Қўлтиқтаёқ

0
268
марта кўрилган.

Бобом оламдан ўтганда тўртинчи синфда ўқирдим. Бутун маҳаллани бошига кўтарган йиғи-сиғи, бир бурчакда ўксиб йиғлаганим, кўзида ёш ҳалқаланган укаларим, бир уй тўла хотиннинг ғийбатлашгани ёдимда қолган. Кейин номи ҳар хил-у, кўриниши бир хил ошхўрликлар – маъракалар бўлди. Эсимда, аям билан дадам биздан яшириб, маросимга кетадиган харажатлар, кимлардан қарз сўраш мумкинлиги ҳақида гаплашарди. Болалардан, айниқса, уларнинг каттаси – мендан бу гапларни пинҳон тутишга ҳар қанча уринишмасин, хатти-ҳаракатлари, ўй-ташвишларидан ҳаммасини англаб олардим. Қийинчилик даврлар эди. Лекин бошқалар қатори бизнинг уйдагилар ҳам одамларнинг гап-сўзларидан, “отаси учун қозон осмади, бечоранинг руҳини чирқиратди” қабилидаги бидъат гаплардан қўрқарди. Шу сабабли маъракаларни тўла-тўкис қилиб ўтказишди.

Оиламизни синайдиган яна бир кўргилик икки ойлардан кейин эшик қоқиб келди. Дадам ва мен чорбоғни тозалаб, экин-тикинга тайёрлашга чиққан эдик. Қарзлардан қутулиш ва рўзғорни тиклаш учун бир ойча бурун чорбоғдаги ва чорбоғ ташқарисидаги анҳор бўйига экилган теракларни кесиб сотган эдик. Тўғри, анча-мунча арзон кетган, лекин бошқа илож ҳам йўқ эди. Апрел охирлаб қолган бўлса-да, бутун томорқа шох-шаббага тўлиб ётар, йиғиштиришга ҳали қўлимиз тегмаган эди. Бир чеккадан тартиблашга киришдик. Дадам катта шохларни бутар, мен эса йиригини йирик, кичигини кичикка ажратиб тўплардим. Чошгоҳ пайти – кун энди қизий бошлаганда чорбоғ қўшнимиз Сотим ака чақириб қолди:

– Ҳикмат, ҳов, Ҳикмат!

Калласи катта, бағбақали, гапирганида тилла тишлари кўриниб турадиган бу одамни негадир ёқтирмасдим. Бунинг устига дадамни сенлаб чақирганидан баттар ғашим чиқди. Лекин ичимда бироз севиндим ҳам: улар беш-ўн дақиқа гаплашгунича мен салқинда нафас ростлаб оламан. Девор тагига, янги тўнкага бориб ўтирдим.

Қишлоқдагилар бу одамни Сотимбой дерди. Отаси катта бой ўтган, ундан ўғлига каттагина, ҳашаматлигина уй-жой билан исмига қўшиб айтиладиган “бой” мерос қолганди. Бир пайтлар қишлоқнинг олди кошонаси бўлган бу уй ҳозир ёши ўтиб, мункайиб қолганга ўхшарди. Бўёғи кўчган дераза ромлари, бир қаноти қийшайиб ерга судраладиган эски тахтадарвоза ва унинг олдидаги шохлари кесиб ташланган, тобора пўклашиб бораётган қари тол кишида шундай тасаввур уйғотарди.

Сотимбой бир пайтлар катта мансабда ҳам ишлаган, ҳозир қандайдир бир идорага номигагина бориб турарди. Одамларнинг айтишича, асосий даромадини фоизга қарз беришдан, яъни судхўрликдан оларди. Лекин бу гап очиқчасига гапирилмас, кўпчилик отдан тушса-да, эгардан тушмаган Сотимбойдан ҳали ҳам ҳайиқар эди.

Тўнкада ўтирар эканман, беихтиёр уларнинг суҳбатини тинглай бошладим.

– Ҳа, яна терак кесмоқчимисан?

