Саҳро ўртасида тўнтарилиб ётган тошбақа

0
333
марта кўрилган.

Ўрталиқ Осиё чўл-саҳроларига кўклам кириб келди. Офтоб тиғланиб, чексиз кенгликлар илиқ нурлардан тафт ола бошлади. Намиққан қумлар ялтираб, ораларидан яшил ўтлар, майсалар, қиёқлару гиёҳлар нималардандир ҳайиққансимон бўй кўрсатишга тушди. Улар вақтма-вақт, кунба-кун тетиклашиб, яшилланишга киришди. Инжа нозик исмсиз чечаклар эпкинлар оғушида бешиктебратарлар каби тебрана бошлади. Ерқазарлар, ингичка бармоқли юмронқозиқлар, қўшоёқлар у ёққа, бу ёққа югургилашгани югургилашган. Юмалоқбош калтакесак, қулоқдор калтакесак, йўл-йўл калтакесаклар едранглашиб, бошларини сарак-сарак қилишиб, гоҳ қандайдир сим-сим товушларни тинглашаётгандай, бир дам жонсиз қотиб қолгандай, узун-қисқа чопқиллашиб, овга киришиб кетишган. Бўғма илон, кўндаланг-тарғил чипор илон, ўқилон, чархилонлар буралиб-суралиб, шувиллашиб изғишади ёки нималарнидир пойлагани-пойлаган.

Шундай қайноқ, жунбушли ҳаёт фурсатларида она тошбақа кўкка тикилиб ётса-я?.. Фақат кўкка! Осмони муаллаққа! Бугун у ҳам барча салтанат жонзоту жониворлари каби қиш бўйи ухлаган оромгоҳидан – панжалаб, намиқиб ётган саксовул тагидаги инидан ташга чиқди. Бирпас каттакон оламга тикилди. Кўзларини кўниктиргандек бўлди. Бирдан куч-қуввати тошгандай, дадил юриб кетди. Ана шу дадиллик хатога олиб келди. Бир чуқурчага туйқус ағдарилиб тушди. Тушганда ҳам қандоқ, тўнтарилиб тушди. Шундай тўнтарилиб тушдики, у ёнга, бу ёнга қимирлашнинг иложи йўқ. Ё раб! Қолипчага қуйиб қўйгандек! Жон ҳолатда оёқларини қимирлата бошлади. Э, воҳ! Бефойда! Қанча уларни ҳаракатлантирмасин, бари бефойда! Қанча уринмасин оёқлари ҳавода ўйнайди, холос!

Она тошбақа ҳолдан чарчади. Тин олди. Осмонга тикилди. Осмон бунча чексиз, боши-адоғи кўринмайди. Тикка осмонга қараш олислардан ёки ёнлама қарашлардан бошқача бўларкан. Мана, тепасида бир парча момиқ булут. Бунча оп-п-поқ бўлмаса. Тикилаверсанг, эсинг оғиб қолиши ҳеч гап эмас. У думалоқ кўзларини ўрталиқ нуқтадан олиб, булутнинг узуқ-юлуқ думсимон томонига қадади. Думсимон булут зум ўтмай ёйилиб, кўклик ичига сингиб йўқолди. Во-о ажаб, булутларнинг юриши ўз қавмдошлари юришига ўхшаб кетаркан. Секин… секин… оҳиста… сирғангансимон.

Ҳў-ў-ў, ана, кенг елкадор, кўкраклари кўпчиган яна бир оп-п-поқ булут. Ана, у она тошбақа томон сурилмоқда. Унинг устига ўмбалоқ ошиб-ошиб кетаётгандек.

“Сариқсор! Сариқсор!..” Она тошбақа нигоҳи осмонда учиб юрган ашаддий душмани бўлмиш, ёвуз сариқсорга қадалиб қолди. Жон ҳолатда олд-орқа оёқларини юргиза бошлади. Бор кучини ишга солди. Йўқ, бефойда! Оёқлар қанча ҳаракатланмасин, фойдасиз эди! Улар заминга тегмасди, бирор таянчга таянмасди!

Наҳотки, нажот йўқ! Наҳотки, у сариқсорга тирик емак бўлса? Йўқ, ҳайрият душмани кўзи унга тушмади. Аксинча, у узоқлаб кетди. Эй, Тангри, шундоқ ҳам яратасанми? Икки коса ичида! Орқа – қалқон, қорин – қопқон. Орқа ҳам, олд ҳам берк! Бош -катта. Узунроқ чўзилмайди. Йўғон, гўштдор тил. Чаққонгина ҳаракат қилса, кошкийди? Бунинг устига тишлар ҳам йўқ. Катта қовуқ – ҳаракатга мос тузукроқ қиладиган иши ҳам йўқ. Бош мияси… ҳа, ўзига яраша. Ҳайрият, кўзлари ўткир. Таъм, ҳид билиши маромида. Сезги-сезим, булардан нолиса яратганга шак келтирган бўлади! Қўл-оёқлари ҳаракати жуда мақтовли бўлмаса-да… чидам зарурияти бор. Аммо уларни қўядиган замин, таянч бўлмаса-чи? Ватан бўлмаса-чи? Ҳолингга вой экан! Мана, ётибди… Ҳа-а… Тангри ғазабига дучор бўлган-да унинг қавми? Тангри ғазабига! Тангри ғазаби беомон, аёвсиз!

