Қизғалдоқ

0
340
марта кўрилган.

Турдихолнинг эри аскарликка кетди-ю, қайтмади. Ўлик тиригидан дарак йўқ. Бева боши билан кўзининг оқу қораси бир ўғил, бир қизини элга қўшаман деб ёшини яшамай ялмоғизнинг синглисига айланди-қолди.

Бу орада очиқ боши не бир маломатларга қолиб, юзи чанг солиниб сочи юлинди. Елкасидан қамчи еб, товони ёрилди. Аммо бировнинг эшигидан мўраламади, ўнгириниям ушламади.

Қизғалдоқ кенг дара. Калулоғи Турдихол, шувоғи маккажўхори, нўхат бўлди. Тиши зоғараю ёвғон ошга тегиб турди. Қизини номуси, ўғлини ори билди. Тунларни узундан-узоқ эртак айтиб тонгларга улади.

Эртагида юраги ёлдор ботир йигит мусофир юртда адашиб, ўз тупроғига қайта олмай дарбадар кезди, кексаймади. Битта, ўнта, мингта эртак айтди. Барчасида шу кўзлари чўғ узоқ сафардаги йигит бўлди.

Болалари дам-бадам тошга туртиниб, кесакка суриниб туриши етмаганидай илинган ит қопиб, эшак тепикисига қолиб улғайди. Ўғли ўғил бўлиб, қизи қиз бўлди. Энди Турдихол кампирнинг эрига эркалик қила олмай бошқаларга эрмак бўлиб ўтган, тул қолган йиллари унут, яралари бут.

Қизғалдоқлик йигитнинг бари Турдихолнинг қизига ошиқ, беқарорлариям кам эмас. Улар ўзларича талашиб-муштлашиб юрди. Қизи қурмағўр қизғалдоқликман деб кўксига уриб юрган кўпларга кўнгил бермай сарсон-саргардон этди. Ҳатто қош қоқиш нарида турсин, бир бора қиёям боқмади. Эшик қоқувчилар, остона ҳатлаб қизини сўровчилар кўпайди.

Оҳорсиз кўйлагу рўмол орасида-да Тўлғоной қиз тўлган ойдан-да сулув кўринади. Ўша ҳушрўйнинг онаси Турдихол аҳли Қизғалдоқнинг бировига сингил, бошқасига жиян, яна бирига чеча бўлишини кун кўриб мана энди билди. Желагини судраб келган хотин борки, “Шу қизгина бегона бўлмасин деб келдим”, деди. Турдихол қизгинанинг ҳали “бир товоқ унни элаб уддасидан чиқмас”лигини айтиб жавобини берса, “Сени одам деб келувдим! Ўзимга тенг билиб адашибман! Аттанг! Турган туришингга қара, димоғингга тушган қуртдан ўргилай!” деб эшикни тарақа-туруқ ёпиб қунқиллаб кетарлар. Қора топилмаса сояси билан эмиш қилиб, тамшаниб тўймади.

Турдихол шу пичир-пичирлардан қўрққанидан мард кетди. Йўғ-а, мард кетмади, мўрт кетди. “Жесирга совчи аёл бўлади. Қизгинани сўраб келгувчи эр бўлади-да энди”. Тилидан отилган товуш ёқасига етмай остонасида Эшпўлат даллол кўринди. Қизғалдоқда ким от сотар, ким мол сотар, ким дулдул, ким хўтик олар бўлса, шу Эшпул даллол нарх бичади. Барака олиб, барака сочади. Сотгувчи ҳам шу, олгувчи ҳам шу Эшпул.

* * *

Эшпул чойни иссиқ-иссиқ ҳўплади. “Шаштинг бир эрча бор, чеча!” деб Турдихолни кўйлагига сиғдирмай кўкларга парвоз эттирди. Аёл қушдай бўлади. Қушдайгина бўлмайди, аёл асли зоти қуш бўлади. Учса қўнар жойини билмай манзил-маконсиз қолади.

Парвоз қушга ярашаркан. Аёл асло учмасин экан.

