Қўғирчоқлар

0
329
марта кўрилган.

Гулсанамнинг туғилган кунида дадаси унга ажабтовур қўғирчоқ олиб келди. Сочлари майда ўрилиб, бошига кўк рўмол чандилган, эгнига атлас кўйлак кийдирилган бу ёқимтой қўғирчоқни бир силкиб қўйсангиз бас – ичига ўрнатилган митти мослама ўз-ўзидан ишга тушиб, “Қизалоқ” роса йиғлаб беради.

Гулсанам уни силкиб кўрган эди, уйни йиғи товуши босиб кетди: қий-й, қий-й, қий-й… Қўғирчоқ йиғлаётган пайтда қўлидаги оппоқ рўмолчасини тез-тез кўзига суртиб қўйишини кўриб, аввалига Гулсанамнинг кулгиси қистади, кейин инжиқлиги жонига тегиб уни ётқизиб қўйган эди, бошқача овоз чиқариб ўкрашга тушди: вағ-ғ, вағ-ғ, вағ-ғ… Оёғини осмондан қилиб кўрувдики, баттар айюҳаннос солди: а-а-а, а-а-а, а-а-а!!! Гулсанам зарда билан уни айвондаги токчага ўтқизиб қўйди.

 – Бу йиғлоқи билан энди ўйнамайман, – дея аразлаб, қўғирчоғидан юзини ўгирди.

 – Ўртоқчилик дарровда тугабди-да? – деб жилмайди унинг ойиси.

Гулсанам лабини буриб, жавоб берди:

 – Шуям ўртоқ бўпти-ю! Туғилган кунимда менга қўшилиб хурсанд бўлиш ўрнига, нуқул вағиллайди-я.

 – Менимча, сен ноҳақсан, – танбеҳ берди ойиси. – Агар чинакам ўртоқ бўлсанг, ўз хурсандчилигингни ўйлайвермасдан, уни юпантиришга ҳаракат қилишинг керак, қизим.

Орадан уч кун ўтгач, кечагина саёҳатдан қайтган тоғаси Гулсанамга бошқа бир қўғирчоқ олиб келди. Буниси янаям антиқа эди. Уни сал қимирлатиб қўйсангиз бўлди – қизил шляпали олакўз бола бўйнига осилган ноғорани зўр бериб чалишга тушади: трака-так, трака-так, трака-так…

Бу қўғирчоқ Гулсанамга жуда ёқиб қолди. Унинг ноғора чалишига мослаб ҳатто ўйинга тушадиган ҳам бўлди.

Бир куни Гулсанам янги қўғирчоғини ҳовлида кўтариб юриб, сув сепилган жойда бирдан оёғи тойиб кетди-ю, шалоплаганича лойга йиқилди. Ёмон йиқилгани майлику-я, яп-янги кўйлагининг лойга беланганини кўриб, уввос солиб йиғлай кетди. Унинг қўлидан учиб, нарироққа бориб тушган қувноқ қўғирчоғи эса бирдан ишга тушиб, базмни қизитиб юборди: трака-так, трака-так, трака-так…

 – Бас қил! – ноғорачи қўғирчоққа қараб ўшқириб берди Гулсанам. – Мен йиғлайин-у, сен ҳеч нарса бўлмагандек ноғора чалгин-а. Ҳе, бетинг қурсин!

Шунда қўғирчоқ қўққисдан тилга кириб, кўзларини ўйнатганича деди:

 – Мени ясаган уста фақат ноғора чалишимни буюрган, сен билан нима ишим бор, йиғласанг йиғлайвер.

У шундай дея машқни яна давом эттирди: трака-так, трака-так…

 – Сени ўртоқ деб юрсам…

Гулсанамнинг хўрлиги келиб, қолган гапни айтолмай, кўзларидан дув-дув ёш тўкди.

 – Қандайдир ўртоқчиликни деб, сенга қўшилиб йиғлайдиган аҳмоқ йўқ, – ҳануз пинагини бузмай гапирди ноғорачи қўғирчоқ. – Менга фақат ноғора чалишни буюришган, вассалом. Кўрсатмани бузолмайман.

Гулсанам қўғирчоқни қўлига олиб, ўзидан анча нарига отиб юборган бўлса-да, у безрайганича ноғорасини чалаверди: трака-так, трака-так…

Шу пайт айвондаги токчада ивирсиб юрган мушук атлас кўйлакли қўғирчоқни бехосдан туртиб юборди. “Қизалоқ” худди уйқудан чўчиб уйғонган чақалоқдек бирдан йиғлашга тушди: виғ-ғ, виғ-ғ, виғ-ғ…

Унинг йиғисини эшитган Гулсанам эски қўғирчоғига маъюс термилиб тураркан, ўзи сезмаган ҳолда аста-секин юпаниб қолди. Кейин ўрнидан туриб бориб, уни қўлига олди.

 – Айланай сендан, ўргилай сендан, – дея “Қизалоқ”ни бағрига босди у. – Ёмон йиқилганимни кўриб менга раҳминг келдими? Бўлди қилақол энди. Мана, мен ҳам йиғламаяпман-ку…

Уйдан чиқиб келган ойиси Гулсанамга ҳар галгидек меҳрибонлик билан жилмайиб қўйди.

 – Ҳаётда кўпинча шунақа бўлади, – дея қизининг бошини силади у. – Қувончли онингдагина доимо бирга бўладиганлар бошингга қайғу тушди дегунча, анави ноғорачига ўхшаб, сенга асқотмай қолишади. Бундай вақтда яна эски дарддошингни ахтариб қоласан киши.

Гулсанам ойисининг гапларига тушунмай, унга анграйганича қараб турарди. Ҳа, бунақанги гапларнинг мағзини тезда чақишга у ҳали ёшлик қилади. Пайти келганда, албатта англаб етади ва бирданига ойижонисини эслайди.

 

Анвар Обиджон

 

1982-йил

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.