилар бошлиғи бир мулкдор бой эди. Унинг бақрайган ва аланг-жаланг кўзига қараганда, шаҳватпараст, хотинбоз кимса эканлиги кўриниб турарди. Бой Темурга тепадан қараб, камоли ғурур билан:

– Бу киминг бўлади? – дея сўради.

– Рафиқам, – деди Темур.

– Қайдан келяпсану қайга борасанлар?

– Биз самарқандликмиз. Бир оз саёҳат қилмоқчи бўлиб, айланиб чиққан эдик…

– Ҳозир қайга боряпсанлар?

– Самарқандга қайтяпмиз.

– Унда, хўш, бизнинг отларимиз ўтлаб юрган далада нима учун тўхтаб, отларингизни бебош қўйиб юбордингиз?

– Бу мулк сизники эканлигини билмовдик…

– Нега билмайсизлар?..

Бой шу сўзларни айта туриб, имлаб, ўз одамини чақирди, унга Ўлжайни кўрсатиб, қулоғига нелардир дея пичирлади.

– Хўп, бўлади, – деди хизматчи.

Бой нарироқдаги одамларига қараб:

– Буни ташқарига олиб чиқинг! – дея буюрди.

Темур жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатишга уринса-да, эплай олмади. Атрофдаги темир панжали ёвузлар бечоранинг боғлиқ қўлларидан тутиб, судрай-судрай чодир ташқарисига олиб чиқишди.

Бир муддат ташқарида кутиб туришгач, ичкаридан эшитилган буйруққа кўра, Темурни бошқа бир чодирга олиб киришди ва юзтубан ётқизиб қўйишди.

Темур хотинининг ёлғиз қолганини ўйларкан, юраги санчиди ва зўрға ўрнидан туриб, чодир эшигигача борди. Ташқарида, бир неча аёл қуршовида рафиқасининг ўтиб кетаётганини кўрди. Бир зум кўз кўзга тушди, Ўлжай имо билан бир оз сабр қилиши лозимлигини англатди. Шунда бирдан Темурнинг боши айланиб, чодир ичида йиқилаёзди…

Бундан салгина аввал, бойнинг чодирида у билан ёлғиз қолган Ўлжай Туркан эса, ҳеч нарса юз бермагандай, қаршисидаги кимсага лоқайд, иродасига ҳоким, виқор билан жим турар эди. Бундан озорланган бой ғазабини хизматкорларига сочиб:

– Бу хотиннинг қўлларини нега ечмайсанлар? – дея ўшқирди.

– Тақсир, бу эридан ҳам ёмон, эҳтиёт бўлиш керак! – деди бир хизматчи.

– Еч, эшшаклар! – дея бўкирди бой. – Шундай чиройли вужуд, оппоқ қўллар каманд иплари орасида эзилиши тўғрими?

– Хўп, тақсир, мана, ҳозир ечамиз…

Хизматдагилар аёлнинг қўлларини бўшатишаркан, қаттиқ ваҳимада бир-бирларига аланглаб қўйишарди. Уларнинг кўзларидаги қўрқув машъаласи жуда катта гуноҳларга ботганликларини, қотилликлар қилганликларини кўрсатиб турарди. Улар титраб-титраб каманд ипларини ечишди ва худпараст, ўзича мағрур бошлиқларининг амрини кута бошлашди. Бари тиланчидай бўйни букик, муте эди. Ниҳоят:

– Сизлар энди жўнанг! – дея буюрди бой.

Ҳамма чиқиб кетди. Қароқчилар бошлиғи ва Ўлжай ёлғиз қолишди. Бой унга ҳурматини билдираётгандай илтифот кўрсата бошлади. Бу Темурнинг рафиқасига умид берди, нималар қилиш мумкин, дея ўйга толди. Ўзи ва умр йўлдоши бу бедаволар қўлидан қутулиши керак. Манави аҳмоқ воситасида бу иш осонлашармикин? Туркан одобсиз кимсанинг оч қарашлари ва шаҳват тўла кўзларини назардан қочирмасдан ўйланаркан, босиқ товушда, сирли қилиб:

– Кечасини кут… – деди. – Ҳаммаси яхши бўлади. Сен айш-ишрат тайёргарлигини кўравер…

Бу сўзларни эшитган бой бирдан тентаксираб, жинни бўлаёзди. Сўнгра эс-хушини йиғиб, дарҳол хизматчи аёлларни чақирди.

– Бу хотинни олиб бориб, нима деса, айтганини қилинг! – дея уларга буюрди.

– Хўп, тақсир…

– Ҳурматини жойига қўйинглар, бўлмаса кўрасанлар, а!..

– Бош устига, тақсир! Бош устига…

Сўнгра ичларидан биттасини чақириб:

– Қани, менга қара-чи сен… – деди пастроқ товушда.

– Буюринг, бой ота, – деди хизматчи аёл.

– Сен кечқурунга узум шароби тайёрла! Ёнида керакли ичкиликларни ҳам унутма. Жўна энди!..

Барча чиқиб кетди.

…Худди ана шу пайтда, ана шу ҳолатда Ўлжай Туркан ва Темур бир-бирини кўриб қолишди ва хотин эрига ишора билан керакли гапни англатди.

 

Ичкилик ва бошқа керакли егуликларни тайёрлаш буюрилган хизматчи қиз бойнинг хотини томон ошиқди.

– Бой ота жаноблари бу кеча жудаям чиройли бир хотин билан ишрат қилмоқчилар, – деди ҳовлиқиб.

– Нима?! Нима дединг?

– Жудаям чиройли хотин…

– Ўша хотин ўлгур ҳозир қайда?

– Хизматкор аёллар билан бирга, сайрда…

– Тез бориб аёлларга айт, уни олиб келишсин!

– Бош устига!..

Бечора қиз югуриб бориб уларни топди ва бу амрни арз этди. Ўлжай бу сўзларни эшитар-эшитмас, дарҳол ўзича бир режа тузди. Уни пишитаркан, нима қилиш кераклиги ҳақида бир қарорга келди. Барча бойвучча ойимнинг чодирига қараб йўналди. Ичкарига кирилганда, Ўлжай бепарво юриб олдинга ўтди. Бойнинг хотини унга душманига қарагандай олайиб, ҳирсу ғазаб билан тикилиб турарди. Ўлжай виқор билан бедаво хотинга кўз ташлади, беписанд оҳангда:

– Лутфан тингласангиз, сизга баъзи гапларни арз этмоқчиман, – деди.

– Яхши, қани, айтинг-чи, – деди бойнинг хотини.

– Ёлғиз бўлишимиз керак. Амрингизни кутаман…

Бойнинг хотини ўйланқираб қолди, иккиланди, аммо бир Ўлжайнинг қадди-қоматига, бир ўзига зимдан қараб, хавотирга тушди ва чўзиб ўтирмасдан, кўнмаганини англатибоқ:

– Сўзингизни ёлғиз менга айтасизми? – дея ўсмоқчилади.

– Ҳа.

– Ёнимга келиб, махфиёна сўйлашингиз мумкин.

– Йўқ, бўлмайди. Шундай гаплар борки, паст овозда айтиш мумкин эмас. Шу учун лутфан илтимосимга қулоқ беринг.

Бойнинг хотини хизматкорларга қарата:

– Чиқинглар, ҳар ким ўз ишига… – деди.

Ёлғиз қолишгач, икки аёл бир-бирига синчковона назар солдилар. Ўлжайнинг қарашлари меҳрибон, тараддудли эди. У мулойим товушда:

– Хоним, гапларимни юрагингизда сир қилиб сақлашга сўз берасизми? – дея сўради ундан.

– Ҳа, мен ёлғон гапирмайман, ор-номусли, таг-тугли одамларданмиз.

– Мен кимман, биласизми?

– Йўқ, билмайман…

– Мен эса сизни танидим. Менга яхшилаб қаранг…

Шу лаҳзагача бойнинг хотини қаршисидаги аёлни танимаганди. Аммо тикилиброқ қараркан, ҳа-ҳа, энди уни эслади. Бирдан довдираб, ўзини йўқотганча:

– Э-э… сиз… сиз… сиз бу ерда… – дея ютиниб, мулзамликдан қизарган бойнинг хотини ўзининг эски валинеъматини, Турканни таниб қолди. – Кечирасиз, бу ерда нима ишингиз бор эди?.. Хусусан, хизматкордан олган хабаримга қараганда бошқачароқ…

– Ҳа, шундай. Эринг мени ёқтириб қолди. Гап ташлаб кўрди. Эрим Темур қаршидаги чодирда боғлаб қўйилган, ётибди. Уни қутқариш учун эрингга кечқурунги айш-ишратга ваъда бердим, чолғу ва ичкиликлар тайёрланиши кераклигини, уни хурсанд қилишимни билдирдим. Хуллас, шунақа гаплар. Бир бало қилиб уни ухлатиб, эримни қутқараман…

– Хоним, ўзи бу ерга нимага келгандинглар? – дея сўради бойнинг хотини.

– Самарқандга кетаётгандик, – деди Ўлжай Туркан. – Йўлда хордиқ чиқарайлик деб тўхтагандик. Ухлаб қолибмиз. Уйғонганда, ўзимизни одамларингиз оёғи остида, каманд тузоғида кўрдик. Бизни эринг ҳузурига олиб келишди. Мана, Самарқанддан, Алишоҳ имзоси билан хат…

Шундай дея, Ўлжай Туркан қўйнидан олган мактубни собиқ хизматчисига кўрсатди. Сўнг яна қўйнига солиб қўйди.

– Энди режамизни ўйлайлик. Қани айт-чи, бу ердан қандай қочсак бўлади? – сўради Туркан.

– Не билай… – дея бойнинг хотини тараддудланди.

– Сен бизга иккита яхши чопадиган от тайёрлай оласанми?

– Бу осон гап-ку.

– Бўпти. Яхши. Яна бир нарса керак… Иккита қурол топасан. Битта йўл кўрсатувчи ҳам.

– Хоним, кўнглингиз тўқ бўлсин. Икки от, қурол тайёр деяверинг. Ўзим сизларга йўл кўрсатувчилик қиламан. Чунки бу борада бошқаларга ишониш хатодир, охири фалокат бўлиши мумкин…

– Раҳмат сенга. Унда оқшомни кутамиз…

– Бош устига.

– Ҳа, бизники қаршидаги чодирда, демак… Қандай қилиб қутқарасиз? Қоровуллар бормикин?

– Бу ишга кечқурун киришмоғимизни ҳисобга олганда, менимча, икки қоровулни ўлдириш керак бўлади…

– Керак бўлгач, шундай қилинади-да.

– Агарда қаршилик кўрсатишмаса, боғлаймиз, холос…

– Ҳа, майли.

– Шу, энг содиқ канизакларимдан биттаси бор. Уни чақириб, бу ишда эрининг ёрдамини талаб этсам, қандай бўларкин?..

– Сенинг эринг шуни истаётгандай қилиб айтилса, у одам от ва қуролларни олиб келади, канизак бориб айтса, бас. Аммо сезиб қолмасин-да, ишқилиб…

– Жуда яхши.

– Хўп, у иш осон, аммо бу гапларни Темурга қандай билдирамиз? – сўради Ўлжай Туркан.

– Уни сиз билдиришингиз керак, – деди бойвучча. – Ҳозир бориб, эрингиз билан гаплашмоқчи эканингизни бой отага айтиб, изн истайсиз, бир оз ишва билан, албатта. Ўшанда у чидай олмайди ва рухсат беради.

– Жуда соз! Канизакни чақир. Биринчидан, бой отани кўрмоқчи эканимни айт, сўнгра мени тақсирнинг ҳузурига олиб бориш кераклигини буюр. Мен кетганимдан кейин эса, сен бу томондаги ишларни бажар. Майлими?

– Бош устига, хоним.

Бойвучча ташқарига чиқиб, турқи гезарганича, Ўлжай бой отани кўрмоқчи эканини айтди ва канизаклар чодирига кирди. Барча ўрнидан қўзғолди. У энг содиқ канизагига:

– Фақат сен бунда қол, фариштам, – деди.

– Хўп бўлади.

Бойнинг хотини Ўлжай томонга қараб:

– Сизни кутишмоқда, хоним, кетишингиз мумкин, – деди совуқ бир адо билан.

– Илоё, кам бўлманг, – деди Ўлжай миннатдорона товушда ва жориялар тарафга юрди.

Ўлжай ва хизматчи аёллар биргаликда чодирдан чиқишди. Нариги чодирга яқинлашганларида, жориялардан бири бойга хабар берди. Бой ота дарҳол ёнидагиларга рухсат этиб, Ўлжай хонимга:

– Буюрсинлар, – деди.

– Тақсир, сизни безовта қилдим, маъзур тутгайсиз, – деди Ўлжай виқор билан.

– Йўғ-э, паризода, нени амр этмоқчилар, буюринг! – деди бой эриб кетиб.

– Ҳеч бир амримиз йўқ, тақсир, аксинча… – деди мулойим оҳангда Ўлжай хоним. – Айланиб юриб, рафиқангиз олдига борган эдик. Кўп совуқ қаршиладилар. Шунинг учун чодирларида ўтиролмадик… Ёнларида жоним сиқилди…

– Ҳа, энди, бизнинг ойимча шунақалар, биламан. Афсус… Мен сизни зериктириб қўймаяпманми, хоним?

– Билмадим… Йўғ-э…

– Кўнглингиздагини очиқ айтаверинг, хоним.

– Сиздан кичик бир илтимосим бор эди…

– Нима экан?

– Агарда рухсат этсангиз…

– Қани-қани, айтаверинг…

– Менинг хотирим учун…

– Э, дангал айтаверинг, ҳеч тортинманг…

– Эримнинг ёнига қисқа фурсатга олиб боришса, бир кўришсам дегандим…

– Э-э… у бўлмайди. Бўлмайди!

– Сиздек улуғ инсон учун дунёда бўлмайдиган бир иш бормики… Мен дунёда бундай иш борлигини тахмин ҳам қилолмайман! Шунинг учун, давлатлари соясида, бу хусусда менга бир илтифот этишларини сўрайман…

– Қанчалар сизнинг илтимосингизга бош эгсам ҳам, сўраётган ишингизга изн беришим мумкин эмас!

– Э-э, шуям сиздай одам учун бир иш бўлдими, ҳазратим! Бир бор жаҳлингиздан тушсангиз, менга шафқат этсангиз ва бир бечоранинг кўнглини олишим учун рухсат берсангиз…

Ўғрибоши бой хаёлга толди. Бундайин ёқимли муомаладан кейин бош силкиб, хонимнинг гапларини маъқуллади. Ўйга чўмиб ўтираркан, бир оздан сўнгра бошини кўтарди-да, Ўлжай хонимнинг қадди-қоматига термулганича, юзига қараб, маст бўлгандай:

– Хў-ўп… – деди.

Бой ташқаридаги қоровуллардан биттасини чақирди.

– Хонимни тутқуннинг ёнига олиб бор, – деди унга. – У билан кўришсин. Биров уларни безовта қилмасин.

– Хўп, тақсирим! – деди қоровул.

Ўлжай хоним бойга:

– Раҳмат, миннатдорман, – дея ташаккурини билдирди. Сўнгра қоровул билан бирга ташқарига чиқишди.

Темур қамалган чодирга боришди. У ерда, боғланган ҳолда юмалаб ётарди.

Бу макондаги халқ туркийда қўпол гаплашарди, ширин сарой тилидан ва форсийдан воқиф эмасди. Шуни кўзда тутиб, фикримиз атрофдагиларга англашилмасин дея, Темур ва Ўлжай қоровулга ҳам аҳамият бермасдан, форсийда сўзлаша бошладилар. Ўлжай эрига:

– Қалайсиз? Ўзингизни қўлга олинг, кечқурун қочамиз, мен ишни йўлга қўйдим, – деди. – Аммо сиз ҳам эҳтиёт бўлинг, сездирмасликка ҳаракат қилинг…

– Бўпти, – деди Темур. – Аммо… бу ишни сен қандай эпладинг?

– Ҳозирча буни уқтира олмайман, вақтимиз зиқ. Кейин билиб оларсиз…

– Шу одамни йўқотсак-чи?.. – деди Темур қоровулни назарда тутиб.

– Йўқотамиз… – деди Ўлжай. Сўнгра қоровулга парвосиз бир товушда: – Сиз бирпасга ташқарига чиқиб туринг, – деди.

– Хўп, бош устига, – деди қоровул хонимга жилмайиб. Сўнгра у Темурга бир кўз олайтириб боқди-да, ташқарига йўналди.

Ўлжай бор гапни Темурга қисқача қилиб тушунтирди. Чўнтагидан уйқу дорисини чиқариб:

– Мана, буни пиёлага солиб эритсам, у аблаҳни беш дақиқада ухлатишига шубҳам йўқ! – деди.

– Яхши, аммо бу ердаги қоровулни нима қиламиз? – дея Темур хотинига маслаҳатомуз боқди.

