Риёзат

0
87
марта кўрилган.

Риёзат деб савоб ишларни қилуб, гуноҳ ишлардан сақланмоқни айтилур. Риёзат адабнинг кони, руҳнинг дармонидур. Инсонларни тўғри йўлга солуб, эгри йўлдан қайтаргувчи риёзатдур. Шул сабабли риёзат қилгувчилар оқил ва фозил бўлур. Аллоҳ ҳам халқ қошида мақбул ва мўтабардур. Ялқовлик, кўп ухламак, ёмон одамлар ила юрмак, вақтни бекор ўткармак, айш-у ишрат қилмак, кўп ошамак, фойдасиз сўзлар сўзламак, самоварларда, кўчаларда азиз умрни бўш откармак каби ишларнинг ҳаммаси риёзатга зид, умрнинг эгови, Худонинг ғазабидур. Аллоҳнинг буйруғи, Расулуллоҳнинг суннатлари, шариат қил деган ишларни бирин-кетин ўз вақтида қилмак ибодат ҳам риёзатдур.

Риёзатни риоя қилган кишилар ҳеч вақт шариат йўлидан айрилмас, Аллоҳ буйруғидан четга чиқмас ва бу йўл ила охират азобидан қутулур, роҳат ва раҳмат саройига кирар, риёзатни риоя қилмаган кишилар Аллоҳ таолонинг ризосини тополмас, хор-зор бўлуб, охиратда аламлик азобга гирифтор бўлур.

Афлотун ҳаким: “Мен риёзатдаги лаззатни ҳеч нарсада кўрмадим, зероки, вужудимнинг саломати, руҳимнинг саодатини риёзатда топдим. Шунинг учун риёзат айни саодатдур деярам, чунки фикрнинг, тилнинг ислоҳи баданнинг риёзатига боғлидур”, – демиш.

Ибн Сино ҳаким: “Тан риёзатидан кўпроқ руҳ риёзати лозимдур. Мард киши ўзини риёзат ва адаб ила кўрсатсун, инсон ила ҳайвон орасидаги фарқ ёлғуз маишатда эмас, яхши ахлоқ касб қилмоқдадур”, – демиш.

 

Риёзат мевасидур мисли бодом,

Юзи қаттиғ ичидур ишта инъом.

Кишин мақсудина элтар риёзат,

Риёзатсиз иш ўлғай бесаранжом.

Агар сабр-у риёзат чексанг, эй жон,

Пишуб олдингға тушгай мевайи хом.

 

Абдулла АВЛОНИЙ

 

“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобидан

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.