Она тошбақа зеҳнига зўр берди. Зеҳни бамисоли бир маконким, уни игна билан қазий бошлади. Қазисанг тақир ердан ҳам сув-сузук чиқади. Она тошбақа қавми ҳам одам қавмидан бўлиб, у ун ташувчи – савдогар бўлган. Ҳа-ҳа, яралмиш замонларда табаррук ун савдоси билан шуғулланган. Аммо харидорлар ҳаққига кўп хиёнат қилган экан-да. Элга тийиқсиз ёлғонлар айтиб, муқаддас тарозини носоз этиб, кўнглини ҳам қўлини ҳам булғаган. Халқни алдасанг – ҳаққа етмайсан!

Халқ унинг алдов хиёнатларини билар экан-у, бироқ кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олар экан. Инсоф, диёнатга келиб қолар, деб умидланар экан. Йўқ, йўқ, бўлмабди. Пичоқ суякка етибди. Кунлардан бир кун халқ тобга келиб, ҳақли ғазаб отига миниб, Тангри-таолога арз қилибди. Тангри-таоло адолатли арзни жон қулоғи билан тинглаб, амалга ўтибди: Яъни, савдогарни муқаддас тарозининг икки палласи орасига – ўртасига жойлаштириб, у ён, бу ёнга сурилмайдиган тарзда сиқиб қўйибди! Боши ва тўрт оёғини эса тарози паллаларининг ташқарисида ўлмас-йитмас ҳолатда қолдирибди. Бутун оламга-ю, одамга ибрат бўлсин, дебди. Бу қавм авлоди ўшандан буён ҳамма ерга – чўлу саҳрога ҳам, тоғу-тошга ҳам, кўлу-уммонга ҳам сочиб юборилган экан.

“Лекин, мен тангрига нима ёмонлик қилдим? Нечун ғазабига дучор бўлдим? Нечун тонгда тўнтарилиб тушдим? Бутун қишни саксовул тагидаги маконимда ўтказдим. Ҳеч қаёққа чиқмадим, дайдиб юрмадим. Дийдиё қилмадим. Менга алдовлар, ёлғонлар, жону жонзотлар ҳаққига ҳиёнат қилишлар мутлақ бегона. Нафсимнинг эгасиман. Беғараз озиқ-емакларим – қўнғирбошлар, шўралар, ялтирбошлар, буғдойиқ сингари ўт-ўсимликлар холос. Ҳаттоки, сув ичмасман. Ўт-ўланлар нами менга етарли, ахир. Баҳорни энтикиб-энтикиб кутдим, соғиниб-соғиниб кутдим. Шу сабаб ўйдим-чуқурни ўйламай, дадил-дадил юриб, яшилликка бурканаётган маконимда тезроқ яйрамоқчи бўлдим. Афсус-с-с… (У бироз тин олди. Тағин идроклай бошлади) О-о, тухумлар туғишни, болаларим бўлишини қанчалар орзуладим. Одам қавмидан бўлсам ҳам айни жонзотман, жонивор жонман, тириклик наъшасини суриш, узоқ умр кўриш, насл қолдириш… савоб зарурияти бу!

Отам юздан ўн ошиб, онам юздан ўттиз ошиб, ҳалол ҳаёт кечириб, фанога йўл олган. Менга ўхшаб, тўнтарилиб ётиб, ўз ажалидан бурун, ҳа, умрий ўлимдан бурун ўлмаган.

Наҳот чорасизман, наҳот нажотсизман?..

Она тошбақа тағин оёқларини ҳаракатга келтирди. Улар ҳавода гўё нимадир тутмоқчидек… Ўйнади… Бир оздан сўнг тақирбошини гоҳ чапга, гоҳ ўнгга бурди, олдинга чўзди. Иўқ, чаппа ошиб, тўнтарилиб юриб кетишнинг сира иложи йўқ! У бундай иложсизлик ҳолатини илк бошидан кечирмокда. Аммо кўрган. Ёш, тўлишганқай бир йилда у эркакларнинг, ҳа, бирданига тўртта хушторнинг талошига қолган.

