Саккизинчи март байрами

0
517
марта кўрилган.

Шунақа одат бор – менга ўхшаган ўғил болалар Саккизинчи март куни ўзича тотли-татимли гапларни тўқиб ёзиб, ойиси ёки бувисини, опаси ёки синглисини, ўқитувчиси ёки синфдош қизларни ёниқиб қутлашга тушади. Ўқиганнинг кўнгли яшнайди.

Чинми ё ёлғонми, жонзотлар оламида ҳам ўзига хос қутловлар бор эмиш. Мана, шулардан биттаси, яъни кучукчанинг табриги: “Меҳрибондан меҳрибон ойижоним, байрамингиз вов-вов бўлсин!”

Мушукчаники сал бошқачароқ: “Аввало одобли бўлишимни истовчи азиз бувигинам, Сизга жуда-а узоқ умр, кўпдан кўп миёв-миёвлар тилаб қоламан!”

Чигиртканики яна-да кўтаринкироқдек: “Мендан ҳеч нарсасини қизғанмайдиган суюкли опажоним, қувончли чириқ-чириқ, чириқ-чириқ, чириқ-чириқлар доим йўлдошингиз бўлаверсин!” Ўрдакчаники эса қисқагина, лекин росаям жўшқин битилган: “Мактабдаги ҳамма қизларга – ға-ға!”

Энди навбат сизга, ошнажонлар. Қани, қалам билан қоғозни олинг-да, ўзингиз учун ўта қадрли бўлган аёлларга, қизларга қутлов битишга юрак-юракдан уриниб кўринг. Ёзаётганда ийманчоқликни четга суриб, ич-ичингизда рангго-ранг чечаклардек потраниб очилаётган ширин-ширин сўзларни қоғозга дувиллатиб тўкаверинг, тўкаверинг…

Мен доим шунақа қиламан. Зўр чиқибди, деб мақташади!

 

Анвар ОБИДЖОН

 

2016-йил

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.