– Йўғ-е, кесадиган теракнинг ўзи қолмади-ку. Чорбоғни тозалайлик дедик.

– Ие, нега қолмайди? Терак кўп, ана, меникини кес. – Сотимбойнинг овозига киноя аралашди.

– Нима деяпсиз?! Нима қиламан сизнинг терагингизни. Мен бировнинг ҳаққидан ҳазар қиламан.

– Ҳазар қиламан, дегин. Анҳор бўйидаги икки туп терагимни кесиб пуллавординг-ку! Унда, нима, ҳазар қилмасмидинг?!

Теваракка оғир, юракни эзадиган кайфият чўккандай бўлди. Бамайлихотир ўтирган жойимдан сапчиб туриб, дадамнинг ёнига бориб олдим.

– Туҳмат қилманг, ака! Худодан қўрқинг!

– Э, Худони ўртага қўшма! Нима, сен мени ёлғончига чиқармоқчимисан? Мен мана иккита гувоҳим билан келдим.

Теракларни тракторга юклаш учун чорбоғ адоғидаги қўрани очгандик. Дадам билан Сотимбой шу ерда баҳслашиб турарди. Икки гувоҳ – яна бир чорбоғ қўшнимиз Ҳабал бува ва бир уй нарида турадиган Самин ака юқоридаги тошйўлдан тушиб келарди.

– Мана ўзларинг айтинглар, – гувоҳларга юзланди Сотимбой, – анҳор бўйидаги иккита терак меникимиди? Бу бўлса, сўрамай-нетмай кесиб сотворди. Раҳматли отасининг ҳурматини қилиб, шунча пайт индамадим.

– Энди, қўни-қўшни муросада яшагани тузук, – деб гап бошлади гувоҳларнинг ёши улуғи Ҳабал бува. Унинг асл исми Ҳабибулла эди-ю, одамлар негадир Ҳабал бува деб чақирарди.  – Кўз-кўзга тушадиган одамсизлар. Ҳикматжон, сен кичкинасан, узр сўра, шу икки дона терак уриш-жанжалга сабаб бўлмасин.

– Ие, қизиқ экансиз-ку. Бу ариқнинг четидаги жингилларни отам олиб ташлаб ер очганини, кейин бир қатор қилиб терак экканини булар билмаса ҳам, сиз биласиз-ку!

– Менга қара, қизишма. Ўлган одамни безовта қилма. Бу ерга фақат отанг терак экмаган. Мана, Сотимбойнинг отаси ҳам терак ўтқазган.

– Тўғри, лекин анҳорнинг нариги тарафига ўтқазган.

– Ҳей, бола, бу жойларга кўчат экилганда, муштдай гўдак эдинг. Ҳеч вақони билмайсан. Отам қаерга нечта кўчат экканини, мана мен биламан, мана бу гувоҳлар билади. Ишонмасанг, бор бувингни чақириб чиқ, отанг нечта терак экканини айтиб берсин.

Дадамнинг онаси, яъни менинг энам кексайиб, ҳардамхаёл бўлиб қолган, ким нима деса ишонаверар, кўча-кўйга чиқмас, уйда хонанишин бўлиб ўтирар эди. Буни албатта Сотимбой, қўшни одам, яхши биларди.

– Йўқ, бунақа ишларга бувимни аралаштирмайман, – деди дадам.

– Ана, кўрдингми, бувинг кесилган тераклар меники эканини билади. Буни айтишидан қўрқасан. Қани, Самин, сиз нима дейсиз?

Самин ака Сотимбой билан тенгқур. У ҳам Сотимбойга ўхшаб маҳалланинг ўзига тўқ кишиларидан эди.

– Мен нима ҳам дер эдим, келишинглар дейман-да. Ҳикматжон, менга қара, ука. Бу беш кунлик дунё ҳаммамиздан қолади. Ҳеч нимани олиб кетолмайсан. Нуқул мен ҳақман, мен тўғриман деб оёқ тирайвермасдан, дўппини бир четга қўйиб, ўйлаб кўр. Балки ҳақиқатан ҳам бировнинг терагини сотиб юборгандирсан? Балки адашаётгандирсан?