 – Чеча, чойни ким дамлаган?

 – Ким ҳам дамларди, Тўлғоной-да.

 – Эҳ-ҳе, Тўлғоной синглимиз чой дамлайдиган бўлдими, а?

 – Оғажон, сиз Тўлғонойнинг чой дамлаганига ишонмайсиз, мен хамир қоришига. Билмайман, Қизғалдоқнинг кўзига шу ойқизимдан, сулувимдан бошқа кўринмай қолган. Дуч келгани, ўтганиям-қайтганиям, эшигимга соя солгани эрмаклагандай бир сўрайди.

 – Унда нима деяпсиз, чеча?!

 – Бирор нима деганимча йўқ.

 – Демайсиз! Тўлғонойни бошқаларга бериб қўядиган олло(ҳ)ни бандасимас!

 – Эи-и-й. Бу нима деганингиз, бўлди?

 – Тўлғонойни ўзим келин қиламан!

 – Шошилмаяпсизми? Бола-да!

 – Эл сўраяптими, болалиги қолмабди. Чеча!

 – Қизгинани кўнгли дегандай…

 – Эй, кўнгил ҳам гап бўлибдими, – Эшпул оғзига келган гапни ичига ютиб гулдираб қўйди. – Йигитга қизнинг кўнглини олиш энангни деганидан осон-ку! Топган гапига ич-ичидан қувонди. Қувончи ичига сиғмай яна илжайиб Турдихол кампирга қулоқ тутди.

 – Энди айтаман-да…

 – Биздиям эшитинг унда, чеча. Тўлғонойни отаси бизга икки томир ошган акамиз бўларди. Буни биласиз!

 – Билмай ўлибманми.

 – Билсангиз, остонангизга султон суягини хўрламас деб келиб айб қилибмиз-да!

 – Ундай… ундайлар деманг-а…

 – Демасак, гапингизга қаранг-да. Ҳали бола дейсиз, ҳали кўнгил дейсиз. Кўнгли ўлгур қўтир бўлмаса, чимилдиқдаям ажойибдай топишиб кетади. Ё акам билан Назабулоқни этагида қизғалдоқ терувмидингиз?! Мана келинингиз, эҳ-ҳий, қудағайингиз, менга аталганида туғилмаганам. “Остона супур-сидир”лар бўлган. Ё у замонлар ўтиб, бизники гуноҳ бўлдими?!

Эшпулни гапи Турдихолни кўкайига ботди. Кампирнинг қайсар томири тортди. Гапини-да оғзидан олдириб қўйди.

 – Қайним-ов! Аёл бошим билан бирор нарса дея олмайман. Менгаям, Тўлғонойгаям Сафар эга! У Тўлғонни кимга берса, опаси шунинг ўнгиридан тутади.

Даллол мум тишлади.

Кирлигидан ёғ босиб тусини, тусига қараб тикилган гулини фарқлаш қийин бўлиб қолган қалпоғини ўнг қўлига олиб, сўлига “қарс-қарс” урмоқчи бўлди-ю, чекинди. Қўшқўллаб ғижимлаб олди. “Беайб парвардигор. Суяксиз тил бошга бало”, деб ғунқиллади, тили чиқди.

 – Чеча, ундайлар бўлса Сафарбойни чақирмайсизми?

 – Уни Абрай оқирақ ҳайровга олиб кетган. Ҳафта-ўн кунда келиб қолар. Сабр қилсангиз, Сафарнинг жавобиниям оларсиз. Худойимни даргайида ўн кун ўтмай қолмас.

 – Ҳимм, шундай денг! – дея Эшпул чуқур нафас олди. Кутилмаганда тиззасига қарсиллатиб урди.

 – Чеча, сиздай хотин ҳар маҳалда бир туғилса керак. Буям элни обрўси. Ҳали мўйига устара тегмаган улини шунча иззат қилиш. Энди бу оқил хотинди иши-да!