– Бошқача ҳийла тополмасак, ўлдиришга мажбур бўламиз, ҳарҳолда. Кошки шундай қилмасак…

– Эҳ, одамлар, одамлар… – деди Темур бошини сараклатиб. – Онт ичаманки, бу чекилган азоб-уқубатларнинг қанақалигини бошқаларга ҳам кўрсатиб қўяман ҳали…

– Хайр энди, – деди Ўлжай. – Тонг отар-отмасдан келамиз. Тайёр туринг. Оёқ товушларига қулоқ тутинг…

– Яша, хотин, – деди Темур мамнун товушда. – Яхши бор.

Ҳа, вазир Қизғиннинг ўлимидан кейин Темур ва Ўлжай орасида эр-хотинликдан ташқари, бошларига тушган айрим фожеалар туфайли бошқача яқинлик ва самимият юзага келган эди. Ота-она, қондошлик-қариндошлик муносабатидан кўра ҳам ўрталарида бир узилмас меҳр ипи яралгандики, қисқаси, иковлон дунёда бир-бирлари учун ҳамма нарсага қодир эдилар. Шунинг учун ҳар бир масала устида бир тану бир жондай ҳаракат қилишлари табиий эди.

Иккисининг ҳам мақсади, ғояси вазир Қизғиннинг қотилларини ушлаш, жазолаш ва унинг ному шонини қайта тиклаш эди.

Ўлжай Туркан чодирдан чиқаркан, тўппа-тўғри бойвуччанинг чодирига қараб юрди. Оқшом чўка бошлаганди. Ана энди Ўлжай режасини амалга ошириши керак.

Ўлжай бойнинг хотини ёнига кираркан:

– Қалай, ҳамма иш битдими? – деб сўради.

– Ҳа, битди, – деди бойвучча.

– Раҳмат, менга эски пайтлардагидек ҳурматингни кўрсатганинг учун миннатдорман, – деди Ўлжай. – Ма, манавини ол, ичкиликларга қўшарсан, уйқу дориси.

– Буни ичкиликка қандай аралаштирайин?.. – деди хавотирли товушда бойвучча.

– Икки-уч томчи етиб ортади. Кўпроқ қўшилса ҳам, ҳеч зарари йўқ.

– Хўп… Э-э, ана келяпти, мен бориб ишни бажарайин – деди бойвучча ва ташқарига йўрғалади.

Айни шу пайтда чодирга бой кириб келди. У тўғри Ўлжайга яқинлашмоқчи эди, у бойни ғоятда юмшоқ қиёфа ва илтифот ила қаршилаб, уни сўрига ўтқазиб, дастурхонга айшу ишрат учун керакли буюмларни келтира бошлади. Канизаклар уларни жой-жойига қўярканлар, бой Ўлжайни сўроққа тутди:

– Кўришдингизми?

– Ҳа, тақсир. Сиздан жуда миннатдорман. Эсонлик билан, амрингизга хилоф ҳаракат этмасдан кўришдик. Каманд иплари туфайли юзага келган яраларни кўрдим, аммо ип боғларини ечолмадим… – дея афсусланди Ўлжай. Сўнгра ичкарида сузилган шаробдан бир пиёлани қўлига олиб, бойга узатди: – Олинг, тақсир!

Бой эриб кетди. Ўрнидан туриб шаробни қўлига олди. Шавқ билан:

– Олдин сиз ичинг, мен сизга ичираман! – деди.

– Йўғ-э, сиз ҳурматли зотсиз, сиз олдин шуни ичинг, хотирим учун… – деди Ўлжай. – Сиздан кейин мен ҳам ичаман…

– Вой дод! – дея бой хитоб этди. – Амр этинг, ичурмиз!..

Биринчи пиёлани ичиргандан кейин Ўлжай чуқур нафас олди ва қадаҳни тўлдириб, ўзини ичаётганга солиб, шаробни кўксидан пастга тўкиб юборди.

– Бу орада чолғучиларимиз йўқми? – дея ўсмоқчилади Ўлжай.

– Э-э, ҳаммаси бор! Раққосаларимиз ҳам ҳозиру нозир, ғадағанг! – деди бой мамнун товушда.

– Лутфан уларни бу гўзал мажлисга чақиртирсангиз, – деди Ўлжай.

– Бир оғиз сўзингиз, – деди бой. Сўнгра овозини кўтариб: – Чолғучилар, раққосалар келишсин! – дея буюраркан, эснай бошлади.

Ўлжай Туркан унинг ҳозирдан ухлаб қолишини истамаганидан, ортиқча тирғалиб, бемазалик қилмаслиги учун бир оз сархушу хумор бўлишини орзулаб ўтирарди. Машшоғу ўйинчилар келишди, бир оз ўйин-кулгу қилишди. Бойнинг кўзлари тобора юмилиб бормоқда эди.

Шу чоғда Ўлжайнинг хаёлига бир режа келди, тажриба учун уни синаб кўришни мақбул билди.

– Тақсир, бир нарса айтсам, шу, эрим ҳам ўйин-кулгуни, завқли кеча ҳаётини жуда ёқтиради. Уям бир бечора банда, кун бўйи тортган азобу уқубатлари аламини пасайтириш учун уни шу ерга чақирсак, не дейсиз? – деди виқору ноз аралаш.

– Нима дейсан?! – деди бойнинг кўзлари чақчайиб.

– Ҳа, энди… Сизнинг меҳру шафқатингиздан хурсанд бўлганимдан, айтдим-қўйдим-да…

Бой Ўлжайнинг бундайин ҳурматкорона сўзларидан мумдай эриб кетди. Беписанд оҳангда:

– Тутқунни олиб келинг! – дея буюрди.

Ташқарида бу сўзларни эшитган посбонлар чодирнинг эшигига югуриб келишди, нотўғри эшитган бўлмайлик тағин, деган хаёлда:

– Нима дедингиз, бой ота? Не амрингиз бор?.. – дея сўрашди.

– Э, овсарлар, нима деяпсанлар? – дея бой қаҳр ва ҳиддат тўла товушда бақирди. – Тутқунни дарҳол келтиринг!!!

– Хўп, тақсир! – дея қоровуллар чопиб кетишди.

Улар Темур асир ётган чодирга киришди. Олдинига уни безовта қилиб, бир оз қийнашди. Сўнгра бойнинг ҳузурига олиб бориш учун ўрнидан турғазишди. Шунда Темур, нима бўлаётганини тушунмасдан, бошқа ерга кетгиси келмасдан, бир оз қаршилик кўрсатди. Ўғрилар унинг тирғалишига аҳамият бермасдан, қийнаб-сиқтаб ҳарам чодирга олиб боришди. Боғлоғлиқ ҳолда бойнинг ҳузурига киритишди. Темур шошиб қолганди, “Нима бўлдийкин? Билиб қолдимикин?”, – дея ичида ўйлаб, хавотир-ла ўртанди.

Ичкарига кирар-кирмас, Ўлжайга кўзи тушди. Қўллари бўшатилди. Қоровуллар ташқарига чиқишди. Темур дастурхонга, айш-ишратга даъват этилди.

Ана холос!.. Темур нималар бўлаётганини билмоқ учун Ўлжайга қаради. Хотини уни ишора билан тинчлантирди. Демак, ҳаммаси жойида…

Ўлжай шароб ичаётгандай кўринса-да, аслида, ичкиликни сездирмасдан пастга тўкаётганди. Бой тинимсиз ичар, ширакайф, мажолсиз, уйқусираган кўзларини очишга тиришиб, пирпиратар эди. Ашулачилару машшоқлар, ўйинчилар завқу шавқ-ла ўйин-кулгуни авжга чиқаришмоқда.

Тун ҳам яримлади. Ўлжай шароб тўла пиёлани бойнинг бўғзига тақаркан, унинг сўлжайган ҳолатидан беш дақиқадан кейин ўликдай уйқуга кетишини сезиб, у ердагиларни ҳайдашга амр бердирди. Ҳамма чиқиб кетди.

Чодирда бой ва хотини, Темур билан Ўлжай, яъни тўрт киши қолишди.

Бой оғир уйқуга чўмди…

Ниҳоят, кечанинг оёқлагани, тонг оқараётгани сезилди. Ўлжай бойвуччадан:

– Кетишга ҳамма нарса тайёрми? – дея сўради.

– Хўп десангиз, атрофни бир текшириб чиқай, – деди бир оз хавотирланиб бойнинг хотини. – Кейин сизларни олгани келаман.

Ўлжай унинг фикрини маъқуллаб бош силкади. Бойвучча шарпасиз чиқиб кетди. Темур ва Ўлжай бойнинг ҳолига боқиб, сассиз кулиб қўйишди. Беш дақиқача ўтгач, бойвучча қайтди ва:

– Тинчлик, ҳеч бир монелик йўқ, секингина жўнаб кетаверамиз, – деди.

– Қани, бери кел-чи, – деди унга Ўлжай меҳри товланиб. Қўйнидан бир тизим маржон чиқарди, аммо шу чоғда ненидир ерга туширганини сезмай қолди. Маржонни бойвуччага тортиқ этаркан: – Манави мендан сенга эсдалик. Доим эслаб юргин. Бўптими? – деди.

Бойнинг хотини миннатдорлик билдирди.

Биргаликда чодирдан чиқишди ва эҳтиёткорлик билан орқада турган отларга минишди. Бойвучча кунчиқар тарафни кўрсатиб:

– Самарқанд шу ёқда, – деди.

Отлар қўзғалди. Аммо эндигина ўғрилар маконидан узоқлашишар экан, чодирдан чиққан бир кимса уларни кўриб қолди. У шерикларини ўшқириб уйғотди. Бешта ўғри отларига миниб, қочоқлар ортидан қувлашга тушдилар. Ана энди фалокат бошланганди.

Жанговар ва жасур Темурнинг бир ўзи майдонда ўн кишига, Ўлжай ҳам камида беш кишига бас кела олса ҳам, бу ерларда ортиқча вақт йўқотиб, олишиб ўтириш фурсати эмасди. Икковлон отларини чуҳ-чуҳлаб янада тезлатишди. Орқадагилар ҳам қувлашдан воз кечмоқчи эмасди чоғи, улар-да уловларига қамчи босдилар…

Ўзлари ўғрилар қўлига тушган ерга яқинлашарканлар, орқадан қувлаб келаётганлардан биттаси қочқинларга етиб олди. Темур қиличини яланғочлаб, унга ташланди. Зарбадан унинг қиличи ерга отилиб кетди, ўзи қаттиқ яраланиб, думалаб қолди. Айни чоғда Ўлжай шартта отидан сакраб тушиб, ярадорнинг белидаги арқонни ечиб, уни боғлади. Бу иш муваффақиятли тугаганди. Аммо иккинчи ўғрининг етиб келиши йўловчиларни шошилтириб қўйди.

Қочқинларга етишган қароқчи от устида олишмоқни эп кўрмай, дарҳол ерга тушди ва қиличини сермаб, ҳужумга ўтди. Темур қароқчининг зарбларидан қалқон билан ҳимояланиш жараёнида, пойлаб туриб, уни оёғи билан бир тепди. Рақиб йиқиларкан, чап қўли тагида қолиб, юмалаб кетди ва қайта қўзғолмади.

Орқадаги ўғриларнинг иккитаси баравар етиб келишди ва бирлашиб ҳужумга киришдилар. Сўнгра бири Темурга, бошқаси Ўлжайга ташланди. Темур кутилмаганда қароқчининг отига қамчи солди. От қочишга чоғланиб, юлқиниб қўзғаларкан, эгаси чапдастлик билан ерга тушди ва онийдан ҳамла этди. Афсуски, у рақибига яқинлаша олмасдан бошидан қилич зарби еди ва чўзилиб қолди. Темур эса, нарироқда қароқчи билан олишаётган Ўлжайга ёрдамлашмоққа ошиқди. Ҳолбуки, Ўлжай рақиби билан бир оз олишгач, кутилмаганда отини унинг устига бостириб ҳайдаб, оғзи-бурнини қонга бўяб, абжағини чиқариб улгурган эди.

Орқадан қувалаб келаётган бошқа қароқчи бу вазиятни кўриб, таққа тўхтади. Бир муддат тараддудланиб турди-да, сўнгра отини ортга буриб, учира кетди ва уфққа ёйилган сийрак оқ булутлар орасига сингигандай кўздан йўқолди…

 

XIV. ЎЗИНГДАН БАЛО ЧИҚСА

 

Темур ва Ўлжайни қувлаб, олишувдан ёлғиз тирик қайтаётган суворий чошгоҳ пайтида ўз маконига етиб келди.

Бойнинг хотини Фаришта ҳам тутқунларни жўнатгандан кейин, гўё ҳеч нарса юз бермагандай, ўз чодирига кириб, ухлаб қолганди.

Эртасига кечаги кайфу махмурликдан кейин боши оғриб уйғонган бой атрофга аланглаб, хумор кўзларини йириб-йириб Ўлжайни қидирди. Тополмагач, ғазабга минди. Хотинини, хизматчи аёллар ва раққосаларни чақиртирди. Асирларнинг қочганидан барчаси хабарсиз эди. Бой уларга:

– Нимани қўриқладинглар ўзи?! Шу ерда эмасмидингиз ё?! – дея ўшқирди.

Бири унга жавобан, секингина:

– Тақсир, сиз кет, дея буйруқ берганингиздан кейин биз чиқиб кетгандик. Чодирда меҳмонлар билан сиз қолгандингиз… – деди.

Бу сўзларни эшитаркан, бадтар ғазаби қайнаган бой энсаси қотиб, ерга боқди. Кўзига бир қоғоз илашди. Дарҳол эгилиб олди. Бу Алишоҳ тарафидан Темурга ёзилган мактуб эди. Ўқиди, унда: “Темур, тезда Самарқандга кел. Алишоҳ” деган сўзлар битилганди.

– Ҳа-а… – дея оғир сўлиш олди бой. Сўнгра: – Билиндики, қўлимизга тушган Темур экан. Энди у Самарқандга кетмоқда, шундайми? Э-э, у жононни мен унга бериб бўпман!.. Ҳали кўрадиганини кўради у! – дея бақирди.

Шу аснода бир отлиқ келганини хабар қилишди. У шитоб билан бойнинг ҳузурига олиб кирилди.

– Нима гап? – дея тўнғиллаб сўради бой.

– Тақсир, шу, эрта билан энди уйғонгандим… – дея чайнала бошлади у.

– Тез гапир! – ўшқирди бой.

– Тонг оқараркан, икки отлиқнинг чопиб кетаётганини кўриб қолдим…

– Хўп, кейин?

– Бироз синчиклаб қарасам, кеча қўлга тушган асирлар экан.

– Ундан кейин нима қилдинг?

– Чодирдаги шерикларимни уйғотдим, биргалашиб қувиб кетдик…

– Оф-фарин!

– Аммо, тақсирим…

– Э, одамга ўхшаб тез-тез гапирсанг-чи!

– Урушдик…

– Яхши-ку!

– Аввал биримиз, сўнгра бошқамиз, ундан кейин иккитамиз уларга етиб бориб, ҳужум қилдик…

– Жуда соз! Демак, қочоқларни ушлаб келтирдингиз, ҳа-а, қани, олиб киринг уларни ҳузуримга!

– Йўқ, тақсир, кечирасиз, келтиролмадик.

– Нима бўлди?

– Улар билан олишиб, енголмадик… расво бўлдик, енгилдик, ҳамроҳларимдан фақат мен тирик қолдим, холос… Мана, қайтиб, тақсиримга билдирай дея қаршингизда қўл қовуштириб турибман…

– Яхши қилибсан, – деди бой ўйланиб. Сўнгра: – Тезда отимни тайёрланг! Мен кетишим керак. Ҳамма ишга сен қараб турасан, – деди хизматкорга. – Ҳали шошмай тур сен, Темур! Агар ўша аёл сенга хотин бўлса, отимни бошқа қўяман!..

Хизматчилар бойнинг отини келтиришди. У уловига минди-да, йўлга тушди. Хат ҳам чўнтагида. Зудлик билан Самарқанд томонга йўналди. Оқшом пайти шаҳарга кириб борди.

Эртасига султон Туғлуқ тарафдорлари билан бирга Темурни қидира бошлади. Кун бўйи сўраб-суриштиргач, Темур ва хотинининг Самарқандга келмаганлигига ишонч ҳосил қилди.

Тонг отгач, улар барибир шу ерга келади-ку, дея ўйлади ва яширинча кутишга қарор берди. Ўша куни ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам Темур билан рафиқасини махфиёна ахтаришда давом этди. Бироқ на ўша куни, на эртасига, на индинига ва на ундан сўнгги айёмда Темурга оид ҳеч бир хабар эшитмади, ҳеч бир из ва ё аломатга дуч келмади.

Темур эса, бу муддатда ўзи олдинлари ҳам яшириниб юрган бир ғорга хотини билан бирга беркиниб олганди. Аллақанча тарафдорларини бу ғорга чақиртириб, қурол-аслаҳаю отларни бадастур қилиб, чўлдаги арслонлар тўдаси янглиғ теваракка даҳшат соча бошлаганди. Бу вақт ичида у йўлида учраган айрим саҳро туркманлари билан қақшатқич жанг олиб борди, уларни ҳам, бошқа баъзи бебош тўдаларни ҳам олишувларда ер билан яксон айлаб, сўнгра мағлубларни кечириб, кўнглини овлаб, енгилган гуруҳлару тоифаларни ўз ёнига тортиб, куч-қувватини ошириб олди. Бу минтақада у шундайин донг таратаркан, Темур ҳақдаги ваҳмали миш-мишлар ортгандан ортар, унинг тарафдорлари ҳам кўпайгандан кўпайиб борар эди.

