Саёҳатга чиқмаган оила

0
162
марта кўрилган.

Скотландда яшовчи Кларк ва унинг оиласининг жуда катта орзуси бор эди — дунё бўйлаб саёҳатга чиқиш. Эр-хотин ишлар, рўзғор харажатларидан орттириб, саёҳат учун пул жамғариб борарди.

Дастлаб, Кларк хотини ва тўққиз фарзанди билан Америка бўйлаб саёҳатга отланишни хаёл қилганди. Орадан бир неча йил ўтибгина саёҳат учун етарли маблағ йиғилди. Саёҳат учун барча тайёргарликлар кўрилди, чипталар олинди, бироқ…

Нима бўлди-ю, саёҳатга жўнашдан бир ҳафта бурун Кларкнинг кичик ўғлини дайди ит қопиб олди. Ўғлини муолажа қилган шифокор улар эшигига сариқ тасма илиб кетди. Энди бу хонадонга икки ҳафтага на кириш, на чиқиш мумкин эди. Хуллас, Америкага саёҳат қила олмадилар. Кема эса аллақачон жўнаб кетганди.

Кларк бунда ўғлини айблаб, уни койиди. Бироқ беш кундан сўнг бутун Скотландга даҳшатли фожиа ҳақидаги хабар тарқалди. Улар саёҳатга жўнаши керак бўлган «Титаник» кемаси ғарқ бўлибди! Афсуски, у ўзи билан яна минглаб инсонларни ҳам бу ёруғ оламдан олиб кетганди. Олдинига кўнгилсизлик сифатида қабул қилинган ўғлини ит қопиши Кларклар оиласи ҳаётини сақлаб қолганди. Йўқса, улар ҳам чўкканлар қаторида бўлиши муқаррар эди. Бу фожиа ҳақидаги хабардан сўнг Кларк ўғлидан кечирим сўради ва оиласини асрагани учун Яратганга шукроналар келтирди. Оиласига эса келгусида, албатта, дунё бўйлаб саёҳатга чиқишга ваъда берди.

 

Инглиз тилидан

Озода ВАЛИЕВА

таржимаси

 

“Оила даврасида”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.