Бўларманнинг боласи еттисида бош бўлар, бўлмайдиганнинг боласи етмишидаям ёш бўлар, деган бўрингилар. Сафарбойям сириқдай йигит бўлибди-да. Кеча қоравақ(т) куни Жинжаклини бозоридан қайтиб келаётувдим, Бойиркўлни сойида бир тўда йигит олишиб ётибди. Бир пас туёқдам қилиб, олишни кузатдим. Сафарбойга тирашадигани топилмади. Бизниям томирдан даврагир чиқаркан-ку, деб хурсанд бўлганимдан тишимгача терлаб кетди. Рўзғорингизга Сафарбойни бош билганингиз дуруст. Мен бекорга шаштингиз ҳам, гап-сўзингиз ҳам бир эрча бор деб айтмайман. Қизғалдоқ катта эл, кўриб-билиб юрибмиз.

 – Оғажон, оғринманг, оғринмасангиз-чи! Сиз нима десангиз шу-да. Мен нимаям дердим. Султонман деяпсиз-ку! Илоё султон бошингиз омон бўлсин. Султон оғамдан айланай.

 – Тўйни қачон бошлаймиз?

 – Энди, Сафарбойни олдидан бир ўтайлик…

 – Сизнинг берганингизми? Чеча!

Уларнинг гурунгига устидан жимлик ғолиб келди. Турдихол кампир шу жимликни бўзмай бош ирғади…

 – Эй, қандингни урни чечаси!

Тўлғоной чойнакдан ҳол сўрар бўлиб эшик тирқишидан мўралади. Онасининг кўзи Эшпулнинг оғзида бўлди. Қиз иложсиз қолиб томоқ қирди. Яна-яна томоқ қириб товуш берди. Эшик тирқишларидан борлиққа сўз қанот ёзди: “Ҳу-ув қизгина, ўзим бораман”.

Қорақумғон шақир-шуқур қайнар, қопқоғи ўйнар, ҳушрўй қиз кул титарди. Турдихол кампирнинг ёноқларига кулгу югуриб ёшидан ёшариб чойнак тутди. “Қизгина, чойни дамла! Ҳайитлигингни ейин, сенгинани сотдим, елкамдан-да ошириб отдим”. Тўлғонойнинг муштдек жуссасига минглаб қорамурчалар ўрмалади. Тилидан отилмиш сўроқ тишларидан чиқмади. Кўзлари “Кимга, кимга!” дея сўзлади. Онаси эса “Ўз қонинг ўзингга бўлди, қизим! Қошу қабоғим бўласан. Ҳу-ув пешонамда турасан. Шу қариндошга, қариндошнинг улига бердим!” Турдихол кампирни таний олмаётган қиз олисламаган болалик кунларидан, Эшпул даллолдан ижирғанди. “Қондош бўлса-да, ёндош эмас, номуссиз”, деб қарғардингиз-ку, деди қизи ер сингалаганча онасига мўлтираб. “Олло(ҳ) кечиримли бўлганида, бандасига йўл бўлсин, болам! Кечиримлини Эгамнинг ўзи суяди, суяйди”.

 – Эна, кечиримли бўлинг, майли! Қизғалдоқда Маши масхарадан бошқа тенгим йўқми?

 – Таррамакка кетгур. Мамашукурбойни масхара дегани уялмайсанми, ҳадемай эринг бўлади. Оғзим бор деб гапираверасанми, – дейишга дедию, масхарани Муҳаммадшукурбой дейишга кампирнинг фаросати етмади.

Кампирни остонада “тегмайман-тегмайман” деган ҳирқироқ овозлар қувиб етса-да, парво қилмай ичкарилади.

 – Чеча, нима гап?

 – Тўлғоной-да…

 – Ҳим-м-м… Тегмасмишми… Ҳеч бир маҳалда қиз тегаман деганми, ўзи? Қиз тегмайман деб тегади, йигит оламан деб олади. Азалдан йўриғи шундай.

Турдихол ҳа±л оғушида. Ўз бахтидан сармаст бўлса. Ҳовлиси бир этак болаларнинг қий-чувига тўлганса. Тўй-тўйларга уланса, ўғлиям Қизғалдоқда бир одам тенгига ўтса. Гулдай қизни келин қилса, ул келин Турдихолнинг кўнглидан яралса. Армон не билмаса. Бахт дегани бўлса, ўғил-қизининг пешонасида кўрса.