Шундай қилиб, Мовароуннаҳрда туркийлар, эронликлар ва Хуросон халқи аста-секинлик билан Темурга бўйин эгаётган, унинг қудрати ўсаётган бир давр бошланганди. Масалан, атрофдаги тожик қароқчилар бошлиғи Муборакхон ўз одамлари билан бирга илк келиб қўшилганлардан эди. Ўшанда Темурнинг қўли остидагилар сони икки юз кишига етганди.

Темур йиғилган жанговарлар билан бирга анчагина ишни амалга ошириш мумкинлигини мўлжаллаб, барча билан кенгашмоқ ниятида қурултой тартиб этди. Бу йиғиноқда яқинларидан Ўғуз Арслон, қайноғаси Ҳусайн, Муборакхон, Шер Баҳром ва бошқа аллақанча доно инсонлар бор эди. Темур вазиятга оид фикрини шундай ифодалади:

– Ўйлашимча, биз ҳозирги қувватимиз билан эмас, балки келажакда бизга қўшиладиган тарафдор кучлар ёрдамида Самарқандни эгаллашимиз керак.

– Қандай тарафдор? – дея ўсмоқчилади Муборакхон. – Самарқандда бизга қанча одам қўшилиши мумкин?

Ўғуз Арслон унинг бу саволига шундай жавоб берди:

– Тахминан халқнинг ярми.

– Ундай бўлса, бу ерда туришимиз хато-ку? Аммо улар режаларингиздан хабардорми?

Темур энди сўзга аралашиб:

– Йўқ, уларнинг хабари йўқ, – деди. – Аммо биз ишни бошқача ҳал этурмиз. Биринчидан, биз Самарқандга юрарканмиз, сиз одамларингиз билан Бухорога борасиз. Сиз Бухоро ёқдаги қишлоғу овуллардаги одамлар билан, мен Самарқанд атрофидаги инсонлар билан учрашамиз. Уларни фикримизга, йўлимизга ишонтириб, бир қарорга келамиз. Кейин сизга ишорат бераман. Биргаликда бутун жете халқига, яъни султон тарафдори бўлган чиғатойларга ва уларнинг волийси Илёсга ҳужум қиламиз. Худо хоҳласа, Мовароуннаҳрни қўлга киритамиз. Қани, энди бир Қуръон ўқиб, дуо этайлик.

Темурнинг қайноғаси ёнида турган Шер Баҳром:

– Мен бу ишларга розимасман, қарорга ҳам қўшилмайман, – деди. – Аммо қаршилик ҳам қилмайман. Модомики, қурултой қарори шундай экан, мен энди Ҳиндистонга жўнай қолай, – дея чиқиб кетди.

Бироқ биргина Шер Баҳромнинг Темурдан айрилиши унинг учун катта бир йўқотиш эмасди. Шунинг учун у қатъий, ишончли товушда:

– Қани, биз ҳам Самарқандга қараб юрамиз! – дея ҳайқирди.

Қайноғаси Ҳусайн эса, Темурга қинғир қараб, хоинона оҳангда, ичида: “Хўп, қани, юриб кўрайлик-чи”, – дея ғудранди.

Айни чоғда, Ўлжай ҳам эри Темурнинг манфаатларини ўйлаб ўзича режалар тузмоқда, тарафдорларни кўпайтириш учун таниш-билишларини ишга солиб, тадбирлар кўрмоқда эди. Зотан Темур, Самарқанд халқи билан кўришмасдан олдин, бир неча кечани катта опаси Туркан Оқанинг уйида ўтказди. Ана шу вақт орасида келажакда рақибу ёвларига берадиган зарбаларини обдан ўйлаб пишираркан, бошқа бир ёқда Ўлжай ҳам ўз одамлари билан ғайрат кўрсатиб, аҳоли ичида Темур хусусида яхши фикрлар уйғотиб улгурган эди. Аллақанча инсон Темур ва хотини Ўлжайнинг фазилату иқтидорини тасдиқ айлаб, уларнинг мухлисига айланганди. Улар Туғлуқ султоннинг Темурга қилган муомаласини инсофсизлик деб билишарди. Шундай қилиб, вазиятдан унумли фойдаланган Темур Самарқандда икки минг тарафдор тўплай олган эди…

Темур омма орасида бунчалик эътибор қозонган ҳолда, ҳар ишга шай тураркан, у бир ёндан хотини ва уламонинг-да диний исён чиқаришларини кута бошлади. Аммо очиқдан-очиқ бу ишларга берилиб кетган Темур, қарангки, орқасидан тушган жосусларни пайқамай қолди. Бир куни унга нотаниш бир кишининг кўришмоқчи эканини билдиришди. Темур уни келтиришларини буюрди.

– Сиз кимсиз? – дея сўради ундан Темур.

Нотаниш кимса унинг саволига жавоб бермасдан:

– Сизга айтадиган баъзи сўзларим бор эди, шунга келдим, – деди. – Бундайин очиқдан-очиқ бўйсунмаслик, исёну ихтилолардан воз кечмагингиз мувофиқдир.

– Нечун?

– Чунки сизни бугун султонга чақишади. Ё бу ердан чиқиб кетасиз, ёхуд ўлим ҳукмини бўйинга оласиз, бошқа йўл йўқ.

– Ҳолбуки, менга тобе одамларнинг барчаси содиқдирлар…

– Ҳа-ҳа, содиқлар, ҳатто қайноғангиз ҳам! – дея кесатди нотаниш кимса. – Фақат у душманларингиз ёнида!

– Демак, Ҳусайн менга қарши… – деди Темур ўйланқираб. – Шундайми? Ундай бўлса…

– Ҳа! Ана шу ҳолат, хиёнат ва парокандалик ҳақидаги шум хабарларни султон тарафдорлари халқ орасига ёйиб бўлди. Шунинг учун аҳоли ичидан энди ўзингизга ҳеч бир кўмакчи тополмаслигингизга аминман.

– Яхши. Оллоҳ сизга саломатлик берсин! – деди Темур унинг чиқиб кетишига ишорали оҳангда.

Қайноғаси Ҳусайннинг душманлар томонга ўтиб кетгани Темурнинг ҳузурини қочириб, аҳволи руҳиясига қаттиқ таъсир қилганди. Наҳотки бирорта ишониб бўладиган одам йўқ, дея кўнглидан кечирди у.

Темур ўша оқшом зодагонлар орасидан ўзига яқин элликта отлиқни танлади-да, у макондан қочди ва ташқаридаги кучларини ҳам бир ерга тўплаб, ҳар эҳтимолга қарши, мудофаага шай туришни муносиб кўрди.

 

  1. ТЕМУРНИНГ ҚАЙНОҒАСИ ҲУСАЙН ДУШМАНЛАР

ОРАСИДА

 

Темур қароқчи бойга асир тушиб, ўртадан ғойиб бўлган кунларда, унинг одамларини Ҳусайн ўз тахти итоатига олиб, ҳокимияту амрият тотини тотган эди. Аммо Темур қайтадан майдонга чиқиб, иш юрита бошлагач, Ҳусайн ҳукмронликни яна унга мажбуран бериб, ўзини яқин тутса-да, ўшандан бошлаб юрак-бағри кин, ҳасад, адоват оташида ўртаниб юрганди.

Шер Баҳромни урушга қўшилмасликка ташвиқ этган Ҳусайн Темурнинг порлоқ келажагига моне бўлиш учун хилма-хил ҳийлаю режалар тузишга киришди. Шунинг учун Темур билан бир йўлда юрди, унинг орқасидан эргашиб, Самарқандга ҳам етиб келди. Бу ерда апил-тапил Темурнинг душманлари билан учрашди. Улар билан бирлашди. Душманлар бошлиғига йўлиқишдан олдин Темур ва Ўлжайни асир этган бойнинг ёнига борди. Унга фитнали оҳангда:

– Биласанми, Темур бу оқшом Самарқандга келди, – деди.

– Ростданми? Ҳар куни кутаётгандим-а, қаёққа кетдийкин деб, – деди бой қувониб. – Демак, ҳозир Самарқандда, шундайми?

– Ҳа.

– Ундай бўлса, тезда султон Туғлуққа хат ёзиш керак!

– Э, албатта-да!

– Унда мен айтиб турай, сен ёз!

– Бўпти, – деди Ҳусайн. Сўнгра қўлига қалам ва қоғоз олди. – Қани, айтавер, мен ёзаман.

Шундай қилиб, Ҳусайн, эҳтимолки, Темурнинг маҳвига сабаб бўладиган бир мактубни битишга киришди.

“Султонимиз!

Темур бу ерда халқни исёнга ташвиқ қилмоқда. Фалокатнинг олдини олмоқ учун бу ерга бироз аскар юборилиши муносибдир…

Бир неча имзо.”

Хат чопар орқали шошилинч равишда султонга жўнатилди ва ўша кундан бошлабоқ Темур махфиёна кўз остига олинди. Ҳасадгўй рақибларнинг мақсади Темурни Самарқандда ёлғиз, аскарсиз ҳолда бир бурчакка пистириб, йўқ қилиш эди.

Мана, энди улар қўшиндан ёрдам кутишмоқда…

Кунларнинг бирида, Темурга тарафдор бўлмаса-да, холис бир киши бой билан Ҳусайн ўртасидаги қуйидаги суҳбатни тасодифан эшитиб қолди.

– Бу оқшом хабар келиши керак эди, – деди Ҳусайн.

– Нега кеч қолдийкин, а? – деди бой.

– Билолмадим, шу…

– Зудлик ва интизом билан юборилиши зарур ўша озгина аскарнинг мунчалик кечикиши Темурнинг зафарига сабаб бўлади! – дея бақирди қароқчибоши бой билағонларча.

– Тўғри, буни султон ҳисобга олиш керак эди, – деди Ҳусайн уни айёрларча маъқуллаб.

– Албатта-да! – деди бой. Сўнгра ўсмоқчилаб сўради: – Аммо сиз, Темурнинг қайноғаси бўлатуриб, нимага ундан жуда хафасиз, нега унга қаршисиз?

Ҳусайн унинг саволига жавоб бермасдан, ўзини сўроққа тутди:

– Сиз унга нечун душмансиз?

– Чунки мен уни асир этгандим, қўлимдан симобдай қутулди. Қочиб мени аҳмоқ қилди. Энди кимлигимни унга кўрсатиб қўймоқчиман!

– Аммо Темурни қўрқитиш осон эмас.

– Уни қўрқитиш учун шу кечадан бошлаб ишга киришмоқ кифоядир, – деди қароқчибоши писандсиз товушда.

– Қандай қилиб ахир? – деди шошиб қолган Ҳусайн.

– Қандай, дейсиз-а? Бу осон иш. Зотан Темурнинг халқ орасидаги фитнали ишлари султоннинг қулоғига етиб борган. Шу боис, унинг тарафдорлари жазога тортилади, деган бир миш-миш чиқарасиз. Халқ ундан совийди ва бечора Темур ёлғиз қолади!

– Демак, шу кечаданоқ ишни бошлаймиз, шундайми?

– Ҳа! Бу оқшом Темур учун толесизликнинг бошланишидир, завол кечасидир!..

Ғаройиб бир тасодиф туфайлидан бу суҳбатни эшитиб қолган ўша туркман, қарангки, ўша куни бир уламо ваъз ўқиган даврада ҳам қатнашиб, унинг тилидан Темурнинг Оллоҳ томонидан юборилган бир соҳибқирон эканини туйди… Ҳайратга тушди ва тўппа-тўғри Темурнинг олдига бориб, бор гапни унга айтди. Шундай қилиб, Темур учун бир шоми ғарибон, толесизликларининг бошланиши, завол кечаси бўладиган тун, аксинча, бир иқбол кечасига айланди…

 

XVI. ОҚСОҚ ТЕМУР

 

Ўғри-қароқчилар тўдасининг фитнаси ва чақуви туфайли султон қўшинининг Самарқандга бостириб келаётгани борасида Ўғуз Арслон Темурга хабар берди. Икки эски қадрдон ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

– Демак, мени Самарқандда босиб, қўлга олишмоқчи, шундайми? – дея сўради Темур.

– Ҳа! – дея тасдиқлади Ўғуз Арслон. – Режаю мақсадлари шундаймиш. Ўша ердалигимизда султон Туғлуққа хабар берилганмиш.

– Ундай бўлса, ҳужумни қайтармоққа тайёр туришимиз керак.

– Ҳар ҳолда…

– Агарда эплай олсак, барча қароқчи тўдаларнинг бошлиқларини бир амаллаб Чиғатой салтанатига қарши қўйишимиз шарт! – деди Темур шиддатли товушда. – Аммо буни уддалай олармиканмиз-йўқми, билмадим-да…

– Уддалайсан, бўтам! – деди Ўғуз Арслон оталарча комил ишонч билан. – Чунки улардаги мискинликни сенда ҳеч кўрмадим, сен жуда ғайратлисан! Ҳар қандай музаффариятнинг онаси фаолиятдир!

– Ҳа, зафар қозонмоқ учун тиришиб ишлаш керак. Фаолият эса, интизомга боғлиқдир. Ғайрат ва интизом билангина киши ютуққа эга бўла олади.

– Тўппа-тўғри!

– Зафаримиз йўлида бирор ҳарбий ҳийлани ўйладингизми? – дея сўради Темур.

– Яна бир оз ўйлаб, пишитишим керак… Ўзингда бирор режа борми? – дея ўсмоқчилади Ўғуз Арслон.

– Тайёрлаб қўйганман!

– Қани, эшитайлик…

– Аввало бой берилган фурсатни қайта қўлга киритиш лозим ва ҳар қанақа ҳужумни бартараф этишга тайёр туриш керак!

– Э, яша, бу фикринг жуда тўғри! Бунинг учун, биринчидан, Мовароуннаҳрни эгаллаб, у ерни барча курашнинг марказ қароргоҳига айлантирмоқ даркор…

– Йўқ, – деди Темур қадрдон маслаҳатгўйининг сўзини бўлиб. – Қўл остимдаги бир тўда бебош жанговарнинг юртимни бесаранжом қилишига йўл қўёлмайман.

– Илло бу ер бўлиши фарзу шарт эмас, бошқа бир тарафни марказ этиб танла, ихтиёринг. Нега бу ишда тортиняпсан, не бир мушкилписанд бор бунда?

– Чунки келажакда бу ўлка, бу халқ менинг амримда бўлади, ўзимга қарашли юрту элни қўриқламоқ, асрамоқ эса менинг бош вазифамдир, шундай эмасми?

– Жуда тўғри, бўтам, ҳақлисан.

– Шундай қилиб, менга қўшилгану қўшилмаган, тараф-тараф бўлиб келишолмай юрган қавму уруғларни тўплаб, бирлаштирибоқ, дарҳол жанубга – Хуросонга ва сўнгра афғонлар томонга юриш уюштираман, у ерларни ва Қандаҳорни забт этиб, ўша минтақани бутун ҳаракатларим марказига айлантирмоқ мувофиқдир деб ўйлайман…

– Қарору фикрларинг жуда мантиқли, шароитга уйғундир, бўтам, – деди Ўғуз Арслон унинг теран режасини маъқуллаб.

Ўша кундан бошлаб Темур режасига кўра ҳаракат этиб, ўз келажагининг биносини қуришга киришди. Фаолияти шунчалар фавқулодда ва табиий эдики, муваффақият ва зафарлари ҳақидаги шов-шувлар атрофдаги вилояту ўлкаларга кенг ёйилиб, даҳшату ғулғула солди.

Темур Хуросонни забт айлаб, Қандаҳор вилоятини ҳам эгаллаб, музаффарият чоғи хончодирида ўтираркан, бир отлиқнинг у билан кўришмоққа изн истаётгани билдирилди. Суворий унинг ҳузурига кириб:

– Темур ҳазратлари сизмисиз? – дея сўради.

– Ҳа, – деди Темур унга синчков боқиб.

– Мени Сийистон амири юборди, мана бу унинг сизга ёзган мактуби, – дея чопар бош эгиб, хатни узатаркан, таъзим қилди.

Темур хатни олди. Очиб, ўқимоққа тутинди. Дақиқа сайин унинг ранг-туси ўзгарар, юзи гоҳ оқариб, гоҳ қизарар, жаҳли чиқиб, интиқом ҳиссу ҳаяжонида тўлғонар эди.

– Бўпти, унга саломимни айтинг! – деди Темур хатни ўқиб бўларкан.

Хизматчини чақириб, чопарни ташқарига йўллади.

Улар чиқиб кетгач, Темур ўзича шундай деди:

– Бунинг сўзларидан катта бир фалокату балонинг ҳиди келмоқда! Аммо, кўрайлик-чи, қайсимиз кучли: сенми ё менми?..

Ажабо, бу мактубда нелар битилганди? Бу қайси фалокат жарчиси экан? Қандай балонинг қўланса ҳиди экан?..