– Йўқ, аниқ биламан. Қайси тераклар бизникилигини отам ёшлигимдаёқ менга ажратиб кўрсатиб берган.

– Э, яна ўлган отасини гапиради-я, – алангаланди Сотимбой. – Ёлғончи ўликларни гувоҳликка чақиради, дейишарди, тўғри экан. Хўш, тириклардан гувоҳинг борми? Мана, мен иккита тирик гувоҳим билан келдим.

– Биладиган одамларнинг ўзи ёлғон гувоҳлик бериб турган бўлса, кимни гувоҳ қиламан?

Дадамнинг овозидан иложсизлик, афсусланишга ўхшаш бир оҳанг бор эди.

– Энди буларгаям туҳмат қиляпсанми?! Туҳматчини Худо уради. Мана, бегуноҳ, маъсум гўдак турибди.

Сотимбой менга ишора қилди. Мен унга сассиз тикилиб турардим. Кўзлари кўзимга тушган пайт унда қўрқувми, ҳадикми ёки хавотиргами ўхшаш бир нарса йилт этиб кетганини ҳис этдим. Ўша пайти тўртинчи синф бола эдим, ҳали ҳаёт ҳақида кўп нарсаларни билмасдим. Лекин Сотимбойнинг кўзларидаги ўша оний ифода онгимга қаттиқ муҳрланиб қолди.

– Энди, нима деярдим, Худога соламан-да, ака.

– Худони ўртага қўшма, демадимми сенга! Ўзи яхши гапга юрмайдиган аҳмоқ экансан. Хуллас, сен билан пачакилашиб ўтиргани вақтим йўқ. Бугундан бошлаб хўжайинчилигингни девордан буёғида қил. Анҳорнинг олдига умуман яқинлашма!

Сотимбой жавобни кутмай икки гувоҳи ҳамроҳлигида тошйўлга қараб кетди. Дадам яна бир муддат карахт турди-да, кейин қўлига дасткаллани олиб шохларни зарб билан бутай бошлади. Мен эса бир четда ҳадиксираб кузатиб турар, қўлини чопиб олмасайди деб қўрқар эдим. Дадамнинг ҳуши ўзида эмасди, ишларди-ю, хаёли узоқ-узоқларга кетганди. Озроқ тургач, мен ҳам ишга киришдим. Анча вақт сўзсиз ишладик. Охири:

– Дада, нимага улар терагимизни бизники дейишяпти? – деб сўрадим. Дадам ё эшитмади, ё жавоб қайтаришни истамади. Тушгача чорбоғнинг анча-мунча жойини тартибга келтирдик. Пешинга яқин анҳорга ўтдик. Бу ерда тераклар бор, салқинида яна озроқ ишлаб олиш мумкин.

Бироз салқинладик. Иккаламиз ҳам ўз хаёлимиз билан банд эдик. Менинг нафратим қўзир, Сотимбойни тепкилаб ургим, гузарга олиб чиқиб, ҳамманинг олдида “Бу – туҳматчи” деб шарманда қилгим, машинасига тош отгим, хуллас, нима қилиб бўлса-да, ундан аламимни олгим келарди. Шу пайт биздан ўн қадамча нарида ётган теракка кўзим тушди. Терак касалланган, шу сабабли кесилган, бирор тузукли ишга ярамас, жуда борса синчга қадаш мумкин эди. У Сотимбойларники, анҳорнинг нариги томонига экилган ва ҳозир суви йўқ ўзанга кўндаланг бўлиб тушган эди. Буни кўриб хаёлимга ажойиб бир фикр келди. Сотимбойдан ҳозироқ ўч олишга имкон топилгандай эди.

– Дада, дада, кўряпсизми анави теракни? Анавиларники экан. Уйга опкириб кетамиз, тополмай қидириб юришади.

Дадам эса мени қўллаб-қувватлаш ўрнига дакки берди:

– Ҳеч қачон бировнинг хаққини ема! Бировнинг хаққидан қўрқ! Ҳатто душманингнинг хаққи бўлса ҳам.