* * *

Эшпул мол сотадиганга одамнинг қўлини силкилаб-силкилаб дилидагини ошкор қилди. Бозорига кирган семиз қўчқорнинг қуйруғини чангаллаб “тўй боп экан-да” дея сир берди. Қулоғи оғирга қичқириб, отлига мункайиб, эшаклига гердайиб айтди. “Тўлғонойни келин қилдим” деб Қизғалдоққа жар солиди.

Сафарбой ҳайров сафаридан қайтди. Аммо норизолик қилиб оғиз жуфтлай олмади. Онасини койишга тили бормай Эшпул даллолни, Маши масхарани бўралатиб сўкиб юрагининг черини ёзди. Элни “Эшпул Турдихол кампирнинг қизини келин қилибди”, деган овоза тутди.

Неча алплар Тўлғонойга дираялмай тўлин ой билан сирлашиб келаётганди. Уларнинг барчаси кўксини зах ерга, Турдихол эса қизини Маши масхарага берди. Машининг мучали маймунлиги боисми, болалигидан дарахтга тирмашиб юрарди. Элнинг оғзига шамол ўйнатиб Раззоқ миршаб тўйига масхара олиб келди. Масхаралар Қизғалдоқ дарасига дор қурди. Дорда сакраб-сакраб умбалоқ ошиб чопди. Най чалиб илон ўйнатди. Елкасига маймун миндириб аҳли Қизғалдоқ липасидаги бир тангасигача шилиб олди. Шу куни Машибой йўқолиб қолди. Мана-мана, энди Тўлғонойга эгалик қилиб олди.

Бўғизни куйдирар чойлар пуфланмай хўпланди. Тўлғоной термулган кўзларни куйдирадиган, ойни суқлантирадиган келинчак бўлди. Ой ва юлдузларни важоҳатли булут қамал қилган кеча зимистон бўлди. Тонгга бормай Турдихол кампир уввос тортиб йиғлади. Йиғи оламни тутиб, осмон ҳам унга эргашди. Улар иккиси ўпкасини босолмай, қора ерни озонга қўймай шитта лой қилди.

Турдихолнинг ҳоли танг. Тилини ютган. Не қиларини, не деярини билмай ҳайрону лол қотган. Нимаям десин, қизғалдоқлик қолиб, Қизғалдоққа қишламоқ учун қўнган қора қарғалар-да бир тунда ўн тўрт кунлик ойни ҳижолат қиладиган гул қизини “Тўлғоной бузуқ, Тўлғон бузуқ”қа чиқариб, қағиллаб “бузуқ-бузуқ” дея қанот қоқиб кетган. Қанотлари остида Жинжакли, Чаман, Найзабулоқ ҳатто Ғармистон қолган бўлса.

Сафарбой ер муштлаб наъра тортиб ётибди. Аламдан ўкирганини эшитган кекса тоғларнинг оппоқ сочлари тўкилиб кетди. Олам гумбурлаб чақмоқ чақди. Тўлғоной этини юлиб, ўзини отиб, қон ютиб, кун кўрмай ўтказиб борлиқни кўкартириб юборди. Кампир ҳолига дунёям кулди. Яшнади, ёшарди.

Эшигидан ит мўраламай қўйган, эл ўзини олиб қочган кунлардан бирида бўсағани Бухор мулла ҳатлади.

 – Турдихол, тузукмисан?

 – “Мулла ака, Эгамнинг ўзи манглайимга етмайсан-юқолмайсан, тириклай жонингни оламан” деганми деб ўтирибман-да.

 – Ақли ноқислик қилма. Ҳали шундай кунлар келса шаккоклигингдан мустар бўлиб қоласан!

 – Яратганнинг ёруғ куни, бахт қуши бўлса, одам қуриб шериги шайтон жесирни бошига қўнармиди?!

 – Тилингга эрк бермай Тўлғонойни чақир, ўзинг ҳам бери кел!