Ўшанда бўлажак эрлар синчалоқдек келадиган думларини таранг қилишиб, у ён, бу ёнга ликиллатишиб, роса жанг қилишди. Кураш давомида ғолиб рақибларининг иккитасини қочирди, бирини тўнтариб юборди. Кўп ўтмай, тўнтарилиб ётган рақибини калхат илиб кетган. Уни осмони фалакка олиб чиқиб, қайтариб ер томон отган. Косалари синиб, қорни сочилиб кетган қавми шу тариқа калхатга ем бўлган. Келинчак эса ғолибга суюкли малика бўлган. Ҳаммаси эсида. Аммо бу ётиш нима? Бу кўргилик нима бўлди? Қанийди, хушторларининг бирортаси кўриниб қолса? Шу ердан ўтиб қолса. Албатта, кўмак берарди. Туртибгина суяб юборса бўлди эди. Унга суюкли ёр бўлишга ҳам рози. Йўқ, қавмидан бирор-бир сас-садо йўқ. Шарпаси ҳам сезилмайди. Бироқ душманлари жуда кўп. Уларни ҳаётида анча-мунча учратган. Эчкиэмар, тулки, корсак, бўри-ю чиябўри, қузғунлару бургутларни ҳам учратган. Ҳамиша, аввало, яратган, қолаверса, кейин тош корсонлари асраб қолган. Тош корсонлари – ишонч қалқонларидан бироз аввал нолигандай бўлди-ю, йўқ, йўқ, улардан барҳақ нолиб бўлмайди! Душманларининг энг хавфлиси, ёнида бир зумда пайдо бўлиб қоладигани эчкиэмар, у, ўта хавфли, иблиснинг ўзи, унинг тили-тишлари косалари орасига суқилиб кириши мумкин. Лекин шу ёвидан ҳам қалқонлари сақлаган.

Она тошбақа шу кўйи ўйларга ғарқ ётар, нимадандир нажот кутар, илкис-илкис, тез-тез оёқларини ҳаракатга солар, аммо осмон йироқ, ер қаттиқ эди.

Кун пешиндан оғди. Она тошбақани умидсизлик исканжаси қамраб олди. Бир гала қузғун кўз илғар жойдан учиб ўтди. Уларнинг, ҳатто, товушлари ҳам танага титроқ уйғотади. Она тошбақа ўйларига бургутлар тушди. Бургутлар тоғларда яшайди. Чўққиларда ошён қуришади. Кўпроқ тоғ осмонларида айланишади. Болалар очишади. Бургутлар тошбақалар учун қиш олди жуда хавфли. Улар бу саҳроларга емиш ахтариб, учиб келишади. Ҳарки, емаклар бепоён қумликларда аниқ-тиниқ кўзга илинадиган бўлади бу пайт. Бундан ташқари қумликларда бургутлар севиб ов қиладиган товушқонлар, юмронқозиқлар, каламушлар кўп. Бургутлар, ҳатто сайғоқларнинг, жайронларнинг болаларига ҳам ташланиб қолишади.

Она тошбақа оёқларини ҳаракатга келтиравериб, тамоман ҳолдан тойди. Уни очлик ҳам қийнарди. Шундоқ ён-веринг ем-емиш-озуқага тўла бўлса-ю тилингни чўзолмасанг, чўзсанг-у у ҳавода ўйнаса? Бу қандайин бедодлик, бадбахтлик?

Она тошбақа кўзларини юмди. Тириклик тугади. Тугамай, нима бўларди? Кўзларини очишга ҳам мадори қолмади.

Ногаҳон…

Она тошбақа шуури, зеҳни юришгандай бўлди. Назари бирор нарсани илғар-илғамас ҳолат эди, тун эди. Қоп-қора зулмат эди. Аммо осмонда юлдузлар чарақларди. Кўзлари каттакон очилиб кетди. Уни қандайдир суяксиз қўл оҳиста кўтарди. Оҳиста тўнтариб, ерга қўйди. Ҳа, ерга қўйди. Оёқларини секин қумга ботира бошлади. У ростдан ер, замин! Бир қадам… икки қадам… уч… орқасига қарамади, қарай олмади. Аммо, қулоқларига садо-сас етиб келди: “Мен ҳам одам қавмидан. Фақат Тангрим менга “Обиҳаёт” – Ҳаёт булоғидан сув ичирган! Ҳарки, гуноҳсиз, беайб, оғир аҳволда қолган тирикларга мушкулини осон қилишга имдод бергувчи – ибрат ҳолатида умри боқийлик ато этилган зотман!.. Ҳали ризқинг бор-р!!!” Она тошбақа таққа тўхтади.

Ақл-шуурида чақмоқ чақди:

“Бу, ахир Хизр…” Ва шу пайт кўкда ҳам чақмоқ чақнади, осмон тарвақайлаб ёришиб кетди. У маконига бурилганда, ёмғир ёға бошлади.

 

Азим Суюн

 

2017 йил, декабрь

 

“Ижод олами”, 2018-5

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.