Санъат-2

0
120
марта кўрилган.

Бир мамлакатда камбағал рассом яшарди. У аянчли даражада қашшоқ, устига-устак жуда ҳам ёлғиз эди: у ҳаётни қандай тушунса, шундай кўринишда чизар, лекин уни ҳеч ким тушунмас, суратлари паст нархда сотиларди. Омадсиз рассом бир куни кўчада – айнан кўчада, чунки маликаларни бошқа жойда учратиш мумкин эмас, буни эртаклар ҳам тасдиқлайди – шаҳар айланиб юрган маликани кўрди-ю, унга ошиқ бўлиб қолди; муҳаббат уни девонага айлантирди: у маликанинг исмини айтиб, кўча-кўйда санғиб юрадиган ва эсига тушиб қолган жойда – тошга ҳам, деворга ҳам унинг суратини чизадиган бўлиб қолди. Бу ҳолни маликага етказдилар. Малика қаҳ-қаҳ уриб кулди-ю, рассомни чақириб, аввал масхара қилди. Лекин малика рассомнинг кўзларига боқиб донг қотди. Бу кўз эмас, тун қўйнида порлаб турган машъала эди: у ерда мусибат ва ситамларнинг ёғдуланган бўёқлари жилва қиларди. “Агар менинг суратимни худди ўзимдек қилиб чизолсанг, мен сенга тегишга розиман – деди малика.

– Фақат сурат ҳам мен каби жонли бўлиши шарт.”

У қашшоқ кишиларни ёқтирмасди, бироқ мамлакатдаги ягона рассомнинг кўнглини қолдиришдан ҳам қўрқарди, шунинг учун ҳеч қачон амалга ошмайдиган шарт билан унинг муҳаббатини рад этмоқчи эди.

Рассом машаққат билан узоқ йиллар ёлғиз сурат устида ишлади. У яна ҳам қашшоқлашди, эгнидаги кийимлар жулдурга айланди, ейишга нони қолмади, тушкунликнинг барча аянчли ва хароба кўчаларини бир-бир кезиб чиқди, лекин ихлос билан ишлайверди. Чарчаган ёки умидсизликка тушган пайтлари маликанинг гўзал чеҳрасини кўз олдига келтириб, унга ялиниб-ёлворди, илтижо қилди, йиғлади, соғинч ва висол онларига умид ҳамда ёлғизлик мусибати унга куч бағишлади: у бўёққа ўзининг қонини қўшиб янги-янги ранглар топди, қарочиқларга кўзларининг нурини бахшида этди, орадан йиллар ўтиб, рассомни масхара қилиш учун маликанинг ўзи уникига ташриф буюрди. У рассомни кўриб, янада ҳайратда қолди – рассом жуда ҳам яшариб кетган, кўзларида бахт ва муҳаббатнинг оловлари ёнар, юзида улуғворлик акс этар, ёнида эса худди маликага ўхшаш, гўё маликанинг эгизагидай, худди маликанинг кўзга ташланар ва ташланмас нуқсонлари тарошлаб чиқилгандай, маликадан-да латофатлироқ, эндигина очилган гулдек сўлим ва назокатли қиз ҳам турарди. Қиз маликадан ҳам гўзалроқ ва жозибалироқ эди – рассом унга хаёлнинг рангларини берганди, муҳаббатнинг буюклиги билан ишланган гўзал бир илоҳа яралган эди: у қаҳ-қаҳ отиб кула олар, рассомнинг хонасини мушку анбарга ва гул ҳидига тўлдириб фаришталардай рақс тушиб юрарди. Бу рассом қалби ва муҳаббатининг тимсоли эди. Рассом ўзи яратган илоҳани кўриб, ақли-ҳушидан айрилган, у маликани ҳам, унинг ваъдасини ҳам унутганди; “Маликам, – деди рассом, – мен сизнинг муҳаббатингизда йиллар машаққат чекдим, йиғладим-сиқтадим, қалбимни ғам-андуҳ сўндирди. Кўзларим йўлингизда нигорон бўлди, лекин сиз шу йилларда ҳатто мендан бирон марта ҳам ҳол сўрамадингиз, аксинча, устимдан кулиб, мени телба, дея овоза қилдингиз. Мен учун энг оғир бўлган уқубатли даврда менга фақат шу суратгина таскин берди, менга қунт ва ишонч бағишлаб турди.

Суратни чизиб бўлгач тушундим, мен сизни эмас, аслида сизнинг қиёфангизда бўлган бу сиймони севган эканман. Мен излаганимни топдим, биз аҳду паймон қилдик, мендек бир қашшоқ рассом фақат шу малакнинг тенгиман, сизнинг эмас, маликам”. Шундай дея рассом чеҳрасидан малоҳат таралиб турган қизни етаклаб уйига кириб кетди…

Биз аслида севганимиз тимсолидаги бошқа қиёфани севамиз. Буни англаш учун рассом каби хўрликни бошдан кечиришимиз керак.

 

Назар ЭШОНҚУЛ

 

“Ижод олами”, 2017–1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.