Дадамнинг кўзларида ўкинч ва нафрат бор эди. Бошимни эгдим. Шу гапни айтганимга минг-минг пушаймон едим. Пешин вақтигача ишлаш мумкин бўлса-да ишламадик, бироздан сўнг уйга қайтдик. Тушдан кейин ҳам ишга чиқмадик. Дадам уйда бир қўлини пешонасига қўйганича, анча вақт шифтга термилиб ётди. Эртасига, душанба куни доимгидай ишига – заводга кетди.

У пайтлари мактабимиз эски бинода эди. Хоналар етишмас, шу сабабли биз тўртинчи синфлар тушдан кейин ўқир эдик. Ўша куни ҳам одатдагидай мактабдан кечга яқин қайтдим. Уйга келганимда энам, аям ва укамлар ҳовлида тек қотиб турар, ҳаммаларининг юзида қайғули бир ифода бор эди.

– Ая, нима бўлди? – деб сўрадим. Овозим негадир йиғи аралаш чиқди. Аям менга қаради-да, бирдан йиғлаб юборди. Бундан менинг ўпкам баттар тўлиб, – Ая, айтинг, нима бўлди? – деб йиғлаганимча аям томон югурдим. Аям мени бағрига босди-да, яна йиғлашда давом этди.

– Дадангни кран қисиб қолибди, – энам ҳам йиғлар, сўзлари бўлиниб-бўлиниб қоларди. – Ишлаётган жойида бетон кўтараётган кран ярим йўлда бўшаб кетиб, орқага қайтибди, келиб дадангни деворга қисибди. Шериклари бақирсаям эшитмабди. Ҳеч бунақа хаёл сурадиган одати йўқ эди, фалокат-да, болам, фалокат.

Шу пайт кичкина укам бақириб йиғлай бошлади. Аям уни кўтарди-да, нарироққа кетди. Укамни бағрига босганча, анча вақт ўша ерда йиғлади.

Ўша куни уйимизни оғир бир қайғу босди. Дастурхон устида ҳам чурқ этиб оғиз очмадик, биз болалар дарров ухлагани ётдик. Эртасига аям касалхонага бориб келди. Дадамнинг аҳволи у қадар ваҳимали эмас экан, кран оёғини қисибди. Биттасини гипс қилиб қўйишибди. Агар синган суяги яхши битса, икки ойда тузалиб кетар экан. Шу гапдан кейин кўнглимиз анча ёришди.

Ўша йили чорбоғимиз экувсиз қолди. Бир қисмига мен ўзимча деҳқончилик қилган бўлдим. Пиёз, помидор, кўкат-пўкат экдим. Икки ойга етар-етмас дадам касалхонадан қайтиб келди. Фақат ҳали ўзи туролмас, аям қўлтиғидан олиб турғазиб қўяр, озгина ўтиргандан сўнг яна ётарди. Кран қорин қисмини ҳам қисган, қовурғалари синмаган бўлса-да, лат еган экан. Нафас олишга қийналар, ҳар куни банка пуфлар эди. Дастлабки кунлари дадамнинг ёнига боролмадик ҳам, қўшнилар тез-тез кўргани чиқиб турди. Фақат кечқурунлари укаларим билан дадамнинг ёнида ётардик. Олдингидай қучоқлаб, бўйнига осилолмасак ҳам, дадамиз ёнимизда эканидан бахтиёр эдик.