Сийистон ҳокими ўз атрофидаги ерларнинг Темурнинг кучли қўшини тарафидан босиб олинганини кўриб, энди қандай ҳаракат қилиш лозимлигини билолмай ҳайрон эди. Қарши курашсинми ёки бошқа йўли ҳам борми? Темурнинг кунларнинг бирида Сийистонга ҳужум қилиши тайин. Шуни кўзда тутган ҳолда режаю тадбирларни пишитиш керак. Ҳоким шуларни ўйларкан, уламо ва маслаҳатчиларини чақириб, улар билан кенгашди.

– Темурнинг футуҳот йўлида нақадар тез илгарилаётганини кўриб турибсизлар, – деди у. – Довул каби эсиб, дуч келган вилоятларни босиб, халқини бўйсундирмоқда. Шу кетишда бу ерларни ҳам ост-уст этиб, ўзига тобе айлагай… Шунинг учун сизлардан сўрамоқчиман: хўш, бу балога қарши қандай ҳаракат қилганимиз маъқул?

 

– Тақсир, биз учун энг хайрлиси Темурни иттифоққа даъват этмоқдир. – деди бир уламо.

– Аммо унга қандай қилиб биз билан иттифоқчи бўлинг, деймиз? Ахир Темур бундан, мендан қўрқишди, деган маъно чиқармайдими? Бизга янада қаттиқроқ кўз тикмайдими? – дея ҳоким ўз шубҳаларини баён этди.

– Нега ундай қилсин? Агар биз дўст бўлайлик, десак, бу қўрқувданмас-ку. Бошқа сабаблари ҳам бор-да…

Шунда вазир сўзга аралашиб:

– Биз ўйлаган бошқа сабабларни Темур хаёлига ҳам келтирмаса керак, – дея шубҳасини аён этди.

– Нечук? – дея сўради ҳоким.

– Чунки унга кўрсатиладиган бу яқинликни, яъни иттифоққа даъватни олдинроқ билдирганимизда, балки у ўйлаб кўрарди ва таклифимиз шоёни диққат бўла биларди, аммо…

– Хўш, энди-чи?

– Энди бу иш мумкин эмас. Чунки унинг куч-қувввати ортиб, ўзига ишонч ҳосил қилгандан сўнгра биз унга иттифоқ таклиф этмоқдамиз. Энди унинг учун бу таклиф ҳеч бир маъною қимматга эга эмас. Бир илтимос, холос.

– Унда… илтимосга ҳозирчалик мажбур эмаслигимизни акс эттирувчи бир мактуб юборсак, не дейсизлар? – деди ночор ҳоким.

– Маъқул! Жуда соз…

– Қандай оҳангда, нималарга урғу бериб ёзсак…

– Масалан, сизни ҳимоямизга оламиз, деган таклифни билдирсак ҳам унга ёқар балки…

– Э, жуда боп-ку!..

Вазиру вузаро, маслаҳатчиларнинг бари бу фикрга кўнишди, ҳоким шундай мазмунда хат битилишини буюрди.

– Дарҳол бир хабарчи юбориб, хат билан Темурни даъват қилайлик, – деди ҳоким.

Қалам ва қоғоз келтирилди, қуйидагича мактуб битилди:

“Темур,

Сизнинг Чиғатой хони қаршисида кучсиз эканлигингизни кўриб-билиб турибмиз. Шунга биноан, бизнинг ҳимоямизга киришингизни тавсия этурмиз ва ҳимоячи қўлларимизни сизга узатмоқдамиз.

Сийистон ҳокими.”

Чопар келдими? – сўради ҳоким. – Ҳа, чопар, сен бу мактубни зудлик билан Қандаҳор шаҳрига бориб, Темурга етказ!

Хабарчи хатни олиб, йўлга равона бўлди.

Кенгаш давом этди. Темурга қандай муомала қилиш, қандай қарши туриш йўллари ахтарилган бу йиғин анчага чўзилди. Баҳс пайтида бир киши шундай деди:

– Олдинига биз, агар Темурни иттифоқчи бўлишга даъват этсак, уни хафа қилиб қўямиз, дея тортингандик, аммо энди янада бежо иш қилиб қўйдик, дейман-ов. Зотан Темур айни вазиятда кучли-қудратли ва мағрур, шу боис унга “ҳимоямизга оламиз” деган таклифимиз жуда оғир ботади, ўйлашимча…

– Тўппа-тўғри! Энди унинг ғазабига дучор бўламиз! Биз томонга бостириб келиши оппа-очиқ!.. – дея ваҳимага берилди бир уламо.

– У ҳолда нима қил дейсизлар? – деди энсаси қотган ҳоким.

– Ҳозирданоқ уруш тайёргарлиги ва тадоригини бошламоқ энг мувофиқ ишдир…

– Ҳа, бўлар иш бўлди, энди буни тузатиш мумкин эмас. Чорамиз йўқ.

– Афсус, биз балони ўзимиз чақирдик…

– Шундайку-я, аммо бу бало барибир бир кун бошимизга келарди.

– Хуллас, энди тайёргарликни кўравериш керак.

– Гапларинг тўғри, урушамиз! – дея оғир сўлиш олди ҳоким. Сўнгра буюрди: – Қани, энди бораверинглар, ҳарбга тайёргарлик кўрилсин! Темурни ярашиқли қилиб кутиб олишимиз керак!

Сийистон ҳокими ана шу алпозда мажлисини тугатди.

Темур хатни олгандан кейин яна бир гапдан хабардор бўлди. Яъни, Чиғатой султони Туғлуқ Темур вафот этган, ўрнига ўғли Илёсхўжа тайинланган эди. Темур бу воқеаларни эшитиб, севинди ва завқу шиддат билан одамларини тўплаб, режалар тузишга киришди.

Ниҳоят, бутун маҳоратини, ҳарбий ҳийласини ишга солиб, кўнгли тўқ ҳолда, жанговар қўшини билан Сийистонга қараб юрди.

Сийистон ҳокими аввалги сўзидан қайтган эди. У қилган ишининг ўз-ўзича бир ҳийлага айланишини ва Темурни ғафлатда қолдириб, тузоққа туширишни ўйлаб, аскарлари билан шаҳар ташқарисидаги пистирмада кутмоқда эди.

Темур ҳам анойи эмас, у жосусларининг усталиги натижасида бу ҳолдан хабар топган ва унга кўра тадбир олган эди. Яъни, қўшинини иккига бўлиб, бир қисмини ўз қўмондонлиги остида сақлади. Бошқа қисмини эса, иккига ажратиб, бирига Муборакхонни, унисига эса қайноғаси Ҳусайнни бошлиқ этиб тайинлади. Режага кўра, Муборакхон ва аскарлари шаҳарни орқа тарафдан ўраб, уни босиб олади. Ўзининг қўшини ҳар икки бўликка зарур пайтда ёрдам кўрсатади, фақат орқа томонда сокин ҳаракат қилади, худди захирадаги черик каби…

Шаҳарнинг орқа тарафидан яширинча келаётган Муборакхон аскарларини Сийистон ҳокими жангчилари пайқамай қолишди.

Ҳаракатдаги қўшиннинг олдида отлиқ Темур ҳайбат тўкиб борар, аммо ташқаридан қараганда, ҳеч қанақа уруш тайёргарлиги ё кайфияти йўқдай кўринар эди.

Икки тараф қўшини юзма-юз келгач, Сийистон аскари чўчиброқ ҳужумга ўтди ва уруш бошланди. Темурнинг зўрға ўзини тийиб турган бебош аскарлари бирдан рақиб устига ёпирилди, шафқатсиз ҳамлалар натижасида бошлар кесилди, вужудларга ўқу қилич санчилди, ҳар ён қонга бўялди. Инсонлар ваҳшиёна жунбуш-ла қассоблик ҳунарини намойиш этишарди. Уст-бошлари қонлар ичида югуришарди, икки томон ҳам ҳирс билан бир-бировларини маҳв этмоқ қасдида ҳужум қиларди…

Темурнинг қўшини мағлуб бўлаётгандай кўринарди.

Черик секин-секин орқага тисарила бошлади. Аммо Темур бир ҳарбий ҳийла ишлатиб, чекинишни тўхтатишга эришди. У тўсатдан аскарлар олдига ўтиб, қиличини сермаганича ҳайқира-ҳайқира ҳужумга киришди.

Ана, зафар ҳам кўринаёзган эди. Афсуски, бу омадсиз жангда Темур оёғидан қаттиқ яраланди. Сийистон лашкари Темурнинг қўшини олдига тушиб, қочиб борарди. Шу пайт нариги тарафдаги Муборакхоннинг жанговарлари уларнинг йўлини тўсди. Даҳшатли олишувда Сийистон аскарлари икки тош орасида қолгандай эзилиб, йўқ бўлди.

Бу музаффарият Темурга анча қимматга тушди, умр дафтарига ўчмас, аччиқ бир хотира ўлароқ муҳрланди. Ғалаба нишони, яъни оёғидаги яра сабабли оқсоқ бўлиб қолди. Шу туфайли Оқсоқ Темур – Темурланг сифатида дунёга донг таратди, бу нишон унинг учун абадий бир обидаи зафардир.

 

XVII. МОВАРОУННАҲР ҲУКМДОРЛИГИ ВА ТЕМУРНИНГ

ТАХТГА ЧИҚИШИ

 

Маълумки, бир ўлканинг султони бор экан, бошқа бир одамнинг салтанатга эгалик қилишга уриниши туркийлар одатига зиддир. Шу боис Темур ҳам Илёсхўжанинг ўлимидан сўнгра чиғатойлардан Кобулшоҳга тобе бўлишни қабул этганди, инчунун унинг салтанат учун иддао қилиши мумкин эмасди. Бир куни у бу масалани ўртага қўйиш учун маслаҳатчиларини, уламони чақиртирди.

– Менинг салтанатни идора қилишим хусусида қандайин фикру кенгаш берасизлар? – деди уларга қарата.

– Тақсир, бу ўлкани қутқариш учун Оллоҳ томонидан яратилган бир қаҳрамонсиз, соҳибқирони замонсиз! Султонлик сизнинг ҳаққингиздир! – деди бир маслаҳатчи.

– Аммо бу туркийларнинг қадимий одатларига терс-да, – деди Темур.

– У ҳолда, Чиғатой эли ҳукмдорларининг тасарруфи ва идораси остида бўлмаган Балх шаҳрида сизнинг тахтга чиқишингиз айни муддаодир! – деди бир уламо.

– Маъқул, раҳмат сизларга, – дея Темур кенгашчиларига миннатдорлик билдирди.

Бу маслаҳатга мувофиқ иш тутилди. Уламолар раъйига қараб, Балх шаҳрида туркийлар анъанасига мувофиқ бир маросим ўтказилди ва туркийларнинг мўғуллар асоратидан қутқарувчиси Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори дея эълон этилди. Уламо фатвоси амалга ошгач, ҳеч қандай унвон, имтиёз ва на-да бошқа бир нарса истамай, ёлғиз ҳукмдор номига ақча бостирган Темур эски мўғул одатларини бекор қилиб, ўрнига исломий қоида ва анъаналарни жорий эта бошлади. Масалан, Чингизхон яса – ёсоқлари ўрнига тузук ва шариатга кўра иш тутишга интилди.

Ҳа, Темур ҳукмдор деб эълон қилинди. Бироқ бу ишдан ўзига қарашли одамлар ва аркони давлат орасида ҳам хурсанд бўлмаганлар бор эди. Улардан бири – қайноғаси Ҳусайн эди. Бу бечора одам ота меросига эга чиқолмаслигини англади. Бунинг олдини олишга роса уринди. Аммо бутун ҳийлаю найрангларига қарамасдан, Темурнинг рўпарасида ожизу ночор қолди. Охирида Темур ҳукмдор деб эълон ҳам қилинди ва шунда Ҳусайн поччасидан ҳажга кетишга рухсат талаб этди. Темурдан изн олингач, ҳозирлик кўриб, одамлари билан бирга йўлга тушди…

Бироқ Ҳусайн йўлда ўлдирилди. Қотиллар асли Темур тарафдорлари эди. Чунки улар, Темур Ҳусайнни кечирган бўлса-да, бу одамнинг қанчалик хоинлик қилганлигини, унинг ҳажга йўналган ҳаракати ҳам, аслида, хиёнат йўлидаги бир уриниш, ҳийла эканлигини яхши билишарди.

Ҳусайннинг асл ниятини Темур ҳам пайқаганди. Шунинг учун, унинг ўлдирилганини эшитгач, унчалик ачинмади ва:

– Оқибатда жазосини олди, – деб қўя қолди.

 

* * *

Темур ҳукмдор бўлмай туриб асл ватани Туркистонни босқинчилардан қутқариш учун ўзини қўллаб-қувватловчи бир кучга, бир далилу ҳужжатга эҳтиёжи бор эди, буни истаган, излаган эди. Буларга ҳам эришди. Ана энди у мамлакатини қутқариш йўлидаги муқаддас ва жиддий ишга киришди. Ҳар томондан тўп-тўп келган туркий қавмлар унинг сафига қўшилишар, уларнинг улуғлари Темурнинг ёнида ўлгунча бирга бўлажакларини, у билан бир йўлда эканликларини билдириб, байъат этишар эди. Темур уларга лутфу мурувват, назокат ва меҳрибонлик кўрсатарди. Қўлидаги бор-йўғини харжлаб, одамларга тортиқ айлаб, уларни қувонтирар, ўзига ром этар эди. Масалан, бўркини Туғлуқ Барлосга, камарини Сайфиддинга совға қилганди…

Самарқанд сафаридан олдин айниб, ундан айрилган Шер Баҳром дегани ҳам охири пушаймон бўлиб, Темурнинг оёғига бош уриб келди. Унга Темур яна яхшилик ва нозик муомала кўрсатди, шармандалик тамом унутилди. Хуллас, Шер Баҳром ҳам ватанни қутқазишда Темурга мададкор бўлишини айтиб, қасамёд қилди.

Темур ўз ҳукмдорлигини кучайтириш учун тобеаларини кўпайтиришга ва ўлкани кенгайтиришга мажбур эди. Уч йил тинимсиз уринишлардан кейин бебош тўдаларни Сирдарёнинг у ёғига суриб юборди. Туркистон ва Олмалиқ шаҳридан бошқа чиғатойларга боғлиқ ҳеч нарса қолмади. Бунинг устига, Темур Мовароуннаҳр даромадини қайноғаси Ҳусайнга бериб, Кеш ва Андхўй шаҳарларини ўзига қолдириб, Бухоро ва Самарқандни вазир Қизғиннинг меросчиларига боғлаб, уларни ўзига ўринбосар тайин этиб, идорасини мустақил қилиб олди…

 

* * *

Ҳа, ўшанда Самарқандда юз берган воқеадан сўнг Темур шубҳага тушганди. Уни қайноғаси Ҳусайннинг хиёнат қилиб-қилмагани ўйлантираётган эди. Ҳусайнни чақирди, биргаликда устод Шамсиддиннинг мозорига боришди. Темур муқаддас даргоҳда туриб, Ҳусайнга:

– Дўст бўлиб қоламиз, а? – деди.

– Ҳа, берган сўзимга содиқман ва ҳеч бир замон аҳдимда қусур бўлмагай, – деди Ҳусайн.

Темур барибир қайноғасига ишончи йўқлигини тилига чиқарди:

– Ҳусайн, сенга ҳеч ишонгим келмайди-да…

Шундан кейин Ҳусайн Темурни азбаройи ишонтиришга тиришиб, Қуръонга уч бор қўл суниб, тавоф этиб, қасамёд қилди.

Мозордан қайтишди.

Аммо Ҳусайн барибир аҳдини бузди, фитнага бош урди. Бир куни ишончли одами Шер Баҳромни чақириб, ўз режалари ҳақида маълумот бериб, ундан ёрдам истади.

– Шер Баҳром, – деди у кин тўла товушда, – биласанки, Темур эгаллаган амирлик аслида меники бўлиши керак эди. Чунки бу ҳокимият отамдан мерос қолган… Аммо Темур бу кучни қайдан олди, билолмайман!

– Темур бу мақомга ўзининг ўткирлиги, ақлу ғайрати билан эришди. Сиз ундан ота меросини ола биласизми? – дея синчков кўзларини унга тикди Шер Баҳром.

– Э, шу дардда юрибман-ку! Нима қилиб бўлса ҳам ҳокимиятни ундан қайтариб олишим шарт! – дея жонланди Ҳусайн. – Оҳ, нима қилиш керак, а? Сендан айрилгандан кейин, Самарқандга борган пайтимда, у ерда ўтириб, султон Туғлуққа хатни мен ёздим-ку, ўз қўлим билан… Эҳ, қанийди қўшин пайтида етиб келсайди-да, Темур кунини кўрсайди!

– Аммо жосусликнинг жазосини ҳам тортишингиз мумкин эди, – деди кесатиб Шер Баҳром.

– Буям тўғри… Ҳа, майли. Темур зотан мендан шубҳа қиларди. Ўтган куни қасам ичирди, гўё мен қасам-пасамдан қўрқадигандай. Эшитишимча, Шоҳқули унга ҳукмдор бўлишингиз керак, деганмиш. Темур ҳукмдор бўлармиш, а! Қани, ҳукмдор бўлсин-чи, унга бир ўйин кўрсатаманки…

– Қанақа ўйин? – энсаси қотиб сўради Шер Баҳром.