Қарға кўрганини чўқиганидай Бухор махсум ҳам билганича ўқиб, “суфлаб-суфлаб” дам сув ичириб, аччиқ-аччиқ танбеҳ бериб тадбир қилишини айтди.

Кампирнинг патагига қурт тушиб, Мохов фолчига чопди. Доирасини чертиб-чертиб кун ботарда кул тутганга чиқазиб, давоси кулранг товуқ эканидан сўзлади ва фақат чироқни Манғит қушноч ўтказишини тайин этди.

Тўлғонойнинг пешонасига товуқ қонидан сурилиб жандага солди ва олов билан савалаб қоққа бошлади. Қизнинг кўзига қушноч қўлидаги олов қизғалдоқ бўлиб кўринди. Хаёлини онасининг тонги узоқ тунларда айтадиган эртаги ўғирлади.

Қадим-қадимда бўри баковул, тулки ясавул, қарқа қақимчи, чумчуқ чақимчи бўлган пайтда илону чаён ҳам тинч эмас экан. У пайтлардаям камбағални туянинг устида ит қопаркан, ғарибнинг пойини пойлаб чаладиганлар бўллар экан.

Эй, нимасини айтайин, онангни қози ўйнаса, додингни кимга айтасан, деган замон экан-да. Кичик бир юрт Хоқоннинг мулки экан. Мол-мулкка муккасидан кетган Хоқон атрофидаги эллар орасида низо чиқариб, устига от ҳайдар, бағрига тиғ санчар экан. Тиғ санчишни эса қўймас, мол-дунёга тўймас Хоқон сарой хотин-халажга, қиз-жувонга тўла экан.

Ўша зўр хизматига шай хуфиялар сон-саноғи йўқ экан. Улар эл оралаб, юрт кезиб қаердаки ҳусндор қиз бўлса, хабарини Хоқонга етказар экан.

Кунлардан бирида шум қадамлар кўзи бир фақир ва ғариб, бечора чолу кампир қизига тушибди. Хоқон хуфиялари ўзини совчи деб айтиб, овчиликка келганида навкарларсиз юрмаскан. Қизни олиб кетишга келганида чол уларни ўтовига чорлаб, нон-намак тутиб, ўз ўтмишидан достон куйлабди. Йигит даврида Хоқон отасига навкарлик қилиб, жангларнинг бирида ўнг қўли қилич зарбидан узилиб, сонига найза санчилиб, яна қайсидир юртни олганида юзи куйганини айтиб, ёши ўтиб жангу жадалларга ярамай қолиб, олахуржинни бўйнига олиб, қиз кўрганини ва ёлғиз зурриёди шу эканини билдирибди.

Хуфиялар қизини ул зотга муносиб билгани ва навкарлар келганига мамнунлик билдириб, қизи билан хайр-хўшламоқ учун бир тун сўраб ялиниб-ёлворибди. Кекса навкарнинг гапларидан ўта олмаган йигитлар саҳарда келишини тайин қилиб, жўнаб кетишибди.

Чол кампирига “Куним битган, паймонам тўлган кўринади. Сен қизингни олиб қоч ё яшир” деса, кампир “ҳўнг-ҳўнг” йиғлаб, чолни ўтмишда кўп кишиларнинг ёстиғини қуритганликда айблаб, “Худойимнинг омонатини қаердаям асраш мумкин”, деб зор қақшаб, Хоқоннинг қўли узунлиги, қўлидан тиғи узунлиги ҳақида айтиб, ўз пешонасидан домонгир бўлибди.

Ота-онасининг дардидан воқиф қиз ойдин тун қўйнида кўклам туфҳа этган оқ чечакларни оралаб, чангқовузни “бийв-бийв-бийв” этказиб чала бошлабди. Тиззаларига уриб турган оқ чечакларга ҳаваси кетиб, оқ чечакка айланишни ич-ичидан истаб, дилини чангқовузга жўр этиб чертаверибди, чертавериб ўзини буткул унутибди. Ҳусндор қизнинг гулғунчадек лаблари қонаб, оқ чечак косасига томиб беҳол йиқилибди.