Дадам қўлтиқтаёққа таяниб, аста-секин қадам ташлай бошлади. Бундай пайт биз болалар баланд-паст бўлиб дадамнинг атрофида парвона бўламиз, ўзимизча нималардир деб шодон чуғурлашамиз. Яна бир ойлар ўтгач, дадам қўлтиқтаёққа таяниб бемалол ўзи турадиган, юрадиган бўлди. Бир жойда ўтираверганидан зерикиб кетди шекилли, бир куни “Юр, гузарга чиқиб келамиз”, деб қолди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ота-бола аста йўлга тушдик. Дадам йўлда дуч келганлар билан сўрашиб, “Ие, юриб кетибсиз-ку! Худо шифо берсин” каби ҳамдардликларга, “Оёқ тузукми, оғримаяптими?” каби саволларга жавоб бериб, секин-секин одимлаб борарди. Орада мен ҳам ўткинчилар билан кўришиб қўярдим. Шу пайт рўпарадан  келаётган Самин акага кўзим тушдию кўнглим хира тортди. У билан дадам ҳам хушламайгина кўришди.

– Анча яхшисан, рангинг тиниқ. Ҳали отдай бўлиб кетасан. Ҳа айтганча, Ҳикматжон, мендан хафа бўлма. Ўша куни йўлдан шунчаки ўтиб кетаётгандим. Сотим мени кўрдию “гувоҳим” деворди. Мен унинг гувоҳи эмас эдим.

– Гувоҳи бўлмасангиз, нега ўша пайтда айтмадингиз? Қайтага ўзингизни унга тарафдордай тутдингиз.

– Энди, Ҳикматжон, Сотимнинг феълини ўзинг кўрдинг. Оғзи билан юради у. Унга тенг келиб бўладими? У билан олишмаган маъқул, “Сизники тўғри” дегин-да, ўз билганингни қилавер.

Дадам юзини тескари бурди, кетишга чоғланди. Самин ака:

– Майли, Ҳикматжон, мен борай. Ишим зарур эди, Худо шифо берсин, – деди-да йўлига равона бўлди.

Биз яна юришда давом этдик. Гузар яқинига етганимизда фақат қишдагина гавжум бўладиган чойхонадан Сотимбой чиқиб келди. Бизни кўрди-ю, кўзларида ғолибона бир севинч ўйнади:

– Ҳа, Ҳикматчик, соғликлар жойидами? Ёлғончини Худо уради, дейишарди. Аммо-лекин шу ёшга кириб бунга ҳаётда ўзим гувоҳ бўлмаган эдим. Чўлоқ бўлиб қолганингни эшитдиму, ё тавбангдан, девордим. Қара, Худо бор экан-да!

Дадам индамади. Юришда давом этиб, дўкон томонга йўналди.

– Тағин гапларимдан хафа бўлиб юрма! Ҳақиқат оғир бўлади, туққанинггаям ёқмайди! – Сотимбой ортимиздан шу гапни бақириб айтди-да, уйи тарафга қараб кетди.

Дадам дўкондан иккита шоколад олиб берди. Шу билан ортга қайтдик. Юрагимга нафрат ва ғазаб тўлиб, қоним кўпирар, “Дадам нега индамади?! Сендақаларга тупураман деса бўларди-ку! Нега индамади?!” дея ўзимга қайта-қайта савол берардим. Бу воқеадан сўнг дадам кўчага чиқмай қўйди. Кўп вақтини сўрининг кесакиларига суянганича, хаёл суриб ўтказарди. Балки ўзининг ёлғизлигини, ака-укалари бўлганда бу ҳолга тушмаслигини ўйлагандир. Балки нима учун Сотимбойга ўхшаганларга толе кулаверади-ю, мен сингарилар бахтсизликка, хақсизликка учрайверади деб сиқилгандир. Бундай пайтларда дадамнинг ёнига бормас эдим. Ҳар гал уни шундай ўйчан ҳолда кўрганда эса юрагим зирқирарди. Сўнгги воқеаларни кўп ўйлайверганимдан бош-кети йўқ алақ-жалақ тушлар кўрадиган бўлиб қолдим. Сотимбойнинг илжайиб турган башараси, “Ана, кўрдинг, Худо бор экан-да” деб қаҳ-қаҳ ураётгани, гоҳ қўлтиқтаёқда юрган, гоҳ сўрида ўйчан ўтирган дадам, телва-тескари қалашиб ётган теракшохлар кўз олдимда қайта-қайта намоён бўларди. Тушларнинг сўнгида қўлтиқтаёқ милтиққа айланар, Сотимбойга тариллатиб ўқ узар, у эса қонга беланганича кечирим сўрашга тушар эди: “Ҳикматжон, кечир, сенга туҳмат қилгандим, Худо мени жазолади. Ўтинаман, мени кечир”, дея ёлворарди. Қўлтиқтаёқ-милтиқ гоҳида менинг қўлимда пайдо бўлиб қолар, тепкини аямай босар эдим. Уйғониб, булар бари туш экани, Сотимбой бирорта ҳам ўқ емаганини англаб ўксиниб кетардим. “Эй Худо, дадамга ёрдам бер, қўлтиқтаёғини милтиққа айлантир. Ахир, Сотимбой туҳмат қилаётганини сен биласан-ку!” деб ёлворардим. Лекин қўлтиқтаёқ милтиққа айланмас, милтиққа айланмаётганидан ўзи ҳам афсусланаётгандек жуда маъюс кўринар эди. Дадам уйқуга кетган пайтлари, қўлтиқтаёқни қўлимга олар, худди милтиқдай тутиб, нишонга тўғрилардим. Шу дамда у милтиққа ҳақиқатан ҳам ўхшаб кетар, кўзимни бир юмиб очсам, милтиққа айланадигандек туюлар эди. Бироқ…