– Э, билмайсан-да, хумпар, бу ёқда кўп ишлар бор! – деди Ҳусайн маккорона, мамнун оҳангда. – Катта одамлардан бирини ўзимга иттифоқчи қилдим. Темур ҳукмдор бўлган куни эрталаб ичилган шарбатдаги заҳар таъсирида асфалософилинга кетади! Қалай, Баҳром, яхшими?

– Жуда яхши, тақсир, – деди Шер Баҳром бир оз ўйланқираб. – Аммо, дейликки, ўша оғудан Темур вафот қилгудек бўлса, ўзингизнинг бир қотил сифатида жазога тортилмаслигингизни қайдан биласиз? У ҳолда сиз ҳоким эмас, маҳкум бўлиб қоласиз-ку! Менимча, бу фикрдан воз кечганингиз маъқул.

– Йўқ, ҳеч қачон воз кечмайман!

– Шояд буни Темур эшитгудай бўлса…

– У вақт ўлган куним! – деди қатъий товушда Ҳусайн.

– Менга қолса, бу ишдан воз кечинг, қўрқинг… – деди Шер Баҳром унга ачиниб.

– Кимдан? Сенданми?

– Ҳа, мендан, – деди кесатиб Шер Баҳром. – Зотан Темурнинг фазилатлари қаршисида шайтоний амаллар йўқ бўлишга маҳкумдир, бу бир ҳақиқат… Гапнинг индаллосини айтинг, ўзи мендан нима истайсиз?

– Арзимас бир хизмат. Темур ичадиган шарбатга заҳарни аралаштириш!..

– Йўқ! Мен бундай қилмайман. Аксинча, Темурга бориб, нималар бўлаётганини очиқ-ойдин айтаман! – деди Шер Баҳром гуриллаган товушда ва шартта ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Ҳусайн жисмонан ундан кучсизлиги туфайли йўлини тўсишга журъат этолмади.

Шер Баҳром шу кетганча тўппа-тўғри Темурнинг олдига борди. Унга учраб, ҳаяжон-ла сўзга киришди:

– Тақсир, сизга ўтмишдаги исёнимнинг сабабини айтолмагандим, мана энди айтаман. Бунинг сабаби Ҳусайн! Сиз Самарқандда эканингизда, сизни бостириб-қўлга олиш учун султон Туғлуқ тарафидан бир бўлик лашкар юборилган эди, кейинроқ сиз бундан хабар топгандингиз, бироқ сабабини билмасдингиз. Бу иш қайноғангиз Ҳусайн ёзган бир мактуб туфайли содир бўлганди. Энди, энди эса, яна бир чакки воқеа юз берадики… бу – даҳшат!..

Темур Шер Баҳромнинг бундайин ҳолини кўриб, дарҳол ёнига келди ва таскин бериб:

– Нима бўлди ўзи, бунча ваҳима қиласан? – дея сўради.

– Ҳукмдорлигингиз эълон қилинган кун сизни заҳарлашмоқчи.

– Биламан, – деди Темур хотиржам товушда.

– Биласизми?

– Ҳа. Фақат сен қўрқма, ҳеч нарса бўлмайди. Ўзингни хотиржам тут.

Шер Баҳром Темурнинг ҳузуридан кўнгли таскин топиб чиқиб кетди.

Икки кун ўтгач, халқ орасида Ҳусайннинг Шер Баҳромни ўлдирганлиги ҳақида гап тарқалди. Барча аслзодалар бу қилвир иши учун Ҳусайндан нафратландилар, Темур тарафига ўтиб, унга тобе бўлдилар. Темурнинг илк ҳукмдорлик пиллапоялари тарихи ана шу ҳодисаларга туташ шаклда ёзила бошланганди.

Шундай қилиб, Ҳусайн Темурни заҳарлашга оид режасини амалга оширолмади. Қараса, қўлидан ҳеч бир иш келмайди – буни англагандан кейин, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолсин, деган илинжда, Темурдан ҳажга кетиш учун изн истаган эди…

Темур Ҳусайннинг йўлда ўлдирилганини эшитгач, юқоридаги гапларни эслаб, “Оқибатда жазосини олди”, деган эди.

 

* * *

Темур ҳукмдор бўлганида тахминан ўттиз етти, жуда бўлса қирқ ёшларда эди. Ҳокимиятни қўлга олиши биланоқ, илк фаолияти мамлакат ички ишларини йўлга қўйиш, эски золимлигини тарк этмаган катта мансабдорларни таъсирсиз ҳолга келтириш, ўз ғаддорлигини ташламаган бошибузуқларни мансабдан четлатиш бўлди. Зотан Темур ҳеч бир замон илонни қўйнида сақлаш ниятида эмасди.

Шундан кейин у ўлка жанубидаги оммани итоатига олиб, турмушни тартибга солди. Кайхусраву Искандар қўл уролмаган бир ишни бажаришга киришди: яъни, туркистонлик бир бекнинг ўғли Яксарт дарёсини кечиб ўтиб, бу атрофни ўз ҳукмига тобе этди.

Беш йил мобайнида у отдан тушмади, туркийларнинг қадимий ўлкасида бир неча юришлар уюштирди. Султон Қамариддиннинг қизини никоҳига олди. Шунга қарамай, Ўлжай хотун унга ҳеч бир вақт рашк қилмади. Чунки бу ишлар Темурнинг мартабасини юксалтириш учун қилинаётганди. Темур мақомда қанчалар юксалса, отаси вазир Қизғиннинг ўчини олиш шунчалар қулайлашади. Зотан Темурнинг бир йил ичида эгаллаган юртлари бу ёғи Сирдарёдан Амударёгача, у ёғи чинлар чегарасидан тортиб рус ўрмонларигача туташиб қолганди. Галдаги энг муҳим мўлжали Хуросон эди. Жанговарлик йўлининг илк йилларида фатҳ этишга тиришиб, кўп заҳмат чекиб-да забт этилмаган бу ўлка унга қарши ёвқурона ҳайбатини сақлаб келаётганди. Бу юрт жуда катта бойликка, ноёб гиламлару қурол-аслаҳа корхоналарига, қимматли деҳқончилик маҳсулотларига эга эди. Ниҳоят, эндиликда улкан қувватга эришган Темур Хуросон ҳукмдори Ғиёсиддин устига маҳобат билан ёпирилиб борди ва бу сарват ўлкасини ўзига тобе этди.

 

XVIII. ТИКБОШЛИ ЖАҲОНГИР НАСЛИ

 

Темур Туркистон, Амударё ва Хоразм томонларни забту фатҳ этиб, бутун бу минтақани қиличига бўйсундиргач, эндиликда Қипчоқ ўлкаларига тўғридан-тўғри йўл очилган эди.

Чиғатой туркларидан ташқари, Чингизхон сулоласига мансуб туркий хонлар ичида биринчи бўлиб исломиятни қабул этган Жўжихон қавми ҳам Қипчоқ даштларида яшаб келарди. Аммо мусулмонлик бу томонларда номигагина мавжуд бўлиб, аҳоли орасида, турмушда исломий одатлар кўринмасди. Бу сулоланинг идораси остида турли қавмлар бор эди. Жўжийлар ҳар соҳада исломдан олдинги ҳукмдорларига тобелик давридаги ҳаёт тарзларини давом эттиришарди. Бу муҳитда хилма-хил қавму уруғларнинг ўзига хос анъаналари, қонун-қоидалари ва одатлари сақланиб қолганди. Жўжийлар ҳокимиятлари ичида яшаётган катта-кичик, турли элатлардан божу солиқ ундиришар ва уларнинг тинчлигу муҳофазасини таъмин қилишар эди. Фақат шуниси ҳам борки, бу қоришиқ элу элатлар ўртасидаги кичик бир зиддият ёки тўқнашув жуда катта келишмовчиликка сабаб бўлиши, нифоққа айланиши осон эди.

Исломиятга нисбатан лоқайдликни ва аввалдан бери риоят қилинган турмуш тарзини давом эттирганлари учун Жўжихон сулоласи ўзига тобе жойларни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу сулола Эдил дарёси атрофида, Сарой шаҳри теварагида ҳукмларини юритишарди. Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон Эдил дарёсининг орқа тарафи ва Қубон томонларда ҳукмрон эди.

Қримда эса, Туғай Темур деган зот ҳоким эди.

Саройда Бердибек номли бир валиаҳд волийлик қиларди.

Булардан фақат Бердибек фарзандсиз эди ва 1360 йилда вафот этганди. Унинг сулоласига мансуб қариндоши Ўрус Саройда ҳукуматни эгаллашга ташаббус этди ва бунга муваффақ бўлди.

Тўхтамиш Ўрусга ҳасад қиларди, унинг донғини эшитар-эшитмас дарҳол аркони давлатни тўплаб, мажлис ўтказди. Бу йиғинда ҳукумат ишларига ақли етадиган етук уламодан ташқари, Тўхтамишнинг ҳар амрини каромат билиб, унинг назарига тушиш учун ҳар қандай қабиҳ ишга тайёр манфаатпараст ялоқилар, ҳокимиятда зулмга йўл очадиган ахлоқсиз маддоҳу ғаддорлар ҳам бор эди. Тўхтамишнинг ҳасад ва кини қайнаб-тошиб, сўзга киришди:

– Ҳаммангиз яхши биласизки, Эдил ўлкаси бизга қарайди. У бизнинг сулоламизга хос бир мулкдир. Бу ерлар бизга аждодимиздан қолган. Шунинг учун бу ватанни сақлаб қолиш биз учун қутлуғ бурчдир. Сизлар нима дейсиз? Бундайин муқаддас вазифа фақат бизнинг сулоламизга берилган экан, Ўруснинг бу ўлкада тажовузкорларча иш тутиши муносибми?

Анжумандаги лаганбардорлардан биттаси – вакиллар бошлиғи дарҳол унинг сўзини илиб кетди:

– Тўғри, ҳазратим! Биз, барча вакиллар гуруҳи, бизни шу мақомга юксалтирган иқтидоримизга таяниб айтамизки, Ўруснинг келишмасдан, бундайин тажовузкорона иш юритишга заррача ҳаққи йўқ! Бундай номаъқул ишга қўл ургани учун бутун Жўжи улуси унга қарши туришимиз, эгаллаган мақомидан ҳайдаб, ҳаддини билдириб қўйишимиз керак! Бу бизнинг ҳаққимиз ва бурчимиздир, зотан…

Шу пайт йиғиндаги бир вакил бу фикрларга қарши чиқиб, шундай деди:

– Менимча, бунақа йўл тутмаганимиз бизга муносиброқдир. Жўжи сулоласига мансуб бир хотиннинг эри бўлган киши, яъни Ўрус ҳам ҳокимиятни идора этса, бунинг бир маъзури йўқдир, дейман.

– Ие, бунақа кетишда жўжилар ҳокимиятдан айрилиб қолади-ку? – деди вакиллардан яна бири.

Шу пайт кучли вазирлардан биттаси, ниҳоят сабри тугагандай бир оҳангда:

– Йўқ, тақсир, ундай эмас, – деди. – Хўш, Ўруснинг оиласида туғиладиган хонзода Жўжи сулоласидан ҳисобланмайдими? Бу ўлка муваққат бир замон мобайнида бошқа бир сулола мансуби томонидан идора қилинса ҳам, охирида ҳукмдорлик яна ўша жўжиларда қолмайдими?

Шунда Тўхтамиш вазирга ташланиб қолди:

– Йўқ, бу тўғри эмас! Кўрайлик-чи, бошқа бир наслга мансуб Ўрус бутунлай идорани қўлга олгач, ўғлини меросхўр қилиб тайинлайдими, ёки бошқа хотинидан бўладурган боласига муносиб кўрадими?..

– У ҳокимиятни бировга бериб қўймас-ов…

– Унда янада яхши, тақсирим! Ана шунда музокара ва ҳақ талаб қилиш учун келишмовчилик дарвозаси кенг очилади!

– Йўқ! Бўлмайди. Бордию ўша пайтда идорамиз ва ҳокимиятимиз заифлаб қолгудай бўлса… – деди бир уламо. – Ўшанда масалани ким ҳал қилади?

– Эй, чол! – деди Тўхтамиш ғазабланиб ҳақиқатгўй кекса вазирига. – Кўнглингда бир гап бор, қани, очиқ айта қол.

– Мен нима дердим, ҳукмдорим, – деди вазир. – Ҳозир ҳам ундан кучли эмасмиз-ку ахир…

– Ие, нималар деяпсан ўзи? Бир итга ҳаддини билдириб қўйишга қурбимиз етмайдими? – деди ғазабланган Тўхтамиш.

Шу чоғда маддоҳ мансабдорлардан бир нечаси тилёғламалик билан сўзга аралашди, Тўхтамишни улуғлаб, Ўрусхонни ерга урди. Улардан бири:

– Гапларингиз жуда тўғри, – деди. – Менимча ҳам, Ўрусдай ҳукуматни янги қўлга олган, идорий ишларга бегона бир одам биздан қўрқиши керак-да!..

Тўхтамишхон уламоси билан бу тарзда кенгашиб бўлгач, ўзининг кескин қарорини билдирди:

– Бугундан бошлаб Ўрусга қарши уруш очамиз!

– Тўппа-тўғри, хоним! Ниҳоятда тўғри!.. – дея йиғиндаги кўпчилик унинг қарорини қувватлади.

– Бўпти, энди тарқалинг, – деди Тўхтамишхон. – Уруш тайёрлиги кўрилсин! Бизнинг қароримизга қўшилмаганларга айтинглар, жанг бошланганда, улар ҳам ёнимда бўлсин ва кимнинг кучли эканини ўз кўзлари билан кўрсин!..

 

* * *

Узундан-узоқ можаролар ва келишмовчиликлардан кейин Ўрус билан Тўхтамиш орасида даҳшатли уруш бошланди. Ҳар икки тараф ҳам майдонда аскарий шижоат ва жасорат кўрсатишга киришди. Ўртада қилич ва қалқонларнинг даранг-дурунг товушидан бошқа ҳеч нарса йўқдай гўё. Икки тараф ҳам нафрат ва кин билан бир-бирларига ҳужум қилар, бир-бирини маҳв этиш учун тиришар эди. Жангоҳда қон дарёдай оқарди, девсифат кишиларнинг жасадлари ер билан битта бўлиб юмалаб ётарди.

Тўхтамиш ёнидаги кекса вазирдан ўсмоқчилаб:

– Ҳа, чол, уруш қалай кетяпти? – дея писандсиз сўради. – Сен айтгандай, аскаримизда Ўрусни мағлуб этиш учун куч йўқ эканми?

– Йўқ, тақсир, – деди вазир пинагини бузмай.

– Нечук?

– Тақсир, биринчи ғолибиятга унчалик ишонмасангиз яхши бўларди, – деди у.

Айни шу чоғда Тўхтамиш ҳузурига етиб келган чопар қўшиннинг чап тарафидаги аскарлар тум-тарақай қочганини билдирди. Хон бу кучсизланган нуқтани жонлантириш учун дарҳол буйруқ берди. Сўнгра аламини чолдан олмоқчидай унга ўшқирди:

– Сен шум сўзларинг билан қўшинимнинг руҳий жанговарлигини заифлатяпсан! Нари кет-э, фалокат! Отингга минган ҳолда буйруғимни кут!..

Вазир яқинлашаётган муваффақиятсизликни олдиндан сезгандай бир қиёфада:

– Тақсир, менга қолса, икки от тайёрлаб тураман… – деди.

– Йўқо-о-ол! – дея ўдағайлади Тўхтамиш. – Ҳаддингдан ошма, ўлгинг келиб қолдими ё!?.

– Худо умр берсин, хон ҳазратлари, – деди мулойим товушда кекса вазир ва ўгирилиб, ундан узоқлашди. Қўшиннинг орқа тарафига ўтиб, қочиш учун икки от тайёрлаб, фалокат онларини кута бошлади.

Урушмас, бир қиёмат қойим бўлди. Икки томон ҳам ҳеч қўрқувсиз қилич ўйнатиб, душманини маҳв этишга жидду жаҳд этарди. Ҳар тараф ўлик… ўлган, ўлдирган, инграган, йиғлаган, зорланган, писган, пистирган, яраланган, эзилган, қочган аскарлар билан тўла… Икки тепадаги хонлар атрофида югурган, бақирган беклар… Черик эса, янада кўпроқ ўлдириш учун қонсираган, ўчли кўзларини олайтириб, кимса кимсани танимасдан, бир-бирининг қонини тўкиб, олишиб ётибди…

Охири Тўхтамиш одамларининг секин-секин мағлубиятга учраётгани аёнлашди. Тўхтамиш ўз аскарларини ҳарчанд матонат ва жасоратга ундаса-да, бу маҳшарий ғавғода ортга қайтишдан бошқа чора кўринмади. У қўшинини мағлубликдан қутқаза олмади. Ўрусхон аскарлари ҳужумга ўтиб, бостириб келмоқда эди.