Кўклам тонгининг шабадаси далада ястаниб ётган оқ чечакларни қизартириб юборибди. Қон либосини кийган оқ чечакларни чолу кампир Қизғалдоқ Қизим деб қучиб, овоз чиқаргани, аза очгани олис-олис ўлкаларгаям етибди.

Хоқон юртида “Қизғалдоқ бўлиб яшаётган қиз юртга тенг-тенги билан бўлмагунча одамлар орасига қайтмас эмиш… Қизлигини соғинган қизғалдоқ эса ҳар баҳор қир-адирларга чиқиб, кишиларга мўлтираб туришиям шундан экан…” деган узун-юлуқ гаплар томир отиб аждодлардан авлодларга ўтаверибди.

Тўлғонойнинг хаёлини сонияга ўғирлаган эртак аста-асталик билан бутун ақлу ҳушини банд этиб олди. Ойнинг тўлин бўлишини, қизғалдоқнинг қийғос очилишини кутди. Кундузи онасига ҳам кўринмайдиган, тунда эса чангқовуз чертиб тентирайдиган одат чиқазиб, “Қизғалдоқман”, деб даъвоям қила бошлади. Кампир қизини жин ўйнаган билиб, фол кўрдириб, кулранг товуқ қони энмаганлигига йўйиб, кўк улоқларнинг ҳам бошини олдириб юрган кунларнинг ойдин тунида қизғалдоқлар орасида чангқовуз чалиб Тўлғоной ғойиб бўлиб қолди. У ойга йўл олдими, таррамакка кетдими, қоро ерга қоришдими, унисини Қизғалдоқ одамлари билмайди.

Турдихол кампир иддоасига “Ой куни тўлиб туғилмаган Тўлғоной қизимай, билармидинг дунёнинг ўзи шарманда эканлигин? Қорнимга жой бўлган ойқизим, илон эл бўлган, чаён сиққан дунё торлик қилган қизимай! Эй дунё, тор қорнимча йўқсан!” деганларига кўникиб кетди.

Эл энди биров-ярим дунёдан норизолик қилса, “Турдихол кампир бўлиб кетай”, деб эрмак қилар одат чиқазди.

Турдихол – кекса дунёдан ҳам қари кампир аёздан кўкламни, кўкламдан қизғалдоқни, қизғалдоқдан қизини илҳақлик билан кутади. Ойдин тунда чангқовуз чертиб “Қизғалдоқ бўламан”, деб йиғлайди. Сафарбойнинг бир этак неваралари кампирнинг кўзидан қизғалдоқни яшириб сарсон. Улар томлар устида, деворлар пардасида ўсган қадимий оқ чечакларни олиб қочса, “Қизғалдоқни босма, ўз бағрини тиғлаган қиздир у!”, “Қизғалдоқни юлма, қон йиғлаган қиздир у!”, “Қизғалдоқни юлма, босма, гул қизимдир у!” деб Тўлғонойни йўқлай-йўқлай тили тортиб кетади.

Кампирни “ана кетди-мана кетди”, қилиб болалари “чоп-чоп” бўлиб қолади. Мулла Махсум кампирнинг кафтига кафтини қўйиб калима қайтариб ўтиради. У бир маҳалга бориб яна “Тўлғоной келдими”, дея туради. Болалариям ўз юмуши билан андармон бўлиб кетади.

Тол туш қуёш тик ҳолга келиб соя бермай қўйган пайт. Кеча тили тортиб кетган Турдихол кампир тўрт оёқлаб том олдига ўрмалаб чиққан. Умидвор бўлиб олис-олисларга қарайди-ю икки одим наридагиниям илғай олмайди. “Қизғалдоқ, Қизғалдоқ, Тўлғоной, Тўлғон-ҳов”, дея чақирди. Овозини кампирнинг ўзиям эшитмайди, дунёдан умидиниям узалмайди. Ўзи турган тақир жойидан эмаклаб қизғалдоқ излай…

 

Нурилла Чори

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.