Кунлар шу зайлда ўтди. Дўхтир айтган муддат етиб келган бўлса-да, дадам қўлтиқтаёқдан айрилолмасди. Энам: “Болам, жонинг оғрисаям шу зормандасиз юришга ҳаракат қил, бўлмаса оёқларинг дангасаликка ўрганиб қолади”, деб насиҳат қилар, дадам эса бу гапларни жимгина эшитиб, яна хаёлга бериларди. Баъзи пайтлари ҳеч ким йўқлигида мустақил юришга уриниб кўрарди-ю, жони оғриганиданми ёки ҳафсаласи келмаганиданми яна қўлтиқтаёққа таяниб оларди. Мен эса милтиққа айланадиган қўлтиқтаёқни тез-тез туш кўрар, Худодан дадамга ёрдам беришини сўраб чарчамасдим.

Бир куни мироб келиб дадамни мажлисга чақириб кетди. Яна ўша эски масала – дренажнинг мотори куйибди. Бундай ҳолат тез-тез кузатилиб туради. Моторни тузатишга каттагина пул кетади ва уни қишлоқ аҳли йиғиши керак. Ҳар сафар мажлис қилинади, норозиликлар билдирилади ва ниҳоят пул йиғишга келишилади. Қишлоққа оқсув, яъни тоғ суви ёздагина етиб келади. Лекин унгача ҳам экин-тикин қилиш керак. Бундай пайтда ерости сувлари жонга ора киради.

Тайинланган куни дадам гузарга қараб йўлга тушди. Мен ҳам эргашдим. Мажлисда асосан эркаклар қатнашади. Аёллар бўлмайди ҳисоби. Ҳар сафар болалар бир бурчакка тўпланиб, катталарнинг гап-сўзларини диққат билан эшитади. Кейин анча вақтгача шу масала уларнинг мунозара мавзуси бўлади: ким нима деди, қандай гапирди, ким кимга бақирди ва ҳоказо. Мен ҳам болаларнинг сафида бўлишни жуда истардим. Лекин уйдагилар руҳсат бермас, мажлис пайти яқин орада кўриб қолишса, уйга жўнатиб юборишар эди. Лекин бу сафар дадам “Уйга бор” деб уришиб бермади. Индамади. Мен ҳам сўзсиз эргашиб кетавердим.

Гузарда анчагина одам тўпланиб қолган, лекин мажлис бошланмаган. Одамлар тўп-тўп бўлиб ажралиб, суҳбатлашиб турар эди. Гузарга яқинлашган пайтимиз чойхона томондан гурр кулги эшитилди. Ичкаридан уч-тўртта ошнаси билан Сотимбой чиқиб келарди. Кўринишидан анчагина маст ҳам эди.