Бир пайт, ҳеч кутилмаганда, Ўрусхон черигидан бириси қўлидаги қиличини ўйнатиб, йилдиримдай Тўхтамишнинг шундоққина қаршисида тўхтади ва тўсатдан бир зарба урдики, хон жонсиз ерга ағдарилиб тушди. Аскар келган тезлигида ортига қайтиб, кўздан ғойиб бўлди…

Нарироқда бу мудҳиш манзарани кузатиб турган кекса вазир илдам келиб, жасадни бир отга ортди ва бошқа отга ўзи миниб, уни етакда тутганича шарқ томонга йўналди…

Бу пайтда, Тўхтамишнинг нариги ёқда қолган вазиру вузароси ундан айниб, Ўрусга тарафдор бўлиб қолишганди. Кекса вазирнинг ҳолу ҳаракатини кузатиб турганлар эса, унга ачинган оҳангда:

– Ҳайҳо-о-от!.. – дедилар. – Бечора мияси ачиган чол!..

 

 

* * *

Орадан икки кун ўтган. Одамлар қон билан бўялган майдонни кўздан кечиришмоқда. Баъзилар ўликларни ётган еридан олиб, чуқурларга кўмиш билан банд. Тирик қолганлар эса, марҳум сафдошларга нисбатан бу дунёдаги охирги вазифасини адо этиб, улар билан видолашмоқда.

Ғолиб аскарлар орасида юзидан ҳеч ишдан қайтмаслиги кўриниб турган, ўч олиш оташида ёнаётган бир жанговар ҳам бор эдики, у ниманидир йўқотгандай олазарак кезиб, муҳим бир нарсани ахтармоқда эди. У кўп изланди, аммо ахтарганини тополмади. Маъюсланиб орқага қайтар экан, Тўхтамишнинг собиқ вакиллари ва эндиликда Ўрус тарафдори бўлиб, ёвларига малайлик қилаётган пасткашларга дуч келди.

Улардан бири ундан:

– Нимани қидиряпсин, Тоштуғай? – деб сўради.

– Ҳеч нарсани қидирганим йўқ! – деди у.

– Қўйсанг-чи, сен аниқ ниманидир ахтариб юрибсан, – дея у яна ўсмоқчилади.

 

– Йўқ, ўзим шундай айланиб юрибман, – деди зарда билан Тоштуғай. – Э, яширмай қўяқол! Бирортасини ўлдирдинг шекилли, интиқом олиш учун…

– Ҳа, ўлдирдим! Яна не дейсизлар?

– Биз не дердик… кимни қидиряпсан ўзи?

– Тўхтамишни!

– У кетди.

– Нима-а?! Кетдими? Қўлимдан қутулибди-да, шундайми? Мен ҳам орқасидан бормасам, отим Тоштуғай бўлмасин!

– Нима қиласан унинг орқасидан бориб, энди у – ҳеч ким!

– Э, сизлар ниманиям билардингиз. Майли, айтақолай: Ўрусхон унинг жасадини олиб кел, деб мени юборганди. Кеча уни бир зарб билан ўлдиргандим. Ўлмаган экан-да, аблаҳ, қочибди! Ҳа, майли, қаёққаям қочарди. Қани, кўрай-чи, қўлимдан қутулармикин? Хўш, ҳозир Тўхтамиш қаерга кетган бўлиши мумкин? Ёнида ким бор эди?

– Бир кекса вазири бор эди, холос. Уни танимайсан. Биргаликда кетишди. Аммо Тўхтамиш соғмиди, ўликмиди, буни билмаймиз.

– Қаерга кетганлигини билолмадик-да… – дея бири минғирлади.

Нарироқда турган кимдир бу сўроққа шундай жавоб берди:

– Темурнинг олдига кетди!

Сўнгра бу одам:

– Кекса вазирнинг шарққа қараб от чуҳлаганини кўрдим ва тонг ёруғида шошганича “Менга Темурни кўрсат!” дея бақирганини эшитдим, – дея қўшимча қилди.

Шунда ҳамма ваҳимага кўмилди, қўрқувли бир товуш янгради:

– Унда эндиги воқеалар даҳшатли бўлади!

 

 

XIX. ҚОПЛОН ҲУЗУРИДА

 

Ўша воқеалардан ўн йил кейинроқ, Темур сўрида дабдаба ва маҳобат билан ўтираркан, бир киши ҳузурига кирмоқчи эканлиги хабар қилинди.

– Олиб келинг! – дея буюрди у.

Қабулига келтирилган одам эгилиб-букилиб, суқулиб Темурнинг этагини ўпди ва:

– Темур ҳазратлари! – деди. – Тўхтамишхонга аскар бериб, ёрдам этганингизни эшитиб…

– Нима бўпти, хўш? – деди Темур унинг сўзини кесиб, – ёлғиз аскаргина эмас, ақча ҳам берганман. Бундан ташқари, Туркистон, Ўтрор, Жаран томонларнинг ғарбини ҳам унга бердим. Хўш, нима бўпти?

– Тўғри, муҳтарам хоқоним! Ана шу сиз аскар ва ўлка амирлигини берган одамингиз…

– У одамга нима қипти?

– Сизга бу хатни унинг қилмишлари қандай эканлигини билдириб, яхши бир иш қилиш ниятида олиб келдим…

– Тўғрисини айтсам, гапларингдан бир маъно чиқаролмадим. Ўзинг айт, Тўхтамиш султонга нима бўлди? Мен билмайман, билолмайман, хўш, у нималар қиляпти?

– Ҳазратим, ёрдамларингиз ва ҳимоянгиз туфайли Қипчоқ ҳукмрони бўлган Тўхтамиш ҳам сизга тобе бўлган эди, ҳолбуки…

– Ҳозирда ҳам тобедир!

– Йўқ…

– Нечун?

– Чунки ҳозирда у исёнга тайёрланмоқда!

– Ҳа-а… Шундайми? Нима қиляпти?

– Сиз билан садоқат боғларини узиб, Озарбайжонга ҳужум қилмоқчи ёки қилади!

– Йўғ-э… Тўхтамишдан буни кутмагандим. Уни икки бор таҳликалардан қутқардим. Бир марта Ўрус аскарларининг қув-қувидан, бир гал эса, ўзимнинг қаҳримдан…

– Нима, кечириб юбордингизми?

Ҳа. Ўзинг кимсан?

– Ким бўлардим, уни ўлдиришга онт ичган бир одамман! Биласизми ўз вазири бўлган кекса отамни Тўхтамиш нима қилди? Билмайсиз-да… О-о-о-о… бу ерга, сизнинг ҳузурингизга уни юборган менинг отам эди! Олдинроқ отам унга Ўрус билан жангга киришмасликни ва ҳирсу очкўзликка мағлуб бўлмасликни насиҳат қилганди. У сўз тингламади. Урушди. Урушда мен Ўрус томонда, отам эса унинг тарафида эди. Зотан мен Ўрусга унинг калласини олиб келишга ваъда бергандим. Отамнинг йўқлигида Тўхтамишга ҳужум қилдим ва бир зарбада ерга қулатдим. Ўлди деб ўйлагандим, жони қаттиқ экан… Жангдан сўнг отам уни бир отга ортиб, сизга келтирмоқ учун йўлга чиққан ва бир қишлоққа олиб бориб, даволаган. Тўхтамиш икки ойдан кейин тузалган. Сўнгра энди қаерга боришларини сўраган. Отам сизнинг ҳузурингизга келиб, тобе бўлиши муносиблигини уқтирган. У эса, ҳалиям очкўзлигидан, аламидан қутулолмай, яна муҳорабадан сўйлаган. Отамнинг бу борадаги фикрини сўраган. Отам унга, жанг қилмасайдинг, яхшироқ бўларди, деган. Бироқ шу сўзларни айтиши биланоқ бошига тушган қилич зарбидан ўлган…

– Кейин Тўхтамиш бу ишидан пушаймон бўлгандир-а?

– Ҳа, пушаймон бўлган, аммо отамнинг ўлимига эмас… – деди марҳум вазирнинг ўғли. Сўнгра, бир оз ўйланқираб туриб, шундай деди: – Отамнинг фикрлари тўғри эканлигига қаноат келтириб, ўзича таслим бўлиб йўлга чиққан ва сизнинг ҳузурингизга келган… Мана, Тўхтамиш шундай одам!

– Бироқ сен ҳам ундан кам эмассан! – деди Темур. – Уни ўлдиришга қасд этиб, бу ишни амалга оширолмагансан.

– Йўқ, мен ундайин эмасман. У сўзига содиқ эмасди, ҳийлалар қиларди. Ўша йўлда эди. Мен эсам, динимни ва ўлкамни севганим учун, юртим манфаатини ўйлаб, уни ўлдиришга қарор берганман.

– Хўш, биринчи зарбанг ўлка нафъи учун экан, кейинги қилган ҳужумингнинг маъниси недир?

– У ҳужум, аёнки, бир қотилни – отамнинг қотилини ўлдириш, ундан илоҳий интиқом олмоқ учун эди.

– Яхши. Отинг нима эди?

– Тоштуғай.

– Сендан хурсандман, Тоштуғай. Тўхтамишни қўйиб тур. Қон ҳиди, интиқом оташи билан ёнаётирсан. Мен бу ҳолатнинг қандай эканлигини яхши биламан. Чунки мен ҳам интиқом орқасидан кўп чопдим… Худо хоҳласа, бир кун яна ҳузуримга келасан. Ўшанда иккаламиз ундан ўч олиш саодатига эришамиз. Ҳозирча сабр эт.

 

  1. ТЕМУРНИНГ МЎСҚЎВА ЮРИШИ

 

Бир неча ой ўтгач, Темурнинг аскарлари кенг Ёйиқ-Ўрол тарафларгача етиб борди. Туркистон тоғлари ва жанубий Сибирни қуршаган уфқ қип-қизил… Водийда ғуруб ҳоким. Офтоб борлиқ муҳитни кунботар ёғдусига кўмган, сарғайтирган… Қоронғулик хабарчиси кўршапалаклар учишади, кишининг ич дунёси қорайиб-титрайди…

Қаршида – чексизликка узанган осмон. Четлари кўкка туташ қоп-қора ва ҳайбатли ўрмонлар бир зулмат саҳросини эслатади. Дарахтлар орасидан увиллаб-гувиллаб оққан шамол денгиз тўлқини каби шовиллайди…

Бугун кундузи юз берган Ёйиқ майдонидаги урушда Темур қўшинлари зафар қозонди. Қоча бошлаган Тўхтамиш аскарларини унинг чериги Мўсқўвагача қувиб борди, аммо хоннинг ўзини тута олишмади. Тўхтамиш жанубий Русияга қочган ва у ерда беркиниб олганди.

Қўшини ҳузурига қайтгач, Темур ёнида ўтирган Тоштуғайга юзланди:

– Топилмапти-ку, – деди. – Энди не дейсан?

– Не дердим, ҳазратим, – деди Тоштуғай. – Ўзлари зафардан масту завқиёб бўлаверсинлар. Биз эса, кейинроқ, ўлжани тутганимизда, иншооллоҳ, қонини тўкиб, бундайин бахтиёрликка етишурмиз.

– Режанг қандай?

– Мен сизга айтсам, бир йўлини қилиб, Тўхтамишни қўлга тушириш мумкин.

– У ҳам бўлади, худо хоҳласа. Фақат кўрайлик-чи, фалак-у даврон не кўрсатаркин? Энди мен билан Самарқандга қайтасан, – деди Темур.

Тоштуғай Тўхтамишнинг исёни хусусида хабар келтиргач, Темур ўйланиб қолганди. Зотан исённи бостиришга тайёргарчилиги йўқ эди. Шу боис Тоштуғайни яна кутишга ундаб:

– Тўхтаб турайлик-чи, бир гап бўлар, – дея тинчлантирди.

– Хўп, сабр қилайлик. Сиз сабр соясида мақсадингизга етишасиз, аммо мен…

– Менинг мақсадга етишувим сенинг ҳам мақсадинг эмасми?

– Ҳа, тўғри, ҳазратим, бир томондан шундай, аммо…

– Аммо нима?

– Ҳазратимнинг мақсадлари Тўхтамишнинг ўзини йўқ қилиш, яъни, унинг зарару ёмонликларидан қутулмоқ, шундайми?

– Шундай.

– Менинг вазифам унинг зарарлари билан бирга вужудини ҳам йўқ қилишдир! Аҳдимга кўра, шундагина менинг ниятим амалга ошади.

– Ҳозирча сабр қилмоғимиз мақбулдир.

Темур бу суҳбат асносида вазиятни Тоштуғайга яхшилаб англатди ва ундан сабрига суяниб, қасос чоғини кутиш ваъдасини олди.

Темур оғир-босиқ, етти ўлчаб бир кесадиган одам бўлгани учун ва шу билан бирга, Тоштуғайнинг ёлғон сўзлаши эҳтимолини ҳам кўзда тутиб, дарҳол фалон қиламиз, демади. Ўзини бепарво кўрсатиб, ҳолатни теран ўрганди, бу орада вақтдан ҳам ютди. Тўхтамиш муваққат зафар кайфи билан ўзини йўқотиб турган пайтда у бўлажак уруш тараддудини кўрди. Сўнгра азму жазм ила Туркистонга қараб юрди…

Шундай қилиб, Ўрол тоғларидаги, Ёйиқ дарёси қирғоғидаги майдон жангида Темур ғалаба қозонди. Қонли урушдан сўнгра, қўшиннинг қаттиқ чарчагани ҳисобга олиниб, бу маконда дам олишга қарор берилди. Оқшом тушаркан, чодирлар янгидан тикилди. Темур Тўхтамишни қувиб кетганларнинг қайтишини кутмоқда. Унинг гап-сўзларидан интиқом олишни кечиктирмоқчи экани сезилиб турибди. Хуллас, бу кеча шу ерда қолишди. Эрта билан, қуёш ҳали уфқнинг қизарган дудоқларидан ўпмай туриб, юртга қайтиш буйруғи янгради. Улкан ўрду қора булутдай қўзғолиб, Самарқандга қараб йўл олди.

 

XXI. ИНТИҚОМ

 

Энди туркий қавмлари ичида Темурга қарши курашаётган биргина Тўхтамиш қолганди, холос. Бошқа ҳеч бир таҳлика йўқ, шунга биноан Темур бу одамни маҳв этишни ўзининг ва салтанатининг тинчлигини сақлаш учун энг керакли иш деб ҳисобларди.

У Тоштуғайни қўйиб юбориш ниятида эмас. Чунки Тўхтамишнинг тек турмасилигини биларди, яна одам ва аскар тўплаб, ўзига қарашли ерларга ҳужум уюштириши мумкинлигини тахмин қиларди.

У арқонни узун ташлади ва тўрт йил кутди. Тўртинчи йилнинг охирларида Тўхтамиш қайтадан бош кўтариб, нонкўрлик йўлига кирганини унинг олдидан келган хабарчидан билиб олди.

– Ҳазрат, – деди хабарчи, – улар қишлоғимизга келгандаёқ қилмаган ваҳшийлигу одобсизликлари қолмади!..

– Нималар бўлди?

– Ҳазрат, улар уйларни бузиб, етимларнинг бошини кесди! Ҳайвонларни чавақладилар, кексаларни бўғиб ўлдирдилар!

– Кексаларниям ўлдиришдими?

Темур хабарчидан бу гапларни эшитаркан, ғазабдан сочлари тик бўлиб, ҳурпайди. Чунки туркийлар одатига кўра кексаларга урушда дахл этилмас, улар доим қўриқланар эди. Тўхтамиш бу одатни бузганди.

– Ҳа, ҳазратим! Энг даҳшатлиси, хотинлар кўчаларда қип-яланғоч қилиб ҳайдалди!

– Нима дединг?!

– Ҳа, ҳазратим, шундай. Қанча касал, ногирон, ярадор бўлса, барчаси турли қийноқлар билан ўлдирилди.

– Ногиронлар ҳам-а?

– Ҳа! Қанчалар ожизу бечоралар от қуйруғига боғланиб, тошу тупроқда судратилди…

– Сўнгра?

– Сўнгра не бўларди, ҳазратим, энди бу тарафларга қараб юришди.

– Қаердан йўлга чиқишди?

– Дарбанддан. Ҳозирда Озарбайжонга ҳужум бошлаш арафасида туришибди.

– Ҳа-а, энди бу золимга ҳаддини билдириб қўйиш керак! – деди Темур салмоқлаб. – Барча хиёнату ёмонликларининг хунини энди тўлайди, мен ундан ўч оламан! Ҳозиргача бу ишни қилсайдим, қанчадан-қанча кексалару етимлар, ногиронлар, аёллар, ожизу бечоралар балки ўлимдан омон қолармиди? Энди ўшалар учун ҳам интиқом олмоғим керак! Эҳ, бу одамлар, одамлар… Нечун бир золимга қарши бирлашиб, ғолибият чорасини қидиришмайди? Нечун ўзларига бечоралик, хорлик васфини лойиқ кўришади? Агарчандийки, улар битта-битта ҳолда кучсизу бечора эканлар, ҳа, битта-битта ўқ еб қирилгандан кўра бирлашиб, эзилишдан қутулишга интилсалар бўлмайдими? Яъниким, бир-бирига ўхшаш ўқлар битта қилиб боғланса, синмагани каби, улар ҳам биргаликда эзилишдан қутулишади. Ортиқ эзилмайдилар. Ана шундай эзилмаслик имкони бор экан, нечун бунчалик мискин, жасоратсиз, такасалтанг ва танбал бўлишади?! Нечун? Ахир мен ҳам ҳукмдор бўлмай туриб ким эдим? Ёш бола, бечора бир йигит. Шундай меҳнат қилдимки, мақсадим йўлида ғайрат билан шундайин тиришиб интилдимки, бугунда бу салтанатга, ҳукмронликка эга бўлдим. Мана, мен ҳам ҳатто ногирон-ожизман, оқсоқман, аммо мени эзолмайдилар! Нечун қаршимда бўйин эгадилар, қани айт-чи, хабарчи? Ҳа, майли. Мана, қара, уларни ўлдирган Тўхтамиш ҳам мендан қанчалар қўрқади! Нечун? Чунки мен пешона тери тўкиб доим заҳмат чекаман, чунки мен дўстларим билан бирлашиб, душманларим енголмайдиган ҳолга келмоқдаман! Ҳа, мен ёвларимни эзаман, йўқотаман, ўлдираман!

Хўш, нечун ўлдирмас эканман? Нега эзмас эканман? Нечун йўқ қилмас эканман?

Мен эзиб-ўлдирмасам, улар мени ўлдиришади. Маҳв этмасам, улар мени маҳв этадилар.

Йў-ўқ, мен улар қаршисида ҳеч қачон бўйин эгмайман! Чунки мен адолат ва ҳақ йўлидан бормоқдаман. Аввал қилганимдай, мана энди ҳам, бундан кейин ҳам барча билан, ҳатто душманларим билан ҳам бирлашиб, рақибларни эзмоққа, ўлдирмоққа ва йўқ қилмоққа жаҳд этажакман! Чунки бу менинг ҳаққим ва вазифамдир! Мана, ҳозир ҳам ишонаманки, ёвини ўлдирганда гуноҳ йўқ. Гуноҳ – ўлганда, эзилганда!

Ҳа, шундай. Бундан кейин интиқом олиш учун яшайман, биргина ишим шу бўлади. Ҳозиргача кўпларини афв этиб, гуноҳларидан ўтдим, аммо бундан сўнг кечириш йўқ! Ҳақ доимо ғолиб келади, мен бунга ишонаман. Шу давргача кўпларга совғалар бериб илтифот кўрсатдим. Эвазига не кўрдим? Салгина ўзларига келиб, жонланишлари биланоқ, мени янчиб ташлаш учун қутуришади, ўзим қўлларига берган ўқлар билан мени ўлдиришга интилишади! Хўш, мен ана шундайин нонкўр сотқинларнинг нимасига раҳм этай, инсоф қилай, лутфу марҳамат кўрсатай? Нечун кечириб, гуноҳидан ўтайин? Қиличим остида эзилсанларки, минбаъд ҳақсизлик қилишмасин! Хоинларни, душманларини эзмаган эзилади. Ҳа, эзишни мендан ўрганишсин!

– Ҳазратим, лутфу марҳамат кўрсатинг.

– Хўш, энди аскарларимни урушга тайёрлаб, жангга киришаман! Аммо сизлар учун эмас, сизларни қутқариш учун эмас, фақат оламга сабоқ ва ибрат бериш учун бўлади бу ишлар! Лекин шу Тоштуғай қанчалар сабрли бир инсон экан, а! Ҳе, офарин, дейман унга! Мен орага тушмасайдим, мунофиқ ва сотқин Тўхтамишни у аллақачон ўлдирарди. Менга ҳурмати туфайли қанча сабр этди-я…

– Ҳазрат…

– Менга Тоштуғайни олиб келинг!

Хабарчи изн истамоқчи, яна “ҳазратим” демоқчи эди, Темурнинг ҳайбатидан ларзага тушиб, сўзи оғзида, жим қолди ва у буйруқ бераркан, секингина ташқарига чиқди.

Темур энди ичкарида бир ёнартоғ мисоли гувиллаб, ҳайбатли овоз чиқарарди, чунки асаби бузилиб, ҳаяжону ғалаёнда ўртанмоқда эди. У Тўхтамишнинг қайтиб келишини тахмин қилганди, фақат бу ўлка халқининг у золимдан қўрқишини, ваҳимага тушишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу боис, вазиятдан сабоқ олиб, ўзича шундай аҳду паймон қилиб, қарор бердики, бундан сўнг инсоф, авфу марҳамат деган нарсаларни эмас, ёлғиз бир нарсани – адолатни ўйлайди.

Шу пайт ичкарига Тоштуғай кириб келди.

– Ҳазратим, мени чақиртирган экансиз, – деди қўл қовуштириб.

Темур ҳаяжонли товушда:

– Хабаринг борми? Тўхтамишинг келаётган эмиш, мен сенга айтган эдим-а… – дея секингина пичирлади.

– Ҳа, ҳазратим, ярадор ит бир ерда тинч туролмайди, – деди Тоштуғай. – Аммо бу гал жонимни койитган бошқа бир иш бор. Буни қаранг-а, Тўхтамиш босиб ўтган ерларини ёқиб, бузиб, йиқитгани ҳолда, ҳамма ожизлар унинг қаршисида бош эгиб туришади! Халқнинг бу ишига, мискинлигига, одамзотнинг бу ожизлигига жудаям аччиғим келади! Улуғим, менимча, ҳар кимнинг, уйғоқ халқнинг фикри сизга ўхшаб юксак, олийжаноб бўлишдир. Шунга биноан, ўзини ожиз ва бечора билган, марҳамат тилаганлар дунёда кўп эмас. Ўйлашимча, бу инсонларнинг умумий табиатига хос бир нуқсондир.

– Қанақа умумий табиат, Туғай? – дея ҳайрон бўлди Темур. – Бу қандай таъбир? Сенингча, демак, башарият комилан мискинми? Агар у фақат ўзини билиб-ўзини ўйласа, мафкурасини бирлик фикри билан ҳаракатга келтирмаса, душманга қарши бирлашиб, уни йўқотиш йўлида иттифоқ тузмаса, у ўз келажагини сақлаб қололмайди-ку ахир? Яъни, кўп замонларда бўлганидек, ўз яқинлари, ака-укаси унинг қонини сўради, ўз қариндошларию сафдошлари уни маҳв этиб, ер билан яксон қилади!

– Тўппа-тўғри, арслон хоқоним! – дея Тоштуғай Темурнинг оташин сўзларини ҳаяжон билан қувватлади. – Фақат мана шу фикрларни, бу энг керакли мафкурани авому оммага қандай тушунтириш лозим.

– Ишнинг бу томони ҳам бор – деди ўйланқираб Темур. – Ҳа, бу ишнинг осон йўлини топгандайман…

– Қандай экан?

– Менимча, қай ўлкани фатҳ этсам, у ерда бир ғолибият достони, маҳобатли бир обида барпо этмоқ даркор. Дейликки, ёвлардан минг киши маҳв этилса, юз минг қирилди, дея овоза ва миш-миш чиқариб, одамзотни қўрқитмоқ, ана шу йўл билан халқни ўзига келтириб, эсанкиратиб, сўнгра эсини йиғишга мажбур қилмоқ.

– Ўшанда балки…

– Хўш, нима дейсан? Йў-ўқ, бунақаси кетмайди. Мен ана шундай ёлғон билан жаҳонга қўрқув солсам.

– Инсоният барибир кўзини очмайди, аммо тиланиб-эланиб келиб, гадойдай бўйин эгади!

– Ў-ў, жуда топиб айтдинг-да!

– Бу ишлардан мақсадингиз не ўзи, тушунмаяпман.

– Натижада!

– Ниманинг натижасида?

– Ахир бир душман менга енгилиб, бўйинсунгандан кейин, уни ёнимга олиб, вазифа бериб, истаган ишимни амалга оширишга мажбур этаман ва охирида…

– Аммо душманни бу тушунча ва ҳолатга қандай қилиб олиб келасиз?

– Уни ҳеч зўрламайман, ёнимда бирга юрганидан кейин, мен билан бир ишни қила бошлагач, менга ўхшаб фикр юритади-да. Ана шу тарзда душманни мендай ўйлашга ўргатаман.

– Ишқилиб, Оллоҳ муваффақ айласин. Аммо у ҳолда сизга қарши чиққан бошқа ёвларга ҳам индамасдан, юмшоқ муомала кўрсатиш мажбурияти ҳосил бўлади-ку?

– Йўқ, мен ёвларга шафқат қилмайман! Мен ўз ишларим билан дунёга, афкори умумияга дарс бериб, башарият ичидан кеккайиб чиққан турли бебош қўмондону султонларга ўз ҳаддини билдириб қўймоқчиман, холос. Токи улар ҳам мендай бўлишсин!

– Агар бу ишларга муваффақ бўла олсангиз…

– Юмшоқ юраклик ва авф қилиш ҳисларимни қалбимда сақлаб, ичимда йиғлаб, кўзёшларимни кимсага кўрсатмай юрсам, ғоя йўлида тинимсиз интилсам, албатта бунга эришаман!

– Бундан бош мақсадингиз нима, ҳазрат?

– Эл аро иттифоқ ва бирликни вужудга келтириш.

– Кимга қарши?

– Дин душманларига қарши.

– Бу иттифоқ кимлардан иборат бўлади?

– Туркийлардан, ҳа, барча туркийлардан!

 

* * *

Тўхтамиш бир замонлар Мовароуннаҳр халқи орасида туркий қавмларнинг бирдан-бир қаҳрамони сифатида танилган эди. Темур буни яхши билар, уни ўз йўлидаги асосий таҳлика деб ҳисоблагани учунми, ҳамма нарсани бир ёнга йиғиштириб, фақат Тўхтамишга дарс бериб қўймоққа қарор қилганди. Ҳа, у ўзига монеъ кучни, яққол кўриниб турган балони йўқ қилишга аҳд этганди.

Унинг келажакка боғлиқ юксак ва буюк тасаввурлари, режалари, бажаражак буюк амаллари бор. Уларга эришмоқ, олий орзуларига қовушмоқ, аскарлик шарафини туйиш, ғалаба завқини тотиш лозимгина эмас, балки шарт эди. Очкўз ва нонкўр Тўхтамиш Темурнинг ёрдаму лутфларига жавобан ғоят саркашлик ва куфрони неъмат ишлар кўрсатди, бунинг учун уни жазолаш, ҳаддини билдириб қўйиш бир томон, аммо бундан-да муҳими, ўз амри остидаги халқни келгиндилар зулмидан қутқариш, уларнинг интиқомини олиш, хусусан, Тоштуғайнинг отаси, кекса вазирнинг ҳам ўчини олиб, арвоҳини шод этиш айни фарз эди.

Шундай даҳшатангиз бир балонинг чорасини ҳозирданоқ кўриш, уни маҳв этиш – Қипчоқ юртидаги иккиюзли, жоҳил динсизларнинг исломият ва шариат олдидаги мағлубияти демак эди. Шуни билатуриб, унга қарши курашмаса, уни йўқотмаса, бу катта нуқсон Темур тиклаётган, шариат анъаналари ила мустаҳкамланаётган бир давлатнинг йиқилишига ҳам олиб бориши мумкин эди. Зотан бутун фаолиятида ўзининг туркий жанговарлигига ва исломиятга суянган Темур буни яхши биларди.

Хуллас, бу галги ҳужум даҳшатлироқ ва ваҳшатлироқ бўлиши кўриниб турарди.

Темур яшин тезлигида чопқинга тайёрланди. Сўнгра амри остидаги қўшин билан дарҳол йўлга чиқди. Бу черик тўпи шундайин учиб борардики, жанговар карвон оёқлари остидаги улкан замин гўё кичрайиб қолгандай туюларди.

Темур тахтиравонда ўтирганича ёнидаги Тоштуғай билан суҳбатлашиб борарди.

– Бу сафарги зарбимиз ўта даҳшатли ва шиддатли бўлади!

– Иншооллоҳ, хоқоним!

– Қалай, энди интиқомдан умидвормисан, Туғай?

– Хоқоним менга доим сабр қил дедилар-ку.

– Ҳа-а!

– Шунинг учун сабр қилмоқдаман.

– Балли, сабр этиш ва натижани кўриш лозим. Фақат олдин менинг сўзларимни диққат билан тингла.

– Жон қулоғим билан эшитаман, ҳазрат.

– Бу гал уларни тумтарақай қилиб қочирамиз ва эзиб ташлаймиз!

– Хон яна қочиб қолса-я?

– Сен қувасан.

– Хўп бўлади, раҳмат! – дея Тоштуғай ўч олишга рухсат текканидан миннатдорлик билдирди.

– Бир бўлик сенга қувишда ёрдам беради.

– Хоқоним, изнингиз билан, у бўликни бошқа кишининг измига берсангиз, мен бир ўзим қувиб, отам интиқомини ўзим олсам, дегандим…

– Бўлади. Аммо нечун кўмакчи бўликни истамаяпсан?

– Чунки қўл остимдагилар бирор ножўя иш қилиб қўйиши ҳам мумкин-да.

– Йўғ-э?

– Ёки орзунгизга хилофан, аскарларни бошқа томонга жўнатиб юбориш зарурати туғилиб қолар…

– Балки.

– Ва ёки, ихтиёримдаги лашкар менинг фикримга тескари ҳаракат қилиб қўйиш эҳтимоли ҳам бор.

– Кўнглинг тўқ бўлсин, Туғай. Ҳеч бир амрингга монеълик қилишмайди, фикрингга қарши чиқишмайди.

– Тўғри, тақсир, монеълик қилишмаса-да, монеъликка сабаб бўлиб қоладилар-да.

– Бор гапинг шуми?

– Ҳа, тақсир. Хуллас, ёнимдаги аскарлар душманимдан ўз истаганимдай ўч олишимга халақит беришади.

– Хўп, Тоштуғай, айтганингдай бўлсин. Аммо унинг калласини менга олиб келасан.

– Бўпти! Каллани олдин Ўрус хазратларига олиб бормоқчи эдим, аммо энди сизга олиб келишга сўз бераман.

– Сўз ва аҳдингда турарсан, деган умиддаман.

Шу пайт бир чопар тахтиравонга яқинлашиб, Темурга қарата:

– Тўхтамиш икки соатлик бир ерда экан, – деди.

Бу хабардан сўнг Темур амирлар ва бекларни чақириб, маслаҳатлашди ва шундай амр берди:

– Қўшин шу ерда тўхтаб, бир муддат тин олсин. Ёв томонга кузатувчилар, кўзчилар юборилсин. Улар атрофни текшириб, вазият хусусида хабар жўнатиб туришсин!

Темурнинг тўрт тиргакли чодиридан ташқари йўл учун тайёрланган бир устунли, муҳташам қуббали чодири ҳам бор эди. Барча чодирлар қурилди. Темур бекларни ўз чодирига даъват этди.

– Бир оз муддатдан сўнг урушни бошлаймиз, – деди у. – Тўхтамишни танийсизларми?

– Йўқ, тақсир – деган овозлар таралди.

Дарҳақиқат, умаро ва юксак мансабли беклар ҳам Тўхтамиш ҳақида эшитишган бўлса-да, ўзини кўришмаган, танишмас эди.

– Наҳотки ичларингда бирорта ҳам уни танийдиган одам йўқ?

– Тақсир, қулингиз… – деди беклардан бирининг ёш хизматчиси, Ҳазар Қоя деган йигит.

Темур унга:

– Унда сени Тўхтамишни қувлайдиган бўликка қўмондон этиб тайинлайман. Уни қувиб бориб тутасан! Агар бирор дақиқа унинг ортидан айрилсанг, ўзингдан кўр! – деди.

Баъзи вакиллар ва бекларга қўл ишорати билан таъкидлаб:

– Сен ўнг томонни, сен эса сўл тарафни бошқариб борасан! – дея буюрди. – Мен марказда бўламан.

Шу чоғ ташқаридан, бир чопар келди, дея хабар беришди.

– Кирсин! – деди Темур.

Ичкарига олдинги маррани кузатиб-текширувчи кўзчиларнинг бошлиғи кирди.

– Нима гап? – дея сўради Темур ундан.

– Тақсир, Тўхтамиш ҳеч нарсадан хабарсиз, ўрдуси билан шу томонга келмоқда.

Темур шартта ўрнидан турди.

– Қани, юринглар! – дея барчани чорлаганича ташқарига йўналди.

У оқсоқланганича, арслон каби савлат билан чодирдан чиқди. Ёнида турган ўнг қўл қўмондонига қараб:

– Лашкарингга буюр, дарҳол жангга ҳозирлансин! – деди.

– Бош устига! – дея қўмондон чопиб кетди.

Темур олдинда, бошқа улуғ ҳарбийлар унинг ортидан юра бошлашди. У атрофга кўз ташлади. Ўнг томонда улкан бир тепалик бор эди. Тепалик улар турган водийни ой каби ўраб олганди. Тўхтамиш орқадан келиб, ўша ерда дам олишга мажбур эди. Темур шуларни ўйларкан, Тоштуғайга қарата:

– Сен анави, ўнгдаги тепа устида қувувчи аскарлар билан бирга пистирмада кутиб ёт! – дея буюрди. – Керак пайтда довулдай қўзғолиб, ўзингни кўрсатишга ғайрат қил!