– Ия, Ҳикматчик, ўзингмисан? Қалайсан, ёғочоёққа ўрганиб қолдингми? Унчаликмасми? Майли, хафа бўлма, ўрганиб кетасан.

Сотимбой қаҳ-қаҳ отиб кулди. Дадам эса тишини тишига қаттиқ босиб, унга нафрат билан қараб турарди. У эса тўхтовсиз тиржаяр, гапдан ҳам тинмасди.

– Ҳакалаб келганингни кўриб, оғайнилар билан гаров бойлашиб тургандим. Буларга Ҳикматчик энди тамом бўлди, икки дунёда юролмайди, дедим. Булар нега деб сўради. Мен айтдим, чунки у юзимга оёқ қўйди. Менинг теракларимни кесиб сотворди.  Лекин егани тешиб чиқди. Энди бутун умр чўлоқ бўлиб ўтади, дедим. Хўш, энди бу ёғи неча пулдан тушди, Ҳикматчик? Бу ҳолингни кўриб, барибир раҳмим келди. Туппа-тузук ногирон бўлиб қолибсан. Лекин майли сенга битта имконият бераман, ҳозир шу ерда, ҳамманинг кўз ўнгида тиз чўкиб мендан кечирим сўрайсан. Мен гуноҳингдан ўтаман. Бўлмаса, бир умр ёғочоёқ миниб юришингга тўғри келади. Нега дейсанми? Сени кечирганимда аллақачон юриб кетардинг. Лекин кечирмадим, сен эса ҳалиям чўлоқсан. Қара, Худо бор-да.

Атрофдаги одамлар бу ёғи нима бўлар экан деб жим кузатиб турар, Сотимбойнинг оғайнилари эса унга қўшилиб илжаярди. Мен дадамнинг тез-тез нафас олаётганини эшитар, бўйин томирлари бўртиб, кўзлари ғазабдан қисилаётганини кўриб турардим. Бу нафрат ва ғазаб менга ҳам кўчиб ўтди.

– Ўзинг кечирим сўрашинг керак. Дадамга туҳмат қилдинг. Сени дастингдан дадамни кран қисди! Деб бақирдим мен. Лекин овозим ўзим ўйлагандек ўктам чиқмади, йиғи аралаш чиқди. Ҳамма нигоҳини менга қадаган, Сотимбой бунга нима дер экан деб кутиб турарди. Дадам чап қўли билан елкамга икки марта қоқиб қўйди. Бу “Сен аралашма, жим тур” дегани эди.

– Ие, қарқуноқдан булбул чиқибди-ю! Ўв мишиқи, ҳозир оёғингни синдираман. Ота-бола чўлоқ бўласанлар.

Сотимбой юзига илжайиш ифодасини бериб, сўзида давом этди:

– Узр, Ҳикматчик, мен сал чалғиб қолдим. Қани, кечирим сўрасанг сўраб ол, тағин айниб қолмай.

Дадам чап томонидаги қўлтиқтаёққа таянди-да, ўнгдагисини секин-аста кўтариб, ўртасидан маҳкам чангаллади. Сўнг куч билан Сотимбойга отди, қўлтиқтаёқ шундоққина унинг оёқлари остига бориб тушди. Дадам чайқалиб кетган бўлса-да, мувозанатни сақлаб қолди. Кейин эса икки оёқда туриб ўнг томондаги қўлтиқтаёқни ҳам қўлига олди-да, зарб билан отди. Бу сафар мувозанатни анчагина йўқотди, довдираб кетди, лекин йиқилмади, қўлларини елкамга қўйиб, қаддини ростлади. Сотимбойнинг капалаги учиб кетган, кўзлари ўликникидай қотиб турарди. Дадам битта-битта қадам ташлаб у томон юра бошлади. Қалбимни ғолибона бир севинч қамраб олди. Чунки…

Қўлтиқтаёқ милтиққа айланган эди.

 

Ориф ТОЛИБ

 

14.03.2013

 

“Фермер” журналининг 2016 йил 2-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.