– Бош устига! – деди Тоштуғай ва буйруқни бажаришга шошди.

Темур сўл тарафдаги қўмондонга бурилиб:

– Сен шу чап ёнбағирдаги дарахтлар орасига беркин, қалқон бўласанлар! – деди.

Ўша пайтда ўнг қўл қўмондони шошганича қайтиб келди.

– Лашкар урушга шай! – деди.

– Яхши, – деди Темур хотиржам товушда. – Сен ҳам аскаринг билан анави ўнг ёндаги дарахтзорга кириб ол! – дея буюрди унга. – Қани, ҳамма ўз ишини бажаришга отилсин!

Шу ондан бошлаб ҳар ким енгил ва чаққон ҳаракатлар билан ўз бурчини уддалашга киришди.

Ҳайбатли оқсоқ арслон амиру умароси билан қўшиннинг жанг олдидаги ҳолатини кўздан кечириб чиқди. Бир соат мобайнида барча аскар буюрилган нуқталарга жойлашди. Кўринишда Темурнинг марказдаги лашкари кўзга ташланарди, холос. Улар ҳам бир оз олдинга силжиб, ойсимон тепанинг ўнг учидан бурилгач, бир қисми паналикда ғойиб бўлди…

Шу аснода душманлар ҳам кўриниб қолди.

Тўхтамиш энг орқада келарди. Бир тўда қароқчилар гуруҳи алоҳида, илдам ҳаракат қилаётгани кўзга ташланмоқда…

Қипчоқ лашкари ёнбағирнинг ўртасига етиб келди. Бу пайтда Темур қўшини билан уларни орқадан ўраб олган эди. Бирдан марказ лашкар орасидан таралган карнай-сурнайнинг жанговар товуши еру кўкка, юракларга жўштирувчи ларза солди. Шу чоғда Темурнинг ўнг ва сўлдаги аскарлари яшин тезлигида ҳаракатга киришди.

Тўхтамиш ваҳимали овозларни эшитиб, шошиб қолди, таҳликанинг не қадарлигини чамалай олмасдан, бир оз саросимага тушди. Атрофга кўз югуртираркан, ўраб олинганини англади. Тўсатдан пиёдалар ҳужумга ўтди. Темур аскарлари марказдан, ўнгу сўлдан зарба бермоқда эди.

Шу пайт Тоштуғай ўнгдаги тепадан ўз бўлиги билан отилиб чиқди, урушаётган икки қўшин орасига ёриб кириб, Тўхтамишга яқинлашиш, уни қўлга олиш тараддудига тушди.

Ҳар икки тарафдан таралаётган уруш садолари шиддатланиб борарди. Тўхтамиш қўшини пастдаги пистирма йўлдан қочишга уринар, аммо яна Темур аскарларига дуч келиб, талмовсираган ҳолда маҳв бўлмоқда эди. Тўхтамиш ишлар орқага кетганини фаҳмлади ва қаватидаги ёварлари билан биргалашиб қочмоқа тутинди, ўзини очиқ ёнга урди. Юз кишидан элликтачасини қурбон бериб, кейин, уҳ, қутулдим, дея умидланиб қочаркан, нариги томондаги аскарлари ўлим-ла панжалашиб, қон тўкмоқда эди.

Тоштуғай пистирмада ётган жойдан ярим соатлик масофадаги бир ердан ўтиб бораркан, Тўхтамиш орқадан келган бир дағдағали товушни туйди:

– Қаерга қочсанг-да, ўлим сени топади!

Тўхтамиш от жиловини сал тортиб, илкис ортига боқди.

Уни қувиб келаётган Ҳазар Қоя гуруҳи бир зумда кўринмай қолди. Шу аснода Тоштуғай ҳам ёв изига тушиб, кўздан ғойиб бўлди.

Таъқиб бўлинмаси ҳужум қилмаса-да, Тўхтамиш жон қўрқувсида отини қичаганича қушдай учиб борар, уфқда бир нуқтадай кўзга чалинар эди. Аммо унинг орқасидан изма-из қувлаб бораётган, нуқта мисоли кўринаётган яна бир киши ҳам бор эди. Ҳазар Қоя бўлиги-да бор кучини ишга солиб, олисдаги ўша икки кишини кўзлаб от чоптиришмоқда.

Бериги тарафда эса уруш давом этмоқда, жон бозори қизигандан қизиб ётар эди. Тўхтамиш лашкари қўмондоннинг қочганини сезиб, умидсиз талвасада қолди ва айримлар қиличларини ерга ташлади. Ана шунда орқадан бир қаҳрли овоз эшитилди:

– Ур! Ур-а!

Темурнинг бу буйруғи аскарларни янада жўшдириб юборди ва улар ёвни шафқатсизларча маҳв этишга киришдилар. Тўхтамиш чериги қочишга тутинди. Ёғий Сибиргача қувиб-қириб борилди, охирида биттаям аскар қолмади.

Темурнинг қўшини зафар қозонди. У музаффар лашкарни кўздан кечираркан, кимлар омон қолиб-қолмаганини аниқлаш мақсадида йўқлама бошлатди.

– Ўнг ва сўл қўл аскарлари ҳамда қўмондонлари!

Сўл қўл лашкарининг қўмондони чопиб олдинга чиқди.

– Соғ қўл қўмондони шаҳид бўлди, – деди.

– Унда сен, сўл қўл қўмондони, аскарга буюр, тин олсин!

– Бош устига, хоқоним!

– Дарров чодирлар қурилсин… Хўш, қувгувчи гуруҳдан қандай хабар бор?

– Хоқоним, ҳозирча ҳеч бир дарак йўқ.

– Майли. Чодирлар тикилсин! Қувгувчи бўликнинг қайтишини кутамиз. Барча лашкарнинг истироҳати таъминлансин!

Темур буйруқ бериб бўлгач, кўзларини уфққа қадади. Беғубор, ўткир нигоҳи у томондаги бир нуқтага тақалди ва ёнидагиларга:

– Қаранг, биров келмоқда, – деди.

Ҳамма ўша тарафга қаради.

– Тўғри, кимдир келяпти… – дедилар.

 

* * *

Шундай қилиб, бериги тарафда Тоштуғай таъқиб қўли, яъни қувувчи аскар бўлигидан ажралиб, тўсатдан ғойиб бўлганди. Таъқиб қўли уфқда элас-элас кўзга чалинаётган икки нуқта ортидан қувлаб борарди. Илгаридаги отлиқлардан бири Тўхтамиш, бири Тоштуғай эди.

Роса қувлашди, роса чопишди. От кучи қанчалик бўлса, ўшанга муносиб учишди, аммо охири отлари шу ҳолга келдики, бечора жониворлар гоҳ мункиб кетар, гоҳ мажолсиз оёқ тираб, таққа тўхтаб қоларди.

Ниҳоят батамом ҳолдан тойдилар. Тоштуғай учун Тўхтамишни тутадиган вазият юзага келди. У белидаги камандни ечиб, олдинда қочмоққа тиришаётган Тўхтамишга отди ва уни банди этиб, ўзига қараб тортди. Шу ҳолда ҳам учарга шай от узангилари Тўхтамишнинг оёқларидан чорасиз айрилди. Орқадан келган Тоштуғай отини қичаб, рақиб уловининг ёлидан тутиб тўхтатди. Тўхтамиш тугаб-битганди.

Тоштуғай отидан тушиб, Тўхтамишни даст кўтариб, уловидан индирди ва ерга ётқизиб қўйди. Ёнидаги тери сувдонини очиб, душманининг оғзига сув томизди. Бироз кутди. Сал ўзига келган Тўхтамиш сапчиб ўрнидан турди ва қиличини яланғочлаб, унга ташланди. Тоштуғай ҳам онида қиличини суғуриб, у билан олиша кетди. Олишув қизигандан қизиди. Тоштуғай бир-икки ҳамладаёқ Тўхтамишни ўлдириши мумкин эди, аммо ўчини секин-секин олиб, узоқ кутилган интиқом лаззатини симирмоқ истарди. Бирдан унинг кўзлари Тўхтамиш бўйнидаги каманд боғларига қадалди ва жуда усталик билан бир силтаб, рақибини ортга тисарилишга мажбур этди. Энди мақсадга етгандек эди. Чунки ортига тистирилган Тўхтамиш бўйнидаги ипнинг бир учи Тоштуғайнинг оёқлари остида қолганди. Каманд боғини босиб турган Тоштуғай қаршисидаги Тўхтамиш мувозанатини йўқотиб, ерга юмалаб тушди.

– Ҳайҳот, ўлдим энди! – дея умидсиз бақирди Тўхтамиш.

– Э, нега ўласан? – деди таҳқиромуз оҳангда Тоштуғай.

– Мағлуб бўлдим…

– Ҳар мағлубият ўлим билан жазоланмайди.

– Билмадим.

– Нега билмайсан? Қани, бир гаплашайлик-чи, билиб оларсан.

Тоштуғай душманини каманд ипи билан чирмаб боғлагач, унинг қоқ рўпарасига ўтирди. Узоқларга бир кўз отди, уфқда ҳалиям ҳеч ким кўринмасди.

– Сени ҳозирнинг ўзидаёқ ўлдиришим ёки тириклайин кўмиб ташлашим мумкин, – деди Тоштуғай.

– Қўлингдан келганини қил.

– Менга айтадиган сўнгги сўзинг борми?

– Мендан не истайсан ўзи? Қанча ақча керак?

– Қанча берасан?

– Хоҳлаганингча.

– Хўп, белингда қанча ақча бўлса, барини менга топшириб, яна шунча бераман, дея ваъда этсанг, қўйиб юбораман.

– Хўп, сен айтгандай бўлсин! Аммо мени қаердан топасану ақчани қандай оласан?

– Уни менга қўйиб бер, қандай бўлмасин ҳаққимни оламан!

– Қандай қилиб?..

– Бу жуда осон. Чунки сен қайда бўлсанг, мен ҳам ўша ерда бўламан-да…

– Бу мумкин эмас. Чунки сени Темур қидиртиради, қайда эканлигингни эшитиб, иккимизнинг бир ерда эканлигимизни билиб қолса, икковимизни ҳам…

– Мени Темур танимайди-ку!

– Ие, шундайми? Сен Темурнинг аскари эмасмисан?

– Йўқ.

– Унда… кимга тобесан? Кимнинг аскарисан?

– Тўхтамишнинг!

– А-а! Мен Тўхтамишман-ку!?

– Йўқ, мен сени танимайман. Сен Тўхтамиш эмассан, Темурсан! Тўхтамиш ҳозир жангда… Сен Темурсан, Тўхтамишдан қочиб юрибсан.

– Асло ундай эмас!

– Ҳа, айтгандай… Ҳа, сен ё Ўрус устига очкўзларча юриш қилган Тўхтамишмисан? Шундайми?

– Ҳа.

– Ўша кекса вазирини ўлдирган Тўхтамиш, а?

– Аммо у…

– Нима аммо?!

– Ҳозир у нарсаларни эслашдан не фойда бор, ахир?

– Ўзимча эслаб қолдим-да… Қани, ростини айт-чи, ўша кекса вазирни нега ўлдирдинг?

– Билмадим.

– Унда мен ҳам сени ўлдираман!

– Нега ахир?

– Негалигини билиб оласан! Сен мени ақча билан алдамоқчисан-да, а? Мени пасткаш бир манфаатпараст деб ўйладингми? Билиб қўй: мен – сен ўлдирган ўша кекса вазирнинг ўғли Тоштуғайман!

– Алъомон!.. Мени кечир…

– Кечирмоқ йўқ! Юр-чи, қани.

– Не қиласан?

– Жонингни менга таслим эт!

Тоштуғай ёнидаги тўрвани очиб, ундан бир дона нон олди, сувдонини ҳам очди.

– Ёт! – деди унга нафрат билан. – Сен учун бу охирги зиёфат: нон, сув. Истагим шуки, буни ётган ерингда ейсан! Луқмалар ҳалқумингдан ўтадими, кўрай-чи?

– Оллоҳ ризоси учун…

– Тек тур, ит! Тилингни тий, сен Оллоҳни танимайсан!

Тоштуғай Темурнинг ҳузурида исломни қабул қилган, тўғри ва одил йигит эди. Тўхтамиш луқмани секин-секин еркан, вақтдан ютиб, балки қутулиб кетарман, деган умидда Тоштуғайга боқди. Бироқ унинг интиқом тўла кўзида ўз ажалини кўрди, барча умид фойдасизлигини англади ва тақдирга тан бериб, жимгина чўзилди. Шу пайт Тоштуғай бир сакраб Тўхтамишнинг кўксига минди, тўсатдан рақибининг қўлидаги ханжарни кўриб қолди. Бир ҳамлада қуролни тортиб олди ва белидаги арқонни ечиб, уни яхшилаб ўраб-чирмаб боғлаб, ўликдай қилиб яна ерга ётқизиб қўйди. Ҳалиги ханжар билан Тўхтамишнинг оғзини йириб очиб, олдиндан тайёрланган нон бўлагини тиқди. Тўхтамишнинг оғзи нонга тўлиб, ёпилмай қолди. Тоштуғай бир қўли билан унинг бошини бостириб, иккинчи қўли билан сувдондаги сувни нон устига тўкди. Нон Тўхтамишнинг оғзида шиша бошларкан, Тоштуғай ўрнидан турди.

Шу пайт қувувчилар қисми бу ерга етиб келди. Тўхтамиш нафас ололмай жон ҳалпида талпинар, тинимсиз ҳиқ-ҳиқлар эди…

XXII. ҚИПЧОҚ САФАРИНИНГ СЎНГИ

 

Темурнинг кўзига уфқда кўринган қора қувувчи бўликнинг унга юборилган чопари эди. У икки соат от чоптириб, ҳукмдорнинг ҳузурига етиб келди.

– Нима гап? – дея сўради ундан Темур.

– Хоқоним, Туман яқинларига етиб борилди, Тўхтамиш қўлга олиниб, ўлдирилди, – деди хабарчи.

– Ҳа, балодан қутулибмиз. Тоштуғай қани?

– Лашкар билан бирга келмоқда.

– Жуда соз, – деди Темур. Сўнгра ёнидагиларга қарорини билдирди:

– Бу оқшом шу ерда қоламиз.

Кечаси таъқиб қисми билан бирга Тоштуғай ҳам қайтиб келди.

Эртасига юртга қайтиш бошланди.

Бу урушда, аслида, унчалик катта зарару зиён кўрилмади. Сўғиш натижасида Қипчоқ минтақасининг бир тарафи, ўша даврда янгигина ўсаётган руслар ўлкаси улкан Чин ва Мовароуннаҳр мамлакатлари ўртасида яккаланиб, ночор ҳолатга тушиб қолди.

Қўшин қайтди.

Ноғора ва карнай-сурнай овози авжланди. Темур тахтиравонида савлат тўкиб ўтирарди, орқадан эса саф-саф лашкар келмоқда. Шу аснода Тоштуғай Темурнинг тахтиравонига ёнашиб келди ва:

– Хоқоним, сизга бир совға бор, – деди.

– Қанақа совға?

– Кўрсатайинми, ҳазрат?

– Қани.

– Мана, хоқоним. – дея Тоштуғай қўлидаги ўроғлик нарсани унга пешкаш этди.

Темур совғани очиб кўриб, хотиржам жилмайиб қўйди.

– Кўп яхши! – деди. Сўнгра буюрди: – Ўрду тўхтасин!

Хоқоннинг амри дарҳол қўшин бўйлаб тарқалди ва барча тўхтади.

– Каллани найза учига боғлаб, Тоштуғайнинг қўлига беринглар! – дея буюрди Темур.

Буйруқ бажарилди.

Қўшин қўниб ўтган ҳар юртда халқ Тўхтамишнинг аҳволини кўрар, ҳайрат қилар ва ибрат олар эди. Музаффар черик бир шаҳардан ўтиб кетаётганда, оломон орасидаги бир бола онасига:

– Онажон, қўрқиб кетяпман… – деди.

– Қўрқма, болам, – деди она. – Қўрқмаки, Тўхтамиш каби золимлар қўлидан қутулишнинг йўли шу! Шундай бўлиши керак.

Темурнинг фалсафасидаги ҳикмат ўша онанинг ана шу бир оғиз сўзида ўз ифодасини топганди.

Лашкар йўлида давом этмоқда. Қипчоқ сафари ана шундай якунланган эди. Темур бу ҳақда ўйларкан, чуқур нафас олди. Зотан, у бўлажак катта юриш олдидан бир озгина тин олмоқ учун фурсат ҳам қозонган эди…

 

Турк тилидан Собир САЙХОН ва Тоҳир ҚАҲҲОР таржимаси

 

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–4


 

[2] Ғарбда Темур хоқон Темурланг номи билан машҳур бўлгани учун муаллиф шундай ёзган; биз таржимада Темур деб олдик (тарж.).               

[3] Ҳижрий 1328, милодий 1910 (тарж.).

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.